ИСИТМА
Иситма — тана ҳароратининг 37°С дан кўтарилиши билан намоён бўлувчи организмнинг ҳимоя-мослашув реакцияси. Иситма полиэтиологик синдром бўлиб, уларнинг ичида турли инфекциялар етакчи ўринни эгаллайди. Иситма механизми гипоталамусда жойлашган терморегуляция марказининг қўзғалиши билан боғлиқ.
Этиологияси ва патогенези. Терморегуляция марказини қўзғовчи пироген омиллар ичида вируслар, бактериялар ва улардан ажралиб чиққан токсинларнинг ўрнини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Шунингдек, турли нейроэндокрин касалликлар, пироген хусусиятга эга дорилар ва токсинлар, ишемик гипоксиялар, турли касалликлар сабабли моддалар алмашинувининг бузилишлари, гипоталус соҳаси ўсмалари, травматик жароҳатлари ва яллиғланиш касалликлари (энцефалитлар) тана ҳароратининг ошишига сабабчи бўлади. Шунингдек, психоген иситмалар ҳам фарқ қилинади.
Иситма турлари ва белгилари. Иситма даражасига қараб унинг қуйидаги турлари фарқланади:
- субфебрил (37,1 – 37,9 °С;
- ўрта даражадаги (38 – 39 °С);
- юқори иситма (39,1 – 41 °С);
- ўта юқори даражадаги (гиперпиретик) иситма (41 °С дан юқори).
Иситманинг кечиши бўйича қуйидаги турлари фақрланади.
- Доимий иситма (febris continua). Тана ҳарорати 39°С ва ундан ҳам юқорига кўтарилиб, бир неча кун ва ҳафталар давомида сақланиб туради. Кун мобайнида ҳарорат кўрсаткичи 1°С атрофида ўзгариб туриши мумкин. Иситманинг бу тури ўткир инфекцион касалликлар (зотилжам, менингит ва б.қ) да кузатилади.
- Ремиттирловчи иситма (febris remittens). Тана ҳароратининг ўзгариб туриши кун мобайнида 2°С дан ошмайди ва нормал кўрсаткичгача ҳам камаймайди. Бу турдаги иситма организмдаги йирингли жараёнлар учун хос.
- Кескин тарзда тўлқинсимон кечувчи иситма (febris intermittens). Тана ҳарорати бирданига 39-40 °С ва ундан ҳам юқорига кўтарилади ва қисқа муддат ичида нормал кўрсаткичларга (баъзида ундан ҳам паст) тушади. Орадан 1-3 кун ўтгач иситма яна ошиб кетади. Иситманинг бу тарзда кечиши безгак учун хос.
- Тинка-мадорни қуритувчи, яъни гектик иситма (febris hectica). Кун мобайнида тана ҳарорати нормадан 3-4°С га кўтарилади-ю, бир неча соатдан кейин яна кескин пасаяди (хатто нормадан ҳам пастга). Иситманинг бу тарзда ўйнаб туриши беморнинг тинка-мадорини қуритади ва ўта оғир вазиятни юзага келтиради. Бу иситма сепсис учун хос.
- Қайтувчи иситма (febris recurrens). Иситмали ва иситмасиз кунлар навбатма-навбат ўзгариб туради: тана ҳарорати 40°С гача ошади, бир неча кунлар ўтгач пасаяди ва яна ошади. Бу турдаги иситма қайтувчи тиф учун хос.
- Атипик иситма (febris athypica). Тана ҳароратининг юқорида кўрсатилган ҳолатларга ўхшамайдиган тўлқинсимон кечиши бўлиб, юқори иситма эрталаб кузатилади. Сил, бод, грипп ва сепсиснинг баъзи турлари учун хос.
Давоси. Субфебрил ҳарорат организмга ҳавф туғдирмайдиган ҳолат бўлиб, уни туширишнинг ҳожати йўқ. Бундай пайтларда тана ҳарорати ўлчаб турилади ва иситма сабаби изланади. Агар иситма 38,5°С ни ташкил қилса ва ундан оша бошласа, тана ҳароратини тушириш керак. Организм учун юқори даражадаги иситмалар ҳавфли бўлиб, унинг сабабини фаол излаш ва коррекция қилиш лозим. Шунинг учун ҳам барча тарихномаларда тана ҳароратини қайд қилиб бориш учун махсус жадваллар бор. Унда тана эрталаб ва кечқурун (баъзида ҳар 2 соатда) қайд қилиб борилади.
Тутқаноқ хуружларга мойил болаларда, яъни фебрил хуружларда тана ҳароратининг ҳар қандай кўтарилиши тутқаноқ хуружларини қўзғаб юбориши мумкин. Бундай пайтларда албатта тана ҳароратини нормал кўрсаткичларда ушлаб туришга ҳаракат қилиш лозим. Тана ҳарорати ошган беморлар иложи борича кўпроқ суюқлик ичиши керак.
Тана ҳароратини туширишда, одатда, ацетилсалицил кислотаси (аспирин) кенг қўлланилади. Аспирин 0,5 г дан кунига 2–3 маҳал ичиш учун берилади (геморрагик синдромларда тавсия этилмайди). Баъзида 1 табл. (0,5 г) аспириннинг ўзи етарли бўлади. Шунингдек, 50% ли 2 мл аналгин эритмаси ва 1 % ли 1 мл димедрол в/и ёки м/и га қилинади. Гипертермик ҳолатлар психомотор қўзғалишлар билан намоён бўлса, 2,5% ли 1–2 мл аминазин ёки 2 мл сибазон (реланиум) в/и га секин-аста юборилади. Шунингдек, 2,5 % 1–2 мл пиполфен эритмаси в/и ёки м/и га қилиниши мумкин.
Иситмали ёш болаларнинг танасини спирт билан ишқалаб чиқиш ёки уни хўл докага ўраб қўйиш ҳам тана ҳароратини туширади. Шунингдек, тозаловчи клизма ҳам қилиниши мумкин. Юқори даражадаги иситмаларда йирик артериялар соҳасига (бўйин, сон артерияси) муз солинган қопчалар қўйилади. Аммо, бу усуллар билан чегараланиб қолмаслик ва зарур дориларни қилиб туриш керак. Тана ҳарорати ошган беморни врач қабулига чақирмасдан, врачнинг ўзи унинг ёнига ташриф буюриши лозимлигини доимо эсда тутиш зарур. Психоген этиологияли гипертермиялар бемор ҳаёти учун ҳавф туғдирмайди. Бироқ, психоген гипертермия ташхисини қўйишдан олдин гипертермиянинг бошқа сабабларини инкор қилиш керак.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев