ПЕШОНА БЎЛАГИ


Бош мия катта ярим шарларининг марказий эгатчадан олдинда жойлашган қисмига пешона бўлаги деб айтилади. Пешона бўлагида учинчи функционал блок жойлашган бўлиб, барча руҳий жараёнларни бошқариш, дастурлар тузиш ва назорат қилиш учун жавоб беради. 
Пешона бўлагида қуйидаги соҳалар фарқланади:
     1.    Мотор соҳа – олдинги марказий пушта (4-майдон), бирламчи кортикал соҳа (проекцион соҳа). Бу ердан, яъни 5 қаватдан пирамидал йўллар бошланади. Бу йўллар мия устунида ҳамда орқа мияда жойлашган мотор ҳужайраларга бориб тугайди. Мотор соҳа соматотопик тамойилга асосланган бўлиб, ихтиёрий ҳаракатлар учун масъулдир. 
     2.    Премотор соҳа – олдинги марказий пуштанинг олд қисмида жойлашган бўлиб (6 ва 8-майдонлар), иккиламчи кортикал майдон яъни, проекцион-ассоциатив соҳа ҳисобланади. Бу ерда адверсив майдон жойлашган. Бу жой таъсирлантирилса, бош ва кўз қарама-қарши томонга бурилади. Юқори пешона пуштасининг орқа қисми координация ва мувозанатни бошқаришнинг кортикал маркази (8-майдон) ҳисобланади. Бу ердан tr. fronto-ponto-cerebellaris бошланади ва миячанинг қарама-қарши ярим шарига бориб тугайди. Пастки пешона пуштасининг орқа қисмида (44-майдон) мотор нутқ маркази, яъни Брок маркази жойлашган. Брок майдони нутқ артикуляцияси учун жавоб беради ва орқа марказий пуштанинг тил, лаб ва танглайни иннервация қиладиган проекцион йўллар билан чамбарчас боғланган. Шунингдек, Брок маркази нутқ модуляцияси ва мусиқал интонация учун жавоб берадиган 45-майдон билан ҳам мустаҳкам алоқага эга. Ёзиш маркази ўрта пешона пуштасининг орқа қисмида (6-майдон), яъни қўл проекцион соҳасига жуда яқин жойлашган. Ёзиш маркази Брок маркази билан ҳам афферент ва эфферент алоқага эга. Шу сабабдан Брок афазиясида иккиламчи аграфия кузатилади.
   3.    Префронтал соҳа – пешона бўлагининг олд юзасида жойлашган (9, 10, 11, 45, 46, 47-майдонлар) бўлиб, ассоциатив нейронлардан иборат учламчи кортикал соҳадир. Унинг асосий вазифаси барча руҳий фаолият бўйича дастурлар тузиш, бошқариш ва назорат қилиш.
    4.    Медиобазал соҳа – биринчи функционал блок таркибига кирувчи соҳа бўлиб, лимбикоретикуляр комплекс билан мустаҳкам эфферент ва афферент алоқаларга эга. 
Пешона бўлаги зарарланиш синдромлари.  Клиник амалиётда ушбу синдромлар топик нуқтаи назардан қуйидаги 4 гуруҳга ажратиб ўрганилади:
  1. Мотор соҳа зарарланиши синдромлари.
  2. Премотор соҳа зарарланиши синдромлари.
  3. Префронтал соҳа зарарланиши синдромлари.
  4. Медиобазал соҳа зарарланиши синдромлари.
Мотор соҳа зарарланиши синдромлари. Олдинги марказий пушта (4-майдон) зарарланганда қарама-қарши томонда марказий типдаги фалажликлар (монопарез, гемипарез) ривожланади. Демак, мотор соҳа зарарланганда фақат неврологик синдромлар аниқланади, бироқ нейропсихологик бузилишлар кузатилмайди. 
Премотор соҳа зарарланиши синдромлари. Премотор соҳа зарарланганда фалажликлар кузатилмайди. Бироқ ҳар қандай ҳаракатнинг кинетик механизми издан чиқади. Бунда мақсадга йўналтирилган ҳаракатларни кетма-кет бажариш мумкин бўлмай қолади. Бунда мақсадга йўналтирилган оддий ҳаракатлар ҳам, мураккаб ҳаракатлар ҳам бир маромда бажарилмайди. Ҳаёт давомида шаклланган ва автоматик даражага етган онгли ҳаракатлар дастури издан чиқади. Ўймакор ўйишни, дурадгор мих қоқишни, тикувчи кўйлак тикишни, мусиқачи мусиқа асбобларини чалишни эплай олмай қолади. Бемор гўёки нўноқ ва уқувсиз одамга айланади. 
Премотор синдром учун юқори даражада ифодаланган ҳаракат персеверациялари хос. Бир хил тусда ҳадеб такрорланаверадиган мақсадсиз ҳаракатларга ҳаракатлар персеверацияси деб айтилади. Бемор ҳаракат қилишни бошлайди, бироқ кейингисига ўта олмайди. Масалан, доира чизинг ва унинг изидан учбурчак чизинг дейилса, у ҳадеб доира чизаверади, бироқ учбурчакка ўта олмайди. 
Премотор синдромнинг асосий симптомларидан бири – бу динамик (кинетик) апраксия. Мақсадга йўналтирилган ҳаракатларнинг кетма-кет равишда бир маромда бажарилиши бузилишига динамик апраксия деб айтилади. Маълумки, премотор соҳа мақсадга йўналтирилган ҳаракатларнинг эфферент (кинетик) механизмини таъминлаб беради. Унинг издан чиқиши динамик праксис бузилишига олиб келади.
Текшириш усуллари. Динамик праксис қуйидаги синамалар ёрдамида ўрганилади.
Биринчи синама. Беморда “мушт-қирра-кафт” ёки “қирра-мушт-кафт” синамаси текширилади. Динамик праксисни текширишда бу синама жуда қўл келади. Чунки ушбу синама орқали ҳаракатларнинг бир маромда кетма-кет бажарилишини кузатиш мумкин (1-расм). 
 
     1-расм. Мушт-қирра-кафт синамаси

        Премотор синдромда ушбу топшириқ сўз орқали берилса ҳам, қандай бажарилиши врач томонидан кўрсатиб берилса ҳам, бемор уни бажара олмайди. Чунки ҳаракат механизми издан чиқади. У бир хил ҳаракатни ҳадеб такрорлайверади ёки “мушт-қирра-кафт” ни кўрсатиб бериш ўрнига “мушт-қирра-мушт” ёки “мушт-қирра-қирра” каби ҳаракатлар қилаверади. Синамани бир қўлда бажариб бўлгандан сўнг, уни иккинчи қўлда ҳам бажариш сўралиши керак. Чап премотор соҳа зарарланганда, одатда, бу синамани чап қўлда ҳам, ўнг қўлда ҳам бажариб бўлмайди. Ўнг ярим шардаги премотор соҳа зарарланганда эса, кинетик апраксия фақат чап қўлда кузатилади.
Иккинчи синама. Врач бемордан мушти, кафти, кафтнинг кирраси билан столга кетма-кет уришни сўрайди. Бу ҳаракатларни бемор бир неча бор врач кўрсатган тартибда бажариши лозим. Ана шундагина беморда кинетик (динамик) апраксия бор-йўқлигини аниқлаб олиш мумкин. Бу синама иккала қўлда ҳам алоҳида-алоҳида текширилади.

2-расм. Қадоқсимон тана зарарланганда чап қўлда апраксиянинг келиб чиқиш механизми.
 1 – чап париетал соҳа пўстлоғи; 
2 – сорпус каллосум да патологик ўчоқ; 
3 – Ўнг ярим шарнинг олдинги марказий пуштасида қўл проекцион соҳаси; 
4 - кортико-спинал йўл; 
5 – орқа мия бўйин кенглигининг олдинги шохи     
  3 расм. Ресипрок координация.

Учинчи синама. Бемор бир қўлини мушт қилиб, иккинчи қўлини ёзган ҳолатда тиззасига қўяди. Кейин уларни кетма-кет букиб-очиш сўралади. Бунда битта қўл панжаси мушт қилинса, иккинчиси ёзилади ва ҳ.к. Премотор соҳа зарарланганда бу синамани бажариб бўлмайди. Бемор синамани ё битта қўлда бажараверади, ё иккала қўл панжасини ҳам бир хил очиб юмаверади. Қадоқсимон тананинг олдинги қисмини зарарловчи парасагитал жойлашган ўсмаларда ретсипрок координация иккала қўлда ҳам бузилади. Бироқ динамик ҳаракатларни бир қўлда бажариш, одатда, сақланиб қолади. Ҳаракатнинг кинестетик механизмини таъминлаб берувчи пастки париетал соҳа зарарланганда ретсипрок координация бузилмайди. Ретсипрок координация бажарилаётганда қарама-қарши томондаги қўлда ҳаракатлар бироз секин бажарилиши мумкин. Бу синама гемипарез билан намоён бўладиган локал зарарланишларда текширилмайди.

Тўртинчи синама. Қўл панжалари билан столга кетма-кет тўқиллатиб уриш синамаси. Бемордан иккала қўл панжасини столга қўйиш сўралади. Ундан ўнг қўл билан столга икки марта, чап қўл билан бир марта кетма-кет уриш сўралади. Бу синамалар кетма-кет бир маромда врач кўрсатган тартибда бажарилиши керак:
Соғлом одамда столга уриш аслида қуйидагича бажарилади:
Ўнг қўл
Чап қўл

II        II       II
I         I

Премотор синдромда ёки корпус каллосум зарарланганда бу синама қуйидагича бажарилади.
Ўнг қўл
Чап қўл    
II       II                        II    I    I
II      II       ёки   I     I

Бемордан ҳаракатлар кетма-кетлигини жадалроқ ритмда бажариб бериш сўралса, бузилишлар яққол кўзга ташланади. Бемор синамани бир маромда бажара олмай издан чиқиб кетаверади. Агар патологик жараён пешона бўлагининг чуқурроқ тузилмаларида жойлашса, ушбу синама импулсив тарзда ортиқча ҳаракатлар билан бажарилади: бемор столга қаттиқ-қаттиқ уради, кўп уриб юборади, ўзини тўхтата олмайди. Премотор кортикал  синдром ҳаракатлар персеверацияси билан намоён бўлса-да, бироз суст бажарилади, сўз орқали нотўғри ҳаракатларни коррекция қилса бўлади. Чуқур тузилмалар зарарланганда эса импулсив ҳаракатларни сўз орқали коррекция қилиб бўлмайди. 
Бешинчи синама. Битта қўлда бажариладиган “Мушт-ҳалқа” синамаси. Бемордан галма-гал қўлини гоҳо мушт қилиб, гоҳо бармоқлари билан ҳалқа ясаб олдинга ташлаш сўралади (расмга қаранг). Бу синама осонроқ синамалардан ҳисобланади. Премотор соҳа зарарланганда бу синама бир маромда бажарилмайди, бир ҳаракатдан иккинчи ҳаракатга қийинчилик билан ўтилади ёки бемор қўлини олдинга мушт қилиб ташлайверади. 
 4-расм. “Мушт-ҳалқа” синамаси
Олтинчи синама. Панжара чизиш синамаси. Бемордан қуйидаги кўринишда   панжара чизиш сўралади. 
 5-расм. Панжара чизиш синамаси.
 
5-расмда кўриниб турганидек, панжарада П шакли ва учбурчак шакли кетма-кет келяпти. Премотор синдромда эса бемор фақат П шаклини чизаверади. Ундан “Учбурчак шакли қолиб кетдику” деб сўрасангиз, “Ҳа, бўлди, тушундим” дейди-да, учбурчак шаклини чиза бошлайди, бироқ П шаклига ўта олмайди. Бу ерда Лурия таъбири билан айтганда “кинетик мелодия” издан чиқади ва ҳаракатлар дезавтоматизацияси ва персеверациялар кузатилади.

 
6-расм. Премотор синдромда намоён бўлаётган ҳаракат персеверациялари (А.Р. Лурия, 1973). А – чап пешона бўлагида катта ўсма жойлашган бемор: а) “Айлана чизинг” топшириғи; б) “2 рақамини ёзинг” топшириғи; в) “5 рақамини ёзинг” топшириғи. Б. Турли фигуралар билан боғлиқ чизмаларда ҳаракат персеверациялари. Бу ерда ҳам чап пешона бўлагида ўсма бор. 
 
Ҳар қандай ҳаракатни таъминлашда кинестетик, кинетик ва оптик-фазовий механизмлар бир пайтнинг ўзида фаолият кўрсатиши керак. Нейропсихолог эса мақсадга йўналтирилган ҳаракатларнинг қайси механизми қандай босқичда издан чиққанини фарқлай олиши лозим. Акс ҳолда у топик ташхисни қўйишда қийналади.
    Префронтал соҳа зарарланса, қуйидаги симптомлар  юзага келади
1.    Ҳаракат дастурларини тузишнинг бузилиши.
2.    Ҳаракатларни онгли тарзда бошқаришнинг бузилиши.
3.    Стереотип ҳаракатларни ҳадеб такрорлайвериш (персеверациялар).
4.    Врач кўрсатган ҳаракатларга тақлид қилиб уларни такрорлайвериш.
5.    Нутқ орқали бошқаришнинг издан чиқиши.
6.    Эхолалия – эшитган сўз ва жумлаларни такрорлайвериш.
Мақсадли ҳаракатларни бажаришнинг бузилишини аниқлашга оид синамалар:
1.    Мен столга бир марта урганимда, сиз чап қўлингизни кўтарасиз, икки марта урганимда ўнг қўлингизни кўтарасиз.
2.    Мен столга бир марта урганимда, сиз 2 марта урасиз, 2 марта урганимда 1 марта урасиз.
3.    Мен бармоқларимни ёзганимда, сиз қўлингизни тепага кўтарасиз.
Нутқнинг регулятор функциясини текшириш усули:
Беморга сўз орқали кўрсатма берилса, у ўша сўзларни қайтаради, бироқ кўрсатмани бажармайди. Масалан, “Менинг кафтимни 2 маротаба сиқинг” деб сўралса, у бу топшириқни бажариш ўрнига “Менинг кафтимни 2 маротоба сиқинг” деган ибораларни такрорлайди. Ҳаракат билан боғлиқ кўрсатма бажарилмайди. 
Ҳисоблаш қобилиятининг бузилиши:
Бемордан 100-7 = ҳисоблашни бажариб бориш сўралади. Префронтал синдромда 100 дан 7 ни кетма-кет айириш топшириғини бемор бажара олмайди. У бир хил, яъни стереотип рақамларда қотиб қолади. Масалан, 100-7 = 93; 83..., 73…, 63 ва = ҳ.к. 
Чап ва ўнг ярим шарлар префронтал синдромларининг бир-биридан фарқ қилувчи жаҳатлари кўп.
      Яримшарлараро муносабатлар. Чап пешона бўлаги зарарланишида ихтиёрий ҳаракатларни бошқаришда нутқнинг регулятор функцияси бузилиши яққол кўзга ташланади, сўз бойлиги камаяди, нутқ секинлашади, умумий мотивация сустлашади. Интеллектуал ва мнестик функциялар яққол бузилади. Ўнг пешона бўлаги зарарланганда, аксинча, бемор сўзамол бўлиб қолади, маъносиз кўп гапиради. Уларнинг нутқида стереотип ҳаракатлар, штамплар кўп аниқланади. Бундай беморлар четдан қараганда маслаҳатгўй одамни эслатади.
        Пешона бўлагининг медиобазал тузилмалари зарарланиши синдромлари. Пешона бўлагининг медиобазал тузилмалари биринчи функционал блок таркибига киради. Бу соҳа ЛРК билан чамбарчас боғланган. Уларнинг ўзаро функцияси деярли бир хил. ЛРК фаолиятида эмоционал реакциялар етакчи ўринни эгаллагани боис, унинг зарарланишида деярли ҳар доим эмоционал бузилишлар кузатилади. Зарарланиш турига қараб беморда эйфория, дисфория, абулия, апатия, агрессия, конфабуляция, импулсив ҳаракатлар пайдо бўлади. Энди кўп учрайдиган нейропсихологик синдромлар билан танишиб чиқамиз.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiyasi. Darslik., T.; 2021., 312b.  
              © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
              ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича