ҚУЙМИЧ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ
Қуймич нерви (n. ischiadicus) L4–L5, S1–S3 сегментлар илдизчаларидан ташкил топган. Қуймич нерви организмнинг энг йўғон ва узун нерви ҳисобланади. У ҳаракат, сезги ва вегетатив толалардан иборат. Қуймич нерви люмбосакрал чигалдан кичик тос бўшлиғида шаклланади. Нерв ноксимон мускулнинг (m. piriformis) пастки қисмида жойлашиб, қуймич суягининг катта тешиги орқали тос бўшлиғидан чиқади. У соннинг орқа томони бўйлаб мускуллар орасидан пастга тушиб келади ва тиззаости чуқурчасига етмасдан икки тармоққа – болдирнинг кичик (n. peroneus) ва катта (n. tibialis) нервларига ажралади.
Этиологияси. Қуймич нерви, асосан, чаноқ суяги жароҳатлари, кичик тос бўшлиғи ўсмалари, абсцесси, турли инфекцион касалликлар, ОИТС, думба соҳаси инъекцияларидан сўнг зарарланади. Ноксимон мускул синдромида бу нервнинг туннел невропатияси ривожланади. Қуймич нерви невропатияси кам учрайди.
Клиникаси. Қуймич нерви ўтадиган жойлар бўйлаб оғриқ кузатилади. Қуймич нерви ва унинг тармоқлари бўйлаб босганда кучли оғриқ аниқланади. Ласег симптоми мусбат бўлади. Болдир ва оёқ панжаси мускуллари атрофияга учрайди. Оёқ панжаси пастга осилиб ва бироз ичкарига буралиб қолади, уни юқорига букиб бўлмайди. Оёқни тизза бўғимида букиш ҳам қийинлашади. Бемор ўрнидан турганда ва қадам ташлаганда қийналади. Ахилл рефлекс па-саяди ва сўнади. Соннинг орқа томони, болдирнинг орқа-латерал юзаси ва оёқ панжасининг устки қисми бўйлаб гипестезия кузатилади.
Оёқда вегетатив-трофик ўзгаришлар яққол намоён бўлади. Оёқ териси ҳарорати пасайиб, у мармар тусга киради. Гипергидроз, цианоз, гиперкератоз ҳам кузатилади. Оёқ панжасида трофик ярачалар пайдо бўлиши мумкин.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев