ПРЕМОТОР СОҲА
Премотор соҳа – олдинги марказий пуштанинг олд қисмида жойлашган бўлиб (6 ва 8-майдонлар), иккиламчи кортикал майдон яъни, проекцион-ассоциатив соҳа ҳисобланади. Бу ерда адверсив майдон жойлашган. Бу жой таъсирлантирилса, бош ва кўз қарама-қарши томонга бурилади. Юқори пешона пуштасининг орқа қисми координация ва мувозанатни бошқаришнинг кортикал маркази (8-майдон) ҳисобланади. Бу ердан tr. fronto-ponto-cerebellaris бошланади ва миячанинг қарама-қарши ярим шарига бориб тугайди. Пастки пешона пуштасининг орқа қисмида (44-майдон) мотор нутқ маркази, яъни Брок маркази жойлашган. Брок майдони нутқ артикуляцияси учун жавоб беради ва орқа марказий пуштанинг тил, лаб ва танглайни иннервация қиладиган проекцион йўллар билан чамбарчас боғланган. Шунингдек, Брок маркази нутқ модуляцияси ва мусиқал интонация учун жавоб берадиган 45-майдон билан ҳам мустаҳкам алоқага эга. Ёзиш маркази ўрта пешона пуштасининг орқа қисмида (6-майдон), яъни қўл проекцион соҳасига жуда яқин жойлашган. Ёзиш маркази Брок маркази билан ҳам афферент ва эфферент алоқага эга. Шу сабабдан Брок афазиясида иккиламчи аграфия кузатилади.
Премотор соҳа зарарланиши синдромлари. Премотор соҳа зарарланганда фалажликлар кузатилмайди. Бироқ ҳар қандай ҳаракатнинг кинетик механизми издан чиқади. Бунда мақсадга йўналтирилган ҳаракатларни кетма-кет бажариш мумкин бўлмай қолади. Бунда мақсадга йўналтирилган оддий ҳаракатлар ҳам, мураккаб ҳаракатлар ҳам бир маромда бажарилмайди. Ҳаёт давомида шаклланган ва автоматик даражага етган онгли ҳаракатлар дастури издан чиқади. Ўймакор ўйишни, дурадгор мих қоқишни, тикувчи кўйлак тикишни, мусиқачи мусиқа асбобларини чалишни эплай олмай қолади. Бемор гўёки нўноқ ва уқувсиз одамга айланади.
Премотор синдром учун юқори даражада ифодаланган ҳаракат персеверациялари хос. Бир хил тусда ҳадеб такрорланаверадиган мақсадсиз ҳаракатларга ҳаракатлар персеверацияси деб айтилади. Бемор ҳаракат қилишни бошлайди, бироқ кейингисига ўта олмайди. Масалан, доира чизинг ва унинг изидан учбурчак чизинг дейилса, у ҳадеб доира чизаверади, бироқ учбурчакка ўта олмайди.
Премотор синдромнинг асосий симптомларидан бири – бу динамик (кинетик) апраксия. Мақсадга йўналтирилган ҳаракатларнинг кетма-кет равишда бир маромда бажарилиши бузилишига динамик апраксия деб айтилади. Маълумки, премотор соҳа мақсадга йўналтирилган ҳаракатларнинг эфферент (кинетик) механизмини таъминлаб беради. Унинг издан чиқиши динамик праксис бузилишига олиб келади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiyasi. Darslik., T.; 2021., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича