ТУТАМЛИ БОШ ОҒРИҚ


Кластер (тутамли) цефалгия – бошнинг бир томонида кузатилувчи ўта кучли бош оғриқ хуружлари. Кластер бош оғриқ (цефалгия) синонимлари – Хортон синдроми, гистамин цефалгия, Харриснинг мигреноз невралгияси.
       Ушбу касалликда оғриқ хуружлари бошнинг бир томонида ва бир жойга тўпланиб пайдо бўлганлиги учун «тутамли» атамаси қўлланилади. Демак, кластер цефалгияда оғриқлар бир жойга тўпланган ва чегараланган бўлади. Кластер цефалгия эркакларда аёлларга қараганда 4–5 баробар кўп учрайди. Касаллик, кўпинча, 20–40 ёшларда бошланади.
       Кластер цефалгиянинг эпизодик ва сурункали турлари фарқланади.
  1. Эпизодик бош оғриқлар – ремиссиялар билан кечувчи тутамли бош оғриқ хуружлари. Оғриқ хуружлари бир неча ҳафтадан бир неча ойгача (ўртача 6 ой) давом этади. Ремиссия даври эса бир неча ой, баъзида йилларга чўзилади. Шу сабабли кластер цефалгиянинг бу тури эпизодик кластер цефалгия деб аталади.    Кластер цефалгиянинг ушбу тури кўп учрайди.
  2. Сурункали бош оғриқлар – сурункали тарзда давом этувчи ва ремиссия даври 2 ҳафтадан ошмайдиган тутамли бош оғриқ хуружлари. Кластер цефалгиянинг бу тури кам учрайди.
        Клиникаси. Оғриқ хуружлари тўсатдан бошланиб, 10–15 дақиқа ичида кучайиб кетади ва 45–60 дақиқа давом этади. Кам ҳолларда 2 соатгача чўзилади. Оғриқ ҳар доим бир томонда кузатилади. Улар кўпроқ параорбитал, ретроорбитал ва пешона-чакка соҳаларида жойлашади. Оғриқ шу даражада кучли бўладики, оғриётган жойга ўткир тишли ва куйдирувчи темирни тиқиб бурагандек туюлади. Бу азобга чидай олмаган бемор оғриган жойни бармоқлари билан босиб туради (15.5-расм). 
       Оғриқ хуружлари бир кунда 3–4 маротаба такрорланиши мумкин. Бу хуружлар, кўпинча кечаси пайдо бўлади. Баъзида эса уйқу пайтида ривожланади, яъни бемор кучли оғриқ хуружидан уйғониб кетади. Баъзида оғриқ хуружлари эрталаб уйғонгандан сўнг рўй беради. Оғриқ хуружи пайтида беморнинг кўзи қизариб, ундан ёш оқаверади, бурни битади ва ринорея кузатилади. Бу белгилар хуруж тутган томонда пайдо бўлади. Ўша томонда миоз ва баъзида полуптоз кузатилади. Оғриқ хуружлари спиртли ичимликлар ичганда, нитроглисерин ёки бошқа вазодилалатор қабул қилганда тез қўзғайди.
       Ташхис ва қиёсий ташхис. Ташхис қўйишда касалликнинг кечиш хусусиятига эътибор қаратилади. Қиёсий ташхис мигрен, уч шохли нерв невралгияси, глаукома хуружи, чакка артериити ва бошқа гемикраниалгиялар билан ўтказилади. Касалликни, айниқса, бош миянинг органик касалликлари билан ҳам қиёслаш зарур. Бундай бош оғриқлар, айниқса, олдинги ва ўрта краниал чуқурча ўсмаси (менингиома, назофарингеал карцинома, гипофиз ўсмалари), ички уйқу артериясининг каверноз қисми аневризмасида ҳам пайдо бўлади. Уч шохли нерв илдизи чиқадиган соҳада базиляр артерия аневризмаси шунга ўхшаш оғриқларни юзага келтиради. Улар юз ва бошнинг тўла ярмида кузатилади. Бу касалликларни аниқлаш ёки инкор қилиш учун МРТ ва МРА текширувлари зарур.
        Даволаш. Оғриқ хуружи пайтида кислород ингаляцияси берилади. Бемор 10–20 дақиқа мобайнида махсус кислород қопчаси ёрдамида нафас олади. Кислород ингаляцияси оғриқ хуружларини камайтиради. Бу пайтда қон томирни кенгайтирувчи дорилар тавсия этилмайди. Хуруж пайтида таркибида эргоматин сақловчи ва тез таъсир қилувчи дорилар ҳам берилади. Бу мақсадда суматриптан 20 мг дозада иккала бурунга пуркалади. 
Суматриптан 6 мг дозада тери остига қилиниши ҳам мумкин. Агар бунинг имкони бўлмаса, трамадол 50–100 мг (1–2 ампула) венадан томчилатиб юборилади. Трамадолни ушбу дозада тери остига ёки мушак ичига юборса ҳам бўлади. Трамадол венадан юборилгач, 10 дақиқа ичида оғриқ камая бошлайди. Оғриқ хуружлари пайтида преднизолон 60 мг дозада венадан қилинади. Дори ушбу дозада 3–5 кун мобайнида тавсия этилади.
Оғриқлар тез-тез қўзғаб турадиган даврда трамадол 50 мг (1 капс.) дан ичишга 3 маҳал берилади ёки трамадолнинг ректал шағами (100 мг) қўлланилади. Шунингдек, индометацин 25–50 мг, верапамил 40 мг дан 3 маҳал, литий карбонат 300 мг дан 2 маҳал, топирамат 100 мг ёки валпроат натрий (депакин) 500 мг дан кунига 3 маҳал тавсия этилади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017, 404 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича