Тилости нерви


Тилости нерви (n.hypoglossus, XII нерв). Унинг ядроси узунчоқ миянинг пастки қисмида, яъни ромбсимон чуқурча тубида ётади. Бу жойга trigonum hypoglossi дейилади. Ядронинг пастки қисми орқа миянинг олдинги шохи бўйлаб Ссегментгача тушиб келади. Тилости нерви калла суягини canalis hypoglossi орқали тарк этади ва тил мускулларини иннервация қилади (6.38-расм).
 Тил мускуллари 
                          
6.47-расм. Тилости нерви


XII ядросига келувчи кортико-нуклеар йўл олдинги марказий пуштанинг пастки қисмидан бошланади ички капсуланинг тизза қисми, мия оёқлари ва кўприкдан ўтиб узунчоқ мияга тушади. Бу толалар узунчоқ миянинг пастки қисмида кесишиб қарама-қарши томонга ўтади ва n. hypoglossus ядросида тугайди. Демак, ҳар бир ядро қарама-қарши яримшардан иннервация олади.  

Текшириш усуллари
Бунинг учун бемордан тилини чиқариш сўралади. Нормада тил ўрта чизиқда туради ва ҳеч томонга оғмайди. Соғлом одамда тилнинг чап ва ўнг томони бир хил ва симметрик бўлиб, фибрилляция кузатилмайди (6.48 расм). 

  1. Тилости нервининг периферик фалажлиги. Бир томондаги ядро ёки нерв зарарланса, тилнинг ўша ярми фалажланади, атрофия ва фибрилляция (фасцикуляциялар) кузатилади Тил ўчоқ томонга оғади. Дизартрия ривожланади. Тилости нерви иккала томонда ҳам зарарланса, тил буткул фалажланади ва анартрия ривожланади.
  2. Альтернирлашган гемисиндром. XII нерв ядроси ва шу ердан ўтувчи пирамидал йўллар зарарланса, ўчоқ томонда тилнинг периферик фалажлиги, қарама-қарши томонда эса марказий гемипарез ривожланади. Бунга альтернирлашган Жексон синдроми дейилади (11-рангли расмга қаранг).
  3. Тилости нервининг марказий фалажлиги. XII нерв ядросига келувчи кортико-нуклеар йўллар зарарланса рўй беради. Чап яримшардан келувчи кортико-нуклеар йўл зарарланса, тилнинг ўнг ярми, ўнг яримшардан келувчи қисми зарарланса, тилнинг чап ярми фалажланади. Атрофия ва фибрилляциялар кузатилмайди. Тилда атрофия йўқлиги боис, артикуляция сақланиб қолади.         
  4. Кортико-спинал ва кортико-нуклеар йўлларнинг биргаликда зарарланиши. Церебрал инсультда кўп учрайди. Ушбу симптомокомплекс қарама-қарши томонда марказий гемипарез ҳамда VII ва XII нервларнинг марказий фалажлиги билан намоён бўлади. Йўллар зич жойлашган ички капсула зарарланишини бунга мисол қилиш мумкин. 
  5. Кортико-нуклеар йўллар иккала томонлама зарарланса, псевдобульбар фалажлик (дисфагия, дисфония, дизартрия) ривожланади ва орал автоматизми рефлекслари (Маринеску-Родович, дистант-орал, назолабиал) пайдо бўлади.


Манба:  © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси  
               © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича