Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси КТ ВА МРТ ҲАР ДОИМ ҲАМ ТАШХИСНИ ТЎҒРИ АНИҚЛАЙДИМИ?

КТ ВА МРТ ҲАР ДОИМ ҲАМ ТАШХИСНИ ТЎҒРИ АНИҚЛАЙДИМИ?


Компьютер томография (КТ) ва магнитли-резонанс томографиянинг (МРТ) яратилиши тиббиёт учун оламшумул кашфиёт бўлди. Ушбу замонавий диагностика усуллари ХХ асрнинг 90-йиллари тиббиётга кириб келди. Бундай ихтиро муаллифлари Нобель мукофотига ҳақли равишда сазовор бўлишди. КТ ва МРТ текширувларидан тиббий диагности­канинг ҳар қандай йўналишида фойдаланиш мумкин. Айниқса, КТ ва МРТ неврологияда жуда катта аҳамиятга эга. Бироқ...

Баъзи беморлар врач тавсияси бўлмаса-да, бош миясини КТ ёки МРТ текширувидан ўтказишади. У ердаги “атрофия” ёки “энцефалопатия” сўзларини ўқиб ваҳимага тушишади. Бу ҳолатлар ҳақида китобда маълумот берганмиз.

Бели оғрийдиган баъзи беморлар умуртқа поғонасини КТ ёки МРТ текширувидан ўтказиб, аниқланган кичик ҳажмли диск чуррасидан ваҳимага тушишади. Бел-думғаза умуртқалари орасида пайдо бўлган 2-3 ёки 4 мм. силжиган диск чурралари хавфсиз бўлиб, озгина даволаш муолажаларидан сўнг ўтиб кетади. Қай даражага етган диск чурраларини операциясиз ёки операция йўли билан даволашни невропатолог ва нейрохирург ҳал қилади. Малакали врач ҳеч қачон КТ ёки МРТ хулосасига таяниб қолмайди. У беморни обдон текшириб, диск чуррасини беморга тиғ теккизмасдан даволашга ҳаракат қилади. Бунинг иложи бўлмаса, операция йўли танланади. Лекин ҳар доим даволаш муолажасини кечиктирмаслик ва вақтни йўқотмасдан даволашга киришиш керак.

КТ ва МРТ ҳар доим ҳам ташхисни тўғри аниқлашга ёрдам бера олмайди. Масалан, невроз ва депрессиялар, эпилепсиянинг баъзи турлари, баъзи наслий касалликлар, моддалар алмашинуви бузилишлари, мускуллар озиши билан кечувчи касалликларда КТ ва МРТда ҳеч нарса аниқланмайди. Бундай пайтларда ташхис қўйишнинг бошқа усуллари, яъни лаборатор анализлар, биохимик ёки генетик текширувлардан фойдаланилади. Фақат суҳбат ўтказиш орқали қўйиладиган ташхислар ҳам борки, улар невроз ва депрессиядир.

Эслатма. Бирор бир текширувга боришдан олдин, албатта, врач кўригидан ўтинг. Балким КТ ва МРТ текшируви сизга шарт эмасдир.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича