ПСИХОГЕН БОШ АЙЛАНИШИ
Психоген бош айланиши невроз, психастения ва депрессияларда кўп учрайдиган патологик ҳолатдир. Психоген бош айланиши (ПБА) психосоматик синдромларнинг бир туридир. ПБА механизми МНС функционал фаоллигининг ошиши ёки пасайиб кетиши, нейронал системаларда қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари орасида номутаносибликнинг юзага келиб, турғун тормозланиш ёки қўзғалишнинг шаклланиши билан тушунтирилади.
ПБА ёлғиз симптом сифатида камдан-кам учрайди. Кўп ҳолларда юрак уриб кетиши, ҳолсизланиш, совуқ терга ботиш, қулоқда шовқин, кўнгил айниши, оёқлар титраши ва холсизланиш бош айланишлар билан бирга намоён бўлади. Одатда, бу белгилар аффектив бузилишлардан сўнг кучаяди. Бундай беморлар баландликдан қўрқишади. Шунинг учун ҳам улар балкон, баланд кўприк ёки томдан пастга қарамасликка ҳаракат қиладилар. Чунки бундай пайтда бош айланиши кучаяди.
ПБА га хос яна бир белги унинг вазиятни оз бўлса-да ўзгартирганда кучайишидир. Масалан, баланд қаватли бинода яшайдиган битта бемор, ундан бир қават тепада яшайдиган қўшнисиникига чиқиб, балкондан пастга қараганда боши айланиб, гандираклаб кетган, кўнгли айниган, коридорга кирганда эса камайган ва бир оздан сўнг тўхтаган. Шуниси эътиборлики, ПБА да бемор лифтдан кўра зинапоядан кўтарилишни афзал кўради. Қўрқув ва хавотир ҳам психоген бош айланишнинг доимий йўлдошидир. Бунинг акси ўлароқ, органик этиологияли бош айланишларда қўрқув жуда кам учрайди ёки бош айланиши бошланганидан сўнг кузатилади. ПБА да беморлар доимо бош айланиши қачон бошлашини кутиб юришади. Бу ҳам қўрқув шаклланишига туртки бўлади.
Бемор фақат баландликдан қараганда эмас, балки автомобиллар қатнови тез бўлган катта йўлга қараганида ҳам бош айланиши вужудга келади ёки кучаяди. Бундай пайтлари бемор катта тезликда ўтаётган автомобилларга қарамасликка ҳаракат қилади ёки оёқларининг остига қараб қадамларини назорат қилиб юради. Ана шунда унинг бош айланиши камаяди. Катта залларда олиб бориладиган мажлислар ёки узоқ давом этувчи семинар машғулотларда ҳам бош айланиши авж олади. ПБА фақат психоген касалликларда кузатилиб қолмасдан, зўриқиб ақлий меҳнат билан шуғулланадиган соғлом шахсларда ҳам рўй беради. Талабаларда имтиҳонга берилиб тайёргарлик кўриш, ижодкор ва илмий ходимларнинг тинимсиз ишлаши ҳам бош айланишга сабаб бўлиши мумкин. Лекин астенияга учраган беморларда руҳий-ҳиссий зўриқиш бош айланишини осонгина келтириб чиқаради.
ПБА баъзида қисқа вақтга ҳушдан кетиш (синкопе) билан ҳам намоён бўлади. Бу, айниқса, умумий психоген гиперестезия билан кечувчи психоген касалликлар учун жуда хос. Бунинг асосида вестибуляр аппаратнинг кучли даражада қўзғалувчанлиги ётади. Тез-тез ҳушдан кетиб турадиган беморларнинг бош мия қон томирлари текширилганда, уларда томирлар тонусининг ўта даражада пасайганлиги (гипотонус) ёки ўзгарувчанлиги (дистония) аниқланади. Синкопе ҳолатлари психоген гипервентиляцияда, АҚБ пасайганда ва юрак касалликларида ҳам юз беради. Узоқ пайт ётиб қолган беморлар горизонтал ҳолатдан вертикал ҳолатга ўтишса, бош айланиши ортостатик коллапс билан бирга юз беради. Бу ҳолат, айниқса, артериал гипотензияда яққол ифодаланади. Бундай беморлар, одатда, ваготоник бўлишади. Баъзан юқори даражада ривожланган неврастения ёки психастенияда бемор ҳушдан кетиб қолиши учун битта қўрқувнинг ўзи кифоя. Бемор бир марта ҳушидан кетса (айниқса, одамлар орасида), у ҳар доим навбатдаги хуружни кутиб безовта бўлиб юради. Невролог олимлардан бири Оппенгейм (1894) «Ҳар бир киши ўзида бош айланишини юзага келтириши мумкин, қачонки у мувозанат ва бош айланиши ҳақида ўйлайверса», деган эди. Бош айланишининг бошқа сабаблари кўп бўлиб, уларнинг мавжудлигини ҳар бир тиббий психолог билиши зарур (1- жадвал).
1-жадвал. Бош айланишининг бошқа сабаблари
Психоген бош айланиши билан қиёсий ташхис ўтказиладиган патологик ҳолатлар ва касалликлар |
|
ПБА баъзида ятропатия асорати ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бемордаги симптомларни, агар улар психоген хусусиятга эга бўлса, жуда хавфли деявериш яхши эмас. Шахсий кузатувимиздан бир мисол келтирамиз.
Узоқ йиллардан буён қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари маслаҳат поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлайдиган М. исмли 42 ёшли аёлда қаттиқ ҳиссий зўриқишдан сўнг бош айланиши аломатлари пайдо бўлади. У шу даражада кучли бўладики, ҳатто тик туриши учун бир қўлидан бўйи етган қизи, иккинчисидан эса турмуш ўртоғи ушлаб турган. Бу беморга ўзи ишлайдиган жойда «МенЪер касаллиги» деб ташхис қўйишади. Ташхис бир неча бор ўзгартирилади. Мигрен касаллиги бор беморларни бир неча марта ўзи ҳам кўрган ва анкеталар очган ҳамширада бу касалликнинг яққол белгилари намоён бўла бошлайди. У бошқа мутахассисларга (невропатологга) кўринмасдан, 3 йил мобайнида ЛОР врачларида даволаниб юради. Бош айланиши хуружлари тез-тез кузатилиб турадиган бу бемор бора-бора жуда жаҳлдор, арзимаган нарсага йиғлайверадиган ва аффектив ҳолатга тез тушадиган бўлиб қолади. Бемор миясига «Меньер касаллиги»ни шу даражада сингдириб олгандики, ҳар бир аффектив бузилишдан сўнг, унда худди Меньер касаллигига ўхшаш белгилар пайдо бўлар эди.
Навбатдаги хуруждан сўнг беморга невропатологга бориш кераклиги айтилади. Бемор бизга мурожаат қилади. Биз беморда бош айланиши хронологияси ва психологик анамнезини обдан ўрганиб чиқдик, неврологик ва психосоматик статусини таҳлил қилдик. Текширувларимиз натижасида беморда Меньер касаллиги ташхисини инкор қилдик. Барча текширувлардан сўнг беморга «Меньер синдроми кўринишидаги ниқобланган депрессия» ташхиси қўйилди, яъни унда психоген (ятроген) бош айланиши бор эди, холос. Беморнинг ЛОР ҳамшираси бўлиб ишлашини эътиборга олиб, унга бу атамалар фарқини тушунтириб бердик. Ўз оёғида асло тик тура олмайдиган ва хонамизга иккала қўлтиғидан ушлаб кирилган бемор шу куни ўтказилган психотерапия ва платсеботерапиядан сўнг ўз оёқлари билан хонамиздан юриб чиқиб кетди. Унда бош айланиш қайтиб кузатилмади.
Биз бу ўринда ятропатиянинг яна бир клиник кўринишини таҳлил қилдик. Табиийки, талабада савол туғилиши мумкин: “Қандай қилиб 3 йил самарасиз даволанган бемор бир куннинг ўзида плацеботерапиядан бутунлай тузалиб кетади». Бу саволга қуйидагича жавоб берамиз: органик тиббиётда беморни қанча узоқ даволаса, натижа шунча самарали бўлади, бироқ психосоматик тиббиётда бунинг тескариси, яъни даволаш қанча чўзилса, беморнинг аҳволи шунча ёмонлашиб бораверади ёки касаллик бир жойда “қотиб” қолади. Демак, ҳар бир врач ўзи текшираётган бемордаги симптомлар функционал хусусиятга эга эканлигига ишонч ҳосил қилса, унинг психологик анамнезини чуқур ўрганиб, платсеботерапияни дарров ўтказиши лозим. Ушбу китобда бундай мисолларни иложи борича кўп келтирамиз. Албатта, врачнинг обрўси бунда жуда катта аҳамиятга эга. Акс ҳолда плацеботерапия натижаси тескари бўлиши мумкин.
Ятропатияга меланхоликлар ва астеник беморлар жуда мойил бўлишади. Бундай шахсларда ятропатияни келтириб чиқариш учун тиббиёт ходимининг бехосдан айтиб қўйган гапининг ўзи етарли, холос. Нима учун ятропатия белгилари узоқ вақт давом этади? Экспериментал физиология маълумотларига кўра, ҳар қандай ташқи таъсир (айниқса, салбий) бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида «доминант ўчоқ» ҳосил қилади ва бу соҳанинг нейронлари бошқа соҳа нейронлари фаоллигини пасайтиради. Натижада миянинг интегратив фаолияти бузилиб, функционал характерга эга бўлган патологик симптомлар шаклланади. Уларни йўқотиш учун миянинг функционал фаолиятини ошириш ва пўстлоқда бошқа, яъни ижобий хусусиятга эга бўлган «доминант ўчоқ» ҳосил қилиш керак.
Аксарият ҳолларда бош айланиши сенестопатик ва ипохондрик симптомлар билан намоён бўлади. Бунда танада сира кетмайдиган турли хил сезгилар, увишишлар, оғриқлар, қўл ва оёқларнинг карахт бўлиб қолиши кузатилади ва улар йилнинг турли фаслларида кучайиб ёки пасайиб туради. Касалликнинг бундай мавсумий кечиши, албатта, органик касалликни излашга мажбур қилади. Бу ерда хатога йўл қўймаслик учун клиник текширувлар психологик текширувлар билан биргаликда олиб борилиши керак.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича