ПРОЗОПАЛГИЯЛАР
Одатда, юз соҳасида кузатиладиган оғриқнинг асосий сабабларидан бири – бу тригеминал невралгия. Бироқ неврастения, истерия, психастения, фобия ва хавотирли синдром билан касалланган беморларда юз соҳасида турли хил оғриқлар ва ёқимсиз увишишлар тез-тез кузатилади. Айниқса, косметологик операциялар ва тиш олдиришлардан сўнг юз соҳасида турли хил оғриқлар ва парестезиялар юзага келади. Уларнинг аксарияти психоген хусусиятга эга бўлиб, атипик прозопалгия деб ҳам аталади. Атипик прозопалгия – юзнинг бир ёки иккала томонида ҳам кузатиладиган психоген хусусиятга эга доимий оғриқ ва парестезия. Касаллик, асосан, 30-60 ёшда учрайди. Аёлларда бу касаллик кўп кузатилади. Атипик прозопалгиялар стоматологик операциялардан сўнг пайдо бўлади. Бундай оғриқлар кўпинча юқори ва пастки жағ тишларини ўзгартирган ва уларга протез қўйдирган одамларда кўп кузатилади. Атипик прозопалгия клиникаси краниал невралгия ёки невропатия клиникасига ўхшаса-да, обьектив неврологик симптомлар (гиперестезия, гипестезия) аниқланмайди. Юзда триггер соҳалар ҳам бўлмайди. Стоматологик муолажа ўтказилган жойлар чуқур текширилганда ҳам, ЭНМГ текширувлари ўтказилганда ҳам нервларда органик бузилишлар аниқланмайди. Оғриқ ва парестезиялар нафақат операция ўтказилган жойда, балки юзнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилади. Касаллик учун қисқа муддатли оғриқ хуружлари хос эмас, оғриқлар гоҳ зўрайиб, гоҳ камайиб туради.
Атипик прозопалгиянинг яна бир клиник тури – бу атипик одонталгия. Тиш олинган жойда узоқ вақт сақланадиган оғриқларга атипик одонталгия деб айтилади. Атипик одонталгияда ҳам обьектив неврологик симптомлар аниқланмайди. Бу синдром тиш олдириб тиш қўйдирган беморларда ёки узоқ вақт давом этган стоматологик муолажаларда кўп кузатилади. Тиш олинган жойда куйдирувчи ва бошқа тишларга иррадиация қилувчи оғриқ бир ойгача, баъзида ундан ҳам кўп вақт сақланиб қолади. Аксарият беморларда оғриқ овқатланаётган пайтда камаяди, руҳий-ҳиссий зўриқишларда, совуқда ёки юзига бирор нарса тегиб кетса кучаяди. Атипик одонталгия клиникаси дентал плексалгия клиникасига ўхшаб кетади, бироқ унга қараганда енгил кечади.
Дентал плексалгия – юқори ва пастки жағнинг нерв чигаллари таъсирлантирилганда кузатилади. Дентал плексалгиянинг асосий сабаби – юқори ва пастки жағ тишларида ўтказилган стоматологик муолажадир. Оғриқ вегетатив симптомлар билан биргаликда намоён бўлади, чунки бу ердаги нерв чигаллари вегетатив ганглиялар билан чамбарчас боғланган. Дентал плексалгияда юз соҳасида оғриқ ва дизестезия пайдо бўлса-да, обьектив неврологик симптомлар (гипестезия, гиперестезия) кузатилмайди. Дентал плексалгия, одатда, ойлаб давом этади, баъзида бир йилдан ошади. Узоқ давом этувчи оғриқ реактив невротик бузилишга олиб келади. Беморни тинчлантириш ва бу белгиларнинг вақтинчалик эканлигига уларни ишонтириш ўта муҳим. Агарда врач буни уддалай олса, оғриқлар тез орада ўтиб кетади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича