ПСИХОГЕН БОШ ОҒРИҒИ НИМА?
Психоген бош оғриқ – бу руҳий сиқилишлар сабабли ривожланган бош оғриқдир. Агар руҳий сиқилишлар ҳар доим бўлаверса, бош ҳам ҳар доим оғрийверади. Одатда, бундай беморлар адашиб “Бош миянинг ички босими ошибди” деб даволаниб юришади. Психоген бош оғриқ ҳақида сўз кетганда, аввало, унинг хусусиятига эътибор қаратиш лозим. Бош оғриғи миянинг бир ярмида ёки иккала томонида ҳам жойлашиб, доимий ёки вақти-вақти билан бўладиган, хуружсимон, сиқиб оғрийдиган, эрталаб ёки кечга яқин кучаядиган бўлади.
Психоген хусусиятга эга бўлган бош оғриқлар учун хос белги – бу уларнинг руҳий сиқилишдан, ақлий зўриқишдан ва жисмоний чарчашдан сўнг пайдо бўлишидир. Дастлаб бош оғриғи руҳий зўриқишларда пайдо бўладиган бўлса, кейинчалик ишга бориб келганда ёки автобусда юрганда ҳам кузатилаверади. Психоген бош оғриқлар аксарият ҳолларда кундузи ёки пешинда кузатилади.
Депрессияда ҳам бош оғриғи кузатиладими?
Албатта, кузатилади. Баъзи беморларда бош оғриғи ва ўта паст кайфият депрессиянинг асосий белгиси ҳисобланади. Бундай ҳолатларда ниқобланган депрессия ҳақида сўз боради. Уларда бош оғриқлар ойлаб, йиллаб давом этади. Асабнинг озгина бўлса-да бузилиши, тўйиб овқат ейиш, боласини эмизиш, дўконга бориб келиш, юқори қаватли уйнинг зинапоясидан чиқиш, ҳаттоки, кино ва консертларга бориб келиш беморда бош оғриғи бошланиб кетишига туртки бўлади. Бунинг натижасида беморнинг хулқ-атвори ўзгариб, инжиқ ва жанжалкаш бўлиб қолади. У фақат “Миянинг ички босими ошган” деб ўйлайверади. Афсуски, баъзи докторлар ҳам бемордаги доимий бош оғриқни миянинг ички босими билан боғлашади, унга қарши дорилар тавсия қилиб юришади. Бундай беморларни ҳам невропатолог, ҳам тиббий психолог кўрикдан ўтказиши керак.
Хориж давлатларида психоген хусусиятга эга организмдаги ҳар қандай касалликларни тиббий психологлар даволашади. Бу амалиёт Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилмоқда.
Бошнинг фақат уйда ёки ишхонада, куннинг аниқ белгиланган вақтида оғриши аксарият психоген бош оғриқлар учун жуда хос.
В. исмли аёл бош оғриғининг доимо кеч соат олтида бошланишидан шикоят қилиб қабулимизда бўлди. Ёши 43 да. Оилали. У поликлиникада невропатолог назоратида “Миянинг ички босими ошиши” ташхиси билан даволаниб юрган. Бош оғриғи бошлаганига 3 йил бўлган. Беморнинг бош оғриғи баъзан кучайиб кетиб, фақат баралгин таблеткасини ичгандан сўнг қоларди. Кейинчалик врач тавсиясига мувофиқ бемор бош оғриганда баралгинни томиридан ола бошлайди. Кечқурун соат олтида бош оғриғи барибир бошланишига ўрганиб қолган бемор қўшни ҳамширани чақириб, баралгинни шприсга тортиб, тайёрлаб қўядиган бўлади. Бу ҳолат узилишлар билан бир ой давом этади. Ҳамшира бу уколни ҳадеб олавермаслик кераклигини, бунинг оқибатида юракда оғир асорат қолиши мумкинлигини айтади ва яна бир бор врач билан маслаҳатлашиш зарурлигини тавсия қилади.
Беморнинг касаллик тарихини тўла ўрганиб чиқдик. Олинган маълумотлардан қисқача эпизодлар келтириб ўтсак: жуда ишонувчан ва сал нарсага ортиқча таъсирланувчан аёл. Ўта паришонхотир. Оилада тез-тез жанжалли воқеалар бўлиб турган, бош оғриғи навбатдаги кучли стрессдан сўнг пайдо бўлган. Эртаси куни поликлиникага невропатолог қабулига чиққан. Врач уни текшириб: “Бош мия ички босими ошиб кетибди, тез даволанмасангиз оқибати ёмон бўлади” деган. Бемор қўрқиб кетган. Чунки унинг ўзидан катта акаси 6 ой олдин кучли стрессдан сўнг қон босими ошиб, эртаси куни оғир инсултдан ўлган. Бемор зарур дори-дармонларни топиб, даволана бошлайди. Ҳар гал мия ичи босимини текширтирганда унга “Миянинг ички босими ошган” деб хулоса берилади. Бу хулосага ишонган бемор бошқа марказларга бормасдан поликлиникада даволаниб юради. Эслатиб ўтганимдек, беморнинг бош оғриғи аниқ бир вақтда, яъни кеч соат олтида пайдо бўладиган бўлиб қолади. У депрессияга тушади, хулқ-атвори ўзгара бошлайди.
Беморда неврологик текширув ўтказилганда мия ичи гипертензияси белгилари аниқланмади, буни қўшимча текширишлар ҳам тасдиқламади. Беморнинг анкетасидаги невропатологнинг ёзувларида ҳам мия ичи босимини кўрсатувчи неврологик симптомлар йўқ эди. Демак, бемор етарли даражада текширилмаган ёки ҳақиқатан ҳам унда миянинг ички босими ошмаган. Бемор терапевтлар кўригидан ўтказилганда ички аъзолар касаллиги аниқланмади. Унинг артериал қон босими 120/70 мм сим. уст. Шундай қилиб, текширувлар натижаси бош оғриқнинг психоген хусусиятга эга эканлигини кўрсатди.
Биз ушбу бемор мисолида бош оғриғининг кучли стрессдан сўнг пайдо бўлганлигини, унинг аниқ бир соатларда кузатилишини ва аниқ бир дорига бўлган психологик боғланишнинг гувоҳи бўлдик. Бу ерда бош оғриғи ятропатия (врачнинг нотўғри хулосаси)нинг яққол бир кўриниши эди, холос. Бундай беморларни даволаш анча мураккаб кечади, яъни бош оғриғи қайта-қайта пайдо бўлаверади. Масалан, бемор врачда даволаниб юрган пайтлари боши оғримайди (чунки врач доимо ёнида, хавотирга ўрин йўқ), даволаш тугаб, бемор уйига жўнатилгандан сўнг боши яна оғрийверади (чунки энди врач йўқ, хавотир ва касаллик белгилари яна пайдо бўлади).
Тиббий амалиётда, айниқса, неврологияда бундай ҳолат кўп кузатилади. Фикримизча, бундай ҳолатни “Врач йўқлиги синдроми” деб атаса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу синдромнинг клиник-психологик манзарасини чуқурроқ ўрганиб, унга юридик статус бериш жоиз, чунки мукаммал даволаш чораларини ўтгандан сўнг ҳам даволаш муолажаларидан норози бўлиб юрувчи беморлар сони оз эмас. Бу ҳолат, айниқса, неврозда кўп учрайди.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича