Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ТЕМПЕРАМЕНТ ВА УНИНГ ТИПЛАРИ

ТЕМПЕРАМЕНТ ВА УНИНГ ТИПЛАРИ


Темперамент – одамнинг индивидуал хатти-ҳаракатларини ифодалаб турувчи туғма ва турғун психофизиологик хусусиятлар йиғиндиси. Темперамент туғма ва ўзгармасдир. Инсон қайси темперамент эгаси бўлса, умрбод ўша темпераментда қолади. Темперамент тафаккур даражаси ёки инсонийлик фазилатларига қараб ҳам бўлинмайди. Шу боис ҳам барча темперамент вакиллари ичида иқтидорли ва иқтидорсиз, илмли ва илмсиз, виждонли ва виждонсиз кишиларни учратиш мумкин. 
    Темперамент 4 типга ажратиб ўрганилади:  
  1. Сангвиник – қувноқ, чаққон, тиришқоқ ва таъсирчан одам. У теварак-атрофга тез мослашади, воқеа-ҳодисаларга реакцияси кучли бўлади. Одатда, сангвиник гапдон одам, ҳар қандай инсон билан мулоқотга осон киришиб кетади ва суҳбат пайтида қувноқ мимикани кўп ишга солади. Ўзига ёққан ишга осонгина берилиб кетса-да, мунтазам давом этувчи ишларда қовун тушириб қўяди. Сангвиникни кулдириш осон. Сангвиник кучли типга киради.
  2. Флегматик – вазмин, босиқ, камҳаракат ва ҳиссиётини жиловлаб тура оладиган одам. Флегматик одатда камгап бўлиб, ҳар қандай ишни шошмасдан бошлайди, бироқ охирига етказиб қўяди, мураккаб ёки жанжалли вазиятларда ортиқча ҳиссиётга берилмайди. Агар сангвиник тез ёниб, тез сўнадиган алангага ўхшаса, флегматик секин олов олиб, узоқ ёнадиган алангадир. Тез жавоб бериш зарур бўлган вазиятларда флегматик кўпинча вақтни бой бериб қўяди. Бунда сангвиник устун келади. Қатъийлик, ирода ва сабр-тоқат талаб қилинадиган ишларда эса флегматик устун. Флегматикни кулдириш ҳам, жаҳлини чиқариш ҳам қийин. Флегматик кучли типга киради.
  3. Холерик – жиззаки, қизиққон, чаққон, беқарор, ҳиссий реакцияга бой одам. У жуда ҳаракатчан. Жуда катта иш қобилиятига эга холерик бирор ишни қизиқиб тез бошлайди-ю, охирига етказмай тез орада ташлаб қўяди. Холерик ҳеч қачон бир маромда ишлай олмайди, гоҳ ғайрат билан, гоҳ имиллаб ишлайди. Эҳтиёткорлик, матонат ва чидам талаб қилинадиган вазиятларда холерик қийин аҳволга тушиб қолади. Холерикнинг жаҳлини чиқариш жуда осон. Холерик ҳам кучли типга киради.
  4. Меланхолик – ғамгин, заиф, йиғлоқи ва журъатсиз одам. У салга хафа бўлади, жиддийроқ ишларга журъат этолмайди, ўз фикрига эга эмас. Меланхолик арзимаган қийинчиликларга бардош бера олмайди, уларга қарши курашдан воз кечади. Сангвиник ва флегматик эса қийинчиликларни осон енгишади, холерик эса уларни ҳатто йўқ қилиб юборади. Меланхоликда ижобий ҳис-туйғудан салбий ҳис-туйғулар устунлик қилади. Бахтли воқеаларга қараганда, нохуш воқеалар уларга кўпроқ таъсир қилади. Шунинг учун ҳам меланхолик доимо тушкун кайфиятда юради. Меланхолик – темпераментнинг кучсиз типи.  
    Қуйидаги расмда машҳур рассом Бидструп томонидан чизилган темпераментнинг 4 типи акс эттирилган.
 
 
   Х. Бидструп чизган расмларда акс этган темперамент типларини ажратиб      кўрсатинг.

     Иккита темперамент вакиллари, яъни сангвиник ва флегматиклар турмуш қийинчиликларига жуда турғун мослаша оладилар. Сангвиник ва холериклар кўп тарқалган темпераментлар сирасига киради. 
   Бир шахснинг ўзида темперамент 100 % холерик ёки 100 % флегматик хусусиятлари билан келиши кам учрайди. Масалан, кимдир 70 % холерик бўлса, унда 30 % меланхолия аломатлари ёки 75 % флегматик типига 25 % сангвиник типини эслатувчи хусусиятлар қўшилиб келиши мумкин. Бироқ битта одамда иккита темперамент типи 50/50 бўлиб келмайди. 


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
              ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича