Пешона соҳаси ўсмалари
Пешона соҳаси ўсмалари, айниқса, префронтал соҳада жойлашганлари, узоқ вақтгача клиник симптомларсиз кечади. Аксарият ҳолларда бемор тўсатдан пайдо бўлган психомотор қўзғалишлар ёки эпилептик хуружлар билан шифохонага тушиб қолади. Касалликнинг кескин тарзда бундай бошланиши геморрагик инсултга ўхшаб кетади ва фақат зудлик билан ўтказилган текширувлар, айниқса, МРТ текшируви, ташхисни тўғри аниқлаш имконини беради.
Таъкидлаб ўтилганидек, пешона психикаси симптомлари пешона соҳаси зарарланиши учун жуда хос. Баъзида пешона психикаси узоқ вақт пешона ўсмаларининг ягона симптоми бўлиб қолади. Кейинчалик руҳий бузилишларга неврологик симптомлар қўшилади. Пешона ўсмаларида энг кўп учрайдиган неврологик симптомлар – булар пешона атаксияси, астазия-абазия, эпилептик хуружлар (умумий, адверсив, оперкуляр), нигоҳ фалажлиги, псевдопаркинсонизм, юз нервининг марказий фалажлиги ва орал автоматизми рефлексларидир.
Пешона атаксияси юқори ва ўрта пешона пушталарининг олдинги соҳаси ўсмасида, яъни префронтал соҳа зарарланганда ривожланади. Чунки бу йердан мияча фаолиятини назорат қилувчи йўллардан бири tr. frontopontoceredellaris бошланади. Пешона атаксияси қарама-қарши томонда гемиатаксия билан намоён бўлади. Чунки tr. frontopontoceredellaris қарама-қарши томондаги мияча ярим шарини назорат қилади. Гемиатаксия томонда координатор бузилишлар вужудга келади, яъни бармоқ-бурун синовида интенсия, товон-тизза синовида атаксия аниқланади. Шунингдек, адиодохокинез яққол кўзга ташланади. Статик ва динамик атаксия кузатилади ва кўзни юмиш атаксиянинг кучайишига кам таъсир қилади. Скандирлашган нутқ ва нистагм кузатилмайди. Оғир ҳолларда астазия-абазия ривожланади, яъни бемор тик тура олмайди ва юра олмайди. Астазия-абазия пешона соҳаси зарарланиши учун жуда хос симптом.
Орал автоматизми рефлекслари пешона соҳаси ўсмаларида кўп кузатилади. Улар, асосан, хартум (лабни чўччайтириш симптоми), Маринеску-Родович (кафт-ияк симптоми) ва Янишевский (ушлаб олиш симптоми) рефлекслари билан намоён бўлади.
Экстрапирамидал бузилишлар пешона соҳасининг пўстлоғости ўсмаларида кўп учрайди. Чунки думли ядронинг (nucleus caudatus) бош қисми пешона бўлагига кириб боради. Агарда ўсма пешона бўлагининг пўстлоғости қисмида жойлашса, унда думли ядронинг бош қисми зарарланади ва паллидар синдром ривожланади. Паллидар синдром, асосан, гипокинезия, амимия, нутқ акинезияси ва ихтиёрий ҳаракатларга бўлган мотивасиянинг сустлашуви билан намоён бўлади.
Пешона соҳаси ўсмаларида апраксия, мотор афазия ва аграфия каби симптомлар ҳам кузатилади. Бу симптомлар доминант ярим шар ўсмаларида (айниқса, афазия) яққол намоён бўлади.
Пешона соҳаси асосида жойлашган ўсмаларда бир томонлама аносмия ва амавроз ривожланади. Чунки пешона бўлагининг тагидан ҳидлов (n. olfactorius) ва кўрув (n. opticus) нервлари ўтади. Агарда ўсма кўрув нервини зарарласа, Фостер-Кеннеди синдроми ривожланади, яъни ўчоқ томонда кўрув нерви атрофияси, қарама-қарши томонда эса кўз туби димланиши кузатилади.
Пешона бўлагининг медиал соҳаси ўсмаларида вегетатив-висцерал симптомлар, яъни юрак-қон томир ва нафас олиш фаолияти бузилишлари, тос аъзолари дисфункцияси ва бошқа вазомотор реакциялар кузатилади.
Нигоҳ фалажи ҳам пешона соҳаси ўсмаларида кўп учрайдиган симптомлардан биридир. Бу симптом ўрта пешона пуштасининг орқа қисми ўсмаси, яъни нигоҳ маркази зарарланганда кузатилади. Бунда бемор “ўчоқ томонга қараб ётади”. Агарда нигоҳ маркази таъсирлантирилса, кўз ва бош ўчоққа қарама-қарши бўлган томонга титраб бурилади. Бундай хуружларга адверсив эпилептик хуружлар деб айтилади.
Биз пўстлоқ марказлари зарарланганда учрайдиган фокал эпилептик хуружлар ҳақида тўхталиб ўтдик. Баъзида пешона соҳаси ўсмаларида катта эпилептик хуружлар ҳам ривожланади: бемор тўсатдан ҳушидан кетади, тананинг иккала томонида тоник-клоник хуружлар пайдо бўлади, тилини тишлаб олади, оғзидан кўпик чиқади ва тагига сийиб юборади. Баъзида бу хуружлар кетма-кет рўй беради, яъни эпистатус ривожланади ва бемор ҳаёти учун жуда катта хавф солади. Хуружлардан сўнг нейропсихологик ва неврологик симптомлар янада зўраяди. Бош миянинг ҳажмли жараёнлари сабабли ривожланган эпилептик хуружлардан сўнг ўчоқли неврологик симптомлар зўрайиб бориши ёки пайдо бўлишини эсда тутиш лозим.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича