IV қоринча ўсмалари


Бу соҳа ўсмалари энг хавфли ўсмалар сирасига киради. Чунки IV қоринча тубида ҳаётий муҳим марказлар жойлашган. Бу соҳа ўсмаларида Люшко ва Мажанди тешиклари бекилиши ҳисобига гипертензион-гидросефал синдром (окклюзион гидроцефалия) тез риожланади.
   Мия устунидаги қусиш марказлари қўзғалиши сабабли кетма-кет қусишлар кузатилади. Бемор бошини қайси томонга ҳаракат қилдирса ҳам қусиш рўй бераверади. Қусиш IV қоринча ўсмалари учун хос бўлган Брунс синдромининг асосий белгиларидан биридир. IV қоринча ўсмаларида Брунс синдроми бошнинг вазияти ўзгарганда (кўпинча, бошни олдинга энгаштирса) ликвор йўлларининг IV қоринчадан чиқиш қисми ёпилиб қолиши сабабли тўсатдан пайдо бўлади. Брунс синдромининг асосий белгилари – тўсатдан пайдо бўлувчи кучли бош оғриғи, бош айланиши, қусиш, тахиаритмия ёки брадиаритмия, брадипное, юзда цианоз, терга ботиш ва қисқа вақт ҳушдан кетиш. Бемор бошини яна аввалги ҳолатга қайтарса, яъни орқага букса, ликвор йўллари яна очилиб беморнинг аҳволи яхшиланади. Бу синамани текшираётганда бемор тўсатдан ўлиб қолиши ҳам мумкин. Бундай беморни бир жойдан иккинчи жойга кўчираётганда унинг боши тагига баланд бўлмаган битта ёстиқ қўйиб, горизонтал ҳолатда олиб ўтиш керак. Барча текширувлар зудлик билан ўтказилиши ва тиббий (нейрохирургик) ёрдам зудлик билан кўрсатилиши лозим.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi
              ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича