ПЛЕКСОПАТИЯЛАР


Елка чигали плексопатияси

Этиологияси. Елка чигали плексопатияси, асосан, турли вирусли ва бактериал инфекциялар, интоксикациялар (қўрғошин, маргимуш), ўмров ва елка суяклари жароҳатлари, ўмровости артерия аневризмаси, елкага оғир юкларни осиб юриш, қўлтиқтаёқ тутиш, бўйинда қўшимча қовурғанинг борлигида ривожланади. Елки чигали ўпканинг устки қисми ўсмасида ҳам зарарланади ва бунинг натижасида плексопатия ривожланади. Бунга Панкост синдроми деб аталади.

Симптомлари. Плексопатиянинг асосий симптоми – бу кучли оғриқ бўлиб, у елка соҳасидан бутун қўл бўйлаб тарқалади ва панжагача иррадиация қилади. Қўлнинг ҳар қандай ҳаракатида оғриқ кучаяди. Оғриқ билан биргаликда парестезиялар ҳам кузатилади. Плексопатиянинг яна бир асосий симптоми – бу периферик фалажликдир (монопарез ёки моноплегия). Фалажлик елка ва қўл мускулларида ривожланади, бицепс, трицепс ва периостал рефлекслар пасаяди ёки йўқолади, периферик типда сезги бузилишлари вужудга келади. Оғриқ нуқталари ўмров усти ва остидаги нуқталарда (Эрб нуқталари) жойлашади. Вегетатив-трофик бузилишлар ривожланади ва улар тери рангининг мармар тусга кириши, қуриши ёки гипергидрози ҳамда тирноқлар синиши каби белгилар билан намоён бўлади. Зарарланган қўлда тери ҳарорати пасаяди. Елка чигалининг тўла зарарланиши кам учрайди.

 

Бел-думғаза чигали плексопатияси

Этиологияси. Бел-думғаза чигали плексопатияси кўп учрайдиган полиэтиологик касалликлардан биридир. Касалликнинг асосий сабаблари – булар остеохондроз, диск чурраси, сил, бруцеллёз, травматик жароҳатлар, ўсма, инфекция, интоксикация, эпидурал абцесслар.

Клиникаси. Кўпинча, бел-думғаза чигалининг қуймич нерви чиқадиган қисми зарарланади. Асосий клиник белги – бу бел-думғаза соҳасида пайдо бўлган ва оёқнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб иррадиация қилувчи оғриқлар. Оғриқ сон ва болдирнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб иррадиация қилиб, оёқ панжасининг ён томонини ҳам қамраб олади. Оғриқларнинг ўткир ёки сурункали тусда намоён бўлиши этиологик омилларга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўткир тарзда пайдо бўлувчи оғриқлар, одатда, ўта кучли бўлади ва беморга “белга худди пичоқ билан санчгандек”, “ўткир нарса тиқиб бурагандек”, “бел синиб қолгандек” туюлади. Бемор оғриқларга чида олмай буралиб ётиб олади. Оғриқ йўталганда, акса урганда, кучанганда кучаяди. Оғриқлар ўта кучли бўлганлиги боис, дастлаб аналгетиклар билан оғриқларни бартараф этиш ва ундан кейин зарур текширувларни ўтказиш лозим.

Кучли оғриқ хуружлари пайтида бел-думғаза соҳасининг бир томондаги мускулларида спастик қисқаришлар рўй беради. Бу эса умуртқа поғонасини бир томонга, яъни оғриган томонга букиб қўяди. Натижада рефлектор сколиоз ривожланади. Бел лордози эса силлиқлашади. Буни анталгик ҳолат деб аташади. Чунки бемор гавдасини тўғирламоқчи бўлса, оғриқ кучаяди. Бел соҳасидаги паравертебрал мускуллар пайпаслаб текширилганда, оғриқ кузатилган томондаги мускуллар қотишиб бўртиб туради. Буни “defans muskulorum” деб аташади.

Бели оғриган беморнинг тўшакда ётиши ёки курсида ўтириши ҳам оғриқ кузатилаётган томонни тўғри аниқлаб олишга ёрдам беради. Бемор тўшакда соғлом томонга ёнбошлаб оғриган оёғини букиб ётади. Агар  ёнбошламоқчи бўлса, асосан, қўлларини ва соғлом оёғини ишга солади. Бемор оғриётган оёғини қайси томонга букиб ётишига қараб, бел-думғаза чигалининг қайси қисми кўпроқ зарарланганини билиб олиш мумкин. Агар сон нервини ҳосил қилувчи бел чигали (L2–L4) зарарланса, бемор букилган оёғини ичкарига буриб ётади, агар қуймич нервини ҳосил қилувчи люмбосакрал чигаллар (L4–L5, S1–S3) зарарланса, бемор букилган оёғини ташқарига ёзиб ётади.

Тўшакда ётган бемор ўрнидан тураётганда олдинга энгашиб олади, соғлом оёғини ерга босиб атрофдаги нарсаларни қўллари билан ушлаб туради. Бу пайтда оғриётган оёғи ярим букилган бўлади. Бемор курсига соғлом думбасини қўйиб ўтиради ва гавдасини орқага ҳамда соғлом томонга бироз оғдириб олади. Курсидан тураётганда соғлом оёғига суяниб туради, оғриётган оёғини эса бироз букиб олади. Тик турганда қўли билан устар чеккаси, девор ёки ўзи билан келган одам елкасига суяниб туради. Оғриётган оёғини ерга босмасликка ҳаракат қилади. Аксарият беморлар оғриқ ўтиб кетгунча хасса билан юришни афзал кўришади. Оғриқ чап томонда кузатилаётган бўлса, бемор хассани чап қўли билан, ўнг томонда кузатилаётган бўлса – ўнг қўли билан ушлаб юради. Шу йўл билан бемор оғриётган оёғини асрашга ҳаракат қилади. Демак, сиз томон юриб келаётган бемор хассани қайси қўлда ушлаётганига қараб, оғриқ қайси томонда кузатилаётганини билиб олиш мумкин.

Рефлекслар. Оғриқ кузатилаётган оёқда пай рефлекслари ошади. Бунинг сабаби мускуллар гипотониясидир. Касаллик давом этаверса, пай рефлекслари пасая бошлайди. Бел чигалининг n. femoralis ни ҳосил қилувчи нервлари зарарланса – тизза рефлекси пасаяди. N. ishсhiadicus ни ҳосил қилувчи бел-думғаза чигали нервлари зарарланса – ахилл рефлекс пасаяди. Бел-думғаза плексопатиясида тизза рефлекси кўпинча сақланиб қолади, ахиллов рефлекс эса эрта пасаяди ва сўнади. Айниқса, дискоген этиологияли плексопатияларда пай рефлекслари эрта сўнади. L5–S1 дискнинг латерал чуррасида ахилл рефлекс, бел умуртқалари орасидаги дисклар чуррасида тизза рефлекси пасаяди. Диск чурраси L4–L5 ва L5–S1 умуртқалар орасида кўп учрайди, L1–L2, L2–L3 ва L3–L4 умуртқалар орасида эса кам кузатилади.

Мускуллар тонуси ва трофикаси. Болдир ва оёқ панжасининг барча мускулларини қуймич нерви тармоқлари (n. tibialis ва n. peroneus) иннервация қилади.  Оғриқ кузатилаётган оёқда мускуллар гипотонияси касалликнинг дастлабки кунлариёқ пайдо бўлади ва узоқ вақт сақланиб қолади. Агар бел-думғаза чигалининг бел қисми кўпроқ зарарланса, соннинг олд томонидаги мускулларда, агар думғаза қисми кўпроқ зарарланса, оёқнинг орқа-латерал томонидаги, айниқса, перонеал гуруҳ мускулларида гипотония кузатилади. Кейинчалик гипотония кузатилган мускулларда атрофия ривожланади. Оёқ панжаси осилиб қолади. Мускуллар трофикасининг бузилиши касалликни келтириб чиқарган этиологик омилга кўп жиҳатдан боғлиқ. Агар люмбоишиалгия тез ўтиб кетса, мускуллар трофикаси бузилмай қолади.

Сезги бузилишлари. Бел-думғаза плексопатиясида сезги бузилишлари чигалнинг қайси тармоқлари қўпроқ зарарланганига боғлиқ. Гипестезиялар, кўпинча  соннинг орқа-латерал, болдирнинг ташқи ва оёқ панжасининг пастки юзаси бўйлаб кузатилади. Агар S1 илдизча зарарланса, гипестезия болдирнинг орқа-латерал, оёқ панжасининг ташқи ва пастки юзаси бўйлаб аниқланади. Агар L5 илдизча зарарланса, гипестезия болдирнинг орқа-латерал, оёқ панжасининг пастки юзаси бўйлаб кузатилади. Агар L4 илдизча зарарланса, гипестезия соннинг олд юзаси ва болдирнинг ички юзаси бўйлаб кузатилади.

Вегетатив бузилишлар. Оғриқ кузатилаётган оёқда ҳароратнинг пасайиши, цианоз, оёқ панжаси ва болдирнинг совқотиши, a. dorsalis pedisда томир уришининг пасайиши, гиперкератоз каби вегетатив бузилишлар аниқланади.

Ташхис ва қиёсий ташхис. Бел-думғаза плексопатияси ташхисини қўйиш учун бир неча клиник текшириш усуллари мавжуд. Уларнинг аксарияти оғриқни аниқлашга қаратилган. Ташхис оғриқ билан боғлиқ симптомлар, яъни Ласег, Вассерман, Нери симптомларни ўрганиш ва рентгенологик, МРТ текширувлари орқали қўйилади.

Кечиши. Бел-думғаза плексопатияси радикуляр оғриқлар билан, одатда, ўткир бошланади. Касалликнинг ўткир даври қандай кечиши ва қанча вақт давом этиши касаллик этиологияси, ёндош касалликлар, беморнинг умумий аҳволи ва даволаш муолажалари қанча эрта бошланганлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Оғриқларни бир ҳафта ичида тўхтатиш мумкин. Баъзида  кучли совқотишдан, яъни “шамоллашдан” пайдо бўлган люмбагони 1-2 кунда бартараф этса бўлади. Ўткир вирусли ёки бактериал инфекциялар сабабли пайдо бўлган плексопатияларнинг ўткир даври, одатда, 1-2 ҳафтадан 1-2 ойгача давом этади ва биратўла сурункали даврга ўтади.

Агарда бир-икки ҳафта ўтгач, оғриқлар тўхтагандан сўнг гипестезиялар, пай рефлекслари арефлексияси ва мускуллар атрофияси бошланса, касаллик узоқ давом этиши ва оёқларда периферик фалажликлар билан тугалланиши мумкин. Бундай ҳолатлар умуртқа поғонасининг кучли дегенератив ўзгаришлари, диск чурралари, оғир яллиғланиш касалликлари ва кучли интоксикацияларда кузатилади. Шунинг учун касалликнинг биринчи куниёқ унинг этиологияси аниқланиши керак.

 

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича