Спастик диплегия


Спастик диплегия (Литлл касаллиги) – болалар церебрал фалажлигининг иккала оёқда спастик фалажлик (диплегия) билан намоён бўлувчи тури. Бу ҳолатни халқ тилида «иккала оёғи шол бола» деб ҳам аташади. Литлл касаллиги, яъни спастик диплегия БЦФ нинг энг кўп учрайдиган ва биринчи бўлиб ўрганилган туридир. Бундай болалар деярли ногиронлик аравачасига михланган бўлади.   Иккала оёқдаги мускулларда спастик гипертонус нотекис жойлашади, яъни сонни олдинга букувчи, болдирни ёзувчи ва оёқ панжасини пастга букувчи мускуллар тонуси кескин ошади. 
Бунинг натижасида оёқлар тизза бўғимида ёзилган ва олдинга чўзилган, оёқ панжалари эса пастга кескин букилиб ичкарига ротасия қилиб қолади. Бундай болани қўлтиғидан ушлаб турғизмоқчи бўлсангиз, иккала оёқнинг ичкарига ротасияси кучаяди ва оёқ панжалари бир-бирининг устига ўтиради ёки Х-симон тарзда кесишади. Болани юрғизмоқчи бўлсангиз, унинг товонлари ерга тегмайди, балки оёқ учи билан юришга уринади. Иккала оёқда ҳам периостал ва тизза рефлекслари кескин ошади, бироқ ахилл рефлекси пасайган бўлиши мумкин (мускуллар тонуси нотўғри тақсимланиши сабабли).
Бундай болаларда спастик фалажлик белгилари қўлларда ҳам намоён бўлиши мумкин, бироқ улар аксарият ҳолларда енгил ифодаланган бўлади. Баъзида қўлларда апраксия белгилари яққол ифодаланади, хореоатетоид гиперкинезлар аниқланади. Бунинг натижасида бола қўл билан бажариладиган ишларни (қошиқ ёки пиёлани ушлаш, тугмаларни тақиш ва б.қ.) бажара олмайди, ҳуснихати кескин бузилади. Агар апраксия орал ва мимик мускулларда ҳам кузатилса, боланинг оғзига берилган овқатни ҳам чайнаб ютиши амримаҳол бўлиб қолади. Уларда дизартрия ҳам аниқланади. 
Иккала оёқдаги ушбу патологик ҳолат турли даражадаги мушак-бўғим контрактураси ривожланишига олиб келади.   Контрактуралар нафақат оёқ бўғимларида, балки умуртқа поғонасида ҳам ривожланади ва кўпинча, кифоз ва кифосколиоз билан намоён бўлади. Бунинг натижасида кўкрак қафаси шакли ўзгаради. Баъзи болаларда руҳий ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш, псевдобулбар фалажлик, краниал невропатиялар ва дислалия аниқланади. Улар доимий парваришга муҳтождир


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича