ДУО ПСИХОЛОГИЯСИ
Дуони олимлар ўрганишмаяпти. Чунки у илмий эмас. Дуо – илоҳий. Бироқ ҳар қандай етук олимни шу даражага етишига сабабчи бўлган, унинг устози эмас, балки болалигида ота-онасидан олган дуоси эмасмикан? Дуонинг кучини ҳар қандай оддий одам билиб-кўриб туради, бироқ уни олимларимиз тадқиқ қилмаяпти. Нима учун? Дуони илмий томондан асослаб бериш қийинлиги ёки унинг кучи шундоқ ҳам маълум бўлганлиги учунми? Дуо қандай кучга эга эканлигини ҳаёт кўрсатиб турибди ва уни олимлар кўрсатиб бериши шартми деб ўйлаяпсизми? Дуо илмий эмас ва шунинг учун ҳам уни тадқиқ қилиш шарт эмас деб ҳисоблашаяптими олимлар? Ахир ҳар қандай тилсимнинг сир-асрорини очиб ташлаш олимларнинг вазифаси эмасми?
Дуо – объектив эмас, балким у субъективдир. Илмда субъектив ҳодисаларни ўрганишдан кўра, объектларни ўрганиш осонроқ. Чунки уларни қўл билан ушлаб кўрса бўлади. Қизиқ! Кимгадир ёки нимагадир дуо кетса, уни қайтаришга энг кучли олимнинг ҳам кучи етмайди. Дуо субъектив бўлса-да, у бизнинг объектив ҳаётимизни кескин ўзгартириб юборади. Демак, илмдан кўра илоҳият кучли! Унда нима учун муқаддас китобимиз бўлмиш Қуръонда илмга бағоят катта урғу берилган? Ахир ҳар қандай илм Оллоҳни англаш учун яратилмаганми?
Дуо қандай кучга эга эканлигини ҳаёт ҳар куни бизга кўрсатиб ва англатиб турибди. Вақти келиб дуо нега бундай қудратга эга эканлигини олимлар ўрганишга бел боғлар. Бироқ биз вақтни бой бермасдан, ота-онамиз ва яхши инсонлар дуосини олиб яшайлик! Ҳадисда «Бешикдан қабргача илм ол» деган ўгитлар бор. Келинг, шу жумлаларга монанд бўлмиш «Бешикдан қабргача дуо ол» деган ўгитни ҳам ўзимизга ҳамроҳ қилайлик, фарзандларимизга, невара ва эвараларимизни яхши ниятлар билан дуо қилайлик...
Профессор Зарифбой Ибодуллаев