Оиланинг УЧ тоифаси
Психологлар эр-хотин орасидаги муносабатларга қараб оиланинг 3 хил тоифасини ажратишган: “Она-ўғил”, “Ота-қиз” ва “Ака-сингил” тоифасидаги оилалар.
- “Она-ўғил” тоифасидаги оила
Бундай оилада аёл киши оилани бошқаришни деярли бутунлай қўлга олади, унинг ҳуқуқлари беқиёс бўлиб, ҳаттоки эркак киши бажариши лозим бўлган ишларни ҳам ўзи назоратга олади ёки ўзи бажаради, яъни у хотин эмас, балки Она ролини ижро этади. Эрнинг ҳақ-ҳуқуқлари эса бу ерда жуда кам ифодаланган бўлиб, оилани бошқариш ишларига у деярли аралашмайди, яъни у оилада эр эмас, балки Ўғил вазифасини ижро этади. Оилани бошқаришнинг бундай усули иккала томонни ҳам қониқтиради, яъни эр-хотин орасидаги муносабатлар шундай вазиятни юзага келтиради. Хотин эрини ўз ҳимоясига олади, уни бошқа эркаклардан асрайди, унга доимо маслаҳат бериб юради. Бу оилада сўнгги қарор хотин томондан қабул қилинади, эр эса унинг айтганларини сўзсиз амалга оширади.
- “Ота-қиз” тоифасидаги оила
Бу оилада барча юмушларни эркак киши бажаради, эрнинг ҳуқуқлари беқиёс бўлади, у ҳаттоки аёл киши бажариши лозим бўлган оила юмушларини ҳам ўз қўлига олади, хотинига қиз болага қарагандек муносабатда бўлади. Яъни у эр эмас, балки Ота вазифасини бажаради. Хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари эса бу ерда жуда кам ифодаланган бўлиб, оилани бошқариш жараёнига деярли аралаша олмайди, аёл киши бажариши лозим бўлган ишларга ҳам эридан берухсат қўл урмайди, яъни у оилада она эмас, балки қиз вазифасини ижро этади. Оилани бошқаришнинг бундай усули иккала томонни ҳам қониқтиради, яъни эр-хотин орасидаги муносабатлар ушбу вазиятни юзага келтиради.
Психологик нуқтаи назардан олганда “Она-ўғил” ва “Ота-қиз” тоифасидаги оилада вояга етган фарзандларнинг ҳаёти кейинчалик хавф остида қолиши мумкин. Уларнинг кейинги тақдирини 2 хил вариантда таҳлил қиламиз:
А) “Она-ўғил” тоифасидаги оилада вояга етган қиз “Ота-қиз” тоифасидаги оилада вояга етган ўғилга турмушга чиқса, бу оила барбод бўлиши мумкин. Чунки қиз Она ҳукмронлик қилган оилада, ўғил эса Ота ҳукмронлик қилган оилада катта бўлган. Қиз оилани Онасидек бошқаришга, яъни эрини ўзига бўйсундиришга интилса, йигит оилани худди Отасидек бошқаришни истайди ва хотинини ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилади. Табиийки, бунинг уддасидан чиқиш ўта мушкул бўлиб, тез-тез уриш-жанжаллар рўй бериб туради. Бунинг оқибатида фарзандлар тарбиясига катта зиён етади ва бу оила барбод бўлиш даражасига келади.
Б) “Она-ўғил” тоифасидаги оилада вояга етган ўғил “Ота-қиз” тоифасидаги оилада улғайган қизга уйланди дейлик. Бундай оиладан оила йўлбошчиси етишиб чиқиши анча мушкул. Чунки ўғил Она ҳукмронлик қилган оилада, қиз эса Ота ҳукмронлик қилган оилада ўсиб вояга етган, яъни “кичик” ролни ўйновчилар турмуш қуришган. Ушбу янги оилада йигит хотини йўлбошчи бўлишини хоҳласа, қиз бунинг тескарисини, яъни эри йўлбошчи бўлишини хоҳлайди. Уларнинг ўзлари оилани мустақил равишда бошқара олишмайди, бировларга қарам бўлиб яшашади, маслаҳат учун қиз Отасининг олдига чопса, ўғил Онасининг олдига отланади. Бу вазият узоқ давом этиб, ахийри улар оилани бошқаришни ўзлаштириб олишади.
- “Ака-сингил” тоифасидаги оила
Бундай оила психологик нуқтаи назардан энг мақбул оила. Чунки бу ерда эр-хотиннинг вазифалари ўзаро тақсимланган, яъни эр оилани бошқаришнинг 60 фоизини ўз қўлига олади, 40 фоиз юмушни хотинига қолдиради. Оила бўйича муҳим қарорларни қабул қилиш эркак кишининг қўлида бўлиб, оиланинг йўлбошчиси ва ҳимоячисига айланади. Аёл киши эса унинг энг яқин маслакдоши бўлади. Демак, оилада эр ўзини худди ака сифатида, хотин эса сингил сифатида кўрсатади. Бундай оилада эркак кишининг ҳам, аёлнинг ҳам ҳуқуқлари сақланган бўлади, ота-она орасидаги бундай муносабатлар таъсири остида вояга етган ўғил аёл кишини, қиз эса эркак кишини ҳурмат қиладиган бўлиб ўсишади. Бундай оила мустаҳкам бўлиб, унинг аъзоларини ҳамма ҳурмат қилади. Уларнинг фарзандлари ҳам кейинчалик оила қуришса, ўзаро муносабатларини “Ака-сингил” тоифасидаги оилага ўхшаб амалга оширишга ҳаракат қилишади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев