Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ПЕРИФЕРИК ВЕГЕТАТИВ ЕТИШМОВЧИЛИКДА ДАВОЛАШ ТАМОЙИЛЛАРИ

ПЕРИФЕРИК ВЕГЕТАТИВ ЕТИШМОВЧИЛИКДА ДАВОЛАШ ТАМОЙИЛЛАРИ


ПВЕ билан беморларни даволаш ушбу бузилишлар этиологиясига боғлиқ. Бирламчи, яъни идиопатик ПВЕ да даволаш ўта мушкул ҳисобланади. Бу касалликлар наслий этиологияли бўлганлиги боис зўрайиб бораверади. Иккиламчи, яъни симптоматик ПВЕ да даволаш муолажалари аксарият ҳолларда ижобий натижа беради.
Ортостатик гипотензия. Бундай беморларни даволашда кўп суюқлик ичиш ва ош тузини кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Қабул қилинадиган бир кунлик суюқлик миқдори 3 литрни ташкил қилиши керак. Бу суюқлик оддий сув, шарбат, қора чой ва қаҳвадан иборат бўлади. Суюқлик циркуляция қилувчи қон ҳажмини оширади ва ортостатик гипотензия белгиларини камайтиради. Организмга кунига 5–7 г ош тузи ҳам тушиши лозим. Бунинг учун тузланган балиқ, помидор, бодринг каби озиқ-овқатларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Оёқларга эластик пайпоқлар кийиш ва белга эластик бандажлар тақиш периферик вазодилатациянинг олдини олади.
Горизонтал ҳолатда ётганда бош 30 градусга кўтарилган бўлиши лозим. Даволаш давом этаётган даврда кўп тик турмаслик, бир ҳолатда кўп ўтирмаслик, хамир овқатларни тўйиб емаслик тавсия этилади. Спиртли ичимликлар ичиш ман этилади. Иссиқ ҳавода юриш ва иссиқ душлар қабул қилиш ҳам мумкин эмас.
Фармакологик дори воситалардан 2 мл кофеин куннинг биринчи ярмида м/и қилинади. Шунингдек, флоринеф ёки кортинефни 0,05 мг кечқурун ётишдан олдин ичиш буюрилади. Унинг дозаси ҳар ҳафтада ошириб борилади ва 0,1-0,4 мг дан кунига 2 маҳал ичишга ўтилади.
Симпатомиметиклардан эфедрин кунига 12,5–25 мг, мидодрин (гутрон) 2,5 мг кунига 2 маҳал, (заруратга қараб 10–20 мг), метилфенидат (риталин) 5–10 мг кунига 3 маҳал овқатдан 15–30 дақиқа олдин, фенилпропаноламин (пропагест) 12,5–25 мг кунига 3 маҳал (заруратга қараб 50–75 мг), дигидроэрготамин 2,5–10 мг дан кунига 2–3 маҳал ичиш тавсия этилади. Анемия билан биргаликда намоён бўлувчи ортостатик гипотензияда эритропоетин (рекормон, эпостин) 50 ХБ/кг в/и ёки т/о ҳафтасига 1–2 марта қилинади.
Постурал ортостатик тахикардия синдроми. Тахикардияни бартараф этиш учун β-адреноблокаторлар кам дозада тавсия этилади. Бунинг учун пропранолол кунига 10–40 мг дан ичишга буюрилади.
Сийиш бузилишлари. Ушбу бузилишлар сийдик тута олмаслик, унинг тезлашуви ва ушланишлари билан кечади. Даволаш муолажалари сийиш бузилишлари турига қараб ўтказилади. Сийдик тута олмаслик ва тез-тез сийишларда миотроп спазмолитиклар тавсия этилади. Бу мақсадда дриптан 5 мг (1 табл.) ёки спазмекс 5 мг (1 табл.) кунига 3 маҳалдан берилади.
Тез-тез сийишларни бартараф этиш учун антидиуретик гормонлар қўлланилади. Масалан, десмопрессинни (минирин) 100–400 мкг дан ичиш буюрилади ёки 10–40 мкг интраназал йўл билан юборилади. Шунингдек, кичик тос аъзоларини машқ қилдириш ҳам тез-тез сийишларни камайтиришга ёрдам беради. Бунинг учун беморнинг ўзи ихтиёрий равишда сийдик қовуғини (қовуқни) қисқартирувчи машқларни кунига 10–15 маротаба бажаради. Шунингдек, қовуқ соҳаси енгил айланасимон шаклда силанади ёки паст частотали токларда электростимуляция қилинади. Қовуқ соҳасини босиб кучли массаж қилиш ёки тез-тез электростимуляция қилавериш асло мумкин эмас! Бунинг оқибатида қовуқ атонияси ривожланиши мумкин.
Сийдик ушланишлари ва шу сабабли қийналиб сийишларда холинергик дорилар ишлатилади. Бунинг учун карбахолин, ацеклидин, прозерин, нейромидин қўлланилади.
Ички сфинктерлар спазмини юмшатиш учун α-адреноблокаторлар, яъни алфузозин 5 мг, тамсулозин 0,1–0,4 мг, доксазозин 4–8 мг, теразозин 2,5–5 мг кечқурун ётишдан олдин ичилади. Айниқса, празозин самаралидир. Прозазинни дастлабки ҳафтада 0,5 мг дан 3 маҳал, кейинги ҳафтада 2 мг дан 2 маҳал, учинчи ҳафтада 1 мг дан кунига 3 маҳал ичиш буюрилади. Ташқи сфинктерлар спазмини пасайтириш учун миорелаксантлар, яъни баклофен, тизанидин қабул қилинади.
Ичаклар парезини бартараф этиш. Кам-камдан тез-тез овқатланиш тавсия этилади. Енгил ҳазм бўладиган овқатлар тановул қилиш ва ёғли овқатларни чеклаш лозим. Дорилардан серукал 5–20 мг, мотилиум 10 мг, координакс 5–10 мг дан кунига 3–4 маҳал овқатланишдан ярим соат олдин ичиш буюрилади. Антихолинестераз дорилардан калимин 60 мг дан кунига 3 маҳал ичишга тавсия этилади.
Гипогидроз, алакримия, ксеростомияларда даволаш. Гипо- ва ангидрозларда тана ёғли косметик кремлар билан массаж қилинади. Бемор яшайдиган хоналар тоза ва нам бўлиши, ўта иссиқ ва совуқ бўлмаслиги лозим. Бунинг учун хонада иссиқлик даражасини ўлчовчи термометр ўрнатилиши мақсадга мувофиқ. Кийимлар ҳам танага ҳавони бемалол ўтказадиган бўлиши керак.
Алакримияда (кўз қуриши) кўз ёши секрециясини стимуляция қилиш мақсадида пилокарпин 5 мг дан 1 маҳал тил остига қўйиб сўриш учун буюрилади. Бромгексин 48 мг дан кунига 3 маҳал ичилади. Кўз ёши йўллари тиқилиши билан боғлиқ ксерофталмияда оператив муолажалар ҳам ўтказилади.
Ксеростомияни (оғиз қуриши) бартараф этиш учун сўлак безлари стимуляция қилинади. Бу мақсадда тил остига пилокарпин 5 мг кунига 1 маҳал, никотин кислотаси 0,05–0,1 г кунига 3 маҳал, А витамини 50000–100000 ХБ/ кун, калий ёдид 0,5–1 г кунига 3 маҳал ичиш буюрилади. Сўлак консистенциясини ўзгартириш учун бромгексин 1 табл. кунига 3–4 маҳал ичишга тавсия этилади.
Прогноз. Бирламчи ПВЕ да касаллик прогнози ёмон ҳисобланади. Иккиламчи ПВЕ да касаллик прогнози уни келтириб чиқарган асосий касалликка боғлиқ ва кўп ҳолларда ижобий натижа билан тугалланади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича