Қўшимча нерв
Нерв ҳақида қисқача маълумот. Қўшимча нерв (n. accessorius, XI нерв) ҳаракат нерви ҳисобланади. Унинг ядроси узунчоқ миянинг пастки қисмида ва CI-CV спинал сегментларнинг олдинги шохи бўйлаб жойлашган. Ядронинг краниал қисми икки томонлама кортико-нуклеар иннервацияга эга, спинал қисми эса қарама-қарши томондан бир томонлама иннервация олади. Нервнинг спинал ядролардан чиқадиган қисми (radix spinalis) орқа миянинг латерал юзаси бўйлаб жойлашиб юқорига кўтарилади ва энсанинг катта тешиги (foramen occipitale magnum) орқали краниал бўшлиққа кириб нервнинг краниал қисми (radix cranialis) билан қўшилади. Ҳосил бўлган қўшимча нерв бўйинтириқ тешик (foramen jugulare) орқали краниал бўшлиқдан чиқади ва иккига бўлинади (34-расм).
34-расм. Қўшимча нерв
Нервнинг биринчи қисми тўш-ўмров-сўрғичсимон (m. sternocleidomastoideus) мускулга борса, иккинчи қисми трапециясимон мускул (m.trapezius) томон йўналади. Ушбу мускуллар бўйин, елка ва бошнинг турли томонларга ҳаракатларини таъминлайди. Уларнинг функциялари бошни ён томонларга буриш, орқага ва олдинга эгиш, елкаларни кўтариш (қисиш), елка камарини орқага тортиш, куракларни умуртқа поғонасига яқинлаштириш ва елкани горизонтал сатҳдан тепага кўтаришдан иборат.
Текшириш усуллари
Дастлаб беморнинг бўйин-елка соҳаси умумий кўрикдан ўтказилади. Сўнгра бошни ўнг ва чапга, олдинга ва орқага буриш ҳамда елкаларни кўтариш сўралади. Бўйин мускуллари пайпаслаб текширилади, уларнинг симметриклиги, атрофия ва фасцикуляциялар бор-йўқлигига эътибор қаратилади.
Тўш-ўмров-сўрғичсимон мускул кучини текшираётганда беморга “Бошингизни сал кўтариб ён томонга буранг” деб кўрсатма берилади. Врач эса бунга қаршилик кўрсатади (35а-расм). Трапециясимон мускул кучини текшириш учун эса “Елкаларни кўтариб шу ҳолатда ушлаб туринг” деб кўрсатма берилади. Сўнгра врач елкалар устидан босади (35б-расм).
35 а-расм. M. trapezius кучини аниқлаш синамаси |
35 б-расм. M. sternocleidomastoideus кучини аниқлаш синамаси. |
Патологияси. Қўшимча нерв ядроси ва илдизчаси зарарланганда ўша томонда елка тушиб туради, мускуллар атрофияга учрайди, бош олдинга осилиб қолади ёки уни соғлом томонга буриб бўлмайди, қўлни горизонтал чизиқдан тепага кўтариш қийинлашади (36-расм).
Беморнинг боши олдинга осилиб қолади |
Зарарланган томонда елка тушиб туради |
Қўлларни пастга тушириб кафтларни бир-бирига бириктириб турса, елка осилган томонда бармоқлар бироз чиқиб туради |
Қўлни горизонтал чизиқдан тепага кўтариб бўлмайди |
36-расм. Қўшимча нервнинг зарарланиш симптомлари |
Қўшимча нерв таъсирлантирилса бош, бўйин ва елкада тоник спазм ва клоник титроқлар юзага келади, бош қарама-қарши томонга қийшайиб қолади (тортиколлис).
Профессор Зарифбой Ибодуллаев