КЛИМАКТЕРИК СИНДРОМ
Соғлом аёл организмида репродуктив система 60-65 ёшга етганда ўз фаолиятини тўхтатади. Климактерик давр (син: климакс) – организмнинг репродуктив системасида инволюцион жараёнлар устунлик қиладиган физиологик жараёнлардан иборат давр. Бу давр 10 йилгача, баъзан ундан ҳам ортиқ давом этади. Бу даврда аввал ҳомиладор бўлиш, сўнгра ҳайз кўриш тўхтайди.
Климактерик давр кетма-кет келувчи 3 босқичга бўлиб ўрганилади.
- Пременопауза– 45-47 ёшларда бошланади ва хайзлар тугагунча давом (2-10 йил) этади.
- Менопауза– сўнгги ҳайз. Аксарият аёлларда хайз келиши 50 ёшда бутунлай тўхтайди, яъни менопауза бошланади. Баъзи аёлларда хайз келиши 40 ёшда тўхтаса, баъзида бу жараён 60 ёшгача давом этади.
- Постменопауза– менопаузадан сўнгги давр.
Пременопаузал даврнинг физиологик кечишида тухумдон функциясининг секин-аста пасайиши кузатилади. Бу жараённинг клиник манзараси менопаузанинг бошланганлигидан далолат бериб туради. Репродуктив системанинг постменопаузал даврида кузатиладиган ўзгаришлар эстрогенлар миқдорининг кескин камайиши билан боғлиқ.
Менопауза физиологик жараён бўлиб, одатда ички аъзолар ва системалар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмасдан намоён бўлади. Менопаузадан сўнг ички аъзо ва тўқималарда ўзига хос қариш жараёни бошланади, айниқса, эндокрин безлар ва жинсий аъзолар ҳажми кичрайиб боради. Эстрогенлар миқдорининг етишмаслиги сабабли остеопороз ривожланса, прогестерон миқдори етишмаслиги ички аъзо ва тўқималарда гиперпластик жараёнларни жадаллаштиради. Шу боис бу аъзоларда ўсмалар ривожланиши ҳам мумкин. Организмда эстрогенлар ва прогестеронлар миқдорининг етарли даражада бўлиши кайфиятнинг юқори даражада бўлишига ҳам ёрдам беради. Шунинг учун ҳам бу гормонларнинг етишмовчилиги руҳият ва ҳиссиётнинг турли даражада ифодаланган бузилишлари, айниқса, хавотирли депрессияларга сабабчи бўлади.
Климактерик даврнинг физиологик кечишига бир қанча омиллар ўз таъсирини кўрсатади, яъни ҳомиладорлик ва туғиш даврларининг соғлом тарзда кечиши, рационал тарзда овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлар (ичиш, чекиш) нинг йўқлиги, меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш ва ҳ.к.
Аёлларда климактерик синдром
Климактерик синдром климактерик даврда бир қанча психопатологик, вегетатив, эндокрин, соматик ва моддалар алмашинувининг бузилишлари билан кечадиган синдромдир. Турли маълумотларга кўра, климактерик даврда климактерик синдром деярли 50 % аёлда учрайди. Ушбу синдром пременопауза даврида 30 %, менопауза бошланганда 70 % аёлда учрайди.
Клиникаси. Климактерик синдромнинг клиник белгилари турли-туман бўлиб, улар руҳий-ҳиссий, вазомотор, урогенитал, эндокринологик ва терида кузатиладиган инволюцион ўзгаришлардан иборат.
Руҳий-ҳиссий бузилишлар: |
• жаҳлдорлик • уйқучанлик • ҳолсизлик • безовталаниш • депрессия • паришонхотирлик • иштаҳа бузилиши • либидо пасайиши • ҳиссий зўриқишлар |
Вазомотор ўзгаришлар: |
• бирдан қизиб кетиш (юз, бош ва бўйинда кўпроқ) • терга ботиш, музлаб кетиш • бош оғриқлар, бош айланишлар • артериал гипо- ёки гипертония • тахикардия, нафас етишмаслиги • оёқ-қўллар увишиши, оғриқлар |
Урогенитал симптомлар: |
• қин намлиги пасайиши ёки қуриб қолиши • жинсий яқинлик пайтида оғриқлар • қиннинг қичиши ва ачиши • тез-тез сийиш, никтурия • баъзан сийдик тута олмаслик • қин деворининг тушиши |
Эндокрин бузилишлар: |
• семириш • остеопороз • қандли диабет • қалқонсимон без фаолияти бузилишлари • мастопатия • бўғимлар ва мушаклардаги оғриқлар |
Терида кузатиладиган ўзгаришлар: |
• тери қуриши • тирноқлар синиши • соч тушиши • ажинлар пайдо бўлиши |
Климактерик синдром учун ўта хос бўлган белги (90-95 % ҳолатларда) бирдан қизиб кетишдир. Бир кунда бир неча маротаба кузатиладиган бу симптом 1-2 дақиқа давом этади. Тананинг юқори қисми, айниқса, юз, бош ва бўйин қизиб кетиши тўсатдан ёғилиб келади ва дарров ўтиб кетади. Бу пайтда беморни кучли тер босади, қизиб кетади, юрак уриши тезлигини баъзан санаб бўлмай қолади, яъни у бир дақиқада 150 дан ошиқ уради. Кучли тахикардия билан биргаликда АҚБ ҳам кескин кўтарилади. Гипертония касаллиги бор беморларда АҚБ 200/100 мм сим.уст. ва ундан юқоригача ошади. Баъзан озгина руҳий сиқилиш ҳам бу хуружни қўзғаб юборади. Климактерик синдромда бирдан қизиб кетиш симптоми гипоталамуснинг терморегулятор фаолияти бузилиши билан изоҳланади. Баъзан климактерик хуружни стенокардия хуружи билан фарқлашга тўғри келади, чунки юрак соҳасида ҳам оғриқлар кузатилади. Климактерик синдромда кардиалгиянинг кузатилиши кардиомиоцитларда моддалар алмашинувининг бузилиши ва симпатик ирритациянинг кучайиши билан боғлиқ, деб ҳисобланади.
Менопаузадан сўнг организмнинг иммунологик қаршилиги пасайиши сабабли, мавжуд сурункали касалликлар қўзғаши мумкин. Масалан, ЮИК, бронхиал астма ва б.қ. Беморнинг юқори нафас йўлларида ўткир респиратор инфекцияларга ўхшаш ҳолатлар тез-тез кузатилади. Улар сал совуққа ҳам тез “шамоллаб” қолишади. Шунингдек, сурункали бронхит, вазомотор ринит, конъюктивит, стоматит, ларингит, астма ва шу каби бошқа аллергик касалликлар ҳам қўзғалади. Климактерик синдромда эстрогенлар миқдорининг пасайиши ички аъзо ва системаларнинг турли патологик ҳолатларга чидамлилигини пасайтиради, улар ташқи ва ички таъсиротларга сезгир бўлиб қолади. Натижада, ички аъзолар соҳасида, айниқса, Заҳарин-Хед соҳаларида ачиштирувчи оғриқлар пайдо бўлади.
Менопаузадан сўнг жинсий ва сийдик ажратиш аъзолари тўқималарида атрофик жараёнлар давом этади. Бачадон ва сут безларида ўсмага ўхшаш ҳолатларнинг пайдо бўлиши, буйрак ва бачадон соҳасида оғриқлар, сийдикнинг ачишиб чиқиши, тез-тез сийиш, (айниқса, тунда) ва либидо сўниши климактерик синдромнинг барча турларида кузатилади. Эстрогенлар етишмовчилиги нафақат жинсий аъзолар фаолияти, балки бошқа тўқималарга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам тери қурий бошлайди ва юпқалашади, ажинлар пайдо бўлади, тирноқлар мўртлашади ва соч тўкилади.
Климактерик синдромда руҳий-ҳиссий бузилишлар турли-туман бўлиб, улар беморнинг темпераменти, оила ва жамиятда тутган ўрни, йиллар мобайнида шаклланиб қолган хулқ-атворига боғлиқ. Климактерик синдром хуружларидан сўнг баъзи беморларда депрессия, хавотир ва апатия аломатлари кузатилса, бошқа бирларида агрессив ҳолат юзага чиқади. Бу ҳолатлар, албатта, йиғлоқилик, қўрқув ва уйқу бузилишлари билан намоён бўлади. Улар ҳар хил ҳидлар, ёруғлик ва товушларга сезгир бўлиб қолишади, бу нарсалар уларни асабийлаштиради. Бемор климактерик хуружлардан сўнг ортиқча шовқин-суронлардан қочиб, тинч ва қоронғи хонада дам олишга интилади.
Кечиши. Климактерик синдромнинг кечиши, асосан, унинг қачон ва қандай бошланганлиги, касаллик даражаси ва, албатта, йўлдош касалликларнинг мавжудлигига боғлиқ. Айниқса, асаб системаси касалликлари, юрак-қон томир касалликлари, сурункали инфекциялар климактерик синдромнинг кечишига салбий таъсир кўрсатади, унинг узоқ вақт давом этиши ва асоратлар билан кечишига сабабчи бўлади. Шу билан бирга, климактерик синдром ҳам соматик касалликлар кечишини оғирлаштиради. Маълумотларга кўра, климактерик синдромнинг деярли ярми турли хил асоратлар билан кечади. Бу асоратлар атеросклероз ва юрак ишемик касаллигининг зўрайиши, гипертоник хуружларнинг қўзиши, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилишлари билан намоён бўлади.
Климактерик синдромнинг енгил, ўрта ва оғир даражада кечиши фарқланади. Уларни фарқлаш, асосан, климактерик хуружларнинг сонига қараб белгиланади. Агар бирдан қизиб кетиш хуружлари кунига 10 маротаба кузатилса – енгил, 10-20 маротаба кузатилса – ўртача, ундан кўп кузатилса – оғир кечиши деб юритилади.
Климактерик синдромнинг енгил кечишида беморнинг умумий аҳволи қониқарли бўлиб, соматик бузилишлар кам кузатилади. Аммо, беморнинг ақлий ва жисмоний меҳнат фаолияти бироз сусаяди. Ўрта даражада кечишида нейровегетатив, соматик ва эндокрин бузилишлар кучлироқ ифодаланган бўлади. Беморда бош оғриқ, бош айланиши, юрак уришлари, уйқу ва хотира бузилишлари, тананинг турли жойида оғриқлар, ошқозон-ичак фаолияти бузилишлари каби симптомлар вужудга келади. Санаб ўтилган барча симптомлар кучли даражада ифодаланган хавотирли-депрессив бузилишлар билан кечади. Булар беморнинг меҳнат ва яшаш фаолиятини кескин пасайтиради.
Климактерик синдромнинг оғир кечишида хуружлар сонидан ташқари, кучли ифодаланган ва асоратлар билан кечувчи соматик бузилишларнинг ҳам ўрни катта. Касалликнинг оғир турида беморларга уй шароитида бир кунда бир неча бор тез тиббий ёрдам кўрсатишга ва аксарият беморларни шифохонага жойлашга тўғри келади. Улар кўпинча пароксизмал тахикардия, артериал гипертония ва юрак ишемик касаллиги хуружлари ташхислари билан кардиология бўлимига ётқизилади. Одатда, климактерик синдром қанча эрта бошланса, шунча оғир кечади ва узоқ давом этади, масалан 40-45 ёшгача кузатилган менопаузаларда касаллик шундай кечади. Албатта, бу давр меҳнат фаолияти даври бўлганлиги сабабли ҳам касалликнинг оғир кечиши беморни ишга лаёқатсиз қилиб қўяди. Хуружлар сонининг кўплигидан эса беморнинг яқинларидан бири уни парвариш қилиш учун уйда қолишга мажбур бўлади.
Ташхис. Климактерик синдром билан беморлар бошқа мутахассислар кўриги ва бир қанча текширувлардан ўтишлари зарур. Айниқса, гинеколог эндокринолог, невропатолог, кардиолог ва албатта психолог кўриклари зарур бўлади. УАВ эса климактерик синдромни тўғри аниқлаш учун мутахассислар текширувларини ташкил қилиши, мутахассислар хулосаларидан сўнг эса беморни даволашни ўз назоратига олиши зарур.
Ташхисни тўғри аниқлаш учун УАВ қуйидаги текширувларни ташкиллаштиради: мутахассислардан терапевт, гинеколог, невропатолог, эндокринолог, маммолог, уролог ва заруратга қараб бошқа мутахассислар; параклиник текширувлардан ЭКГ, ЭЭГ, краниограмма ёки гипоталамо-гипофизар соҳани кўриш учун КТ, АҚБ мониторинги, ички ва тос аъзоларини УТД, маммография қилинади. Лаборатор текширувлардан электролитлар, қанд миқдори, гормонлар (эстроген, прогестерон, қалқонсимон без гормонлари) текширилади. Шунингдек, атипик ҳужайраларни аниқлаш учун цитологик текширувлар ҳам ўтказилади.
Даволаш. Ташхис тўғри аниқлангандан сўнг унинг кечишига мос равишда даволаш дастури ишлаб чиқилади. У бир нечта босқичдан иборат бўлиб, комплекс тарзда олиб борилса, ижобий натижага эришиш осон бўлади. Булар: 1) меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш; 2) рационал овқатланиш; 3) рационал психотерапия; 4) психофармакотерапия (антидепрессантлар, транквлизаторлар, седатив дорилар, баъзан нейролептиклар); 5) физиотерапевтик муолажалар ва жисмоний тарбия; 6) бета-адреноблокаторлар; 7) гормонотерапия, витаминотерапия; 8) остеопорозни бартараф этиш; 9) дам олиш сиҳатгоҳларида даволаниш.
Жисмоний машқлар. Беморни даволашда оддий бадантарбиядан тортиб, то махсус жисмоний машқларгача буюрилади. Жисмоний машқларнинг ижобий таъсири жуда катта. Бемор ҳар куни эрталаб 15-20 дақиқа бадантарбия қилиши, ҳафтасига 2-3 маротаба соғломлаштириш марказларига қатнаши ва турли жисмоний машқларда иштирок этиши зарур, айниқса, сузишнинг аҳамияти катта. Эрталабки секин қадамлар билан югуриш, тушликдан сўнг кўчага сайрга чиқиб туриш ҳам жуда фойдали. Жисмоний машқлар тўқималарни кислород билан таъминланишини кучайтиради, юрак фаолиятини мустаҳкамлайди, организмнинг турли инфекцияларга қаршилигини оширади. Шунинг учун ҳам барча тўқималарда моддалар алмашинувининг бузилиши билан кечувчи климактерик синдромда режали тарзда олиб бориладиган спортнинг енгил турлари мутахассислар томонидан кўп тавсия қилинади. Шунингдек, умумий уқалаш ёки бўйин-елка соҳаларини уқалаш буюрилади. Жисмоний машқлар беморнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиб хуружлар сонини камайтиришга ёки енгил ўтишига ёрдам беради.
Рационал овқатланиш. Климактерик синдромда анорексия ва булимия ҳолатларининг кўп кузатилиши овқатланиш тартибини бузиб юборади. Шунинг учун ҳам рационал овқатланиш қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш ва ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда қўллаш ўта муҳимдир. Овқат сифатли, витаминларга бой, енгил ҳазм бўладиган ва ош тузини кам ишлатиб тайёрланган бўлиши керак. Овқат, асосан, ўсимлик ёғига тайёрланган бўлиши, мева ва сабзавотлар кўп, углеводлар эса кам истеъмол қилиниши керак.
Сиҳатгоҳларда даволаниш. Организмни табиий чиниқтириш учун сиҳатгоҳларда дам олиш, айниқса, шанба, якшанба кунлари дам олиш масканларига чиқиб туриш, уй шароитларида эса турли гиёҳлардан иборат ванналар қабул қилиш, совуқроқ сувларда душ қабул қилиш ҳам буюрилади. Кислородли, радонли ва йод-бромли ванналар ҳамда игна билан даволаш ҳам яхши ёрдам кўрсатади. Шунингдек, сувости уқалашлари, балчиқ билан даволаш ва дориларни электрофорез орқали юбориш ҳам тавсия этилади.. Сиҳатгоҳларда бундай муолажалар билан даволаниш, асосан, климактерик синдромнинг енгил турлари, баъзан ўрта даражада кечувчи турларида буюрилади. Климактерик синдромнинг оғир турида эса физиотерапевтик муолажалар мумкин эмас. Шунингдек, фаол таъсир кўрсатувчи физиотерапевтик муолажалар артериал гипертония, бачадон миомаси ва мастопатияларда мумкин эмас.
Гормонотерапия. Гормонлар климактерик синдромнинг енгил турида буюрилмайди. Гормонотерапиянинг мақсади климактерик синдромда кузатиладиган гормонлар етишмовчилигининг ўрнини қоплашдир. Бу мақсадда эстрогенлар, гестагенлар ва андрогенлар қўлланилиши мумкин. Гормонлар билан даволашни ва қандай гормон тавсия қилишни гинеколог ёки шу соҳада фаолият кўрсатувчи эндокринолог ҳал қилади. Гормон билан даволашга монелик қилувчи ҳолатлар: бачадон, тухумдон ва сут бези ўсмалари, бачадон ва бошқа ички аъзолардан қон кетиши, ўткир тромбофлебит, буйрак ва жигар етишмовчиликлари, хафақон касаллигининг оғир турлари, қандли диабет.
Климактерик синдромда даволаш муолажаларини эрта бошлаш ўта муҳим. Касаллик бошланганига 1-2 йил ўтса-да, режали даволанишни чўзиб юрган беморда кейинчалик даволаш муолажалари самараси паст бўлади. Одатда, даволаш муолажалари тўғри бошланса, 6 ой ичида климактерик синдром аломатларини бартараф этиш мумкин.
Профилактика. Аёл кишини зарур тиббий-психологик текширувлардан ўтказиб, уни климактерик даврга психологик тайёрлаш бу синдромнинг анча енгил ўтишига ёрдам беради. Климактерик давр барча аёлларда эртами-кечми, албатта кузатилиши, унинг сабаблари, қандай кечиши, даволаш усуллари ва профилактикаси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиши зарур. Аёл кишини климактерик даврга тайёрлашда УАВ нинг ўрни катта. Чунки турли касалликлар сабабли, аксарият аёллар унга мурожаат қилишади. Умумий амалиёт врачи 35-40 ёшдан ошган барча аёллар билан ушбу синдром ҳақида суҳбатлар ўтказиши зарур. Климактерик синдром ҳақида тўла маълумотга эга бўлган аёллар ўзларининг ҳаёт тарзини кескин ўзгартириш, ўзида мавжуд бўлган касалликлардан даволаниш, руҳан ва жисмонан фаол ҳаёт тарзига ўтишга интилишади, албатта.
Эркакларда климактерик синдром
Эркаклар климакси аёллар климакси каби нормал физиологик жараёндир ва у организмда қариш даври бошланганлигидан далолат беради. Эркаклар климакси ҳеч қандай субъектив ва объектив симптомларсиз кечиши мумкин. Агар климакс 45 ёшгача кузатилса – эрта, 60 ёшдан сўнг кузатилса – кеч климакс ҳақида сўз кетади. Агар климакс кардиологик, урологик ва бошқа соматик бузилишлар билан намоён бўлса, патологик климакс ҳақида сўз боради. Эркакларда 40-70 ёшлар орасида жинсий безларда атрофик жараёнлар бошланади ва андрогенлар синтези сустлашади. Уруғдонларнинг тестостеронга сезгирлиги пасаяди, моякда дегенератив ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. Жинсий аъзолардаги яллиғланиш касалликлари, айниқса, гиперпластик жараёнлар, сурункали алкоголизм, кастрация, юрак-қон томир системаси касалликлари климакснинг патологик тарзда кечишига туртки бўлади.
Эркаклар климаксида ҳам бирдан қизиб кетиш, юз, қўллар ва бўйин соҳасининг қизиб кетиши, тахикардия, кўз олди қоронғилашуви, нафас етишмовчилиги, бош айланиши кузатилади. Албатта, бу жараёнлар кайфият тушиб кетиши, жаҳлнинг тез кўтарилиши, АҚБ ошиши, бош оғриқлар ва кардиалгиялар билан кечади. Бу даврда простата бези аденомаси кўп кузатилганлиги сабабли сийдик ажратиш системаси ва жинсий аъзолар фаолиятининг бузилишини кўрсатувчи бир қатор симптомлар юзага келади. Сийдик йўлларидаги оғриқлар, сийишнинг қийинлиги, жинсий фаолиятнинг сусайиши шулар жумласидан.
Эркаклар климакси аёлларникига қараганда енгил кечади. Бироқ эркаклар климакси клиникасида ҳам руҳият ва ҳиссиётнинг бузилишлари асосий ўрин тутади. Булар арзимаган сабабдан жаҳл чиқиши, қўрқув, безовталаниш, уйқу ва хотира бузилишларидир. Терида ажинлар пайдо бўлади, мушаклар бўшашади, жисмонан ва руҳан тез чарчаш пайдо бўлади. Одатда, эркаклар климакси 2–5 йил давом этиб, сўнг симптомлар секин-аста қайта бошлайди.
Давоси. Эркаклар климаксини даволаш ҳам аёллар климаксини даволашдаги каби комплекс тарзда олиб борилади, яъни психотерапия, антидепрессантлар, транквилизаторлар, седатив дорилар, физиотерапия, жисмоний тарбия, сиҳатгоҳларда даволаниш буюрилади. Климакс оғир кечган ҳолатларда андрогенлар (метилтестостерон, тестостерон, сустанон) тавсия қилинади. Қўшимча тарзда жинсий фаолиятни кучайтирувчи дорилар буюрилади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев