ПАРКИНСОН КАСАЛЛИГИ АНИҚЛАНГАН БЕМОР ВА УНИНГ ЯҚИНЛАРИГА 10 ТА ЗАРУР МАСЛАҲАТ
Ҳар доим эсда тутинг! Паркинсон касаллигида бемор жуда инжиқ, сал нарсага эътибор қиладиган, бир гапни ҳадеб қайтараверадиган, ёқмаган воқеани эслаб уни ҳадеб такрорлайверадиган, келинлар ёки фарзандларини ҳадеб койийдиган бўлишади.
Паркинсон касаллигида апатия ва депрессия жуда кўп учрайди, яъни бемор доимо паст кайфиятда, уйқусиз, салга йиғлаб хафа бўладиган, овқатдан бош тортадиган ва фикрлари карахт бўлишади.
Паркинсонизмнинг асосий белгилари бўлмиш қўлларнинг доимо титраши ва мускулларнинг қотиб қолиши, уни ҳатто ўзини-ўзи бошқара олмайдиган қилиб қўяди. Бу ҳақда юқорида ҳам гапирганмиз.
Фарзандлар шу касалликка дучор бўлган отаси (онаси)нинг инжиқликларига сабр-матонатли бўлиши керак. Бу инсон бола-чақам деб ва ишдаги қийинчиликларни деб шу дардга дучор бўлган. Демак, унинг атрофида жуда яхши психологик муҳит яратилиши лозим. Паркинсонизмга чалинган бемор ҳаттоки кулса, кулгиси ўзига ярашмайди, чунки мимик мускуллар ҳам қотиб қолган бўлади. Шундай бўлса-да, беморнинг атрофини фақат оптимизмга бурканган ижобий муҳит ўраб олган бўлиши керак.
Ҳар қандай стресс бир ойлик даволанишни пучга чиқариши мумкин. Афсуски, шундай ҳолатлар бўлиб туради. Беморни даволаб, ҳаракатларини тиклаб, қўлларидаги титроқларни камайтириб хурсанд қилиб уйга юборамиз, орадан бир муддат ўтмай уйдаги қаттиқ жанжалдан сўнг бемор яна оғир аҳволда шифохонага тушиб қолади. Чунки паркинсонизм билан оғриган бемор стрессни кўтара олмайди.
Тавсия қилинган дориларни, албатта, ўз вақтида ичиб юриш керак. Одатда, бундай дорилар йиллаб ичилади. Ўзбилармонлик билан дори дозасини камайтириш ёки тўхтатиб қўйиш асло мумкин эмас. Айниқса, дорини бирдан тўхтатиб қўйса, бемор турган жойида ҳайкалдек қотиб қолиши мумкин. Бу хавфли! Шу боис ҳам паркинсонизм учун белгиланган дориларни етарли миқдорда уйда сақлаш керак. Дорихоналарда бемор ичаётган дори бўлмай қолиши мумкин.
Жисмоний ҳаракатлар масаласига келадиган бўлсак, жисмоний ҳаракатларни тез-тез ва кўп қилинг деб маслаҳат беришади. Паркинсонизмда жуда фаол ҳаракатлар мумкин эмас. Чунки бундай активликдан сўнг мускуллар яна қотиб қолади. Демак, ҳаракатлар оҳиста, ўртамиёна ва кичик-кичик бўлиши керак, ётиб қолиш ҳам асло мумкин эмас. Лекин умумий уқалашлар ва енгил кўринишдаги доимий ҳаракатлар жуда яхши ёрдам беради. Булар ҳақида даволовчи невропатолог ёки реабилитолог Сизнинг аҳволингиздан келиб чиқиб тўғри маслаҳат беради.
Паркинсонизмда бемор узоқ давом этувчи қабзиятдан кўп азият чекади. Баъзида бемор 4-5 кунлаб катта таҳоратга чиқмайди. Бундай пайтда ичакдан дориларнинг сўрилиши ҳам бузилади. Демак, қабзиятни бартараф қилмасдан туриб дори қабул қилиш қуруқ ерга кўчат эккандек гап, яъни бефойда. Беморнинг овқат рационида мева-сабзавотлар ҳар доим бўлиши керак, овқатлар ҳам енгил ҳазм бўладиган бўлиши керак. Айниқса, доимо юмшоқ нок қабул қилиб юриш (агар имкони бўлса, албатта) ични яхши юргизади, шунингдек, сано ўтидан дамланган чой ҳам ични яхши келтиради.
Мусиқатерапия паркинсонизмда жуда фойдали. 2016 йили Италияда паркинсонизмга бағишланган Халқаро симпозиум бўлганди. Ўзи ҳам мусиқага қизиқадиган машҳур невролог олим Паркинсон касаллигининг титроқли тури аниқланган 60 дан ошиқ беморга режали тарзда мусиқатерапия ўтказган. Мусиқатерапия олмаган худди шундай беморлар билан солиштириб ўрганган видеоёзувни 3000 кишилик залда бизга кўрсатиб берди. Натижа ҳайратланарли эди. Бир хил дори ичиб, бироқ мусиқатерапия ҳам ўтказилган беморлардаги самара жуда юқори бўлган.
Кислородга бой тоза ҳаво, айниқса, тоғ-ён бағрида бўлиб туриш жуда фойдалидир. Агар имкони бўлса, беморни ҳар якшанба куни сув бўйига, дарахтзор жойларга, тоққа олиб чиқиб туриш керак. Бемор ойлаб уйда ўтириб қолмасин. Энг буюк табиб – бу табиат! Буни мен эмас, тиб илмининг султони Ибн Сино айтган.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича