Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Тарқоқ склероз ҳақида биласизми?

Тарқоқ склероз ҳақида биласизми?


Савол: Тарқоқ склерозда миелин парда емириладими?

Жавоб: Нерв системаси нейронлар, яъни нерв ҳужайраларидан ташкил топган. Бош мия ва орқа мияни ташкил қилувчи нейронларга импульсларни олиб келувчи толаларга дендритлар, импульсларни нерв ҳужайраларидан олиб кетувчи толаларга аксонлар деб айтилади. Мана шу аксонлар оппоқ парда билан қопланган. Ушбу оппоқ пардага миелин деб ном берилган. Нерв толаларини зарарловчи турли мураккаб вируслар (нейровируслар) ушбу миелин пардани емиради. Бунинг натижасида турли касалликлар ривожланади. Шулардан бири – тарқоқ склероз. Неврология қироли деб ном чиқарган француз олими Жан Мартен Шарко 1866 йили бу касалликни алоҳида ажратган.

Савол: Нима учун “тарқоқ склероз” дейилади? Тарқоқ склерознинг атеросклерозга алоқаси борми?

Жавоб: Тарқоқ склерознинг атеросклерозга мутлақо алоқаси йўқ. Шарко бу касалликни тарқоқ склероз деб аташига сабаб, унда кўплаб нерв толалари зарарланади. Бу касаллик аломатлари бош мия ва орқа мияда тарқалиб жойлашгани учун “тарқоқ” ибораси касаллик номида акс этган. Оддий одамлар орасида “склероз” деган тушунча “паришонхотир, хотираси паст” деган маънони англатади. Бу ибора халқимиз миясига сингиб кетган. Бироқ тиббиётда “склероз” ибораси тўқималар емирилиши деган маънони англатади. Тарқоқ склероз касаллигининг диққат ва хотира бузилишига умуман алоқаси йўқ. Энг қизиғи, бу жиддий касалликнинг сўнгги босқичларида ҳам паришонхотирлик ва хотира бузилишлари деярли кузатилмайди.

Тарқоқ склероз шимолий мамлакатлар, яъни намгарлик юқори бўлган совуқ ўлкаларда кўп учрайди. Европанинг шимолий ўлкалари, АҚШнинг шимолий штатлари, Канада, Австралия, Янги Зеландия ҳамда Россиянинг шимолий ҳудудларида бу касаллик кўп тарқалган. Қуруқ иссиқ бўладиган ўлкаларда, масалан, Туркия, Марказий Осиё давлатлари, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Япония, Корея, Монголияда бу касаллик жуда кам учрайди. Табиийки, Ўзбекистон ҳам тарқоқ склероз жуда кам учрайдиган давлатлар сирасига киради. Эътибор беринг-а, қайси давлатда қуёш кам чиқса, ўша ерда тарқоқ склероз кўп учрайди ва аксинча. Шунинг учун ҳам бу касалликнинг келиб чиқишида қуёш нури таъсирида “Д” витамини синтезига катта урғу беришади. Демак, “Д” витамини етишмаса, тарқоқ скелероз ривожланиш хавфи бироз ошади.

Савол: Қайси ёшда кўп учрайди?

Жавоб: Тарқоқ склероз, асосан, 20-40 ёшларда кўп учрайди. Аммо бу касалликнинг 10 ёшда ёки 50 ёшдан ошганларда ҳам бошланган ҳолатлари учраб туради. Эркакларга қараганда аёллар кўп касалланишади.

Савол: Нима учун?

Жавоб: Чунки организмда кечадиган иммунологик бузилишлар. Тез-тез кузатилувчи вирусли инфекциялар, генетик омиллар, радиация, экологик омиллар, совуқ ва нам иқлим, гормонал бузилишлар, заҳарли кимёвий моддалар таъсири, генетик йўллар билан етиштирилган озиқ-овқатларни кўп истеъмол қилиш тарқоқ склероз ривожланишига туртки бўлади. Тарқоқ склероз ривожланиши учун патоген омиллар организмнинг иммун механизмини издан чиқариши керак. Бу ерда генетик омиллар ўрни ҳам исбот қилинган. Тарқоқ склероз ушбу касалликка генетик мойиллиги бор одамларда ривожланади. Бу оғир касаллик 20 фоиз қариндош-уруғлар орасида турмуш қурганларда учраши ҳам исбот қилинган.

Савол: Белгилари қандай?

Жавоб: Мувозанат бузилиши, чайқалиб юриш, кўришнинг бирдан йўқолиб, яна қайта тикланиши, ҳаракат бузилишлари, фалажликлар, айниқса, оёқларда, депрессия, апатия ва ипохондрия, бош айланиши, ютиш бузилиши, орқа мия бўйлаб ток уриб ўтгандек бир зумли оғриқларнинг пайдо бўлиши каби белгилар. Кўрсатиб ўтилган бу белгилар бошқа неврологик касалликларда ҳам учрайди, ҳатто невроз ва истерияда ҳам. Шунинг учун ўзингизга ташхис қўйишга шошманг. Тарқоқ склероз ташхисини, ҳатто юқори малакали невропатологлар жиддий кузатувлар ўтказгач, жуда эҳтиёткорлик билан қўйишади.

Савол: Даволаш қандай олиб борилади?

Жавоб: Тарқоқ склероз билан касалланган беморни даволаш ўта мураккаб ва узоқ давом этувчи жараёндир. Даволаш муолажалари ижобий натижа бериши учун улар узлуксиз олиб борилиши ва дорилар етарли дозада ҳамда узоқ муддат тавсия этилиши керак. Агар даволаш даврида ижобий клиник ўзгаришлар кузатилса ва МРТда склеротик ўчоқлар ҳажми кичрайса ёки йўқолса (одатда, 1 йил ичида), даволаш самарали кетаяпти деб хулоса қилиш мумкин. Даволаш тўғри олиб борилса, 75 % ҳолатларда самара ўта юқори бўлади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича