Спондилоартроз


Маълумки, умуртқаларни бир-бири билан боғловчи бўғимли ўсиқчалар мавжуд. Ушбу ўсиқчалар орасидаги бўғимларда кузатиладиган дистрофик ўзгаришларга спондилоартроз деб айтилади. Спондилоартрозда умуртқанинг деярли барча жуфт бўғимлари зарарланади. Бу касаллик кўпинча умуртқа поғонасининг бўйин ва бел қисмларида кузатилади.
    Рентгенологик текширувларда бўғимлараро ёриқларнинг торайиши, тоғай тўқималарнинг мўртлашуви, бўғимлар анкилози ва умуртқа ўсиқчаларида остеофитлар аниқланади. Бўгимлар анкилози бўғимларнинг ҳаракатланиш хусусияти йўқолиши дегани. Спондилоартроз ёшга боғлиқ касаллик бўлиб, асосан, ёши катталарда учрайди. Умуртқа поғонаси касалликларига сабаб бўлувчи аксарият этиологик омиллар спондилоартроз ривожланишига олиб келади.       Спондилоартроз бора-бора умуртқа поғонаси деформациясини юзага келтиради.    Шунинг учун ҳам спондилоартроз ва деформацияловчи спондилёз кўпинча бирга учрайди. Рентгенологик текширувларда бу ўзгаришлар жуда яхши аниқланади.
   Деформацияловчи спондилёз – умуртқа суяги, унинг боғламлари ва умуртқалараро дискларда дистрофик ўзгаришлар билан кечадиган ва охир-оқибат умуртқа поғонасининг деформациясини юзага келтирадиган сурункали касаллик.    Спондилёзда қуш тумшуғига ўхшаш остеофитлар пайдо бўлади, умуртқа канали тораяди, умуртқа поғонасининг узун боғламларига калцификатлар йиғилади ва улар оссификацияга учрайди. Бир-бирига қараб ўсаётган остеофитлар ўзаро бирлашиб, синостозлар ҳосил қилади. Суяк ўсиқчалари ёки бўлакчаларининг ўзаро бирлашиб, битиб кетишига синостоз деб айтилади. Умуртқа суякларининг орқа-латерал юзаси бўйлаб пайдо бўлган остеофитлар ва синостозлар хавфли ҳисобланади. Чунки улар умуртқалараро тешиклардан ўтадиган спинал илдизчаларни сиқиб қўяди ва радикулопатиялар ривожланишига сабаб бўлади. Умуртқа суякларида пайдо бўладиган остеофитлар ва синостозлар бир неча йил ичида шаклланади. Деформацияловчи спондилёз, асосан, ёши катталарда учрайди.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича