ПЕШОНА ЭПИЛЕПСИЯСИ


Эпилептоген ўчоқ пешона пўстлоғининг латерал ва медиал юзаларида жойлашса, пешона эпилепсияси ривожланади. Пешона эпилепсияси клиникаси эпилептоген ўчоқнинг қайси соҳада жойлашганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Эпилептоген ўчоқ олдинги марказий пушта, юқори, ўрта ва пастки пешона пушталари, пешона бўлагининг медиал юзаси ёки префронтал соҳада жойлашиши мумкин. Пешона эпилепсияси оддий, мураккаб ва иккиламчи-тарқалган хуружлар билан намоён бўлади.
Пешона эпилепсияси мотор типдаги хуружларга жуда бой. Жексон типидаги мотор хуружлар оддий фокал хуружлар кўринишида юзага келади. Бироқ эпилептоген ўчоқ префронтал соҳада жойлашса, пешона эпилепсияси фақат руҳий бузилишлар билан намоён бўлиши мумкин. Бу эпилепсияда фокал хуружларнинг аксарияти иккиламчи-тарқалган хуружларга тез ўтиб кетади.
Пешона эпилепсиясининг клиник турлари
  • Олдинги марказий пушта. Эпилептоген ўчоқ олдинги марказий пуштада жойлашса – қарама-қарши томонда, асосан, клоник хусусиятга эга мотор хуружлар вужудга келади. Улар Жексон мотор хуружлари деб юритилади ва асосан, юз ва қўл панжаларидан бошланади. Чунки бу соҳалар пўстлоқда оёқ проекцион соҳасига қараганда катта жойни эгаллаган. Ушбу фокал хуружлар бош ва тананинг фақат бир томонида кузатилади. Масалан, хуружлар аввал бир томондаги мимик мускуллардан бошланиб, қўлга ўтади, кейин эса оёққа тарқайди. Хуружларнинг бундай тарқалишини “Жексон юриши” деб аташади. Олдинги марказий пушта қўзғалиши билан намоён бўлувчи фокал хуружлардан сўнг, кўпинча, ўтиб кетувчи фалажликлар (монопарез, гемипарез) ривожланади. Ушбу фалажликларга Тодд фалажлиги дейилади. Бу фалажлик, одатда, бир неча соатгача сақланади.
  • Пешона пушталари. Эпилептоген ўчоқ ўрта пешона пуштасининг орқа қисмида жойлашса кўз ва бошнинг қарама-қарши томонга қайрилиши (буралиши) билан кечувчи тоник хуружлар рўй беради. Бундай хуружлар адверсив хуружлар деб аталади. Эпилептоген ўчоқ пастки пешона пуштасининг орқа қисмида (Брок соҳасида) жойлашса, вокализация ёки нутқнинг бирдан тўхтаб қолиши (мотор афазия) кузатилади. Бироз вақт ўтгач, бемор яна сўзлай бошлайди. Бу ҳолатни, кўпинча, ТИА билан қиёслашга тўғри келади. Эпилептоген ўчоқ оперкуляр саҳа, яъни пастки пешона пуштасининг чакка бўлаги билан чегарадош соҳада жойлашса, оғизни чапиллатиш, лабларни чўччайтириш, чайнаш, сўриш ва ютиш каби ҳаракатларни эслатувчи фокал хуружлар кузатилади. Бу пайтда гиперсаливация, йўтал ва баъзида нутқ бузилишлари пайдо бўлади. Бундай хуружлар оперкуляр хуружлар деб номланади.
  • Эпилептоген ўчоқ префронтал соҳада жойлашса, пешона эпилепсияси, асосан, руҳий бузилишлар билан намоён бўлади. Бу ҳолат нейропсихологияда пешона психикаси деб аталади. Префронтал соҳа премотор соҳадан олдинда жойлашган бўлиб, унга пешона бўлагининг олдинги, пастки (орбитофронтал соҳа) ва медиал юзалари (қўшимча мотор соҳа) киради. Префронтал соҳа қўзғалганда кузатиладиган эпилептик хуружлар префронтал эпилепсия деб аталади. Префронтал эпилепсиянинг асосий клиник белгилари – психомотор қўзғалишлар, вегетатив-висцерал пароксизмлар, жестикуляциялар билан кечувчи мураккаб автоматизмлар, тутқаноқ хуружисиз тўсатдан йиқилиб тушишлар (постурал тонуснинг бирдан йўқолиши сабабли), тўхтаб қотиб қолишлар (абсанслар), адверсив ва вокал хуружлардир. Бундай хуружлар руҳий касалликларда кузатиладиган ўткир психозларни эслатади. Баъзида адашиб беморни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиб қўйишади. Мураккаб фокал хуружлар билан бошланувчи префронтал эпилепсия иккиламчи-тарқалган хуружларга тез ўтиб кетади. Префронтал эпилепсия ушбу соҳани қўзғовчи ўсма ва артериовеноз малформацияларда кўп учрайди.
  • Белбоғ пушта. Эпилептоген ўчоқ corpus callosum устида жойлашган белбоғ пуштада (gyrus cinguli) шаклланса, эмоционал-аффектив ва вегетатив-висцерал типдаги мураккаб фокал хуружлар рўй беради. Хуруж пайтида беморнинг кайфияти тушиб кетади, тўсатдан қўрқув босади, кўзларини катта-катта очиб, киприкларини пирпирата бошлайди, қорачиқлари кенгаяди, юзи қизариб кетади, танаси музлаб совуқ қотади ёки қизиб кетади, юрак уриши ва нафас олиши тезлашади, абдоминал оғриқлар ва сийишга қистовлар пайдо бўлади. Хуруж пайтида бемор яқинлари олдига қўрқиб чопиб бориши ёки бурчакка писиниб олиши, йиғлаб ёки бақириб юбориши, боши айланиб ўтириб қолиши мумкин. Бундай хуружлар цингуляр хуружлар деб аталади. Цингуляр хуружлар кам учрайди. Улар, асосан, corpus callosum ёки gyrus cinguli соҳасида жойлашган ўсма ва артериовеноз мальформацияларда кўп кузатилади. Цингуляр хуружларни, баъзан истерик хуружлар билан адаштиришади.



Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma Toshkent, 2018., 128 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича