КОЛЛАПС


 Коллапс — артериал ва веноз босимнинг кескин тушиб кетиши билан намоён бўлувчи ўткир қон-томир етишмовчилиги. Коллапс юзага келиши юракдан чиқувчи ва циркуляция қилувчи қон ҳажмининг тўсатдан камайиб кетиши ҳамда артериялар тонусининг кескин тушиб кетиши билан боғлиқ. Коллапс барча аъзо ва тўқималар гипоксияси, моддалар алмашинувининг кескин сустлашуви ва ҳаётий муҳим функцияларнинг издан чиқиши билан кечади.

Этиологияси. Коллапснинг асосий сабаблари – миокард инфаркти ва ўткир қон йўқотишлар. Айниқса, катта ўчоқли инфаркт ва катта миқдорда қон йўқотишларда коллапс тез ривожланади. Шунингдек, ўпка артериялари тромбоэмболияси, турли этиологияли шоклар, тананинг катта соҳасини эгалловчи куйишлар, ўткир заҳарланиш ва интоксикациялар, нейроэндокрин касалликлар, ганглиоблокаторлар, нейролептиклар ва симпатолитиклар дозасининг ошиб кетиши коллапс ривожланишига сабабчи бўлади.    

Клиникаси. Коллапс ривожланганда беморнинг ранги оқариб кетади (кардиоген коллапсда цианоз), совуқ тер босади ва боши айланиб кетиб ўтириб олади ёки ётади. Беморнинг бутун бадани титрай бошлайди, оёқ-қўллари музлаб холсиз бўлиб қолади. Ҳуши ҳали сақланган бўлса-да, атрофдагилар билан мулоқотга кириша олмайди. Ҳаво етишмай тез-тез нафас олади, безовталаниб кучли қўрқув босади. Кўз олди қоронғилашиб кетади ва кўриши сустлашади. Корачиқлар кенгайиб, уларнинг ёруғлиққа реакцияси пасаяди. Қулоқлари битиб қолади, баъзида уларда кучли шовқин пайдо бўлади. Томир уриши билинар-билинмас ва юмшоқ бўлади, тахикардия аниқланади. Систолик АҚБ 80-60, диастолик АҚБ 60-40 мм сим уст. га тушади. Артериал гипертензия билан хасталанган беморларда коллапс пайтидаги АҚБ кўрсаткичлари бироз юқори бўлиши мумкин. Тана ҳарорати ҳам пасаяди.

Неврологик статусда мускуллар гипотонияси ва пай рефлекслари пасайиши аниқланади. Агар беморга тез ёрдам кўрсатилмаса, у хушини йўқота бошлайди. Бундай пайтларда коллапс комага ўтади ва бемор ҳалок бўлиши мумкин. Ҳар қандай этиологияли коллапсда қон қуюқлашади, азотемия ва олигурия кузатилади.

Коллапс клиникаси уни юзага келтирган этиологик омилларга ҳам боғлиқ. Масалан, кардиоген этиологияли коллапсда юракнинг ўткир етишмовчилиги ва ўпка шиши симптомлари кузатилади. Инфекцион этиологияли коллапс септик шок пайтида ривожланади ва бунда тана ҳарорати тушиб кетади, бутун тери нам бўлади, яъни бемор ётган чойшаб жиққа хўл бўлади. Ортостатик коллапс узоқ кунлар горизонтал ҳолатда ётган бемор ўрнидан турган пайтда рўй беради. Ортостатик коллапс одатда енгил кечади ва бемор яна ўрнига ётиб олса, аҳвол яхшиланади. Турли заҳарланишлар сабабли ривожланган токсик коллапслар кўнгил айниш, кетма-кет қусиш, диарея ва организмнинг умумий сувсизланиши билан кечади.

Ташхис. Ташхис зудлик билан аниқланиши керак. Чунки бундай беморлар ҳаёти доимо ҳавф остида бўлади. Коллапс ташхиси, асосан клиник симптомлар ва АҚБ даражасига  қараб қўйилади. Ушбу касалликка хос клиник белгилар, АҚБ пасайиб кетиши ва гематокрит кўрсаткичлари ташхис қўйишда қийинчилик туғдирмайди. Қиёсий ташхис синкопье билан ўтказилади. Синкопье коллапсга қараганда анча енгил ҳолат. Синкопьеда хуш қисқа вақтга йўқолади, АҚБ кескин тушиб кетмайди ва бемор тезда ўзига келади. Масалан, беморнинг юзига совуқ сув сепганда, новшадил ҳидлатганда ва яна горизонтал ҳолатга ётқизганда тезда хушига келади.

Коллапс турли этиологияли шокларнинг ажралмас қисмидир. Шокда ҳам АҚБ кескин тушиб кетади ва кучли гемодинамик бузилишлар рўй беради (“Шок” ёзилган жойга қаранг).

Тез ёрдам. Коллапсда тез ёрдам зудлик билан кўрсатилиши керак. Коллапс қаерда рўй беришидан қатъий назар унга тез ёрдам кўрсатилиб, зудлик билан шифохонага олиб борилади. Ҳар қандай этиологияли коллапсда бемор горизонтал ҳолатга ётқизилади ва иккала оёғининг тагига ёстиқ қўйилади. Бемор ётган жой совуқ бўлмаслиги ва кислородга бой бўлиши керак. Унинг устига одеял ёпилади. Тери остига дарров 10 % ли 2 мл кофеин-бензоат натрий қилинади. Агар ортостатик коллапс рўй берган бўлса, ушбу муолажаларнинг ўзи етарли бўлиб, бемор тезда ўзига келади.

Инфекцион этиологияли коллапсда қўшимча равишда электролитлар (натрий бикорбанат, ацесол, дисол) ва коллоид эритмалар (реополиглюкин, реосорбилакт) венадан томчилатиб юборилади. Коллапс даражасига қараб бу дорилар 1000-2000 мл миқдорда оз-оздан қуйилади. Волемик эритмалар циркуляция қилувчи қон хажмини оширади ва юрак фаолиятини қайта тиклайди. Шу боис улар турли этиологияли коллапсларда қилинади. Коллапсларда натрий хлориднинг гипертоник эритмалари ҳам берилади.

Қон йўқотишлар сабабли рўй берган коллапсда қон кетаётган жой аниқланиб, у дарров тўхтатилади. Беморга қон ва плазма қуйилиши шарт. Токсик этиологияли коллапсда қўшимча равишда антидот терапия ўтказилади. Кардиоген этиологияли коллапсда деярли ҳар доим юрак аритмияси ривожланади ёки улар аввалдан мавжуд бўлади. Бундай беморлар биринчи ёрдамдан сўнг зудлик билан кардиореанимация бўлимига ётқизилади ва зарур муолажалар ўша жойда давом эттирилади.

АҚБ ни кўтариш учун венадан вазопрессорлар (допамин, норадреналин) юборилади. Допамин бир дақиқага 200 мкг тезликда венадан қилинади ёки 0,2 % ли 1-2 мл норадреналин 150–200 мл 5 % ли глюкоза ёки натрий хлориднинг изотоник эритмасида венадан бир дақиқага 20 томчи тезликда юборилади. Деярли барча ҳолатларда кислород ҳам берилади.

Прогноз. Коллапс прогнози уни келтириб чиқарган этиологик омил ва тез тиббий ёрдамнинг қай даражада кўрсатилишига боғлиқ. Миокард инфаркти, ўпка артериялари тромбози ва кўп қон йўқотишлар сабабли ривожланган  коллапсларда прогноз ўта мураккаб. Қолган ҳолатларда АҚБ ва циркуляция қилувчи қон хажмини зудлик билан тиклаш яхши натижаларга олиб келади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича