ТУШГА КИРГАН ФИЗИКА


Инсоният пайдо бўлибдики, тушни талқин қилишга ҳаракат қилади. Масалан, Д.И.Менделеевнинг тушида кимёвий унсурларни даврий жадвалда қандай жойлаштириш кераклиги аён бўлган. Буюк психоаналитик Зигмунд Фрейд ва унинг сафдошлари Алфред Адлер ва Карл Густав Юнг туш ҳақида илмий изланишлар олиб боришган, уни талқин қилишга ҳаракат қилишган. Туш оддий одамларда ҳам ўнгида рўй бериши мумкин бўлган сирли воқеаларни аён қилиб қўяди. Шундай воқеалар менинг ҳаётимда ҳам содир бўлган.
       1982 йил, август ойи. Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кириш учун ҳужжат топширганман. Эртаси куни физикадан кириш имтиҳони. Менинг энг қизиққан фаним физика эди. Агар бу дунёда врачлик касби бўлмаганида, албатта, физик бўлардим. Туш пайтида ухлаб қолдим. Тушимга физикадан имтиҳон топшираётган пайтим кирди. Чап қўлимда саволлар солинган конвертни ушлаб турибман. Ўнг қўлим билан уни очиб, конвертдан қоғозни олаяпман ва унда ёзилган саволларни бирин-кетин ўқияпман: “Ўзгармас ток кучи” ва ҳоказо. Барча саволлар кўз ўнгимда шундоқ намоён бўлаяпти. Уйғониб кетдим. Физика китобини излай бошладим. Уни қўйнимга босиб ухлаб қолган эканман. Китобни очиб, тушимга кирган барча саволлар ёзилган жойларга қоғоз қўйиб чиқдим. Бу саволларга ўзимни синаш учун жавоб ёза бошладим. Шу пайт отам тарвуз кўтариб кириб келдилар (ухлаб қолганимда ёнимиздаги кичикроқ бозорга чиқиб кетган эканлар). Менинг саволлар устида жадал ишлаб ўтирганимни кўриб, ҳайрон бўлдилар. “Энди имтиҳонга тайёрман деб бемалол айтувдинг-ку, тинчликми болам” деб сўрадилар. Мен тушимга ушбу саволлар кирганини айтдим. Уларга жавоб ёзиб, ўзимни синаяпман дедим. Отам: “Майли болам, илоҳим тушинг ўнгидан келсин” дедилар. Эртаси куни физикадан имтиҳон бошланди. Худди тушимдаги воқеа рўй берсин деб, саволлар солинган конвертни чап қўлим билан ушлаб, ўнг қўлим билан унинг ичидан қоғозни чиқара бошладим. Ундаги саволлар кетма-кетлиги, ҳатто вергул ва нуқталари ҳам худди тушимда кўргандек эди, яъни ҳамма саволлар тўғри тушди.
        Шунга ўхшаш ҳолат 1998 йили ҳам рўй берди. Докторлик диссертацияси мавзусини танлашда қийналиб юрувдим. Шундай бир яхши мавзу танласам-у, уни менгача ҳеч ким қилмаган бўлса деб ўйлардим. Устозим қандли диабет билан оғриган беморларда инсултларни ўрган деб тавсия бердилар. Бироқ ундан ҳам яхшироқ бошқа мавзу ҳақида бош қотириб юрардим. Орадан 2-3 ой ўтмай қайси мавзуни танлашим аниқ бўлди. Тушимда иккита китобни қўлимда ушлаб турибман: бир қўлимда Сперри ва Спрингернинг “Левый мозг, правый мозг” китоби, иккинчи қўлимда Е.Д.Хомскаянинг “Нейропсихология” китоби. Уйғониб кетдим. Дарров китоблар турган токчадан бу иккала китобни излай бошладим. Энг қизиғи шундаки, уларнинг иккаласи ҳам бир жойда турган экан. Хурсанд бўлиб кетдим. Қитир-қитир шовқиндан хотиним уйғониб кетди. У ёнимга келиб: “Адаси, ярим тунда нима қилаяпсиз” деб сўради. Мен унга энди менинг докторлик диссертациям “Бош миянинг чап ва ўнг ярим шари инсултларида нейропсихологик бузилишларни ўрганиш” бўлади дедим. Шундай бўлди ҳам. Мен 2002 йили Москвада машҳур нейропсихолог Е.Д.Хомская билан учрашдим ва ишларимни нейропсихологияга бағишладим.



Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича