ЭПИЛЕПТИК  СТАТУС


Эпилептик статус – эпилептик хуружларнинг 30 дақиқа мобайнида кетма-кет кузатилиши билан кечувчи ўткир ҳолат.

Эпилептик статус ривожланишига сабаб бўлувчи асосий омиллар

  • Антиэпилептик дориларни қабул қилишни тўсатдан тўхтатиш.
  • Бир доридан иккинчи дорига ўтишда йўл қўйилган хатоликлар.
  • Эпилептик хуружларни кучайтирувчи дориларни қабул қилиш.
  • Бош мия жароҳатлари, субарахноидал геморрагия, интракраниал ўсма ва абсцесслар.
  • Ўткир инфекциялар ва инфекцион касалликлар (ЎРВИ, зотилжам, менингит, энцефалит).
  • Ўткир интоксикация (шу жумладан, ўткир спиртли ичимликдан)
  • Ўткир метаболик бузилишлар (гипергликемия, гипогликемия, гипонатриемия, гипокальциемия).
  • Миянинг ўткир гипоксияси.

Эпилептик хуружлар типига қараб эпилептик статуснинг қуйидаги 2 тури фарқланади:

  1. Тутқаноқли эпилептик статус – тарқалган тоник-клоник хуружлар статуси.
  2. Тутқаноқсиз эпилептик статус – абсанслар ва мураккаб фокал хуружлар статуси.

 Тутқаноқли эпилептик статус

 

Тутқаноқли эпилептик статус – тарқалган тоник-клоник хуружлар билан намоён бўлувчи эпилептик статус. Ўта оғир кечади ва баъзида ўлим билан тугайди. Хуруж бир бошланганда 30 дақиқа мобайнида тўхтовсиз давом этади ёки ушбу вақт ичида тўхтаб-тўхтаб намоён бўлади. Хуружлараро даврда бемор ҳушига келмайди.

Эпилептик статус пайтида бош мия ва организмда оғир патофизиологик жараёнлар рўй беради. Эпилептик хуружлар давом этаётганда интракраниал босим ошади, мия шиши ва бўкиши, ўткир церебрал гипоксия ва гемодинамик бузилишлар ривожланади. Катта миқдорда ажралиб чиққан қўзғовчи аминокислоталар нейронларга фалокатли таъсир кўрсатади, яъни уларнинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлади. Айниқса, гипоксияга жуда сезгир бўлган пўстлоқ нейронлари кўп миқдорда ҳалок бўлади. Статус пайтида ривожланган ўткир церебрал ишемия, гипоксия ва метаболик бузилишлар ҳам нейронларга фалокатли таъсир кўрсатади.

Шунингдек, бошқа аъзо ва системаларнинг нормал фаолияти издан чиқади. Айниқса, ўпка шиши, апноэ, артериал гипертензия, юрак уришининг тўхтаб қолиши, тана ҳарорати ошиши ва турли нейроэндокрин бузилишлар вужудга келади. Албатта, бу бузилишлар бош мияда кечаётган ҳолатлар билан узвий боғлиқ. Ушбу оғир ҳолатлар эпилептик кома ривожланиши ёки беморнинг тўсатдан ўлиб қолиши билан тугалланади. Эпилептик статус пайтида кўп кузатиладиган тана жароҳатлари ҳам беморнинг аҳволини оғирлаштиради. Айниқса, калла суяги жароҳатлари бемор учун ўта хавфли вазиятни юзага келтиради. Краниоцеребрал жароҳатлар оқибатида пайдо бўлган интракраниал гематомалар ҳам эпилептик статус узоқ давом этишининг асосий сабабларидан биридир.

Эпилептик статус пайтида мавжуд касалликлар (қандли диабет, артериал гипертония, юрак касалликлари) ҳам қўзғалади ва бемор аҳволининг янада оғирлашувига сабаб бўлади. Эпилептик статус чўзилган сайин беморнинг ҳаёти хавф остида қолади. Бир соатгача давом этган эпилептик статус мияда қайтмас жараёнларни юзага келтиради, кома ривожланади ва статус ўлим билан якунланади. Шу боис эпилептик статус зудлик билан ёрдам кўрсатишни талаб қиладиган ҳолат ҳисобланади.

 

Тутқаноқсиз эпилептик статус

 

Тутқаноқсиз эпилептик статус – абсанслар ва мураккаб фокал хуружлар статуси билан кечадиган эпилептик статус. Бироз енгил кечади. Тутқаноқсиз эпилептик хуружлар статуси ҳам ўз навбатида 2 турга ажратилади: 1) абсанслар статуси; 2) мураккаб фокал хуружлар статуси. Маълумки, абсанслар узоғи билан 30 сония давом этади. Абсанслар пайтида бемор бир неча сонияга ҳушини йўқотса-да, у ўзига келгач, яна ишини давом эттириб кетади. Агар абсанслар 20–30 дақиқа мобайнида кетма-кет кузатилаверса, бемор карахт ҳолатга тушиб қолади, яъни абсанслар статуси рўй беради. Абсанслар статуси пайтида, кўпинча сопор ва сомноленция, кам ҳолларда кома ривожланади.

Абсанслар турига (типик ва атипик) қараб абсанслар статуси турли психик ва вегетатив автоматизмлар билан намоён бўлади. Бу пайтда мутизм, психик инактивация, вегетатив автоматизмлар ва узоқ давом этувчи миоклониялар вужудга келади. Абсанслар статуси пайтида ЭЭГ да тарқалган пик-тўлқинли комплекслар аниқланади.

Мураккаб фокал хуружлар статуси, кўпинча префронтал ва чакка эпилепсияларида кузатилади. Маълумки, мураккаб фокал хуружлар оддий фокал хуружлардан фарқли ўлароқ, ҳушнинг йўқолиши билан намоён бўлади. Айтиш жоизки, психик ва вегетатив бузилишлар билан кечувчи мураккаб фокал хуружлар статусини абсанслар статусидан ажратиш ўта мушкул. Уларни фарқлаш учун, кўпинча, ЭЭГ текширувини ўтказишга тўғри келади. Пси­хик феноменлар (галлюцинация, аутизм, мутизм, иллюзия, кататония) билан намоён бўлувчи мураккаб фокал хуружлар шизофренияда кузатиладиган ўткир психик бузилишларни эслатади. Вегетатив бузилишлар статуси эса вегетатив пароксизмлар билан кечувчи бошқа касалликларни ёдга солади. Бу бузилишларни ЭЭГ текшируви ёрдамида ажратиб олиш мумкин. Бошқа этиологияли вегетатив пароксизмларда ЭЭГ да эпилептик фаоллик (спайк, полиспайк) аниқланмайди.

Эпилептик статусда тез ёрдам. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, тоник-клоник хуружлар билан кечувчи эпилептик статус зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилади.

Бунда тез тиббий ёрдам кўрсатиш босқичлари қуйидагилардан иборат.

  1. Даставвал беморни хавфсиз жойга олиш, ёқаларини очиш ва унга тоза ҳаво келишини таъминлаш зарур. Атрофда тан жароҳати етказиши мумкин бўлган қаттиқ нарсаларни чеккага олиш ўта муҳим. Силкиниб ётган қўл ва оёқларни ушлаш мумкин эмас. Бу пайтда беморнинг қўли ёки оёғи врачга қаттиқ тегиб кетиб, уларнинг иккаласи ҳам тан жароҳати олиши мумкин.
  2. Беморнинг боши қай томонга қайрилиб хуружлар кузатилаётган бўлса, врач уни иккала кафти орасига олиб, шу ҳолатда оҳиста ушлаши зарур. Агар врач ушбу амални тўғри бажарса, бош орқага қайрилиб, тил ҳалқумга тиқилиб қолиши, сўлакнинг нафас йўлларига кетиб қолиши ва бошнинг ерга урилавериб жароҳат олишини бартараф этган бўлади. Бироқ бу амалларни бажараётганда куч ишлатиш қатъиян ман этилади.
  3. Бемор тез ёрдам машинасида яқин орада жойлашган шифохонага етказилиши ва реанимация бўлимига ётқизилиши керак. Агар тез ёрдам машинаси зарур тиббий анжомлар билан жиҳозланган бўлса, барча зарур реанимация муолажалари йўлнинг ўзидаёқ амалга оширилиши лозим.
  4. Хуружлар пайтида, кўпинча, беморнинг оғзидан кўпикли сўлак ажралиб чиқади. Бу сўлак бемор чуқур нафас олиб юборганида унинг нафас йўлларига кетиб қолиши мумкин. Бу ўта хавфли! Шунинг учун сўлакни, албатта, тоза мато ёки дока билан артиб туриш керак. Агар иложи бўлса нафас йўлларига ҳаво ўтказгич қўйиш лозим. Чунки хуруж пайтида ларингоспазм ҳам кузатилади.
  5. Натрий хлориднинг физиологик эритмасида 2 мл (10 мг) диазе­пам в/и га қилинади. Диазепам 40 % 20 мл глюкоза таркибида ҳам юборилиши мумкин. Болалар ва катталарга юбориш тезлиги бир дақиқага 2–5 мг дан ошмаслиги керак. Акс ҳолда юрак уриши ёки нафас олиш тўхтаб қолади ёки АҚБ тушиб кетади. Болаларга диазепам 1 кг тана вазнига 0,25 мг миқдорда қилинади. Агар боланинг тана вазни 20 кг бўлса унга 5 мг, яъни 1 мл диазепам қилинади. Агар 10–15 дақиқа ичида хуружлар тўхтамаса, диазепам яна шу миқдорда венадан юборилади. Диазепамни м/и қилиш бефойда.
  6. Агар юборилган дорилар таъсири тўхтагач хуружлар яна пайдо бўлаверса, натрий хлорид ёки глюкозанинг 250–500 мл физио­логик эритмасига 50 мг (10 мл) диазепам қўшиб бир неча соатга венадан томчилатиб қўйилади.
  7. Хуружлар тўхтамаса, баъзида наркотик воситаларни қўллаш талаб этилади. Бу мақсадда, кўпинча, оксибутират натрий ёки тиопентал натрий (гексенал) қўлланилади. Оксибутират натрийнинг 20 % ли 10 мл эритмаси жуда секинлик билан, яъни 10 дақиқа мобайнида венадан юборилади. Баъзида бу дорини 5 мл миқдорда юборишнинг ўзи кифоя. Оксибутират натрий ўрнига тиопентал натрий (гексенал)нинг 1 % ли 10 мл эритмаси венадан секинлик билан юборилиши мумкин. Кейин ушбу дори 50–70 мл миқдорда венадан томчилатиб қуйилади. Наркотик дори воситалар кўпинча АҚБ нинг кескин тушиб кетиши юрак ва нафас олишнинг тўхтаб қолишига сабабчи бўлади. Шунинг учун беморнинг артериал қон босими, юрак ва нафас олиш фаолияти мониторинги таъминланиши керак.
  8. Ушбу даволаш муолажалари бошланаётган даврдаёқ барча за­рур лаборатор анализлар қилинади. Бунинг учун қон ва сийдикда глюкоза ва электролитлар (натрий, калий, хлор, калций) миқдори, қоннинг кислота-ишқор ҳолати текширилади.
  9. Агар бемор чуқур эпилептик комага тушса, у комадан чиққунча умумий муолажалар давом эттирилади. Бунинг учун беморга маннитол, диуретиклар, дексаметазон, тана ҳароратини туширувчи дорилар, антибиотиклар қилинади. Узоқ давом этган эпи­лептик статусда, кўпинча, метаболик ацидоз ривожланади. Уни бартараф этиш учун бикарбонат натрий ёки шу каби бошқа дорилар венадан қилинади.
  10. Эпилептик статус ёки комадан чиқарилган бемор реанимация бўлимидан неврология бўлимига ўтказилади ва даволаш муолажалари у ерда давом эттирилади. Агарда эпилептик статус тез ва асо­ратсиз бартараф этилса, бемор 1–2 кундан сўнг уйига юборилиши мумкин. Бу вақт мобайнида беморда барча зарур текширувлар ўтказилиши, эпилептик статус сабаби тўла аниқланиши ва ан­тиконвулсантларни қабул қилиш тартиби қайта кўриб чиқилиши зарур.

 

БЕМОРЛАРГА  БЕРИЛАДИГАН  ТАВСИЯЛАР

Эпилепсия билан касалланган беморларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш даволовчи врачнинг бевосита вазифасидир. Бу қоидага амал қилмаган врач даволаш қоидаларини қанчалик тўғри олиб бормасин, у самарасиз тугайверади. Даволаш муолажалари узоқ йиллар давом этгани учун ҳам беморни битта врач даволагани маъқул. Бу врач учун ҳам яхши (чунки унинг малакаси ошади), бемор учун ҳам яхши (даволашда узилишлар бўлмайди). Шу ўринда буюк Гуфелянднинг қуйидаги сўзлари жуда ўринлидир. "Беморни битта врач даволаса яхши, иккитасига ҳам чидаса бўлади, бироқ учта врач даволаши – бу даҳшат". Деярли 300 йил олдин айтилган бу доно иборалар ҳануз ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Тўғри, врач ташхис қўйишда қийналиши мумкин. Қийинчиликлар, ҳатто узоқ тажрибага эга врачларда ҳам рўй бериб туради. Бундай пайтларда ҳамкасблар билан консилиум ўтказиш лозим. Аммо муолажаларни даволовчи врачнинг ўзи олиб боргани маъқул. Ҳамкасблар билан маслаҳатлашиш врачнинг малакасини ҳам ошириб боради. Албатта, даволовчи врачни беморнинг ўзи танлайди. Бунинг учун беморнинг ишончини қозониши ўта муҳим.

Телевизор ва компьютер. Ҳозирги кунда аҳолининг аксарият қисми телевизор ва компьютер монитори олдида кунини ўтказади. Эпилепсия билан касалланган беморлар бундай электрон узатгич воситаларидан иложи борича камроқ фойдаланишлари керак. Телевизорни қоронғи хонада эмас, балки ёруғ хонада кўриш тавсия этилади. Унгача бўлган масофа 2 м дан ортиқ бўлиши лозим, телекўрсатувларни томоша қилиш давомийлиги 2 соатдан ошмаслиги керак. Фотосенситив эпилепсияда телевизор кўриш ёки компьютер монитори олдида ўтириш ман этилади.

Мактаб ва боғча. Эпилепсия билан касалланган болаларнинг деярли барчаси бошқа болалар сингари, мактаб ва боғчаларга қатнашлари мумкин. Айниқса, идиопатик эпилепсияларда боланинг интеллекти сақланган бўлганлиги боис улар умумтаълим мактабларига боришади. Бола умумтаълим мактабида ўқиши керакми ёки махсус мактабдами, бу масалани фақат нейропсихологик тестлар ёрдамида боланинг олий руҳий фаолиятини ўрганиб, болалар психологи ёки тиббий психолог ҳал қилиши лозим. Баъзида мактабда эпилептик хуружлар кузатилган болани мактаб ўқитувчилари ўқитишдан воз кечишади. Ҳеч қачон эпилептик хуружнинг кузатилиши болани махсус мактабга ўтказишга асос бўла олмайди. Психолог хулосаси асосида руҳий ўзгаришлар аниқланган тақдирдагина бола махсус мактабларга ўтказилиши мумкин. Агар эпилептик хуружлар олигофрения, болалар церебрал фалажлиги, ўтказилган менингоэнцефалитлар ва шу каби бош миянинг органик касалликлари сабабли ривожланган бўлса бола махсус мактабда таълим олиши керак бўлади.

Спорт ва жамият. Беморни фақат тутқаноқ хуружи борлиги сабабли жамиятдан ажратиб қўйиш ёки алоҳида тарбиялаш нотўғри. Бундай қонунлар ҳам йўқ. Аксинча, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларига имконият яратиб бериш лозим. Агар бемор (бола) тил ўрганмоқчи, спорт ва жисмоний машқларга қатнашмоқчи бўлса бунга рухсат бериш керак. Бироқ тренерни огоҳлантириб қўйиш зарур. Беморнинг бундай тадбирларда қатнашиш ёки қатнашмаслиги индивидуал тарзда даволовчи врач томонидан ҳал қилинади. Хуруж тез-тез кузатиладиган ҳолатларда бемор даволаш муолажаларини олиши лозим. Хуруж кам кузатиладиган ҳолатларда бемор спортнинг енгил турларига (бадантарбия, стол тенниси, секин югуришлар ва ҳ.к.) қатнашиши мумкин. Спортнинг баъзи турлари, яъни бокс, штанга кўтариш, кураш, сузиш ва тез югуриш мумкин эмас. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, режали тарзда спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш фойдалидир. Чунки сўнгги пайтларда мутахассислар ўсмирларда кузатиладиган тутқаноқ хуружларининг компьютер монитори олдида узоқ ўтиришлари оқибатида кучайиб кетаётганлигини таъкидлашмоқда.

Фаол ҳаёт ва жисмоний меҳнат. Иирик америкалик эпилептолог В. Леннокснинг "Фаол ҳаёт – хуружлар антагонистидир", деган гапини юқорида келтирган эдик. Эпилептологларнинг эътироф этишларича, эпилепсия касаллигида хуружлар пассив ҳаёт кечирувчи беморларда кўп такрорланади. Фаол ақлий ва жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи беморларда эса бу ҳолат кам кузатилади. Шу боис беморларни, айниқса, болалар ва ўсмирларни жисмоний ишлардан, ўқишдан чегаралаб қўйиш ва уларнинг кўз ўнгида оилавий бўлиб касаллигини муҳокама қилавериш оғир руҳий жароҳатларни юзага келтиради. Бундай болаларда меланхоликларга хос бўлган хулқ-атвор шаклланади, улар руҳий жиҳатдан ногирон бўлиб ўсишади. Бироқ ортиқча руҳий ва жисмоний зўриқишлар хуружлар сонини кўпайтиришини ҳам унутмаслик керак. Кучли стресс хуружларни қўзғаб юбориши мумкин. Беморнинг ҳаёт учун хавфли бўлган ишлар, яъни ҳайдовчилик қилиш, ўт ўчириш, милиция, соқчилик ва қутқарувчилик касбларида ишлашларига йўл қўймаслиги керак. Шунингдек, кимёвий воситалар мавжуд жойларда ёки баланд биноларда, жароҳатланиш хавфи юқори бўлган завод ва фабрикаларда ишлаш ман этилади. Тунда ишлаш умуман мумкин эмас. Чунки тунда уйқуга тўймаслик хуружларнинг такрорланиши ёки кўпайиб кетишига сабабчи бўлади.

Уй-рўзғор юмушлари ва бошқа тадбирлар. Бемор душ қабул қилганида эшикни ичкаридан бекитмаслиги, иссиқ ёки ўта совуқ душ қабул қилмаслиги, сауналарга бормаслиги, ваннада узоқ вақт қолиб кетмаслиги зарур. Тандирда нон ёпиш, олов ёнида катта қозонларда овқат тайёрлаш, доимо ўткир нарсалар билан ишлашдан эҳтиёт бўлиш лозим. Беморга физиотерапевтик муолажалар ўтказиш ҳам мумкин эмас. Ишхонада доимий ишловчилардан бир-иккитаси касалликдан воқиф бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бемор узоқ сафарларга ёлғиз бормаслиги ва меҳмонхоналарда ёлғиз қолмаслигига эътибор берилади.

Тез ёрдам. Беморнинг яқинлари эпилептик хуружлар пайтида қандай тез ёрдам кўрсатишни билишлари зарур. Шу билан бирга уйда тез ёрдам кўрсатиш учун зарур дорилар бўлиши керак. Масалан, реланиум (валиум, сибазон), магний сулфат ва ҳ.к.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича