ТЕПА БЎЛАГИ


Тепа бўлаги sulcus centralis нинг орқа қисмида жойлашган бўлиб, унга орқа марказий пушта gyrus postsentralis, юқори ва пастки париетал пушталар (lobulus paretalis sup et inferior), gyrus supramarginalis ва gyrus angularis лар киради. Бош мия катта ярим шарларининг латерал юзасида тепа бўлаги ва энса бўлагини бир-биридан ажратиб турадиган алоҳида эгатча йўқ.
         Бош мия катта ярим шарларининг медиал юзасидаги gyrus parietooccipitalis тепа бўлагини энса бўлагидан ажратиб туради. Ушбу эгатчадан олдинда precuneus,, орқа томонда  cuneus жойлашган. Демак, медиал юзада жойлашган precuneus тепа бўлаги пуштаси, cuneus эса энса бўлагининг пуштаси ҳисобланади.
        Орқа марказий пушта (3-майдон) – тери-кинестетик анализатори марказидир. 3-майдон бирламчи соматосенсор майдон, яъни умумий сезгининг проекцион соҳаси ҳисобланади. Орқа марказий пуштанинг орқа қирраси бўйлаб жойлашган 1- 2-Бродманн майдонлари иккиламчи майдонлар, яъни проекцион-ассоциатив соҳалардир. Пўстлоқнинг 3-майдонида худди 17-майдон каби 4- қават яхши ривожланган проекцион типдаги афферент толалардан иборат. 3-майдонга tr. talamocorticalis орқали тананинг қарама-қарши томонидан оёқ, тана, қўл ва бошдан сезги импулслари келади. 
         Орқа марказий пуштада энг катта проекцион соҳа, яъни юз соҳаси жойлашган. 3-майдон ва қисман 1- 2-майдонларга тактил, оғриқ ва ҳарорат учун жавоб берувчи юзаки сезги толалари келиб тўхтаса, 5- ва 7-майдонларга проприорецептив (чуқур) сезги учун жавоб берувчи толалар келиб тўхтайди.
       Сезги анализатори ҳисобланмиш 3-майдон ҳаракат анализатори (4-майдон) билан мустаҳкам алоқага эга бўлиб, ҳаракат функцияларини бажаришда муҳим аҳамият касб этади. 7-майдонда ўз танаси ва унинг қисмларини англаш маркази, 40- ва қисман 39-майдонда стереогноз ва праксис марказлари жойлашган. 
        Орқа марказий пуштанинг энг пастки қисмида (43-майдон) таъм билиш маркази мавжуд. Таъм учун шунингдек uncus  ҳам жавоб беради. 40- ва 39-майдон чегарасида ўқиш ва ҳисоб-китоб маркази ((g. angularis соҳаси) жойлашган. Орқа марказий пуштанинг медиал юзасида оёқ панжаси, бармоқлар ва жинсий аъзоларнинг проекцион соҳаси жойлашган.
      Париетал синдромлар. Топографик нуқтаи назардан юқори ва пастки париетал синдромлар фарқланади.  
       Юқори париетал синдромлар – юқори париетал пушта (5- ва 7-майдонлар) зарарланганда кузатилади. Бу синдром, асосан, тана схемаси бузилиши (соматоагнозия) белгилари билан намоён бўлади, бемор тана қисмларининг бир-бирига нисбатан жойлашувини билмайди, ўз тана қисмларини ўзи танимайди. Бу синдром, асосан, ўнг ярим шарнинг париетал соҳаси зарарланиши учун хос (ўнақайларда). Бемор ўнг томони борлигини гўёки инкор қилади (анозогнозия) ёки қўл ва оёқларини ўз танасида қандай жойлашганини айтиб бера олмайди (аутотопогнозия). Шунингдек, “Бу менинг қўлим эмас, бошқанинг қўли”. “Бу ёғоч, мушук ва ҳ.к.” деб ишонади.
       Пастки париетал синдромлар табиийки пастки париетал пушта (39- ва 40-майдонлар) зарарланганда кузатилади. Агар 5-7-майдонлар проекцион-ассоциатив соҳалар ҳисобланса, 39-40-майдонлар ассоциатив соҳалар ҳисобланади ва шу боис бу ерда мураккаб олий руҳий функциялар учун масъул интегратив марказлар жойлашган. Унинг асосий симптоми – астереогнозия (тактилная агнозия). 
Астереогнозия – кўзи юмуқ ҳолда қўлга қўйилган нарсаларни пайпаслаб нималигини айтиб бера олмаслик. Астереогнозия мураккаб сезги бузилишига киради. Бундай беморларда юзаки ва чуқур сезгилар сақланган бўлади. Бемор қўлидаги нарсанинг шакл-шамойили, иссиқ-совуқлигини айтиб беради, бироқ унинг номини айтолмайди. Пастки париетал пушта зарарланишининг яна бир белгиси – бу бармоқ агнозияси. Ушбу бузилишлар Герстман синдроми таркибига киради. Бармоқлар агнозияси қарама-қарши томонда кузатилади ва, асосан, ўнг ярим шарнинг пастки париетал пуштаси зарарланиши учун хос. Чап ярим шарнинг пастки париетал пуштаси зарарланганда ҳарфлар ва рақамлар агнозияси кузатилади. Бемор ўз танасига чизилган ҳарфлар ва рақамларни танимайди (табиийки, ўнг томонига). Бу ҳолатни тактил алексия деб ҳам аташади. 40-майдон зарарланганда афферент мотор афазия ва кинестетик апраксия ҳам кузатилади. ТРО соҳаси (37-, 39-40-майдонлар) зарарланганда семантик ва амнестик афазия ривожланади.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiyasi. Darslik., T.; 2021., 312b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
           ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича