ЛЕОНГАРД БЎЙИЧА ШАХСНИНГ 10 ТОИФАСИ
Биринчи тоифа. “Намойишкор шахс”
Бу тоифага мансуб шахснинг хулқ-атворида намойишкорлик доимо сезилиб туради, у барча хатти-ҳаракатларни намойишкорона бажаришни хуш кўради. Атрофдагилар билан тез ва осонликча мулоқотга киришади, ишчан ва ҳаракатчан бўлади. Хийла ва найрангга уста, ёлғон гапиришга мойил, олифта ва хаёлпараст, ўз шахсини бўрттириб кўрсатувчи бўлади. Мақтовталаб ва манман бу шахс ҳар қандай ишга таваккал қўл уриб кўради, раҳбарликка, атрофдагиларнинг эътиборида бўлишга интилиб яшайди. Одамлар билан тез тил топишиб кетади, ҳар қандай вазиятга тез мослашиб олади, агар унинг хатти-ҳаракатлари атрофдагилар томонидан тан олинмаса ёки унга эътибор қилинмаса, унинг кайфияти тез бузилади ва суҳбатни бошқа йўналишга ўзгартириб юборади.
Мана шундай пайтларда ўз фойдасига жанжалли вазиятларни юзага келтиришга уриниб кўради ва бунга эришади ҳам. Бундай шахс доимо диққат-эътиборда бўлишни хоҳлайди, мақтовга чанқоқ бўлади, агар атрофдагилар уни мақтамаса, у ўзини мақтай бошлайди, ёнидаги суҳбатдошини ҳайратда қолдирадиган уйдирмалар ўйлаб топади, ўзининг сўзамоллигидан фахрланиб юради. Унинг олдида бировни мақташнинг фойдаси йўқ. Чунки бу унинг кайфиятини тушириб юборади, бундай пайтларда у суҳбатни яна ўз фойдасига буришга интилиб кўради ёки диалогни тўхтатиб қўя қолади.
Мабодо, у билан аввал оғирроқ вазиятлар рўй берган бўлса, суҳбат чоғида бу воқеани бўрттириб сўзлаб беради, атрофдагиларда унга нисбатан ҳамдардлик ва ачиниш ҳиссини пайдо қилишга уриниб кўради. Агар унинг сўзларига эътибор қилинмаса, тез жаҳли чиқади, бироқ буни сездирмасликка ҳаракат қилади. У доимо атрофида одамларни тўплаб ваъзхонлик қилишни, жамоага етакчилик қилишни ёқтиради ва ўзи алоҳида кўзга ташланиб туришни истайди. У ёлғизликни хуш кўрмайди ва доимо мансабга интилади. Унинг ички туйғуларини рўёбга чиқарувчи, ўзини кўз-кўз қилишга катта имкониятлар яратиб берувчи ягона вазият – бу мансаб. Шу боис қандай бўлмасин, у бирор-бир мансабни эгаллашни орзу қилиб яшайди. Аслида унинг хатти-ҳаракатлари доимо ҳам ҳақиқатга мос келавермайди. Агар кичикроқ бир фавқулодда вазият юзага келса, жамоани йиғиб, жуда катта шов-шув кўтаради, йиғин пайтида атайлаб зиддиятли вазият яратади, жамоа аъзолари ичидан айбдорни излай бошлайди, топа олмаса, бировни бировга тўқнаштириб, айбдорни топиб олади ва унинг обрўсини ҳамманинг олдида ерга уради, ўзини эса четга олади. Жанжални ҳам ўз фойдасига ҳал қилиб, вазиятдан “қаҳрамон” бўлиб чиқишга уринади ва аксарият ҳолларда бунга эришади ҳам.
Унда сиқиб чиқариш хусусияти (психоанализда Фрейд томонидан таклиф қилинган “сиқиб чиқариш” атамаси бор) кучли бўлади, яъни у ўзига ёқмаган воқеа ва ҳодисалар тафсилотини хотирасидан ўчириб ташлаш қобилиятига эга. Ёлғон гапириш бундай шахс учун одатий ҳолдир: унинг ҳаёт тарзида ёлғон ва ҳақиқатлар шу даражада чалкашиб кетадики, кейинчалик гапирган гапларининг қайси бири ёлғон-у қайси бири ҳақиқатлигини ўзи ҳам англай олмай қолади. Шу боис кейинчалик унга бўлиб ўтган воқеалар айтиб берилса, эслай олмайди, бироқ ҳақиқатан ҳам эслай олмаяптими ёки эслашни хоҳламаяптими, билиб олиш ўта мушкул. Бундай одамларни псевдолог, яъни ёлғончи деб ҳам аташади. Шу аснода уларнинг фикрлаш доираси кенглигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Улар баъзан инсон ҳайратда қоладиган ишларга таваккал қилиб қўл уришади ва ишчанлик қобилияти юқорилиги учун анча ютуқларга эришишади ҳам.
Иккинчи тоифа. “Қотма шахс”
Мулоқотга ҳадеб киришиб кетмайдиган, камгап, такаббур одам. Кам гапирса-да, насиҳат қилишни хуш кўради. Унга нисбатан аслида мавжуд бўлмаган адолатсизликдан азият чекиб юради. Шу сабабли унинг хатти-ҳаракатида одамларга нисбатан ишончсизлик ва эҳтиёткорлик устун туради. Гина ва хафагарчиликка берилувчан, тез ранжийдиган, воқеа ва ҳодисаларга шубҳа билан қарайдиган шахс. У билан юз берган воқеалардан узоқ вақт сиқилиб юради, хафагарчиликдан осон чиқа олмайди, қасоскор бўлади. Бундай одам жанжал ва келишмовчиликларни юзага келтиришда ташаббускор бўлиб қолиши мумкин. Иззатталаб, ўзига қаттиқ ишонадиган ва ўз билганидан қолмайдиган собитқадам бу шахс бирор-бир ишни қатъиятлилик билан бошлаб, охирига етказади ҳам. Бу шахс ўта ишчан бўлиб, ҳар қандай шароитда ҳам юқори қўрсаткичларга эришишга интилади, бошлаган ишини биров билан баҳам қўрмай, ёлғиз ўзи бажаришни хуш кўради. Қайсар, ўжар ва тез-тез ҳиссий қўзғалишлар рўй бериб турадиган бу шахснинг хулқ-атворида ҳақиқатгўйлик, ранжиш, тез хафа бўлиш, гумонсираш, рашк каби турли хислатлар биргаликда намоён бўлади. Унда чуқур ҳиссий кечинмалар рўй берса ҳам буни дарров юзага чиқаравермайди, ичида сақлашга ҳаракат қилади ва бу борада унинг фикрини тез билиб олиш анча мушкул.
Учинчи тоифа. “Расмиятчи шахс”
Синчков, майдакаш ва ўта расмиятчи шахс. Жанжал ва келишмовчиликларга кам аралашади, агар жанжалли вазиятларда пайдо бўлиб қолса, ўзини четга олади ёки пассив иштирокчига айланади. Шундай бўлса-да, шаклланиб қолган тартиб-қоидаларнинг бузилишига тезда диққатини қаратади. Иш жойида ҳақиқий бюрократ бўлиб, ҳар бир ишда расмиятчиликка боради, қўл остида ишлайдиганларга жуда кўп талаблар қўяди. Ўз ишига жуда пухта, ўзига ва бошқаларга ўта талабчан, тартибни хуш қўрадиган, ғоятда синчков бўлиб, ҳар бир ишни режа асосида бажаришни ёқтиради. Бирор-бир ишни бошлашдан олдин уни синчковлик билан ўрганади, режа тузади, ўзи ҳам ўша режага қаттиқ амал қилишга ҳаракат қилади, ўз олдига қўйган ишларни шошмасдан, бироқ юқори даражада сифатли бажаришга интилади. Хатога йўл қўйилмадими деб, ўзини ва бошқаларни тез-тез текшириб туради. Расмиятчилик унинг ҳаёт тарзига айланган бўлиб, вазият шуни тақозо этса, мансабдан осонлик билан воз кечади. Руҳий жароҳатларни узоқ вақт эсида сақлаб юрадиган, оғир табиатли ва ўч олишга мойил шахс.
Тўртинчи тоифа. “Таъсирчан (қўзғалувчан) шахс”
Жиззаки, ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олмайдиган, қўпол, жанжалкаш ва тез ғазабланадиган киши. Унинг хулқ-атворида инстинктив интилишлар устун туради. У бадқовоқ ва заҳарханда киши бўлиб, биров билан осонликча муросага бормайди, доимо жанжалнинг ўртасида бўлади, одамлар орасида келишмовчиликларнинг юзага келишида фаол иштирокчидир. Аксарият ҳолларда эса жанжалнинг муаллифи унинг ўзи бўлиб чиқади. Жамоада узоқ вақт ишлай олмайди, тез-тез юзага келадиган келишмовчиликлар сабабли бир ишдан бошқа ишга ўтиб юради. У одамлар билан бемалол тил топишиб кета олмайди. Бундай шахс бирор-бир ишга иштиёқ билан киришмайди, ишга ҳам зарурат учун боради, қайсидир соҳа ёки илмни ўзлаштиришга ҳам иштиёқ бўлмайди. Келажакка бефарқ ва бугунги кун билан яшайдиган бу шахс кўнгилхушлик ва ўйин-кулгили тадбирларга ўч бўлади. Бироқ бундай жойларда ҳам одамлар билан уришиб қолади. Ҳамма билан тил топишавермагач, ўзидан кучсизроқ одамлар билан мулоқот қилишга ва уларни ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилади. Юқори даражадаги қўзғалувчан бу шахсни бошқариш қийин бўлиб, унинг хатти-ҳаракатлари атрофдагилар ва жамоа обрўси учун хавфли вазиятларни юзага келтириши мумкин.
Бешинчи тоифа. “Гипертим шахс”
Гипертимия – юқори кайфиятга эга ва ҳиссиётга бой дегани. Бу тоифага кирувчи шахс юқори даражада ҳаракатчанлиги, сўзамоллиги, мимикаларга бой хатти-ҳаракатлари, дилкашлиги билан ажралиб туради. У ҳар қандай одам билан тезда мулоқотга киришиб кета олади, улфатчиликни хуш кўради, шум ва шўх бўлади. Суҳбат чоғида дастлабки мавзудан тезда четга чиқиб кетади, гоҳида буни ўзи ҳам сезмай қолади. Ўз тенгдошлари орасида эътиборда бўлишни, иложи бўлса уларга йўлбошчи бўлишни ва шовқин-суронли ҳаётни хуш кўради. Деярли доимо аъло кайфиятда бўлади, ўзини яхши кўради, юқори ҳаётий қувват ва иштаҳага эга бу одамнинг юз-кўзи кулиб туради, ҳаётдан қувониб яшайди. У ўзига юқори баҳо беради, чаққон ва енгилтак бўлади, қувноқ ҳаётни ёқтиради, ишбилармонлиги билан ажралиб туради, юзаки ишларни зудлик билан бажариб ташлайди. Бундай шахс жуда ажойиб суҳбатдош бўлиб, атрофдагилар қўнглини чоғ қилишни хуш қўради, кўнгилёзар ишларга йўлбошчилик қилади, керак бўлса турли хурсандчиликларни ўзи ўйлаб топади ва бошқаларни бунга жалб қилади. Бу ишларга керагидан ортиқча берилиш жанжалли вазиятларнинг келиб чиқишига туртки бўлади. Агар у қилаётган ишига очиқ тўсқинликни сезса ёки бу ишларни амалга ошираётганда муваффақиятсизликка учраса, асабийлашиб кетади, қаттиқ ғазабланади. Баъзан ўз мажбуриятларига юзаки қарайди, жиддий тартиб-интизомга унинг тоқати йўқ. Ҳаёт тарзида бир хиллик ва ёлғизликни ёқтирмайди, баъзан ахлоқсиз ишларга қўл уради.
Олтинчи тоифа. “Дистимик шахс”
Бу тоифага кирувчи шахс ўзининг жиддийлиги билан ажралиб туради, ўта босиқ бўлиб, кайфияти паст одамни эслатади. Унинг ҳаракатлари суст бўлиб, келажакка тушкун руҳда қарайди, ўз имкониятларини ҳам паст баҳолайди, бировлар билан кам мулоқотга киришади, давраларда суҳбатга аралашмай жим ўтиришни хуш кўради. У, одатда, кўча-кўйларга чиқмай уйда ўтиришни афзал кўради, ғала-ғовур ва шовқинли жойлардан четроқ юради, ёлғизликни ёқтиради. Бундай одамни ўтроқ ҳаёт кечирувчи деб аташ мумкин. Бироқ у билан яқинлашишга интилганларни ҳурмат қилади, унга бўйсунишга ҳам тайёр туради, ҳаққоний дўстликнинг қадрига етади. Тўғрилик ва ҳақиқатгўйликка интилса-да, ўз фикрини баён қилишда анча суст бўлади.
Еттинчи тоифа. “Хавотирли шахс”
Бу тоифага кирувчи шахс бировлар билан дарров мулоқотга киришиб кета олмайди, доимо хавотирда юради, қўрқоқ ва уқувсиз бўлади, ўзига ишонмайди. Қоронғиликдан, уйда ёлғиз қолишдан ва ҳайвонлардан қўрқади. Ўз тенгдошларига қўшилиб кета олмайди, улардан ўзини четга олади, шовқинли, ўйин-кулгили жойларни ёқтирмайди, мабодо бундай жойларда пайдо бўлиб қолса, уялиб, четда томошабин бўлиб туради. Агар унинг меҳнат ёки ўқув фаолиятини кимдир текширмоқчи бўлса ёки бирор бир фандан имтиҳон топширишга тўғри келса, бундай ҳолатларни жуда оғир қабул қилади, ўзига ишончсизлиги янада кучаяди, безовталана бошлайди. Агар қайсидир масала бўйича нутқ сўзлаш керак бўлса ёки аудиторияда маълумот бериш зарурати туғилса, уялиб, қаттиқ терга ботади. Шу боис у ўз хоҳиши билан ҳеч қачон минбарга чиқмайди. Катталар ҳимоясига ўзини жон деб отади, бироқ уларнинг узундан-узоқ панд-насиҳатлари унинг жонига тегади. Бундай пайтларда ўзининг уқувсизлигини сезиб туради ва уятчанлигидан азият чекади. Шундай бўлса-да, ўзини-ўзи юпатиб юради, шундайлигидан баъзан сиқилади ва йиғлаб ҳам олади. Унда бурчга садоқат, масъулият ҳисси, юқори даражадаги ахлоқ ва одоб тамойиллари анча эрта шаклланади. Ўзида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш учун қудрати етадиган ишлар билан шуғулланишга интилади ва ўша ерда ўз имкониятларини тўла очишга ҳаракат қилади.
Болалик пайтидан мавжуд бўлган уятчанлиги ва тортинчоқлиги сабабли катта бўлганда ҳам ўзи хоҳлаган одамлар билан тезда мулоқотга киришиб кета олмайди. Кўп гап кўтара олмайди, агар уни ноҳақ айблашса, ўзини ҳимоя қила олмайди, ўша ерда кучлироқ одамнинг ҳимоясини хоҳлаб қолади ва унинг ҳар қандай топшириғини бажаришга шай туради. Бундай шахс билан дўстона муносабатларни бошлаш ҳам осон. Атрофдагилар билан жанжалли воқеаларга кам аралашади, агар келишмовчиликлар орасига тушиб қолса, пассив иштирокчига айланади, холос. Ҳар ҳолда у ўз имкониятларини танқидий баҳолай олади, хулқ-атворидаги камчиликларни ўзи ҳам билади. Уни меҳр изловчи шахс деб аташ мумкин. Улар ўзларини ўзлари ҳимоя қила олмаганликлари сабабли ҳамкасблари томонидан кулгили воқеаларнинг қаҳрамонларига айланиб қолишади. Шу боис, қандайдир ножўя воқеа юз берса, осонликча унинг бўйнига ағдаришади.
Саккизинчи тоифа. “Хушчақчақ шахс”
Бу тоифага кирувчи шахснинг хулқ-атворида яққол кўзга ташланиб турадиган хислатлар – ўта бахтиёрлик, завқланиш, хушчақчақлик, шодланиш, ҳузурланиш ҳиссидир. Бошқаларга шодланиш, завқланиш ҳиссини юзага келтира олмайдиган вазиятлар унда шундай ҳис-туйғуларни юзага келтира олади. Озгина бўлса-да, қувончли воқеалар дарров унинг эътиборини тортади ва кайфиятини кўтаради, худди шундай ғамгин воқеалар эса кайфиятини тушуради. У мулоқотга тез киришиб кетиши, сўзамоллиги ва ёқимлилиги билан бошқалардан ажралиб туради, агар кулса яйраб кулади. Шу боис уни кўпчилик ёқтиради. Баҳслашишни хуш кўрса-да, баҳсни жанжалгача етказмайди. Турли хил келишмовчиликлар орасига тушиб қолса, вазиятга қараб ё фаол, ё пассив иштирокчига айланади. У дўстлари ва яқинларига жуда боғланиб яшайди, унда ачиниш ва раҳмдиллик ҳисси яхши ривожланган бўлади, ўз ҳис-туйғуларини яширмай яққол намоён қила олади. Агар суҳбат чоғида уни яқинроқ билишга ҳаракат қилсангиз, бемалол бунинг уддасидан чиқасиз, яъни у ўз дардини достон қилишга доим тайёр. Аксарият ҳолларда ваҳимачи бўлади, арзимаган вақт ичида кайфияти тез ўзгариб, бирдан “портлаб кетиши” мумкин. Шунинг учун ҳам уларни беқарор шахс дейишади.
Тўққизинчи тоифа. “Эмоционал шахс”
Бу тоифага кирувчиларнинг хулқ-атворидаги хислатлар бир қараганда хушчақчақ тоифага кирувчиларга ўхшаб кетади. Бироқ эмоционал шахслар ўзларининг ҳис-туйғуларини яққол намоён қилишавермайди, яъни бир оз ниқобланган тусда бўлади. Эмоционал шахс учун ҳиссиётга берилувчанлик, таъсирчанлик, ваҳима, қўрқоқлик, хавотир ва кўп сўзлаш хос. Унинг хулқ-атворида яққол намоён бўлувчи хислатлар – инсонпарварлик, одамлар ва ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқат ва меҳрибонликдир. Ташқи таъсирларга тез берилади, ҳаётда рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар унга тез таъсир қилади, йиғлаб ҳам олади.
Кинофильмлардаги зўравонликлар уни қаттиқ ларзага солади. Бу фильмлардан сўнг кайфияти узоқ вақт бузилиб юради, ёмон тушлар кўриб чиқади. Жанжалли воқеаларга кам қўшилади, хафа бўлса, ичига ютади. Унда бурчга садоқат кучли шаклланган бўлиб, топшириқларни бажаришда доимо илғор бўлади. У табиатни севади, ўсимликлар парвариш қилишни ва ҳайвонларни ёқтиради, бу ишидан завқланиб юради.
Ўнинчи тоифа. “Циклотимик шахс”
Циклотимия грекчадан кайфият, ҳис-туйғу дегани. Гипертимик (юқори кайфият) ва дистимик (бузуқ кайфият) ҳолатларнинг бир-бири билан алмашиб туриши билан намоён бўлади. Бундай шахснинг кайфияти ташқи таъсирларга жуда боғлиқ бўлиб, тез-тез ўзгариб туради. Баъзан ҳеч қандай сабабсиз унинг кайфияти бузилиши мумкин. Кайфиятни кўтарувчи воқеалар рўй берса, унинг фаоллиги ошиб, жуда ишчан бўлиб қолади, ташлаб қўйган ишларини завқланиб, қайта бошлаб юборади, ўзидаги бу фаолликни кўриб, кўтаринки кайфиятда юради, сўзамол бўлиб қолади, миясига зўр ғоялар кела бошлайди.
Бундай ҳолат гипертимия деб аталади. Агар тўсатдан ғамгин воқеалар юз бера бошласа, барча қилаётган ишларини тўхтатиб қўяди, кайфияти бузилади, фикри карахт ва камгап бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолиб, жанжал кўтаради ва ғазабланиб юради. Бу ҳолат дистимия деб аталади. Шу боис унга жиддий ишларни топшириб бўлмайди. Дистимияни депрессиядан ажратиш баъзан қийин. Шунинг учун уларни узоқ вақт кузатувга олиш зарур.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев