ПСЕВДОДЕРМАТОЛОГИК СИНДРОМЛАР
Қадимдан тери касалликлари келиб чиқишида салбий руҳий омилларга катта урғу берилган. Масалан, экземани руҳий касалликнинг терида акс этган клиник кўриниши деб ҳисоблашган. Статистик маълумотларга кўра, оғир ҳиссий кечинмалар 70 % беморда эшакеми касаллиги, 85 % да алопеция (соч тўкилиши), 66 % ида нейродерматитлар ривожланишига туртки бўлади. Экзема аниқланган беморларнинг психологик анамнези ўрганилганда, уларнинг ярмидан кўпи илгари депрессияга тушган ва деярли барча ҳолатларда касаллик қайталашига айнан ўткир стресс сабаб бўлган.
Тез-тез кузатиладиган аффектив ҳолатларда вегетатив реакцияларнинг терида акс этишини ҳар бир врач амалиётда кўп кузатган. Бундай пайтларда юз оқаради, ғоз териси пайдо бўлади, одамни совуқ тер босади, сўнг тери қизара бошлайди, баъзан эса қизил тошмалар тошиб, терида қичишиш пайдо бўлади. Терида кузатиладиган трофик ўзгаришлар, айниқса, эътиборга лойиқ. Доимий депрессив ҳолатда юрадиган беморларнинг териси, одатда, қуруқ бўлади, эластиклигини йўқотади, кўз ва оғиз бурмалари қалинлашиб, юзига ажин тушади. Бу ҳолат одамни ёшидан катта қилиб кўрсатади ва айниқса, аёллар бундан қаттиқ ташвишга тушишади, юз терисига суртиладиган турли кремлардан фойдаланишади. Ажинларнинг келиб чиқиш сабаби психоэмоционал стресслар бўлганлиги боис, кремлар фойда бермайди ёки вақтинча ўзгариш кузатилади, холос. Баъзи беморларнинг қўл териси ва товонлари ёрилиб кетади. Сочнинг кўп тўкилиши (айниқса, 30 ёшдан ошганда) уларни жуда безовта қилиб қўяди. Бундай пайтларда психотерапевтик даволаш муолажаларини олмасдан туриб ижобий натижага эришиш мушкул.
Ўткир стрессдан сўнг терида 1-2 кун ичида тўсатдан чуқур патологик ўзгаришлар пайдо бўлиши тиббий амалиётда кўп учрайди. Худди шундай ҳолатни биз Ш. исмли беморда кузатганмиз. Унда катта оилавий фожиадан сўнг бир куннинг ўзида сочлари тўкилиб, қош ва киприклари оқариб, терисининг деярли ҳамма жойини оқ доғлар (пигментсизланиш ҳисобига) босиб кетади. Ўргатилган айиқ тишлагандан сўнг қўрққанидан сочи бутунлай тўкилиб кетган цирк артисти ҳақида ҳам ёзишган. Соч тўкилиши болаларда ҳам учрайди. 8 яшар боланинг тушига яқинда вафот этган буваси киради ва у тобутдан чиқиб келиб, боланинг сочидан қаттиқ тортади. Бу даҳшатли тушни бола бир неча кун узлуксиз кўрган ва ҳар гал сочи тўкилаверган. Бола гипноз усули билан даволаниб, ёмон туш кўрмайдиган бўлди. Бир неча кундан сўнг боланинг сочи яна ўса бошлаган.
Узоқ давом этадиган аффектив бузилишларнинг соматик кўринишларидан яна бири тирноқлардаги трофик ўзгаришлардир. Бунда тирноқнинг ранги ўчиб, унда узун чизиқлар пайдо бўлади, тирноқ (айниқса, оёқдаги) синадиган бўлиб қолади, қалинлашади. Ҳамма тирноқнинг бир хил тарзда ўзгариши, патологик жараённинг секин-аста зўрайиб бориши, бармоқда яллиғланиш белгилари йўқлиги, унинг психоген хусусиятга алоқадор эканлигидан далолат беради.
Умумий ёки маҳаллий гипергидроз (қўл панжаси, қўлтиғости ва оёқларда) ҳам ҳиссий-руҳий бузилишларда кўп кузатилади. Бу патологик ўзгаришлар айниқса, ёшларда кўп учрайди ва аксарият ҳолларда кучли психоэмоционал стрессдан сўнг тўсатдан пайдо бўлади. Бундай беморлар сал ҳаяжонланса, иссиқроқ нарса ичса, жисмоний меҳнат қилса, об-ҳаво ўзгарса, дарров терлаб кетишади. Буни фанда «ҳўл депрессия» деб ҳам аташади. Уларни энг кўп қийнайдиган ва жиғига тегадиган нарса – бу бадбўй ҳид келишидир. Тер ва ёғ безлари фаолиятининг патологик кучайиши психовегетатив синдромнинг доимий ҳамроҳидир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қўлтиғости ва чов соҳасида жойлашган тер безлари тана ҳароратининг бошқарилишида иштирок этмайди ва жинсий балоғатга етгандан сўнггина фаолият кўрсата бошлайди. Бунда улар ўзгача ҳид таратувчи моддалар (феромонлар) ишлаб чиқара бошлайди. Бу физиологик механизм жинснинг сексуал хулқ-атворига мослашиб туради. Айнан мана шу ўринда аёл кишидан келаётган ҳид, эркак кишидан таралаётган ҳиддан кескин фарқ қилади. Психовегетатив синдромларда кузатиладиган кучли сексуал бузилишлар апокрин безларнинг секретор ҳолатига катта таъсир кўрсатади ва ёқимсиз ҳид пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бу беморлардаги ўзига хос ҳидга асосланиб, уларда психовегетатив синдром борлигини аниқлаш мумкин.
Теридаги доимий терлайдиган жойлар кўпинча қизариб туради. Бу жойда аллергик ўзгаришлар пайдо бўлади, қўлтиқ остидаги лимфа тугунлари катталашади. Айнан мана шундай одамларда нейродермит ёки экзема осон ривожланади. Кучли ҳиссий зўриқишлар бундай беморларда тери касалликлари авж олиб кетишига сабаб бўлади. Масалан, псориаз 40 % беморда яқинлари билан содир бўлган бахтсиз ҳодисадан, 52 % ҳолатда бошқа кучли салбий ҳиссий бузилишлардан сўнг ривожланади. Бу ўринда сабаб ва оқибат орасидаги давр бор-йўғи 2-14 кунни ташкил қилган, камроқ ҳолларда эса бир ойга чўзилади (Севилле Р.Ҳ., 2002). Шунинг учун теридаги ўзгаришлар ҳар томонлама пухта ўрганилиши зарур, чунки улар руҳий бузилишнинг дастлабки клиник кўриниши бўлиши мумкин.
Аксарият ҳолларда теридаги ўзгаришлар бемордаги руҳий бузилишлар кучайганда зўрайиб, камайганда эса сусайиб боради. Тери касалликларини даволашда бу феноменни эътиборга олиб, фаол психотерапевтик муолажаларни ўтказиш керак. Маълумки, тери ва ундаги камчиликлар одам руҳиятига жароҳат етказади, шунинг учун ҳам деярли барча беморларда турли даражада ривожланган ипохондрия шаклланади. Улар бутун фикру зикрини (айниқса, дастлабки пайтларда) теридаги нуқсонларга қаратишади. Дерматолог ва психологларнинг таъкидлашича, беморлар ушбу бузилишлардан қанчалик кўп сиқилишса, касаллик белгилари шунчалик кучли намоён бўлади (тўғри даволанишдан қатъи назар). Агар беморнинг фикри узоқ вақт бошқа нарсаларга чалғитилса, теридаги ижобий ўзгаришлар тезлашади. Иккинчи жаҳон уруши даврида дерматологлар қизиқ бир ҳолатни кузатишган, яъни уруш бошлангандан сўнг аксарият беморлар сурункали тери касалликларидан тузалиб кетишган. Бу феноменга қуйидагича изоҳ бериш мумкин. Уруш бошланишдан олдин беморлар учун асосий муаммо – теридаги патологик ўзгаришлар бўлса, уруш бошлангандан сўнг эса, ундан ҳам катта муаммо пайдо бўлди, яъни унинг ва яқинларининг ҳаёти хавф остида қолди. Уруш бошланди! У энди ўзини, оиласини ва Ватанни ҳимоя қилиши керак! Доминанта принципига мувофиқ, бош мия пўстлоғидаги кучсиз қўзғалишлар (урушгача бўлган теридаги ўзгаришлар) ўрнини кучли қўзғалишлар (уруш бошланиши ва ўлим хавфи) эгаллади. Бош мия пўстлоғида пайдо бўлган кучли доминант ўчоқ аввалги ўчоқнинг фаолиятини йўққа чиқарди ва миядаги компенсатор механизмларни ишга солди, функционал системаларни кучайтирди. Миядаги ушбу кескин ўзгаришлар терида ўз аксини топди ва ундаги патологик жараёнлар чекинди.
Теридаги патологик ўзгаришнинг инсон руҳиятига боғлиқлигини қуйидаги мисол ҳам тасдиқлайди. Бир аёлнинг отаси оғир касалликдан қийналаётганда сочи кўп тўкилган, вафотидан бироз вақт ўтгандан сўнг эса соч тўкилиши тўхтаган. Демак, аффектив бузилиш даврида соч тўкилган, адаптация даврида эса соч тўкилиши тўхтаган.
Тери гиперестезияси. Ушбу бузилиш умумий гиперестезиянинг бир тури бўлиб, бунда арзимаган ташқи таъсир терида кучли патологик ўзгаришларга олиб келади. Маълумки, чуқур аффектив бузилишлар қонда катехоламинлар миқдори ошиши билан кечади. Бу физиологик жараён, албатта, теридаги моддалар алмашинувига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бу асаб тизимининг стрессга бўлган мослашиш ва ҳимоя реакциясидир. Тери филогенетик жиҳатдан кекса аъзодир. Ҳар қандай психоемоционал стресс терида ўз аксини топади. Демак, тери гиперестезияси ҳам психосоматик бузилишларнинг клиник кўринишидир. Тери гиперестезияси кучли ифодаланган беморнинг танасига бармоқ билан тегилса, ўша жойнинг ўзида шиш ва қичишиш пайдо бўлади. Агар унинг танасига сал ўткирроқ нарса билан тегса, бутун танасида эритема юзага келади. Албатта, бундай беморни текшириш анча мушкул. У ҳатто ўз қўлини ҳам танасига тегиб кетишидан қўрқади, кечқурун кийимини ҳам ечмай ухлайди. Чунки кийимини иккинчиси билан ўзгартириш танада оғриқлар пайдо бўлиши ва бошқа белгиларнинг кучайишига олиб келади. Ўзгаришлар, айниқса, бармоқларда кучли ифодаланган бўлади, бемор ботинка боғини боғлай олмайди, овқатни қошиқсиз ичишга ҳаракат қилади, бирор иш қилмоқчи бўлса, иложи борича резина қўлқоп кийиб олади. Бундай беморларга баъзан адашиб «аллергик дерматит» деб ташхис қўйилади.
Теридаги патологик ўзгаришлар бармоқлардан бошлаб тепага кўтарилиб, бўйин соҳасига етиб боради ва баъзан бўғилиш аломатлари пайдо бўлади. Бемор бутун фикрини терида бўлаётган азобли ўзгаришларга қаратади, унда ипохондрия ривожланади ва касалликнинг янада авж олишига сабабчи бўлади. Ўтказилган оғир соматик касалликлар, айниқса операциялар ҳам терида ана шундай кучли ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Бир неча соматик аъзолар операциясидан сўнг ривожланган тери гиперестезиясига мисол келтирамиз. Бу бемор бизнинг назоратимизда бўлган.
Р. исмли аёл, ёши 35 ёшда, касби сотувчи (асосан ширинликлар сотади), аввал шифохонада ошпаз бўлиб ишлаган. Бир йилда иккита оғир операцияни бошдан кечиради: биринчи сафар катта миома борлиги сабабли бачадон олиб ташланади; иккинчи операцияда жигардан эхинококкоз пуфакчалари олиб ташланади. Умумий наркоз билан ўтказилган бу операциялардан сўнг беморнинг териси ўта сезгир бўлиб қолади. Дастлаб пиёз тозалаганда, овқатга мурч ишлатганда, иссиқ нарсаларни ушлаганда, танасига ўткирроқ нарса тегиб кетганда терида қичима ва оғриқлар кузатилади. Агар шу нарсалардан фойдаланмаса, терида ҳеч қанақа ўзгаришлар бўлмайди. Бемор безовта бўлиб, яъни теримда аллергик касаллик пайдо бўлди, деб дерматолог ва аллергологга учрайди. Улар аччиқ, шўр ва иссиқ нарсаларга яқинлашмаслик, ўткир нарсаларни ушламасликни тавсия қилишиб, антигистамин дориларни қабул қилишни буюришади. Уй бекаси бўлган бемор иложи борича докторлар тавсиясига амал қилишга ҳаракат қилади, лекин овқат қилиш, кир ювиш, уй тозалаш каби юмушларни ҳам бажаришга мажбур бўлади. Беморда аста-секин ипохондрия ва фобия ривожланади. Чунки у докторлар тавсия қилган режимга риоя қила олмайди ва бундан азият чекади, бунинг устига унда янги-янги симптомлар пайдо бўлаётганди.
Энди бемор қўлини совунлаб ювса ҳам, қўлида шакар ушласа ҳам терисида қизариш, қичима, қизил пуфакчалар ва чидаб бўлмас оғриқлар пайдо бўлаверади. У шакардан турли хил ширинликлар пишириб сотишни тўхтатади. Бу ишини умуман ташлайди. Докторма-доктор қатнаб туман, вилоят шифохоналарида даволанади, лекин бирор ижобий натижага эришмайди. Касаллик зўрайгандан-зўрайиб, беморнинг қўлига нима тегса ҳам (юмшоқ-қаттиқлигидан қатъи назар) терига қизил пуфакчали тошмалар тошиб кетаверадиган, танада кучли оғриқ пайдо бўладиган, сўнг эса нафаси сиқиб бўғиладиган бўлиб қолади. Аҳвол шу даражага бориб етадики, у ҳатто бешта бармоғини бир-бирига яқинлаштира олмайдиган, қўлини мушт қила олмайдиган бўлиб қолади, чунки бармоқлар бир-бирига тегса ҳам гиперестезия ва гиперемия белгилари пайдо бўлади. Бемор ҳар гал сиқилганда, айниқса, кечалари теридаги белгилар кучайиб кетади.
Невростатусда кучли ифодаланган органик неврологик симптомлар йўқ. Психоэмоционал статуси вегетатив, ипохондрик ва фобия белгиларидан иборат. Беморда барча аллергик синамалар ўтказилади. Унга бир ой мобайнида антиаллерген дорилар билан бир қаторда, психотерапевтик даволаш муолажалари ўтказилади, антидепрессантлар ва седатив дорилар буюрилади. Биратўла плацеботерапия ҳам қилинади. Бемор тиббий-психологик даволаш муолажаларидан сўнг бутунлай тузалиб кетади.
Биз бу мисолда аввал руҳан соғлом бўлган беморда ўтказилган иккита оғир операциядан сўнг ривожланган умумий гиперестезия билан кечувчи соматопсихик синдромнинг гувоҳи бўлдик.
Мутахассислар фикрича, аксарият ҳолларда терида бошланган ўзгариш дастлаб функционал хусусиятга эга бўлади ва кейинчалик органик тус олади, яъни терида сурункали яллиғланиш жараёнлари бошланади. Демак, теридаги патологик жараёнларни фақат функционал бузилишлар билан боғлаш керак эмас. Бунинг тасдиғини юқоридаги мисолларда кўрдик: барча ҳолатларда теридаги органик симптомлар функционал белгилар билан биргаликда намоён бўлди ва шу билан бирга аффектив бузилишлар ўтгандан сўнг нафақат функционал белгилар, балки органик симптомлар ҳам ўтиб кетди ёки кескин пасайди. Беморларни даволашда буни албатта эътиборга олиш зарур.
Агар лаборатор ва параклиник текширувларда патологик ўзгаришлар топилмаса, дерматологик ва аллергияга қарши даво чоралари ёрдам бермаса, теридаги ўзгаришларни ниқобланган депрессиянинг клиник кўриниши сифатида баҳолашга тўғри келади. Чунки теридаги эритема, шиш ва кичик ярачалар вегетотрофик ўзгаришларнинг клиник кўриниши бўлиб, улар псевдоаллергик симптомлар деб ҳам аталади. Патологик жараён чўзилган сайин парасимпатик тонуснинг ошиб бориши ва ацетилхолиннинг кўп миқдорда ажралиб чиқиши натижасида терида жойлашган майда қон томирларининг узоқ вақт ва кучли даражада кенгайиши рўй беради. Теридаги вегетотрофик ўзгаришлар асосида мана шу жараён ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади.
Умумий тери гиперестезиясининг клиник кўринишларидан яна бири –терида геморрагик тошмалар пайдо бўлишидир. Беморни текшираётганда (палпация, перкуссия) ёки бирор жойини ушлаганда ўша жойи дарров кўкариб қолади. Клиник ва лаборатор текширишларда гематологик, иммунологик ва бошқа органик симптомлар йўқлиги беморда геморрагик васкулит ташхисини инкор қилишга ёрдам беради. Фақат аффектив бузилишлар кучайганда пайдо бўлиб ёки зўрайиб, узоқ вақт дам олганда, психотерапевтик муолажалар ўтказганда, руҳан тинчланганда ўтиб кетадиган теридаги патологик ўзгаришлар доимо психоген хусусиятга эгадир.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича