Кўзларни ҳаракатлантирувчи нервлар
Кўзларни ҳаракатлантирувчи нервлар ҳақида қисқача маълумот. Кўзларнинг ҳамкор ҳаракатлари III, IV ва VI нервларнинг биргаликдаги фаолияти билан боғлиқ. Уларнинг мия устунида жойлашуви ва иннервация қилувчи мускуллар 13-расмда акс эттирилган.
13-расм. Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар. 1 – III нервнинг Эдингер-Вестфал ядроси; 2 – III нервнинг йирик хужайрали ядроси; 3- III нервнинг орқа марказий ядроси; 4 – IV нерв ядроси; 5 – VI нерв ядроси; 6 – кўзни ҳаракатлантирувчи нерв; 7 – ғалтак нерв; 8 – узоқлаштирувчи нерв; 9 – уч шохли нервнинг кўзга борувчи тармоғи; 10 – юқори қийшиқ мускул; 11 – юқори қовоқни кўтарувчи мускул; 12 – юқори тўғри мускул; 13 – ички тўғри мускул; 14 – киприкларни иннервация қилувчи нервлар; 15 – цилиар тугун; 16 – ташқи тўғри мускул; 17 – пастки тўғри мускул; 18 – пастки қийшиқ мускул. |
III нерв – кўзларни ҳаракатлантирувчи нерв (n.oculomotorius). Ҳаракат нерви ҳисобланади. Унинг бир нечта ядролари бўлиб, улар Сильвий сув йўли тубида юқори икки тепалик соҳасида жойлашган. Ушбу нерв IV ва VI нервлар билан биргаликда кўз косасининг устки ёриғи (fissura orbitalis superior) орқали краниал бўшлиқдан чиқиб кўз косасига киради. III нерв қуйидаги кўзни ҳаракатлантирувчи мускулларни иннервация қилади:
- Юқори қовоқни кўтарувчи мускул (m.levator palpebrae superior);
- Кўз олмасини юқорига кўтарувчи ва бироз ичкарига бурувчи мускул (m.rectus superior);
- Кўз олмасини ичкарига бурувчи мускул (m.rectus medialis);
- Кўз олмасини пастга тортувчи ва бироз ичкарига бурувчи мускул (m.rectus inferior);
- Кўз олмасини тепага ва ташқарига буровчи мускул (m.obliquus inferior).
Шунингдек, яна иккита ядро (парасимпатик) III нерв системасига алоқадор ҳисобланади:
- Қорачиқни торайтирувчи мускул (m.sphincter pupillae) ни иннервация қилувчи Якубович-Эдингер-Вестфалнинг майда хужайрали жуфт ядроси.
- Аккомодацияни таъминловчи мускул (m. ciliarae) ни иннервация қилувчи Перлиа ядроси.
IV нерв – ғалтак нерв (n.trochlearis). Ҳаракат нерви ҳисобланади. Унинг ядроси Сильвий сув йўли тубида пастки икки тепалик соҳасида жойлашган. IV нерв кўз косасининг устки ёриғи (fissura orbitalis superior) орқали краниал бўшлиқдан чиқиб кўз косасига киради ва кўз олмасини пастга ва бироз ташқарига буровчи юқори қийшиқ мускулни (m.obliquus superior) иннервация қилади. Демак, IV нерв фақат битта мускулни иннервация қилади.
VI нерв – узоқлаштирувчи нерв (n.abducens). Ҳаракат нерви ҳисобланади. Унинг ядроси Варолий кўпригида ромбсимон чуқурча тубида ётади. Бу нерв ҳам fissura orbitalis superior орқали краниал бўшлиқдан чиқиб кўз косасига киради ва кўз олмасини ташқарига буровчи ташқи тўғри мускулни (m.rectus externus) иннервация қилади. VI нерв ҳам худди IV нерв каби фақат битта мускулни иннервация қилади.
Текшириш усуллари
Кўзни ҳаракатлантирувчи нервларга III IV VI нервлар киради. Тиббий амалиётда уларнинг функцияси бира-тўла текширилади. Дастлаб кўз ёриқлари умумий кўрикдан ўтказилади, сўнгра кўз олмаси ҳаракатлари ва қорачиқлар функцияси текширилади.
- Умумий кўрик. Дастлаб кўз ёриқлари шакли, ҳажми ва симметриклигига эътибор қаратилади. Кўз косаси ичида кўз олмаси бўртиб турса экзофтальм, ичкарига ботиб турса – энофтальм дейилади.
- Кўз олмаси ҳаракатларини текшириш. Неврологик болғача ёрдамида кўз олмасининг юқорига, пастга, ичкарига ва ён томонларга ҳаракати текширилади (14-расм).
14-расм. Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар функциясини текшириш усуллари |
Шу ерда ғилайлик (страбизм) бор-йўқлигига эътибор қаратилади. Агар III нерв зарарланса, қочувчи ғилайлик, VI нерв зарарланса, қўшилувчи ғилайлик кузатилади. Қуйида кўзни ҳаракатлантирувчи нервларнинг баъзи патологиялари келтирилган.
- Қорачиқларни текшириш. Соғлом одамда қорачиқлар кўз олмасининг ўртасида симметрик тарзда жойлашади, уларнинг диаметри иккала кўзда ҳам деярли бир хил бўлади. Қорачиқлар шакли айланасимон, четлари силлиқ ва текис бўлади. Қорачиқнинг кенгайишига мидриаз, торайишига миоз деб айтилади. Бир томондаги қорачиқ торайиб, иккинчи томондагиси кенгайган бўлса, бунга анизокория дейилади. Иккала қорачиқнинг бир-бирига яқинлашувига конвергенция деб айтилади.
Қорачиқларнинг қуйидаги функциялари текширилади:
а) қорачиқларнинг ёруғликка реакцияси;
б) қорачиқларнинг конвергенцияга реакцияси;
в) қорачиқларнинг аккомодацияга реакцияси.
А) Қорачиқларнинг ёруғликка реакцияси. Қорачиқлар ёруғликда тораяди, қоронғида кенгаяди. Шунингдек, қорачиқларга қайсидир буюм яқинлаштирилса тораяди, узоқлаштирилса кенгаяди. Врач қорачиқларнинг ушбу хусусиятларидан хабардор бўлиши лозим.
Қорачиқларнинг ёруғликка икки хил реакцияси фарқланади: биринчиси – қорачиқнинг ёруғликка тўғри реакцияси; иккинчиси – қорачиқнинг ёруғликка ҳамкор реакцияси. Бундай текширувлар ёруғ хонада олиб борилиши керак.
- Қорачиқнинг ёруғликка тўғри реакциясини текшириш усули. Врач беморнинг қорачиқларига бир назар ташлаб олади. Сўнгра кафти билан беморнинг бир кўзини бекитади (15-расм).
15-расм. Қорачиқнинг ёруғликка тўғри ва ҳамкор реакциясини текшириш усули |
Бунинг натижасида беркитилган кўз қорачиғи кенгаяди. Орадан 3-4 сония ўтгач кафтини олади ва бу кўзга ёруғлик тушиб қорачиқ кенгаяди. Бу синама қорачиқнинг ёруғликка тўғри реакцияси деб айтилади.
- Қорачиқнинг ёруғликка ҳамкор реакциясини текшириш усули. Врач кафти билан беморнинг бир кўзини бекитади ва унинг иккинчи кўзига қарайди. Очиқ қолган кўзда қорачиқ кенгаяди. Демак, нафақат кафт билан бекитилган кўз қорачиғи, балки бунга жавобан очиқ қолган кўздаги қорачиқ ҳам кенгаяди. Кафтини олса кенгайган иккала қорачиқ ҳам торайиб ўз ҳолига қайтади. Шу боис бу синамага қорачиқнинг ёруғликка ҳамкор реакцияси деб айтилади. Ушбу синамаларни кичик фонар ёрдамида текшириш ҳам мумкин.
Б) Қорачиқларнинг конвергенцияга реакцияси. Қорачиқларнинг конвергенцияга реакциясини текшириш учун узоқда ушлаб турилган бармоқ ёки болғачага қараш буюрилади. Сўнгра ушбу бармоқ беморнинг иккала қоши ўртасига яқинлаштириб келинади. Бунга жавобан иккала кўз олмаси бир-бирига яқинлашади, яъни конвергенция рўй беради (16-расм).
А |
б |
16-расм. Қорачиқларнинг конвергенцияга реакциясини текшириш усули. Расмда нормал (а) ва конвергенция рўй берган (б) ҳолат кўрсатилган. |
В) Қорачиқларнинг аккомодацияга реакциясини текшириш усуллари.
1-усул. Врач бармоғини беморнинг кўз олдидан узоқроқда ушлаб туради ва унга қарашни сўрайди (17а-расм). Бу пайтда унинг қорачиқлари кенгаяди. Сўнгра врач беморнинг кўзи олдига бармоғини бирданига яқинлаштиради (17б–расм). Бу пайтда қорачиқлар бирданига торайиб, яна ўз ҳолига қайтади.
А |
б |
17-расм. Қорачиқларнинг аккомодацияга реакциясини текшириш усули (1-усул). а) бармоқ кўздан узоқроқ ушланган ҳолат; б) бармоқ кўзларга яқинлаштирилган ҳолат. |
2-усул. Беморнинг бир кўзи кафти билан ёпилади ва очиқ қолган кўзи билан врачнинг узоқроқда ушлаб турган бармоғига қараш буюрилади (18а-расм). Бунда қорачиқ кенгаяди. Сўнгра врач бармоғини беморнинг кўзига бирдан яқинлаштириб келади. Бунга жавобан қорачиқ тораяди (18б-расм). Қорачиқларнинг торайиш ва кенгайиш хусусиятига аккомодация дейилади.
А |
б |
18-расм. Қорачиқларнинг аккомодацияга реакциясини текшириш усули (2-усул) |
Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар патологияси
Птоз ва яримптоз. Юқори қовоқнинг тўла тушиб кўзни ёпиб қўйишига птоз, ярим ёпиб қўйишига яримптоз деб айтилади. Птоз III нерв зарарланиши учун жуда хос симптом. Бир томонлама птоз ўша томондаги III нерв зарарланиши билан боғлиқ бўлса, икки томонлама птоз миастения касаллиги учун хос. IV ва VI нервлар зарарланганда птоз кузатилмайди.
Диплопия. Нарсаларнинг иккита бўлиб кўринишига диплопия деб айтилади. Диплопия нормада кузатилмайди. III нерв зарарланганда диплопия тўғрига ва юқорига қараганда, IV нерв зарарланганда пастга қараганда пайдо бўлади (масалан, зинапоядан тушаётганда), VI нерв зарарланганда ён томонларга қараганда кузатилади. Диплопия бор-йўқлигини текшириш учун иккала кўз ҳам очиқ бўлиши керак. Битта кўзни юмганда ҳар қандай диплопия йўқолади. Агар бемор битта кўзини юмганда ҳам “Мен иккита кўраяпман” деса, демак у симулянт ёки агравация қилаяпти.
Нистагм. Кўз олмалари ҳаракатларини текшириш мобайнида нистагм бор-йўқлиги ҳам ўрганилади. Кўз олмаларининг ритмик тебранишига нистагм деб айтилади. Нистагм, одатда, ўсма, инсульт, ИКГ, КЦЖ, энцефалит каби касалликларда ривожланади. Кўз касалликлари билан боғлиқ нистагмга окуляр нистагм деб айтилади. Мияча касалликлари ва вестибулопатияларда нистагм деярли ҳар доим кузатилади. Клиник амалиётда горизонтал, вертикал ва ротатор нистагмларга кўпроқ эътибор қаратилади. Горизонтал нистагм кўз олмаларини ён томонларга, вертикал нистагм эса юқорига ва пастга ҳаракатлантирганда пайдо бўлади. Айланасимон типда намоён бўлувчи нистагм ротатор нистагм номини олган. Окуляр (оптик) нистагм (масалан, миопияда) коррекция қилувчи кўзойнаклар таққанда йўқолади ёки кескин камаяди. Бу ҳолат неврологик касалликлар сабабли юзага келган нистагмда кузатилмайди. Соғлом одамда нистагм бўлмайди. Бироқ нистагмга ҳар доим ҳам оғир касаллик белгиси сифатда қараш керак эмас. Масалан, доимо сигарет чекувчиларда никотин билан сурункали заҳарланиш сабабли нистагм кузатилиши мумкин. Шунингдек, ишлаб юрувчи шахтёрларда ҳам нистагм аниқланади.
Миоз, мидриаз ва анизокория. Миоз турли заҳарланишлар ва гипоксияларнинг ўткир даврида кузатилса, мидриаз бундай ҳолатларнинг сурункали даврлари учун хос. Анизокория кўпинча, олдинги краниал чуқурча ҳамда бош миянинг локал зарарланишларида намоён бўлади. Миоз, мидриаз ва анизокорияга оид батафсил маълумот неврология ва реаниматологияга оид ўқув адабиётларида келтирилган.
Аржил-Робертсон синдроми. Қорачиқларнинг ёруғликка тўғри ва ҳамкор реакцияси бузилиб, конвергенция ва аккомодацияга реакцияси сақланиб қолса, тўғри Аржил-Робертсон синдроми дейилади. Бу ҳолат нейрозаҳм учун хос. Заҳм ўтказган беморнинг қорачиқлари ёруғликда тораймайди. Аксинча, қорачиқларнинг конвергенция ва аккомодацияга реакцияси бузилиб, ёруғликка тўғри ва ҳамкор реакцияси сақланиб қолса, буни тескари Аржил-Робертсон синдроми дейишади. Бу ҳолат энцефалитлар (айниқса, летаргик энцефалит) учун хос.
Офтальмоплегия. Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар (III, IV, VI нервлар) бира-тўла зарарланса тўла офтальмоплегия ривожланади ва бунда кўзлар мутлақ ҳаракатсиз бўлиб қолади. Агарда ташқи мускуллар фалажланса – ташқи офтальмоплегия, ички мускуллар зарарланса – ички офтальмоплегия ривожланади. Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар патологияси билан боғлиқ баъзи маълумотлар 19-расмда келтирилган.
19-расм. Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар патологияси. 1 – ўнг томонлама птоз (III нерв патологияси); 2 — қочувчи ғилайлик (III нерв патологияси); 3 — ўнг томонлама мидриаз (III нерв патологияси); 4 — қўшилувчи ғилайлик (VI нерв патологияси ); 5 — пастга қараганда қўшилувчи ғилайлик (IV нерв патологияси); 6 — чап қорачиқда миоз (парасимпатик ядро таъсирланган) |
Профессор Зарифбой Ибодуллаев