Симпатикотониклар
Симпатикотоникларга хос белгилар болалик давридаёқ яққол кўзга ташлана бошлайди. Улар қизғин характерга эга, атрофдаги воқеалар ва ўзига бўлган муносабатларга дарҳол реакция берадиган, кайфияти тез ўзгариб турадиган, оғриқларга сезгир, фикри тез чалғийдиган шахслардир. Бундай одамларда сангвиник ва холерикларга хос хулқ-атворни кузатиш мумкин. Бу белгилар гиперстеник невроз белгиларига ҳам ўхшаб кетади. Стрессли вазиятларда уларнинг қорачиқлари кенгайиб оғзи қурийди, ранги оқаради, юрак уриши тезлашади ва санчиб оғрийди, АҚБ кўтарилади, боши ва танаси қизиб кетади, оёқ-қўллари эса “музлаб” қолади ва увишади. Стрессли вазият ўтиб кетгач, беморнинг қовуғи бўшашиб ҳожатхонага югуради.
Симпатикотониклар яхши иштаҳага эга бўлса-да, деярли семиришмайди ва астеник тана тузилишига эга бўлишади. Бунинг асосий сабаби уларда моддалар алмашинувининг тезлиги билан изоҳланади. Уларни кўпинча атоник қабзият ва метеоризм безовта қилади. Териси оқимтир тусга эга ва доимо қуруқ, оёқ-қўлларининг учи совуқ ва тез увишадиган бўлади. Объектив текширишлар кучли оқ дермографизмни кўрсатади. Вестибуляр ва респиратор бузилишлар хос эмас. ЭКГ – синусли тахикардия, R-Q интервали қисқарган, SТ сегменти изометрик чизиқдан пастга силжиган ва Т тиш силлиқлашган бўлади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b.
©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича