ТРАНКВИЛИЗАТОРЛАР
Қўрқув, хавотир, ваҳимани бартараф этувчи дориларга транквилизаторлар дейилади. Lot. trancvilio – тинчлантираман дегани. Транквилизаторларнинг яна бир номи – бу анксиолитик. Lot. anxietas – хавотир, қўрқув маъносини англатса, грекча ytikos– эритмоқ, юмшатмоқ дегани. Бу гуруҳга кирувчи баъзи дорилар “атарактиклар” деб ҳам аталади. Грекча ataraxia – хотиржамлик дегани.
Тарихи. ХХ асрнинг 50-йилларида марказий миорелаксант яратишга уринишлар тинчлантирувчи хусусиятга эга янги бир дорининг кашф қилинишига туртки бўлди. 1952 йили синтез қилинган ушбу дорига мепротан (мепробамат) деб ном беришади. Мепробаматни клиник амалиётда тинчлантирувчи дори сифатида қўллай бошлашади. Шу даврдан бошлаб тинчлантирувчи хусусиятга эга дориларни яратиш бўйича турли тадқиқотлар авж олади. 1957 йили “транквилизатор” атамаси таклиф этилади. Ўша йиллари антигистамин дори сифатида синтез қилинган гидроксизин (атаракс) ҳам анксиолитик хусусиятга эга эканлиги исботланади.
Кучлироқ транквилизатор яратиш устида олиб борилган тадқиқотлар натижаси ўлароқ, 1955 йили дастлабки бензодиазепин, яъни хлордиазепоксид кашф қилинади. Бу дорининг кучли тинчлантирувчи, мускулларни бўшаштирувчи ва тутқаноқ хуружларини пасайтирувчи хусусиятлари аниқланади. Хлордиазепоксид клиник амалиётда кенг қўлланила бошлайди ва шу каби бензодиазепинлар синтези йўлга қўйилади. Масалан, 1959 йили диазепам, 1961 йили оксазепам, 1971 йили лоразепам, 1976 йили мидазолам кашф қилинади. Авваллари врачлар тинчлантириш учун бромидларни, ухлатиш учун барбитуратларни қўллаб келишган бўлса, эндиликда тинчлантириш учун транквилизаторлар, ухлатиш учун бензодиазепинлардан кенг фойдаланишади.
1980 йилларга келиб, бензодиазепинларни узоқ муддат қабул қилиш уларга қарамликни юзага келтириши маълум бўлиб қолди. Тез орада бундай дориларни тавсия этишга чекловлар қўйилади ва қатъий назоратга олинади.
Эслаб қолинг. Бензодиазепин ҳам транквилизатор ҳисобланади, бироқ кучли транквилизатор. Бензодиазепин дейилишига сабаб, улар бензол ва диазепин ҳалқаларидан иборат кимёвий бирикмадир.
Транквилизаторларнинг қуйидаги уч авлоди кўрсатиб ўтилади:
1-авлод – мепробамат, гидроксизин, бенактизин ва бошқалар;
2-авлод – булар бензодиазепинлар қатори, яъни хлордиазепоксид, диазепам, оксазепам, лоразепам, мидазолам ва ҳ.к.
3-авлод – буспирон ва бошқалар
1-жадвал
Транквилизаторлар таснифи
Кимёвий тузилиши бўйича: | Таъсир қилиш давомийлиги ва фармакодинамикаси бўйича: |
Бензодиазепин унумлари: хлордиазепоксид, диазепам, лоразепам, мидазолам, медазепам, оксазепам, темазепам, тофизопам, феназепам, клоразепат, клоназепам, флунитразепам, триазолам, нитразепам, алпразолам. Карбамат пропандиол унумлари: мепробамат Триметоксибензой кислота унумлари: триметозин Азапирон унумлари: буспирон Дифенилметан унумлари: бенактизин Пиперазин унумлари: гидроксизин Турли кимёвий тузилишга мансуб транквилизаторлар: мебикар, фенибут | Давомийлиги бўйича: Давомийлиги узоқ бўлган (20 соатдан ошиқ): хлордиазепоксид, диазепам, клоразепат. Давомийлиги ўрта даражада бўлган (5-20 соат): лоразепам, оксазепам, алпразолам; Қисқа муддатга таъсир қилувчи (5 соатгача): триазолам. Фармакодинамикаси бўйича: Кўпроқ анксиолитик хусусиятга эга: диазепам, хлордиазепоксид, лоразепам, клоназепам, алпразолам, феназепам. Кўпроқ ухлатиш хусусиятига эга: триазолам, темазепам, флунитразепам, мидазолам, бротизолам, нитразепам, диазепам; Кўпроқ антиконвульсив хусусиятга эга: клоназепам, диазепам, нитразепам, феназепам, хлордиазепоксид. Қўпроқ нейролептик хусусиятга эга: клозапин. Кўпроқ антидепрессив хусусиятга эга: алпразолам. |
Транквилизаторларнинг асосий таъсирлари
• Анксиолитик – қўрқув, хавотир, ваҳимани бартараф этади.
• Седатив – жаҳлдорлик, ҳиссий қўзғалувчанлик ва асабийлашишни пасайтиради.
• Ухлатиш – уйқу келишини тезлаштиради, ухлаш давомийлигини оширади.
• Антиконвульсив – эпилептик хуружларни тўхтатади.
• Миорелаксация – мускулларни бўшаштиради.
Ножўя таъсирлари: мускуллар ҳолсизлиги, бош айланиши, атаксия, уйқучанлик, оғиз қуриши. Монелик қилувчи ҳолатлар: жигар ва буйракнинг оғир касалликлари, миастения.
Бензодиазепин унумлари
- Алпразолам (ксанакс, золомакс) – юқори анксиолитик таъсирга эга транквилизатор. Паник атака, фобия ва хавотирли-депрессив бузилишларда тавсия этилади. Шунингдек, алкоголизм, деменция ва климактерик неврозда ҳам қўлланилади. Даволаш давомийлиги – 2-3 ой. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, бош айланиши, атаксия, қабзият, узоқ муддат ичилса, ўрганиб қолиш кузатилади. 18 ёшгача мумкин эмас. Эпилепсия бу дорини тавсия этишга монелик қилмайди. Бошқа транквилизаторлар каби терапевтик дозаларда қабул қилинаётган пайтда бирдан тўхтатиб бўлмайди. Бундай пайтларда қўрқув ва хавотир яна қўзғайди. Монелик қилувчи ҳолатлар: глаукома, миастения, уйқудаги апное, нафас етишмовчилиги, ҳомиладорлик, лактация даври, жигар ва буйрак етишмовчилиги. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 0,25, 0,5 ва 1 мг. Бир кунлик максимал дозаси – 4 мг.
- Медазепам (рудотел, мезанам, нобриум) – бензодиазепинлар гуруҳига мансуб транквилизатор бўлиб, анксиолитик, антиконвульсив ва миорелаксация таъсирларга эга. Кучли седация чақирмайди, шу боис кундузги транквилизатор ҳисобланади. Психоневроз, айниқса, гиперстеник типдаги невроз ва ўсмирлардаги хулқ-атвор бузилишида кенг қўлланилади. 10 ёшгача тавсия этилмайди. Алкоголизмда кузатиладиган абстинент синдромларда ҳам самараси бор. Ножўя таъсирлари: бош айланиши, тахикардия, аккомодация бузилиши. Миастенияда мумкин эмас. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 мг.
- Нозепам (оксазепам, тазепам) – седатив таъсирга эга транквилизатор. Бошқа транквилизаторлар каби психоневротик бузилишларда тавсия қилинади. 18 ёшгача тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 мг.
- Диазепам (сибазон, седуксен, валиум, реланиум) – кучли седатив ва антиконвульсив таъсирга эга транквилизатор. Седуксен ёрдамида тутқаноқ хуружлари ва кучли психомотор қўзғалишлар тез тўхтатилади. Шу боис тез тиббий ёрдам хизматида бу доридан кенг фойдаланилади. Алкоголизм ва наркоманияда кузатиладиган абстинент синдромлар ҳам седуксен орқали бартараф қилинади. Узоқ муддат қабул қилинса, дорига боғланиб қолиш хавфи мавжуд. Чақалоқларга 1 ойга тўлгандан кейин тавсия этиб бошлаш мумкин. Бу даврда, кўпинча тутқаноқ хуружини бартараф этиш учун қўлланилади. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 5 мг; ампула – 2 мл 0,5 % ли эритма.
- Феназепам – ухлатувчи, тинчлантирувчи, миорелаксация берувчи ва тутқаноқ хуружини тўхтатувчи кучли транквилизатор. Ушбу дори кучли қўрқув ва хавотир, безовталик билан намоён бўлувчи психоэмоционал қўзғалишларда жуда самарали. Шунингдек, шахснинг психопатологик ва ипохондрик типдаги ўзгаришлари, сенестопатия, сурункали уйқу бузилишларида ҳам қўлланилади. Эпилепсияда кузатиладиган психопатологик ўзгаришлар, МНС зарарланишлари сабабли юзага келган мушаклар гипертонуси ва гиперкинезларда ҳам қўлланилади. Дорини узоқ муддат қабул қилиш мумкин эмас. Акс ҳолда бошқа бензодиазепинлар каби ўрганиб қолиш синдроми ривожланади. 18 ёшга қадар тавсия этилмайди. Оғир ва узоқ давом этувчи депрессияда тавсия этилса, суицидал фикрлар кучайиши мумкин. Монелик қилувчи ҳолатлар: миастения, бронхиал астма, глаукома ва тунги апное. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 0,25; 0,5 ва 1 мг.
- Триазолам (халцион) – бензодиазепинлар гуруҳига мансуб қисқа муддат таъсир этувчи ва тез уйқу чақирувчи транквилизатор. Бу дори қабул қилингач, 15-20 дақиқа ичида уйқу келади. Триазолам, шунингдек, миорелаксация, антиконвульсив ва кучли анксиолитик таъсирларга ҳам эга. 18 ёшгача тавсия этилмайди. Асосий кўрсатмаси – уйқусизлик. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, бош айланиши, координация бузилиши. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 0,25 мг.
- Хлордиазепоксид (элениум, хлозепид, либриум) – седуксенга қараганда енгилроқ таъсирга эга транквилизатор. Кўрсатмаси, ножўя таъсирлари ва монелик қилувчи ҳолатлар седуксен каби, бироқ бирмунча енгил ифодаланган. 4 ёшгача тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 5 ва 10 мг; ампула – 2 мл (100 мг).
- Клоназепам (ривотрил, антелепсин, клонекс) – бензодиазепинлар гуруҳига мансуб антиконвулсант. Кучли анксиолитик, седатив ва миорелаксация чақирувчи таъсирларга эга. Психопатологик ўзгаришлар билан намоён бўладиган эпилепсия, органик психоз ва психомотор қўзғалишлар, сомнамбулия, мускуллар гипертонуси, уйқусизлик, абстинент синдром, ўткир аффектив бузилишлар, тремор, нейролептик синдром (акатизия, дискинезия, каталепсия, катотония, безовта оёқлар синдроми), мигрен, безовта оёқлар синдроми, тригеминал невралгия, делирия ва галлюцинация, фобия ва хавотир билан кечувчи неврологик касалликларда буюрилади. Бу дори ҳар қандай ёшда, ҳатто чақалоқларга ҳам берилади. Фармакорезистент эпилепсияда ҳам самарали. Клоназепамни бошқа антипсихотик дорилар (масалан, нейролептиклар), антиконвулсантлар, тритсиклик антидепрессантлар, ухлатувчи дорилар, седатив дорилар, аналгетиклар, миорелаксантлар билан биргаликда тавсия этиш мумкин. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, бош айланиши, бош оғриши, терида тошмалар, умумий ҳолсизлик. Монелик қилувчи ҳолатлар: Миастения, ҳомиладорлик, лактация даври, бронхиал астма, глаукома, ўткир мастлик даврида ва оғир депрессия билан касалланган беморларга (суицид кучайиши мумкин) тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: 0,25, 05, 1 ва 2 мг ли таблеткалар.
Турли кимёвий гуруҳга мансуб транвилизаторлар
- Бенактизин (амизил) – марказий холинолитик таъсирга эга кучли транквилизатор бўлиб, спазмолитик, антигистамин, аналгетик ва антисеротонинергик таъсирларга эга. Кўрсатмалари: неврастения, хавотир, фобия, депрессия, нейродермит, паркинсонизм, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси, холецистит, колит, невроген йўтал, ички аъзолардан операциядан кейинги оғриқлар. Ножўя таъсирлари: бош айланиши, тахикардия, мидриаз, оғиз қуриши, диспепсия. Глаукомада мумкин эмас. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 2 мг.
- Мепротан (мепробамат, транквил, седазил) – анксиолитик, седатив ва миорелаксант таъсирга эга транквилизатор. Кўрсатмалари: реактив невроз ва психоз, вегетатив дистония синдроми, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси, климактерик ва предменструал бузилишлар, уйқусизлик, артериал гипертензиянинг бошланғич даври, психосоматик ва соматоген оғриқлар. Ножўя таъсирлари: эйфория, бош оғриғи, бош айланиши, координация бузилиши, ортиқча асабий қўзғалувчанлик. Монелик қилувчи ҳолатлар: эпилепсия, миастения, ҳомиладорлик (1 триместр), лактация даври, 8 ёшга тўлмаган болалар. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 200 ва 400 мг.
- Тофизопам (грандаксин) – бензодиазепин унумларининг атипик турига мансуб кундузги анксиолитик. Транквилизация ва психостимуляция қилиш хусусиятлари деярли бир хил ифодаланган. Шу боис вегетатив дистония синдромининг барча турларида психовегетатив регулятор сифатида кенг қўлланилади. Невроз, соматоневроз, климактерик синдром, посттравматик стресс синдроми, психосоматик бузилишлар, алкоголизмда абстинент синдром, симпаталгия, психалгия ва нейропатик оғриқларда тавсия этилади. Классик бензодиазепинлардан фарқли ўлароқ, терапевтик дозада қабул қилинса, жисмоний ва руҳий қарамлик чақирмайди, миорелаксация кузатилмайди, гипноседация қилмайди. Шу боис миастения ва миопатия бу дорини тавсия этишга монелик қилмайди. Ножўя таъсирлари: ортиқча асабий қўзғалувчанлик, бош оғриғи, уйқусизлик, аллергик реакциялар. Монелик қилувчи ҳолатлар: ҳомиладорлик (I триместр), лактация даври, гиперстеник невроз, агрессия, тунги апное. 18 ёшгача тавсия этилмайди. Нисбий монелик қилувчи ҳолатлар: глаукома ва эпилепсия. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 50 мг.
- Мебикар (адаптол) – кундузги транквилизатор (анксиолитик). Уйқу ва миорелаксация чақирмайди, координацияга таъсир қилмайди. Нейролептиклар ва бошқа транквилизаторлар билан биргаликда тавсия қилиш мумкин. Кўрсатмалар: невротик ва психотик бузилишлар, шу жумладан, қўрқув, хавотир, ваҳима, ортиқча эмоционал қўзғалувчанлик, гипоманиакал ҳолатлар, сенил психозлар, алкоголизм ва наркоманияда психопатологик ўзгаришлар, органик галлюцинозлар, никотинга боғланиб қолиш (ёрдамчи дори сифатида). Тавсия этиш тартиби: Катталарга 300-500 мг дан кунига 2-3 маҳал, 10 ёшдан ошган болаларга ушбу дозанинг ярми тавсия этилади. Бироқ касаллик тури ва даражасига қараб каттароқ дозаларда ҳам берилади. Даволаш давомийлиги 3 ойгача. Ножўя таъсирлари кам. Тери қичиши, артериал гипотония, уйқучанлик, бош айланиши, умумий холсизлик кузатилиши мумкин. Ишлаб чиқарилиши: таблетка ва капсула шаклида – 300 ва 500 мг. Монелик қилувчи ҳолатлар: ҳомиладорлик ва лактация даври. АҚБ ўта паст юрадиганларга эҳтиёткорлик талаб қилинади.
- Триметозин (триоксазин) – тинчлантирувчи хусусиятга эга кундузги транквилизатор. Миорелаксация чақирмайди. Кўрсатмалар: неврастения, қўрқув, хавотир, ваҳима, апатия, адинамия, сурункали чарчаш синдроми, ваготония билан кечувчи вегетоневроз. Қабул қилиш тартиби: Бир табл. (300 мг) кунига 2 маҳал овқатдан кейин ичишга буюрилади. Болаларга кам дозаларда тавсия этилади. Ножўя таъсирлари: оғиз қуриши. кўнгил айниши, уйқучанлик, холсизлик. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 300 мг.
- Афобазол – бензодиазепин рецепторлари агонистлари синфига кирмайдиган селектив анксиолитик. Гипноседация ва миорелаксация чақирмайди. Когнитив функцияларга салбий таъсир кўрсатмайди, балки руҳиятни фаоллаштириш хусусиятига эга. Дорига ўрганиб қолиш кузатилмайди. Кўрсатмалар: астеник невроз, хавотирли-фобик синдромлар, вегетоневроз, соматоневроз (психосоматик бузилишлар), уйқу бузилишлари, климактерик ва менструал даврдаги психоэмоционал бузилишлар, адаптация бузилишлари. Монелик қилувчи ҳолатлар: ҳомиладорлик ва лактация даври, 18 ёшгача бўлган давр. Тавсия этиш тартиби: Бир табл (10 мг) дан кунига 3 маҳал тавсия этилади. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 мг.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича