Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ПЕРИФЕРИК НЕРВ СИСТЕМАСИ КАСАЛЛИКЛАРИ

ПЕРИФЕРИК НЕРВ СИСТЕМАСИ КАСАЛЛИКЛАРИ


ПЕРИФЕРИК НЕРВ СИСТЕМАСИНИНГ АНАТОМО-ФИЗИОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

 

Периферик нервларнинг аксарияти ҳаракат, сезги ва вегетатив толалардан иборат. Бироқ улар барча периферик нервларда бир хил тақсимланмаган. Қайси периферик нервда ҳаракат толалари кўп, сезги толалари кам бўлса, ушбу нерв зарарланиши, асосан, ҳаракат бузилишлари (фалажликлар) би­лан намоён бўлади, сезги бузилишлари ва оғриқлар деярли кузатилмайди ёки суст ифодаланган бўлади. Масалан, сезги толалари кам бўлган n. ulnaris, n. radialis ва n. peroneus зарарланса бемор, асосан, ҳаракат бузилишларидан шикоят қилади, оғриқлар эса бўлмайди. Сезги толаларига бой бўлган n, trigeminus, n. medianus, n.ischiadicus ва n. tibialis зарарланса, беморда сезги бузилишлари кучли огрицлар билан намоён бўлади, ҳаракат бузилишлари суст ифодаланган бўлади. Периферик нервлар зарарланганда кузатиладиган кучли оғриқлар нафақат сезги толалари, балки вегетатив толалар зарарла­ниши билан ҳам боғлиқ. Вегетатив толаларга бой бўлган периферик нерв за­рарланса, ўша нерв иннервация қиладиган соҳада вегетатив-трофик бузи­лишлар яққол намоён бўлади.

Шундай қилиб, периферик нервлар зарарланганда, улар иннервация қиладиган соҳаларда ҳаракат, сезги ва вегетатив-трофик бузилишлар ҳамда оғриқлар аниқланади. Периферик нервларнинг ҳаракат толала­ри иннервация қиладиган мускуллар соҳаси – миотома, сезги толала­ри иннервация қиладиган тери соҳаси – дерматома деб аталади. Демак, фалажликлар миотомаларда, оғриқ ва сезги бузилишлари дерматомалар-да кузатилади.

Периферик нервлар зарарланиши нерв чигаллари соҳасида кўп учраганлиги боис уларнинг тузилиши ҳақида тўхталиб ўтамиз. Орқа миянинг олдин­ги ва орқа илдизчалари бирлашиб, спинал нервни (n.spinalis) ҳосил қилади. Спинал нерв умуртқалараро тешикдан чиққан заҳоти 4 шохчага бўлинади:

  • ramus ventralis – тананинг олд томони, қўл-оёқлар териси ва мускулларини иннервация қилади;
  • ramus dorsalis – тананинг орқа қисми териси ва мускулларини иннервация қилади;
  • ramus meningeus – орқа мия пардаларини иннервация қилади;
  • ramus communicans – симпатик тугунларга боради.

Орқа миянинг ҳар бир сегменти гавданинг маълум бир соҳасини иннервация қилади. Буни метамер деб аташади. Метамер, ўз навбатида, дерматома, миотома, склеротома, спланхнотомаларга бўлинади:

  • дерматома – терининг сегментар иннервацияси;
  • миотома – мускулнинг сегментар иннервацияси;
  • склеротома – суякнинг сегментар иннервацияси;
  • спланхнотома – ички аъзонинг сегментар иннервацияси. Спинал нервнинг олдинги шохчалари (ramus ventralis) ўзаро бирлашиб, нерв чигалларини (plexus) ҳосил қилади. Орқа миянинг 5 та чигали фарқланади:
  • бўйин чигали (plexus cervicalis) – С:4 сегментлар;
  • елка чигали (plexus brachialis) – С58, Thj сегментлар;
  • бел чигали (plexus lumbalis) – L:-L4 сегментлар;
  • думғаза чигали (plexus sacralis) – L5, S:-S4 сегментлар;
  • дум чигали (plexus coccygeus) – S5, Co:-2 сегментлар.
  1. Бўйин чигали (plexus cervicalis) С:С4 спинал илдизчалар йиғиндисидан ҳосил бўлган. Бўйин чигалининг тери (сезги) нервлари n.occipitalis minor, n. auricularis magnus, n. cutaneus colli бўлиб, улар энса ва бўйин соҳаси терисини иннервация қилади (5.1-расм). Ўмров усти нервлари (nn.supraclaviculares) эса ўмров усти соҳаси, кўкрак қафасининг устки қисми, елканинг юқори ва ташқи қисмлари терисини иннервация қилади. Бўйин чигалининг ҳаракат нервлари бўйин мускулларини, яъни m. platysma, m. sternocleidomastoideus, m. trapezius, m. longus colli ларни иннервация қилади. Улар бўйин ва бошнинг турли томонларга ҳаракати ва елкани кўтариш функциясини бажаради. Бўйин чигалининг ҳаракат нервлари шох­чалари тилости нерви (XII нерв) шохчалари билан анастомози бор. Шунинг учун ҳам бўйин чигалининг ҳаракат нервлари зарарлан-ганда баъзан дизартрия кузатилади.

 

Бўйин чигалининг яна бир муҳим нервларидан бири – бу диафрагмал нерв (n. phrenicus). N. phrenicus аралаш нерв бўлиб, унинг оз сонли сезги толалари плевра, перикард ва диафрагмани ин­нервация қилади, кўп сонли ҳаракат толалари эса диафрагмани, яъни нафас олиш мускулларини иннервация қилади. Ушбу нерв зарарланса, нафас олиш бузилади ва беморнинг ҳаёти хавф остида қолади, агар у таъсирлантирилса, бетиним ҳиқичоқ рўй беради (бундай пайтларда адашиб узунчоқ мия патологиясини излашади). Баъзида кўкрак соҳасида кучли санчувчи оғриқлар пайдо бўлиб, у елкага иррадиация қилади. Бу оғриқлар худди стенокардия ёки миокард инфарктида кузатиладиган оғриқларга ўхшайди.

 

5.1-расм. Бўйин чигали нервлари. 

  1. Елка чигали (plexus brachialis) С58, Тh1 спинал илдизчалар йиғиндисидан ҳосил бўлган. Елка чигали жуда мураккаб тузилишга эга бўлиб, у бир неча нервларга бўлиниб кетади. Улар ел­ка соҳаси ва қўлларни иннервация қилади. Булар n.axillaris, n. musculocutaneus, n. medianus, n. ulnaris, n. radialis ва бошқа нервлар.
  2. Бел чигали (plexus lumbalis) L:-L4 спинал илдизчалар йиғиндисидан ҳосил бўлган. Бел чигалидан ҳосил бўладиган асосий нервлар – n. iliohypogastricus, ilioinguinalis, n. genitofemoralis, n. cutaneus femo-ris lateralis, n.obturatorius, n. femoralis ва бошқа нервлар.
  3. Думғаза чигали (plexus sacralis) L5, Sx-S4 спинал илдизчалар йиғиндисидан ҳосил бўлган жуда йирик чигалдир. Унинг асосий нервлариn. gluteus superior, n. gluteus inferior, n. pudendus, n. cu-taneus femorisposterior, n. Ischiadicus.
  4. Дум чигали (plexus coccygeus) S5 спинал илдизчалар ва Со1-2 нервлардан ташкил топган. Унинг ҳаракат толалари кичик тос мускулларини, шу жумладан, анал тешикни кўтарувчи мускулларни иннервация қилади. Бу чигалнинг сезги толалари, яъни nn. аnococcygei анал тешик ва дум орасидаги тери соҳасини иннервация қилади. Дум чигалининг дум соҳасидаги симпатик чигаллар билан анастомози бор. Бу чигал зарарланса, аногенитал соҳада сезги бузилишла­ри ва кучли оғриқлар, сийдик тута олмаслик, дефекация бузилиши ва жинсий заифлик кузатилади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича