Нейрон нима?
Нерв ҳужайралари нейрон деб аталади. Барча аъзолар ҳужайралардан ташкил топгани каби, нерв системаси ҳам ҳужайралардан иборат.
Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида 14 миллиард ҳужайра, яъни нейрон бор. Нейронлар ҳар хил тузилишга эга. Нейрон танаси кулранг, ундан чиқувчи толалар эса оқ рангда бўлади. Нейроннинг битта узун толасига аксон деб айтилади. Аксон орқали нейрон танасидан импульслар бошқа нейронларга ва тўқималарга узатилади. Нейрондаги бошқа бир қанча ўсиқчалар эса дендрит дейилади. Дендритлар нейронга импульслар олиб келувчи толалардир. Бош миянинг пўстлоқ қисми кулранг тусда бўлади. Пўстлоқда инсоннинг барча фаолиятини бошқарувчи марказлар жойлашган. Булар ҳаракат, сезги, нутқ, кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш каби марказлар. Улар анализатор номи билан ҳам юритилади. Бошқа нейронлардан фарқли ўлароқ, пўстлоқ нейронларининг ақли бор! Демоқчиманки, улар нафақат ҳаракат ва сезги, балки ақлий фаолиятда ҳам иштирок этади. Шунинг учун ҳам инсоннинг бош мияси зарарланса, ақлий фаолият ҳам бузилади. Орқа мия ёки периферик нервлар зарарланса, ақлий фаолият ўзгармайди.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев