Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси НЕВРОЗ касалликми ёки ёмон характер?

НЕВРОЗ касалликми ёки ёмон характер?


Невроз касаллик бўлиб, унинг белгилари хулқ-атвор бузилишлари билан намоён бўлганлиги боис уни ёмон характернинг бир тури дейишади. “Невроз” атамаси 1776 йили шотландиялик врач Келлен томонидан таклиф қилинган. Бу касалликни тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳам мукаммал ўрганган. Ўша даврда неврозга қуйидагича таъриф берилган: бу касалликда тана ҳарорати кўтарилмайди, бирон-бир аъзо зарарланмайди, танада лат еган жойлар бўлмайди, бироқ беморнинг асаби бузилган бўлади.

  • Невроз – асаб чарчашими?

Невроз – асаб тизимининг функционал касаллиги бўлиб, инсонга руҳий жароҳат етказувчи ташқи ва ички омиллар натижасида ривожланади. Демак, невроз асаб касаллигидир. Невроз белгилари узоқ ёки қисқа вақт давом этишидан қатъи назар, бутунлай тузаладиган касаллик. Лекин даволаш жараёни бир ой, баъзида ундан ҳам кўп давом этади. Неврознинг 3 тури фарқланади: неврастения (том маънода невроз), истерия ва миядан кетмайдиган фикрлар.

  • Невроз (неврастения) қандай касаллик?

Невроз асабнинг ортиқча зўриқишидан келиб чиқади. Асаби тор одамлар неврозга тез чалинишади. Ақлий ва жисмоний меҳнатнинг номутаносиблиги, доимий ҳиссий зўриқишлар, яқин кишисидан жудо бўлиш, оила ва ишхонадаги келишмовчиликлар, қўрқув ва хавотирда юриш неврозга сабабчи бўлади. Неврознинг оила аъзоларида учраши унинг ривожланишида наслий омилларнинг аҳамиятини ҳам кўрсатиб беради. Ёш болаларда неврознинг ривожланишига уни ўраб турган муҳит, айниқса, ота-она орасидаги жанжаллар сабабчи бўлади. Болалик даврида олган тан жароҳатлари ҳам бундан мустасно эмас.

Невроз нафақат жаҳлдор одамлар, балки ўта андишали одамларда ҳам ривожланиши мумкин. Айниқса, андишали одам жанжалли воқеалар рўй берганда ҳиссиётга изн бермасликка, ўзини бошқариб туришга ҳаракат қилади, бировнинг кўнглини оғритиб қўймай дейди. Бу ҳолатлар, аксарият ҳолларда, асаб тизимининг чарчашига сабабчи бўлади. Шунингдек, витаминлар етишмовчилиги, камқонлик, сурункали ва оғир касалликлар ҳам неврозга олиб келади.

  • Невроз белгилари қандай намоён бўлади?

Невроз белгилари турли-туман бўлиб, улар ичида тез-тез асабийлашиш, жаҳлдорлик, уйқу бузилиши, бош оғриши, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, юракнинг тез-тез уриши, паришонхотирлик, ақлий ва жисмоний меҳнат фаолиятининг пасайиши каби симптомлар кўп кузатилади.

  • Беморни қандай даволашади?

Даволаш тиббий психолог, нейропсихолог ва невропатологлар томонидан олиб борилади. Асаб бузилиши билан боғлиқ бу касаллик тиббий-психологик муолажалардан сўнг самарали даволанади. Даволаш муддати ва натижаси кўпроқ унинг тўғри олиб борилишига боғлиқ.

Даставвал неврозга олиб келувчи сабаблар аниқланади ва улар иложи борича бартараф этилади. Асосий сабаблар бартараф қилинганда, аксарият беморларда даволашни давом эттиришга ҳожат ҳам қолмайди. Улар тузалиб кетишади. Лекин баъзи ҳолларда неврознинг сабабини аниқлаш ва уларни йўқотиш анча мушкул.

Беморнинг оилавий аҳволи ва ишлаш шароити билан танишиб, унга дам олиб ишлаш, иш соатларини қисқартириш, овқатланиш тартибига риоя қилиш, театр ва кинога бориб туриш тавсия қилинади.

Неврозни даволаш учун жуда кўп дори-дармонлар мавжуд. Бироқ уларни кўп қўллаш керак эмас. Врач томонидан энг зарур дори танлаб олинади ва беморга тавсия этилади. Беморларни даволашда ишлатиладиган аксарият дорилар кучли седатив таъсирга эга бўлганлиги учун уларни ишлаб юрган беморларга тавсия қилиб бўлмайди. Кам миқдорда тавсия қилинса, натижаси паст бўлади.

Бундай пайтларда ножўя таъсири кам бўлган дорилардан фойдаланилади. Худди психосоматик синдромларни даволашда ишлатиладиган психоанализ усули невроз белгиларини бартараф этишда кенг қўлланилади. Шунингдек, умумий массаж, игна билан даволаш, эрталабки бадантарбия ва спортнинг ўзига мақбул турлари билан шуғулланиш тавсия қилинади. Йилда бир марта сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта фойдалидир.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича