Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ВЕРТЕБРОГЕН ВА НОВЕРТЕБРОГЕН ОҒРИҚЛАР

ВЕРТЕБРОГЕН ВА НОВЕРТЕБРОГЕН ОҒРИҚЛАР


Вертеброген ва новертеброген оғриқларни бир-биридан фарқлай олиш ўта муҳим диагностик аҳамиятга эга. Умуртқа поғонаси патологияси сабабли юзага келган оғриқларга вертеброген оғриқлар дейилади. Орқа мия, унинг пардалари, илдизчалари, спинал ганглиялар ва нервлар зарарланиши сабабли юзага келган оғриқларга новертеброген оғриқлар деб айтилади.

 

2.6жадвал

Вертеброген ва новертеброген оғриқлар этиологияси

Вертеброген оғриқлар

 

Новертеброген оғриқлар

Умуртқа остеохондрози

Орқа мия, унинг пардалари, илдизчалари, спинал нервларнинг яллиғланиш касалликлари

Диск чурралари

Специфик касалликлар (заҳм, ОИТС, бруцеллёз)

Умуртқа жароҳатлари

Орқа мия ўсмалари (айниқса, экстрамедулляр ўсмалар, мия пардалари карциноматози)

Остеофитлар

Туннел синдромлар

Умуртқа поғонаси ўсмалари

Herpes zoster ва постгерпетик невралгиялар

Умуртка канали стенози

Периферик вегетатив етишмовчилик

Умуртқа остеомиелити

Метаболик, токсик, радиацион поли-

ва мононевропатиялар

Умуртка остеопорози

Панкост синдроми

Спондилоартрит

Спинал артериялар патологияси (спинал инсулт ва гематорахис)

Спондилолистез

Сирингомиелия

Спондилит (сил, бруцеллёз ва ҳ.к)

Эпидурал абсцесс

Метаболик ва токсик спондилопатиялар

Спинал операциялар асорати

Спондилез

Веноз тромбозлар, лимфоаденопатия 

Кифоз, сколиоз, гиперлордоз

Васкулитлар, артериал тромбозлар

Гиперостоз

Миофасциал синдром, миозит

Умуртқа поғонаси турғунсизлиги

Психоген оғриқлар

Краниовертебрал аномалиялар

Тарқоқ склероз 

Люмбосакрал аномалиялар (сакрализация, люмбализация)

Безовта оёқлар синдроми

Педжет касаллиги

Паранеопластик синдром

Специфик ва носпецифик спондилоартропатиялар

Таламик синдром

(таламик оғриқлар)

Умуртқа поғонасида ўтказилган операциялар асорати

Алкоголизм ва гиёҳвандлик

Умуртқа поғонасини зарарловчи бошқа касалликлар

Бошқа сабаблар (ички аъзолар касалликлари)

 

Бўйин, елка ва қўллар соҳасидаги оғриқлар

Бўйин-елка ва қўллар соҳасидаги оғриқларнинг асосий сабабчиси остехондроздир. Остеохондроз (osteo – суяк, chondros – тоғай) суяк ва тоғай тўқимасининг дистрофияси деган маънони англатади. Остеохондроз турли даражада ифодаланган оғриқлар билан намоён бўлади. Оғриқларнинг қандай номланиши 2.7-жадвалда келтирилган.

 

2.7-жадвал

Оғриқлар билан намоён бўлувчи касалликлар номи

Краниоцервикалгия

 

Бошнинг энса қисми ва бўйин соҳасидаги оғриқлар

Цервикобрахиалгия

 

Елкага тарқалувчи бўйиндаги оғриқлар

Цервикалгия

 

Бўйин соҳасидаги оғриқлар

Плексалгия

 

Нерв чигаллари иннервация қиладиган соҳадаги оғриқлар

Невралгия

 

Нерв толаси ва унинг шохчалари бўйлаб тарқалувчи оғриқлар

Миалгия

 

Мускулларда кузатиладиган оғриқлар

Торакалгия

 

Кўкрак соҳасида кузатиладиган оғриқлар

Радикулалгия

 

Спинал илдизчалар иннервация қилувчи соҳадаги оғриқлар

Дорсалгия

 

(лот. dorsum орқа) – тананинг орқа қисмидаги оғриқлар

Люмбаго ёки люмбалгия

Бел соҳасидаги оғриқлар

 

Люмбоишиалгия

Бел ва қуймич нерви соҳасидаги оғриқлар

 

Сакралгия

Думғаза соҳасидаги оғриқлар

 

Кокцигодиния

Дум соҳасидаги оғриқлар

 

 

Бўйин, елка ва қўл соҳасидаги оғриқларнинг асосий сабаблари – булар бўйин умуртқалари остеохондрози, травматик жароҳатлари, ўсмалари, сил касаллиги, остеомиелит, эпидурал абсцесс, субарахноидал геморрагия ва яллиғланиш касалликларидир. Бу соҳадаги оғриқлар, шунингдек, скелет мускуллари яллиғланиши, пай чўзилиши ёки ички аъзолар касалликлари сабабли ҳам юзага келиши мумкин.

Бўйин остеохондрози – вертеброген радикуляр оғриқларнинг асосий сабабчиси. Бу оғриқлар умуртқалараро дисклар, фиброз ҳалқа, фасеткали бўғимлар, спинал илдизчалар зарарланиши ҳисобига пайдо бўлади. Агар диск чурраси ривожланса, радикуляр оғриқлар кучаяди ва нерв толалари бўйлаб иррадиация қилади. Бўйин умуртқалари атрофидаги тўқималар симпатик чигалларга бой бўлиб, уларнинг зарарланиши радикуляр оғриқларни янада кучайтиради. Симпатик толалар зарарланиши ачиштирувчи, куйдиргувчи оғриқларни юзага келтиради. Диск силжиб фиброз ҳалқанинг ташқи толаларини эза бошласа, оғриқлар янада кучаяди. Чунки фиброз ҳалқанинг ташқи толалари оғриқ сезувчи рецепторларга бой. Агар силжиган диск спинал илдизчаларни босиб қўйса, иррадиация қилувчи радикуляр типдаги оғриқлар яққол намоён бўлади, яъни радикулопатиялар ривожланади. Бу оғриқлар иррадиациясига қараб қайси спинал илдизча зарарланганини билиб олиш мумкин.

Радикулопатияда кучли, санчувчи ва иррадиация қилувчи оғриқлар билан биргаликда, радикуляр типдаги сезги бузилишлари (гиперестезия, гипестезия), рефлекслар пасайиши ва мускуллар гипотонияси ҳам кузатилади. Бу оғриқлар йўталганда, аксирганда, бошни турли томонларга бурганда кучаяди. Бўйин соҳасидаги спинал илдизчалар зарарланиши билан боғлиқ радикулопатиялар билан танишиб чиқамиз.

С1 илдизча зарарланиши. Ушбу илдизча умуртқа артерияси эгатида ётади ва унинг зарарланиши жуда кам учрайди. Турли жароҳатлар сабабли атлант ўз  ўрнидан силжиса ёки краниовертебрал аномалияларда (Киммерли аномалияси) С1 илдизча зарарланиши мумкин. Клиник симптомлар бошнинг тепа соҳасидаги оғриқлар ва сезги бузилишларидан иборат.

С2 илдизча зарарланиши. Ушбу илдизча зарарланиши жуда кам учрайди. Краниовертебрал аномалиялар, остеофитлар ва турли хил жароҳатларда зарарланади. Касаллик клиникаси бошнинг тепа ва энса қисмидаги оғриқ ҳамда сезги бузилишлари билан намоён бўлади.

С3 илдизча зарарланиши. Кам ҳолатларда зарарланади. Ушбу илдизча СIIIII умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар, бўйин жароҳатлари ва яллиғланиш касалликларида зарарланади. Бўйин соҳасида сегментар типда сезги бузилишлари ва оғриқлар вужудга келади. Шунингдек, дизартрияга ўхшаш ҳолатлар ва тил ости мускуллари гипотрофияси ва фалажлиги кузатилиши мумкин. Бунинг натижасида бемор овқатни беўхшов чайнайди, чайналган овқатни оғизнинг орқа томонига итаришга қийналади. Бундай симптомларнинг пайдо бўлиши С3  илдизчасининг ХII нерв илдизчаси толалари билан анастомози борлиги билан изоҳланади.

С4 илдизча зарарланиши. СIII–IV умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар ва бўйин умуртқалари жароҳатларида зарарланади. Елка камари устида ва ўмров суяги соҳасида оғриқ ва сегментар типда сезги бузилишлари пайдо бўлади. Камарсимон, трапециясимон ва куракни кўтарувчи мускуллар атрофияси ва гипотонияси кузатилади. Диафрагма нерви толалари С4 илдизча толалари таркибида ўтганлиги учун нафас олиш бузилиши, дисфония ва ҳиқичоқ каби симптомлар пайдо бўлиши мумкин.

C5 илдизча зарарланиши. СIV–V умуртқалараро диск чурралари, остеофитлар ва турли хил жароҳатларда зарарланади. Елка устида ва елканинг ташқи юзаси бўйлаб сегментар типда сезги бузилиши ва оғриқлар пайдо бўлади. Оғриқ бўйиндан елкага ўтади ва унинг ташқи юзаси бўйлаб тарқайди. Делтасимон мускул кучи пасаяди ва унинг гипотрофияси кузатилади. 

C6 илдизча зарарланиши. Бу илдизчанинг зарарланиши жуда кўп учрайди. СV–VI умуртқаларародиск чурраси, остеофитлар ва турли хил жароҳатларда зарарланади. Елка устида ва елканинг ташқи юзаси бўйлаб сегментар типда сезги бузилади. Оғриқ бўйин, курак, елка соҳасининг ташқи юзаси бўйлаб тарқалиб билакнинг олдинги қисмига ўтади ва биринчи бармоққача тарқайди. Оғриқ кузатилган соҳада (n. radialis соҳаси) парестезиялар ҳам кузатилади. Бу оғриқлар бошни ён томонларга бурганда кучайиши мумкин. Икки бошли мускул кучи пасаяди, унда гипотрофия ва гипотония ривожланади. Бицепс рефлекс пасаяди ёки йўқолади. 

С7 илдизча зарарланиши. Бу илдизчанинг зарарланиши жуда кўп учрайди. СVI–VII умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар ва турли жароҳатланишларда зарарланади. Оғриқ бўйиндан куракка, ундан билакнинг ташқи-орқа юзаси бўйлаб тирсакнинг орқа томонига тарқалиб 2 ва 3-бармоқларгача етиб боради. С7 дерматомаси соҳасида сезги бузилади. Баъзан фақат шу бармоқларнинг ўзида оғриқ ва парестезиялар кузатилади. Уч шохли мускул кучи пасаяди, унда гипотрофия ва гипотония ривожланади. Трицепс рефлекс пасаяди ёки йўқолади.

С8 илдизча зарарланиши. СVII–TI диск чурраси, остеофитлар ва бошқа жароҳатланишларда зарарланади. Оғриқ бўйин ва елка соҳасидан қўлнинг орқа томони бўйлаб 5-бармоққача тарқайди. Ушбу соҳаларда, яъни С8  дерматомасида гипестезия аниқланади. Қисман уч шохли мускул гипотрофияси ва гипотенар атрофияси кузатилади. Трицепс рефлекс бироз пасаяди.

Латерал диск чурралари спинал илдизчаларни эзиб қўйса, медиал диск чурраси орқа мияни эзиши билан ҳавфлидир. Айниқса, умуртқа канали торайган беморда медиал диск чурраси миелопатия ривожланишига олиб келади. Бундай пайтларда вертеброген миелопатия ҳақида сўз боради. Умуртқа каналининг торайишида остеофитлар ўрни каттадир. Остеофитлар нафақат радикулопатия ва миелопатиялар, балки умуртқа артериясини ҳам эзиб қўйиб вертебробазиляр синдром ривожланишига ҳам сабабчи бўлади.

Остеохондроз, кўп ҳолларда фасеткали бўғимлар зарарланиши билан  ҳам кечади. Бундай пайтларда спондилоартроз (спондилоартрит) ҳақида сўз боради. Фасеткали бўғимлар, айниқса турли хил инфекциялар (сил, бод, бруцеллёз) ва систем касалликларда (СҚБ, Бехтерев касаллиги) кўп зарарланади. Фасеткали бўғимларнинг зарарланиши умуртқа поғонаси деформациясига олиб келади. Спондилоартрозда умуртқа поғонаси соҳасида сурункали оғриқлар ривожланади. Бу оғриқлар вақти-вақти билан кучайиб туради ва бўйиннинг спастик қийшайишига сабабчи бўлади. Тана ҳарорати кўтарилиши билан намоён бўлувчи инфекцияларда оғриқлар кучайиб кетиб, янада сурункали тус олади. Нотўғри ҳаракат ва оғир юк кўтариш патологик синишлар сабабчиси бўлиши ҳам мумкин. Бундай пайтларда ўткир миелопатия ривожланади. Артроз учун умуртқалар ҳаракатининг чегараланганлиги ва ушбу ҳаракатларни бажарганда оғриқларнинг кучайиши хос. Бироқ радикуляр типдаги оғриқлар артрозлар учун хос эмас. Бундай оғриқлар спинал илдизчалар таъсирланганда ёки зарарланганда пайдо бўлади. Фасеткали бўғимлар артрозини аниқлаш учун паравертебрал соҳа перкуссия қилиб ёки босиб текширилади.

Энса нерви невралгияси энса соҳасида қисқа муддат ичида санчиб ўтиб кетувчи оғриқлар билан намоён бўлади. Ушбу оғриқларни бемор шундай таърифлайди: “Худди энсамга ўткир тиғли пичоқ тиқиб олгандек”. Энса нерви невралгияси ташхисини аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Ушбу нерв чиқиш нуқтасини босиб текширганда оғриқ кучайиб кетади. Бу соҳада гиперестезия ҳам аниқланади. Бу нерв чиқадиган жойни новокаинли блокада қилиш оғриқни кескин камайтиради.

Бўйин-елка соҳасида миофасциал оғриқлар ҳам кўп учрайди. Уларнинг пайдо бўлиши мускуллар спазми ва фасциялар чўзилиши билан боғлиқ. Миофасциал оғриқлар, кўпинча, энса-бўйин соҳаси, трапециясимон ва кураклараро мускулларда кузатилади. Олдинги нарвонсимон ёки кичик кўкрак мускули спазмида елка чигали эзилиб кучли оғриқлар пайдо бўлиши ҳавфи бор. Зарарланган соҳада кучли локал ва диффуз оғриқлар аниқланади. Мускулларни пайпаслаганда гоҳида оғриқли тугунли нуқталар аниқланади. Ушбу оғриқли нуқталарга триггер нуқталар деб айтилади. Мускулларда юзага келган локал оғриқлар нерв толалари бўйлаб бошқа жойларга ҳам узатилиши мумкин.  Миофасциал оғриқларни бартараф этиш учун триггер соҳаларга новокаин ва кортикостероидлар билан блокада қилинади, димексид эритмалари аппликация қилинади, оғриқ қолдирувчи пластирлар ёпиштирилади, мазлар билан уқаланади. Махсус гимнастика ва нуқтали уқалашлар ёрдамида мускуллар спазми бартараф этилади. Яллиғланишга қарши ностероид дорилар (диклофенак, кетопрофен) берилади. Беморни тинчлантириш учун карбамазепин ва амитриптилин тавсия этилади.

Елка-курак синдроми, асосан, юмшоқ периартикуляр тўқималар патологияси (кўпинча, яллиғланиш) билан боғлиқ. Касаллик клиникаси елка-курак соҳасида диффуз ва локал оғриқлар билан намоён бўлади ва елканинг ҳар қандай ҳаракатларида улар зўраяди. Айниқса, елкани танадан узоқлаштирувчи ҳаракатлар оғриқни кучайтириб юборади. Елка-курак атрофи пальпация қилинганда оғриқли нуқталар аниқланади. Дастлаб бемор оғриқ сабабли елка ва қўлини қимирлатишга қийналса, кейинчалик эса ушбу бўғим функцияси издан чиққанлиги сабабли ҳаракатлар чегараланиб қолади. Оғриқ кўкрак ва билак мускулларига ҳам тарқалади. Ушбу синдромни бартараф этиш учун кортикостероидлар, яллиғланишга қарши ностероид дорилар, аналгетиклар, десенсибилизация қилувчи дорилар, оғриётган жойга димексид аппликацияси ёки гидрокортизон фонофорези қилинади, оғриқсизлантирувчи плёнкалар ёпиштирилади.

Бўйин-елка соҳасидаги оғриқларнинг яна бир сабаби – булар  дисцит,  сил спондилити ва эпидурал абсцессдир. Ушбу касалликлар учун доимий хусусиятга эга оғриқлар хос бўлиб, улар тана вазиятини ўзгартирганда камаяди. Қонда яққол ифодаланган яллиғланиш реакциялари аниқланади.

Бўйин умуртқалари жароҳатлари. Турли ножўя ҳаракатлар, йиқилиб тушиш, нотўғри ўтказилган мануал терапия каби омиллар бўйин умуртқалари жароҳатига сабабчи бўлади. Ушбу травматик омиллар натижасида бўйин умуртқалари пайлари ва мускуллари чўзилади, лат ейди, фасеткали бўғимлар ўрнидан силжиб уларнинг капсуласи ёрилиши мумкин. Натижада бўйин турли ҳолатларда қийшайиб қолади, оғриқлар пайдо бўлади. Бундай жароҳатлар ҳар доим ҳам спинал илдизчалар ёки спинал нервларнинг зарарланиши билан намоён бўлавермайди. Бўйин қийшайиб қолиши кўпинча бош айланиши, қулоқ битиб қолиши ёки шанғиллаши, юрганда чайқалиб кетиш билан биргаликда намоён бўлади. Объектив текширувлар пайтида бўйин умурқталари ҳаракати чегараланганлиги, қийшайганлиги, паравертебрал мускуллар тонуси ўзгарганлиги ва пальпацияда локал оғриқлар аниқланади. Қўллардаги пай рефлекслари ва мускуллар тонуси ўзгармайди. Бундай пайтларда бўйин умуртқаларини рентген қилиб уларнинг чиққан ёки синганлигини ва бошқа патологик ҳолатларни инкор қилиш керак.

Даволаш муолажалари жарохатланиш даражаси ва рентген маълумотларига асосланиб олиб борилади. Бўйинга корсет тақилади, оғриқсизлантирувчи дорилар қилинади, физиотерапевтик муолажалар ва даволаш гимнастикаси ўтказилади. Оғриқни олиш учун новокаинли блокадалар қилинади.

Умуртқа поғонаси бўйин қисми ўсмалари ҳам бўйин-елка соҳаси оғриқлари сабабчисидир. Бу ўсмалар, кўпинча, метастатик хусусиятга эгадир. Шунинг учун ҳам бошқа аъзоларда (ўпка, кўкрак бези, простата) хавфли ўсмалар аниқланиш эҳтимоли жуда юқори. Оғриқлар доимий хусусиятга эга бўлиб, тинч ҳолатларда ва кечаси кучаяди. Метастатик ўсмалар, кўпинча экстрамедулляр жойлашган ўсмалар кучли радикуляр оғриқлар билан намоён бўлади. Ўсма орқа мия томон ўсса Броун-Секар синдроми, кейинчалик марказий тетрапарез ривожланади. Одатда беморнинг аҳволи бу даражага етмасдан ташхис қўйилади ва даволаш муолажалари бошланади. Ташхис қўйишда КТ ёки МРТ текширувлари ўрни катта. Агар метастатик жараён елка чигалига ҳам тарқалса, елка ва қўлда кучли каузалгик оғриқлар вужудга келади, қўл мускуллари атрофияга учраб бошлайди, пай рефлекслари пасаяди. Атрофдаги симпатик чигаллар ҳам зарарланса, куйдургувчи оғриқлар, трофик бузилишлар ва псевдостенокардия белгилари (чап томонда) пайдо бўлади.

Панкост синдроми. Ўпканинг юқори бўлаги ракида елка чигалининг пастки қисми, яъни С8 ва Тh1 илдизчалар ва симпатик тугунлар зарарланади. Бунда елка ва қўл соҳасининг улнар юзаси бўйлаб каузалгик типдаги оғриқлар ва сезги бузилишлари кузатилади. Горнер синдроми (птоз, миоз, энофталм) – Панкост синдромининг ажралмас қисмидир. Худди шундай симптомлар ушбу соҳа саркомаси ва лимфогранулематозда ҳам ривожланиши мумкин.

Бўйин-елка соҳасидаги оғриқлар ўмров ости артерияси тромбозида ҳам кузатилади. Кучли оғриқлар билан биргаликда бармоқларнинг оқариб-кўкариб кетиши пайдо бўлади, оғир ҳолатларда эса гангрена ривожланади.

Кўкрак соҳасидаги оғриқлар (торакалгиялар)

Кўкрак соҳасидаги оғриқлар, яъни торакалгиялар кўкрак умуртқалари остеохондрози, травматик жароҳатлари, бирламчи ва метастатик ўсмалар, менингорадикулит, эпидурал абсцесс, қовурғалараро невралгия, Нerpez zoster, спондилоатрит, остеопороз, дисцит, диск чурраси, спондилит, миофасциал синдром, ўпка раки, зотилжам, бронхит, плеврит, диафрагмал абсцесс, стенокардия, миокард инфаркти, аорта аневризмаси, ўпка артерияси тромбоэмболияси, панкреатит, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси ёки раки, холецистит, ошқозон ости бези ракида кўп кузатилади. Шунингдек, психоген этиологияли торакалгиялар (невроз ва депрессияларда) ҳам учраб туради.

Бўйин остеохондрози иккала курак орасида учрайдиган оғриқларнинг асосий сабабларидан биридир. Санчувчи ва ачиштирувчи хусусиятга эга бу оғриқлар баъзида миозит сабабли юзага келган деб хулоса қилинади. Ушбу оғриқлар нотўғри ҳолатда ухлаб қолганда, бир хил вазиятда узоқ ўтирганда, бўйин  билан кескин ҳаракатлар қилганда кучаяди. Оғриқ пастки бўйин умуртқаларини перкуссия қилганда ҳам пайдо бўлади.

Кўкрак остеохондрози бошқа соҳа остеохондрозларига қараганда кам учрайдиган касаллик. Кўкрак умуртқаларида дегенератив жараёнларнинг кам учраши уларнинг топографияси ва камҳаракатланиши билан боғлиқ. Оғриқлар шу соҳанинг диск чурралари, спондилити ва остеопорозида кўп учрайди. Кўкрак остеохондрози орқа томонда  ўткир ва сурункали радикуляр оғриқлар билан намоён бўлади. Бу оғриқлар гавда билан нотўғри ҳаракатлар қилганда пайдо бўлади ёки зўраяди. Баъзида кўкрак қафасининг пастки қисмида ўта кучли оғриқлар кузатилади. Бу оғриқлар пастки қовурғаларнинг умуртқага бириккан жойидаги тоғай тўқиманинг патологияси билан боғлиқ бўлиб, энгашиб ўтирганда, гавдани ён томонларга бурганда кучаяди. Оғриқлар худди буйрак хуружини эслатади ва нотўғри хулосалар сабабчиси ҳам бўлади. Ташхисни тўғри аниқлаш учун пастки қовурғаларни босиб текшириш керак. Бунда оғриқлар кучаяди.

Умуртқа канали стенози, яъни  торайиши турли оғриқлар сабабчиси бўлиб, 40 ёшдан ошганларда кўп учрайди. Ёш ошган сайин умуртқа канали стенозини юзага келтирувчи этиологик омиллар кўпая боради. Умуртқа канали стенози қуйидаги патологик ҳолатларда ривожланади: остеохондроз, умуртқа поғонаси жароҳатлари, спондилолистез, диск чурраси, остеофитлар, умуртқа каналининг олдинги юзаси бўйлаб жойлашган сариқ бойлам ва умуртқа каналининг орқа юзаси бўйлаб жойлашган орқа узун бойлам гипертрофияси ва калцификацияси, специфик жараёнлар (сил касаллиги, бруцеллёз), носпецифик яллиғланиш касалликлари, ўсмалар ва ҳ.к. Умуртқа канали стенози сурункали тарзда ривожланиши ёки диск чурраси ва травматик жароҳатларда тўсатдан рўй бериши ҳам мумкин. Агарда патологик ўзгарган диск уни ўраб турган фиброз ҳалқани ёриб чиқиб умуртқа канали томон силжиса, орқа узун бойламни канал ичига итаради ва уни торайтириб қўяди. Умуртқа канали стенози авваломбор миелопатия ривожланиши билан ҳавфлидир. Миелопатия, асосан, спастик фалажликлар, ўтказувчи типда сезги бузилишлари, тос аъзолари функциясининг марказий типда бузилишлари билан намоён бўлади. Умуртқа канали стенози бор-йўқлигини клиник симптомларга асосланиб аниқлаш анча мушкул албатта. Шунинг учун ҳам бу патологик жараён рентгенологик ва МРТ текширувлари ёрдамида аниқланади.

Умуртқа остеопорози ҳам турли хил оғриқлар (айниқса, аёллар ва катта ёшдагиларда) сабабчисидир. Бу оғриқлар, кўпинча умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида кузатилади ва турли ҳаракатларда пайдо бўлади ёки кучаяди.  Ортопедик ва вертеброневрологик текширувлар уларда кифоз, сколиоз ва локал оғриқлар мавжудлигини кўрсатади. Остеопороз рентгенологик текширувларда жуда осон аниқланади. Баъзида остеопороз шу қадар кучли бўлади-ки, хатто патологик синишлар ҳам рўй беради. Бундай пайтларда кучли радикуляр оғриқлар пайдо бўлади ва спинал фалажликлар ривожланади. Агар остеопороз кучли бўлса, умуртқа поғонасининг синиши учун нотўғри ҳаракатнинг ўзи кифоя. Шунинг учун ҳам умуртқа поғонаси бўйлаб рўй бераётган ҳар қандай оғриқларга шикоят қилган беморни рентгенологик текширувдан ўтказиш лозим бўлади.

Герпетик радикулопатия – кўкрак соҳасида учрайдиган новертеброген оғриқларнинг яққол намоёндаси. Нerpes zoster билан боғлиқ радикуляр оғриқлар бу соҳада кўп кузатилади. Агар белбоғ типидаги санчувчи, куйдиргувчи ва ачиштирувчи кучли оғриқлар бошланса, беморда герпетик радикулопатия ривожланаётган бўлиш эҳтимоли юқори. Герпетик оғриқларни тасаввур қилиш учун бирор жойингиз куйганда кузатиладиган оғриқларни эсланг. Бу оғриқлар худди шундай намоён бўлади ва бунга қўшимча равишда санчувчи оғриқлар ҳам қўшилади. Кейинчалик бу соҳага герпетик тошмалар тошса, ташхис бутунлай тасдиқланади.

Юрак ишемик касаллигида (ЮИК) кузатиладиган оғриқлар тўш суяги орқаси ва кўкрак қафасининг чап томонида рўй беради. ЮИК ёш билан боғлиқ касаллик бўлиб, 40–50 ёшдан сўнг кўп учраб бошлайди. ЮИК, асосан , АГ ва АС фонида ривожланади. Бу оғриқлар кучли психоэмоционал ва жисмоний зўриқишлардан кейин пайдо бўлади. Шунингдек, оғриқлар тўйиб овқатланиш, совқотиш, иссиқ ва кислород кам бўлган жойда бўлиш, тинмай сигарет чекиш ёки спиртли ичимликларни ортиқча қабул қилиш билан ҳам боғлиқ.

Стенокардия ва миокард инфаркти ҳам ўткир тарзда пайдо бўлувчи торакал оғриқлар сабабчиси эканлигини биламиз. Улар санчувчи, сиқувчи ва босувчи хусусиятга эга бўлиб, одатда 1–15 дақиқа давом этади. Қисқа муддатли оғриқлар стенокардия учун хос бўлса, узоқ муддатли, яъни 15 дақиқадан ошувчи оғриқлар миокард инфаркти учун хос. Оғриқлар, кўпинча чап қўлга, баъзида пастки жағ соҳаси ва ўнг  кўкрак қафасига иррадиация қилади. Кардиоген оғриқлар билан бир қаторда нафас етишмовчилиги, юракнинг тез-тез уриши, кучли тер босиши, қўрқув, ҳолдан тойиб ўтириб қолиш ёки хушдан кетиб йиқилиш каби белгилар ҳам кузатилади. АҚБ кескин пасаяди (касаллик рўй бераётганда АҚБ ошган бўлади). Стенокардия ва миокард инфарктида кузатиладиган оғриқлар жисмоний ҳаракатни тўхтатганда ва нитроглицерин қабул қилганда кескин камаяди ёки ўтиб кетади. Ҳар қандай ортиқча ҳаракат (хаттоки қўлни кўтариш) оғриқни кучайтириб юборади.   

Ташхис қўйишда касалликнинг бошланиши ва клиник симптомлар хронологиясига эътибор қаратилади. ЭКГ – кардиоген оғриқлар сабабини аниқлашда энг асосий текшириш усулидир. Миокард ишемияси хуружида Т тиш шакли ўзгаради ва ST сегменти изометрик чизиқдан тепага (субэндокардиал ишемия) ёки пастга (трансмурал ишемия) силжийди.

 Ниқобланган депрессия. Депрессия – энг кўп тарқалган патологиялардан бири. Унинг ривожланишида узоқ давом этувчи психоэмоционал зўриқишлар етакчи ўринни эгаллайди. Юрак соҳаси психоэмоционал бузилишлар энг кўп акс этадиган соҳадир. Шунинг учун ҳам депрессияда кардиосенестопатик симптомлар кўп учрайди. Санчувчи, сиқувчи ва тез-тез қўзғаб турувчи оғриқлар, увишиш ва ачишишлар, гиперестезия кардиосенестопатик синдромнинг асосий белгиларидир. Бу беморларда ҳам нафас етишмаслиги, бўғилиб қолиш, терлаб кетиш, ўлим қўрқуви, ҳолдан тойиш кузатилади. Психосоматик тиббиётда бундай оғриқлар психоген кардиалгия деб юритилади. Соматик бузилишлар билан намоён бўладиган депрессия эса ниқобланган депрессия номини олган.

Психоген кардиалгияда оғриқлар гоҳида ўткир бошланади ва бир неча соат ичида ўтиб кетади, гоҳида секин-аста ривожланиб бир неча ойлар (баъзида йиллар) мобайнида беморни безовта қилади. Ниқобланган депрессиядаги юрак соҳасидаги оғриқлар хронологияси “органик тиббиёт” қонунларига кўп ҳолларда зид келади. Бу беморларда ипохондрия, қўрқув ва хавотир жуда кучли ифодаланган бўлади. Кардиофобия – психоген кардиалгиянинг доимий йўлдошидир. Баъзи беморлар ҳар доим оғриққа шикоят қилиб докторга мурожаат қилиши кераклигини атрофдагиларга айтиб юришади, бироқ “докторга боришга ҳеч вақт топишмайди”.  Бошқа бирлари эса ҳар бир оғриқ хуружида инфарктдан қўрқиб докторга қатнайверади ва ундан ЭКГ қилишни талаб қилаверади. Бу ерда қуйидаги афоризм ўринли бўлса керак: “Миокард инфарктида врач беморнинг олдига отланса, психоген кардиалгияда бемор врачнинг олдига отланади”. Биз психоген кардиалгия билан оғриган 35 ёшли аёлнинг 3 ой ичида 30 маротаба врачга бориб ЭКГ қилдиргани гувоҳи бўлганмиз. Ундан “Мана 2 кун ичида 2 маротаба ЭКГ қилдирибсиз, нега яна шу текширувни талаб қилаяпсиз” деб сўралса, бемор “Ахир инфаркт тўсатдан ривожланади-ку, мен ҳар гал оғриқ хуружи пайтида ана энди инфаркт бўлдим шекилли деб ўйлайвераман ва дарров тез ёрдам чақираман” деб жавоб берганди. Бу қўрқув унда 46 яшар акаси миокард инфарктидан тўсатдан вафот этгандан сўнг бошланган. Ҳар қандай кардиалгияда бемор албатта клиник текширувлардан ўтиши ва унга ЭКГ қилиниши шарт. “Авваломбор органик касалликни инкор қилиш” психосоматик тиббиётнинг олтин қонунидир. Буни ҳар бир врач эсда тутиши лозим.

Кўкрак қафасининг суяк-тоғай тўқимаси зарарланиши билан боғлиқ оғриқлар (торакалгия) кўкрак қафасининг олд юзаси бўйлаб намоён бўлади. Бундай оғриқлар қовурғаларнинг тўш суягига бириккан қисми патологияси билан боғлиқ. Чуқур нафас олганда, танани ўз ўқи атрофида бурганда, олдинга ёки орқага энгашганда, тўш ва унинг атрофини босиб текширганда ва йўталганда оғриқлар кучаяди. Демак, кўкрак қафаси силжиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлар оғриқларни кучайтириб юборади. Тўш атрофидаги бундай оғриқларнинг сурункали тарзда давом этиши кардиосенестопатик ва гипервентиляцион синдром ривожланишига туртқи бўлади. Бундай беморларга чуқур клиник (кардионеврологик), рентгенологик ва ЭКГ текширувлари ўтказиш лозим. Бу тоифадаги торакалгиялар систем яллиғланиш касалликларининг (бод, СҚБ ва ҳ.к) клиник симптоми бўлишини ҳам эсда тутиш керак. Баъзида тўш атрофига ўткир тиғли нарса санчгандек бу оғриқлар тез ёрдам кўрсатишни тақозо этади. Бу соҳага турли анестетиклар аппликацияси ёки кортикостероидлар қилиниши оғриқни камайтиради.

Кўкрак қафасининг олдинги юзасида учрайдиган оғриқларнинг асосий сабаблари – кўкрак қафасида жойлашган аъзоларнинг ҳавфли ўсмалари, бронхит, зотилжам, плеврит, диафрагмал абсцесс, аорта аневризмаси, ЮИК, миозит ва кўкрак бези ракидир. Беморни текшираётганда кўкрак қафаси шаклига диққат билан разм солинади, пальпация, перкуссия ва аускультация қилинади, бўйин, ўмров усти ва қўлтиқости лимфа тугунлари текширилади. Пальпация пайтида аниқланган оғриқли нуқталар белгилаб қўйилади. Қовурғаларнинг тўш суягига бириккан жойдаги тоғай тўқималар патологияси сабабли юзага келган оғриқларни миофасциал оғриқлардан фарқлаш керак. Миофасциал синдромда мускулларда жойлашган триггер нуқталарни пальпация қилиб оғриқларни юзага келтириш мумкин. Ҳар қандай клиник симптомни ўзаро қиёслаш зарур.

 

Бел ва оёқлардаги оғриқлар

Бел ва оёқлардаги оғриқлар энг кўп тарқалган оғриқлар сирасига киради. Бунинг асосий сабабларидан бири – умуртқа поғонасининг бел-думғаза соҳасида остеохондрознинг кўп учрашидир. Чунки, ушбу жойдан бел ва оёқларни иннервация қилувчи спинал илдизчалар чиқади.

Умуртқалараро диск чурраси – умуртқа остеохондрозининг  энг жиддий асоратларидан бири. Диск чурраси 40 ёшдан ошганларда кўп учрайди. Ёш ошган сайин диск чуррасининг учраш ҳавфи ошиб боради. Бироқ, оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланадиганлар, травматик жароҳатлар ёки ҳар доим бир хил ҳолатда ўтириб ишлайдиганларда ҳам диск чурраси ривожланади. Диск чурраси кўп кузатиладиган соҳа – булар LV–SI ва LIV–Lv умуртқалари орасидир. Чунки, тананинг оғирлиги, асосан, ушбу умртқаларга тушади.

Диск чурраси сабабли юзага келадиган оғриқлар спинал илдизчалар бўйлаб иррадиация қилади. Шунингдек, мускулларнинг бир томонлама спазми сабабли гавда қийшайиб қолади, ҳаракат чекланади, паравертебрал соҳа ва периферик нервлар бўйлаб оғриқли нуқталар пайдо бўлади. Ҳар қандай ҳаракат (хатто йўталиш, акса уриш) оғриқларни кучайтириб юборади. Шу боис бемор иложи борича қимирламай ётишга ҳаракат қилади. Оғриқли симптомларнинг қай тарзда намоён бўлиши ва локализацияси қайси спинал илдизча зарарланишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Спинал илдизчалар зарарланишининг клиник симптомлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

L4 илдизчаси зарарланиши. L3–L4 диск чурраси сабабли ривожланади. Оғриқ ва парестезиялар соннинг олд ва ичкари юзаси бўйлаб тарқалиб баъзида тиззагача ўтади. Сон нерви бўйлаб босиб текширганда оғриқли нуқталар аниқланади, айниқса чов бойлами соҳасида. Соннинг тўрт бошли мускулида гипотрофия ва гипотония аниқланади. Тизза рефлекси пасаяди, бироқ сўнмайди.

L5 илдизчаси зарарланиши. L4–L5 диск чурраси сабабли ривожланади.  Умуртқалараро диск чурралари ичида L4–L5 диск чурраси энг кўп учрайдиган хилидир. Бел соҳасида пайдо бўлган оғриқ соннинг ташқи, болдирнинг олд ва ташқи юзаси бўйлаб тарқалиб оёқ панжасининг устки ва ички юзасига ўтиб олади. Оғриқ шу йўналишда оёқ панжасининг биринчи бармоғигача тарқайди. Эрб нуқталари босилса, оғриқ пайдо бўлади. Баъзида оғриқ оёқ панжаси соҳасида юзага келади ва ҳаракатланганда, йўталганда кучаяди. Ласег симптоми мусбат бўлади. Деярли ҳар доим бош бармоқни ёзувчи узун мускул ҳамда болдирнинг олдинги катта мушаги гипотрофияси ва енгил фалажлиги аниқланади. Агар ушбу мускулда фалажлик яққол ифодаланган бўлса, у ҳолда оёқ панжаси осилиб қолади.

S1 илдизча зарарланиши. L5–S1 диск чуррасида кўп зарарланади. Бу соҳада диск чурраси учраши бўйича иккинчи ўринда туради. Касаллик одатда радикуляр оғриқлар билан бошланади ва люмбаго ёки люмбоишиалгия кўринишида намоён бўлади. Оғриқлар бел-думғаза соҳасидан думбанинг орқа соҳаси, соннинг орқа-латерал юзаси, болдир ва оёқ панжасининг ташқи юзаси бўйлаб 5-бармоққа тарқайди. Болдирнинг орқа юзаси ва оёқ панжасининг ташқи юзаси бўйлаб радикуляр типда гипестезия ҳам кузатилади. Болдирнинг уч бошли мускулида гипотрофия ва гипотония аниқланади. Бемор товони билан тик тура олмайди. Ахилл рефлекс пасаяди ёки сўнади. Ласег симптоми пайдо бўлади. Қуймич нерви бўйлаб Эрб нуқталари босиб текширилганда оғриқ аниқланади. Сколиоз ҳам кузатилади, яъни беморнинг гавдаси оғриқ томонга қийшайиб қолади. L5–S1 умуртқаларнинг медиал жойлашган диск чуррасида “от думи” синдроми ривожланади, кучли оғриқлар пайдо бўлиб, оёқлар фалажланади. Бундай пайтларда зудлик билан нейрохирургик муолажа ўтказиш керак!  

Дискоген радикулопатияларда мускуллар фалажлиги ва атрофиялар кам учрайди. Чунки бемор бу симптомлар ривожлангунга қадар кучли радикуляр оғриқлар сабабли дарров докторга мурожаат қилади ва тегишли даволаш муолажаларини олади. Агар фақат оғриқни қолдирувчи дорилар билан чегараланиб қолинса, кейинчалик мускуллар атрофияси ва фалажлик ривожланиши мумкин. Шунингдек, фасеткали бўғимлар гипертрофияси, остеофитлар, умуртқалараро бўғимнинг ўз ўрнидан нотўғри силжиши,  сариқ бойлам гипертрофияси ҳам спинал илдизчаларнинг эзилиши (босилиши) га сабабчи бўлади. Бу патологик ҳолатлар, кўпинча, катта ёшдагиларда кузатилади. Демак, бел-думғаза соҳасида ўткир тарзда пайдо бўлган ёки сурункали равишда давом этаётган оғриқларни ҳар доим ҳам диск чурраси билан боғлайвериш керак эмас. Тўғри ташхис зарур текширувлар ўтказилгандан кейин аниқ бўлади.

Ноксимон мускул синдромида  бел ва оёқ соҳасидаги оғриқлар қуймич нервининг босилиши (эзилиши) билан боғлиқ. Бу синдром L5 ва S1 илдизчаларнинг компрессияси, ноксимон мускул соҳасига қилинган нотўғри инъекциялар ёки ушбу соҳадаги яллиғланиш жараёнларида ривожланади. Ноксимон мускул спазми, пай чўзилишлари ёки буралишлари ҳам  қуймич нервини эзиб қўяди. Демак, ноксимон мускул синдроми вертеброген ва новертеброген этиологияли бўлади.

Ноксимон мускул синдромида оғриқлар бел соҳасидан эмас, балки думба соҳасидан бошланиб, сон ва болдирнинг орқа соҳаси бўйлаб иррадиация қилади. Оғриқлар сонни ичкарига ротация қилганда кучаяди. Баъзида болдир ва оёқ панжасини букувчи мускуллар фалажлиги аниқланади. Ноксимон мускул синдроми ҳар доим ҳам тўғри аниқланавермайди ва “диск чурраси” ташхиси билан чагараланади. Бу синдромни тўғри аниқлаш учун ноксимон мускул ва шу ердан ўтадиган қуймич нерви топографиясини яхши билиш ва унинг клиник симптомларидан воқиф бўлиш керак. Ноксимон мускул соҳасига новокаинли блокада қилганда оғриқларнинг кескин камайиши ҳам ташхисни тўғри аниқлашга ёрдам беради.

Люмбалгия ва люмбоишиалгия. Совуқда кўп қолиб кетиш, яъни “шамоллаш”, нотўғри ҳарақат қилиб қўйиш, бир хил вазиятда узоқ вақт ўтириб ишлаш ҳам бел соҳасидаги кучли оғриқлар (люмбалгия) сабабчиси бўлади. Бу оғриқларнинг асосий сабаби – спинал мускуллар спазми ёки пайлар чўзилишидир. Люмбалгияда оғриқлар фақат белда жойлашади ва оёқларга иррадиация қилмайди. Оғриқлар оёқларга иррадиация қилса, люмбоишиалгия ривожланган бўлади. Ўткир люмбалгия белга қуруқ иссик қўйганда (соллюкс) ёки рефлектор таъсирга эга мазлар сурганда ўтиб кетади. Объектив неврологик симптомлар аниқланмайди. Агар шу куниёқ тиббий ёрдам кўрсатилмаса, люмбалгия сурункали тус олиши мумкин.

Умуртқа остеохондрози. Умуртқа остеохондрози умуртқалар ва уларни бир-бири билан боғловчи тоғай тўқималар ҳамда умуртқалар орасидаги дисклар дистрофияси билан намоён бўлувчи сурункали касаллик. Умуртқа остеохондрозида умуртқалар танаси кичраяди, дисклар мўртлашиб юпқалашади, фиброз ҳалқача парчаланади, умуртқалараро ёриқ тораяди, остеофитлар шаклланади. Ушбу дистрофик ўзгаришлар диск чурраси пайдо бўлишига олиб келади. Остеохондрозда орқа мия ўтадиган умуртқа канали ва умуртқа поғонасининг ён томонларида жойлашган спинал илдизчалар ўтадиган тешиклар ҳам тораяди. Маълумки, радикуляр артериялар ва веналар ҳам ён тешиклардан ўтади. Шунинг учун ҳам миелопатия, радикулопатия ва плексопатияларнинг келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири – бу умуртқа остеохондрози. Умуртқа остеохондрози деярли ҳар доим  спондилоартроз билан намоён бўлади ва кейинчалик деформацияловчи спондилёз ривожланишига олиб келади.

Деформацияловчи спондилёз – умуртқа суяги, унинг бойламлари ва  умуртқалараро дискларда дистрофик ўзгаришлар билан кечувчи ва охир-оқибат умуртқа поғонаси деформациясини юзага келтирувчи сурункали касаллик. Спондилезда қуш тумшуғига ўхшаш остеофитлар шаклланади, умуртқа канали тораяди, умуртқа поғонасининг узун бойламларига калцификатлар йиғилади ва улар оссификацияга учрайди. Бир-бирига қараб ўсаётган остеофитлар ўзаро бирлашиб синостозлар ҳосил қилади. Суяк ўсиқчалари ёки бўлакчаларининг ўзаро бирлашиб битиб кетишига синостоз деб айтилади. Умуртқа суякларининг орқа-латерал юзаси бўйлаб пайдо бўлган остеофитлар ва синостозлар хавфли ҳисобланади. Чунки улар умуртқалараро тешиклардан ўтадиган спинал илдизчаларни сиқиб қўяди ва радикулопатиялар ривожланишига сабабчи бўлади. Умуртқа суякларида пайдо бўладиган остеофитлар ва синостозлар бир неча йил ичида шаклланади. Деформацияловчи спондилёз, асосан, ёши катталарда учрайди.

Рентгенологик текширувларда, шунингдек, умуртқа поғонасининг бошқа этиологияли турли деформациялари, аномалиялари, умуртқа жароҳатлари, сили ва ўсмалари, сколиоз, спондилолистез каби бир қатор патологиялар яхши аниқланади. Рентгенологик текширувлар ёрдамида диск чурралари ва орқа миянинг юмшоқ тўқималари касалликларини аниқлаб бўлмайди. Бунинг учун КТ ва МРТ текширувларини ўтказиш зарур.  

Спондилоартроз. Умуртқаларни бир-бири билан боғловчи бўғимли ўсиқчалар мавжуд. Ушбу ўсиқчалар орасидаги бўғимларда кузатиладиган дистрофик ўзгаришларга спондилоартроз деб айтилади. Спондилоартрозда умуртқанинг деярли барча жуфт бўғимлари зарарланади. Спондилоартроз, кўпинча, умуртқа поғонасининг бўйин ва бел қисмларида шаклланади.

Рентгенологик текширувларда бўғимлараро ёриқларнинг торайиши, тоғай тўқималарнинг мўртлашуви, бўғимлар анкилози ва умуртқа ўсиқчаларида остеофитлар аниқланади. Бўғимлар анкилози бўғимларнинг ҳаракатланиш хусусияти йўқолиши дегани. Спондилоартроз ёшга боғлиқ касаллик бўлиб, асосан, ёши катталарда учрайди. Умуртқа поғонаси касалликларига сабаб бўлувчи аксарият этиологик омиллар спондилоартроз ривожланишига ҳам олиб келади. Спондилоартроз бора-бора умуртқа поғонаси деформациясини юзага келтиради. Шунинг учун ҳам спондилоартроз ва деформацияловчи спондилёз кўп ҳолларда биргаликда учрайди. Рентгенологик текширувларда бу ўзгаришлар жуда яхши аниқланади. 

Бел мускуллари миозити. Бел мускуллари миозити нисбатан кўп учрайдиган касаллик бўлиб, уни бел-думғаза чигалларининг зарарланиши билан қиёслашга тўғри келади. Оғриқлар куйдирувчи хусусиятга эга бўлиб, асосан, зарарланган мускулларда учрайди. Мускулларни пайпаслаб ёки перкуссия қилиб текширганда оғриқ кучаяди. Бу оғриқлар нерв тутамлари бўйлаб иррадиация қилмайди, гипестезиялар кузатилмайди. Зарарланган мускулларни пайпаслаб текширганда уларнинг қотишганини аниқлаш мумкин. Шунингдек, мускул апоневрозларида думалоқ ёки узун шаклга эга тугунлар пайдо бўлади. Бел мускуллари иштироки талаб қилинадиган ҳар қандай ҳаракатларда оғриқ кучаяди, бемор ҳаракатланмай ётса оғриқ пасаяди ёки тўхтайди. Оғриқ тўхтаган ҳолатда ҳам зарарланган жойда ачиштирувчи ёқимсиз сезгилар қолади.

Сакроилеит – думғаза-ёнбош бўғими яллиғланиши. Думғаза ва чаноқ суякларининг қулоқсимон юзаси бир нечта бойламлар орқали бир-бирига бириккан. Ушбу бириккан жойларда думғаза-ёнбош бўғими ҳосил бўлади. Ушбу бўғим турли хил инфекцияларда яллиғланади ва бел-думғаза плексопатиясига ўхшаш клиник симптомлар билан намоён бўлади. Оғриқ думғаза соҳасида пайдо бўлади ва думғаза суякларини перкуссия қилганда ҳамда гавдани олдинга энгаштирганда кучаяди. Оғриқ тик турганда ҳам кучаяди ёки пайдо бўлади. Оёқни ён томонларга бурганда думғаза-ёнбош бўғими соҳасида оғриқ кузатилади. Сакроилеитда радикуляр симптомлар аниқланмайди, оғриқлар нерв тутамлари бўйлаб иррадиация қилмайди, рефлекслар ва мускуллар тонуси ўзгармайди.

Псоит – ёнбош-бел мускули (m. iliopsoas) яллиғланиши. Ёнбош-бел мускули чаноқнинг олдинги гуруҳ мускулларига киради. Унинг юқори қисми умуртқа поғонасининг бел умуртқаларидан (L1–L4) бошланиб пастга тушиб келади ва чаноқнинг ичидан ўтиб сон суягининг кичик кўстига ёпишади. Ёнбош-бел мускулининг вазифаси сонни олдинга букиш ва қисман ташқарига буришдан иборат. Ушбу мускулнинг яллиғланишида куйдирувчи оғриқлар пайдо бўлади. Мускулнинг тоник қисқариши сабабли оёқ чаноқ-сон бўғимида букилиб ичкарига бурилиб қолади. Уни ёзиш ва ташқарига буриш жуда чегараланган бўлади, баъзида имкони бўлмайди. Бу ҳолат нафақат m. Iliopsoas нинг яллиғланиши, балки мускул атрофида жойлашган аъзоларнинг яллиғланиши (паранефрит, кичик тос абцесслари) ва ўсмаларда ҳам кузатилади. Псоит учун иррадиация қилувчи радикуляр оғриқлар ва нервларнинг тортишиш симптоми хос эмас.

Облитерацияловчи эндаартериит – артериялар эндотелиал қаватининг яллиғланиши бўлиб, томирлар облитерацияси, периферик қон айланиш бузилиши ва ишемик некроз ривожланиши билан намоён бўлади. Кўпинча, оёқ артериялари зарарланади. Оғриқлар юрганда пайдо бўлади, дам олганда ўтиб кетади. Бу ҳолат ўзгариб турувчи оқсоқланиш синдроми деб айтилади. Оғриқлар болдирнинг юқори қисмида ва кўпинча унинг ички юзасида кузатилади. A. dorsalis pedis да томир уриши кескин пасаяди ёки умуман аниқланмайди. Вегетатив–трофик ўзгаришлар оёқнинг дистал қисмида яққол ифодаланган бўлади. Оёқнинг тиззадан пастки қисми, айниқса, оёқ панжалари “музлаб” юради, цианоз кузатилади, тирноқлар мўртлашади. Облитерловчи эндаартериит учун радикуляр оғриқлар, рефлекслар ўзгариши, мускуллар атрофияси хос эмас. Зарарланган томонда “пайпоқ” типида сезги бузилиши мумкин ва унинг сабаби vaza nervorum да қон айланишининг бузилиши ва иккиламчи невропатиядир. Ташхис артерияларни ультратовуш текшириш усуллари (допплерография, дуплексли сканирлаш) орқали қўйилади.

Бел-думғаза менингорадикулити – орқа мия пардалари ва илдизчаларининг бел-думғаза соҳасида яллиғланиши. Менингорадикулит клиникаси худди бел-думғаза плексопатияси клиникасига ўхшаб кетади. Менингорадикулит учун радикуляр оғриқлар хос бўлиб, улар бел-думғаза соҳасида пайдо бўлади ва иккала оёққа иррадиация қилади. Менингорадикулитда оғриқлар бел қисмида кучлироқ, иккала оёқда эса сустроқ ифодаланган бўлади. Бу оғриқлар, шунингдек, қорин соҳасига, чов бурмасига ҳам иррадиация қилади. Оғриқлар йўталганда, акса урганда ва туриб юрганда кучаяди. Оғриқлар умуртқа суякларини перкуссия қилганда, паравертебрал нуқталарни босганда кучаяди. Менингорадикулитда кузатиладиган оғриқлар бел-думғаза плексопатиясидаги оғриқларга ўхшаб гавдани бир томонга қийшайтириб ташламайди.

Менингорадикулитни бел-думғаза плексопатиясидан фарқловчи асосий симптом – бу Керниг симптоми. Керниг симптоми бел-думғаза плексопатияси ва радикулопатияларда кузатилмайди. Менингорадикулит учун Нери симптоми ҳам жуда хос. У деярли ҳар доим учрайди. Ласег симптоми эса ўта суст ифодаланган бўлади. Пай рефлекслари дастлаб иккала оёқда ҳам ошади, Бабинский симптоми пайдо бўлади. Чунки бу касалликда бироз бўлса-да, ён устун ҳам зарарланади. Бу ҳолат радикуломедулляр артерияларда қон айланишининг бузилиши билан ҳам изоҳланади. Бироқ кейинчалик периферик бузилишлар устунлик қилади, яъни ахилл ва тизза рефлекслари сўна бошлайди.

Менингорадикулит этиологияси деярли доимо вирусли ва бактериал инфекциялардир. Шунинг учун ҳам касаллик қарийб ҳар доим тана ҳарорати кўтарилиши, бел оғриғи ва қонда яллиғланиш реакциялари пайдо бўлиши билан бошланади. Ликворда плеоцитоз кузатилади. Менингорадикулитни арахномиелитдан фарқлаш ўта мушкул. Аммо, клиник симптомларни чуқур таҳлил қилиш уларни қиёслаш имконини беради. Агар менингорадикулитларда периферик симптомлар, радикуляр оғриқлар ва радикуляр типда сезги бузилишлари устунлик қилса, арахномиелитда миелитик симптомлар – марказий типда ҳаракат бузилишлари, ўтказувчи типда сезги бузилишлари устунлик қилади. Арахномиелитда тос аъзолари функцияси ҳам бузилади, оғриқлар менингорадикулитдагидек кучли бўлмайди. Арахномиелитда ликвор йўллари бекилиб, шу сабабли оқсил-ҳужайра диссоциацияси аниқланиши мумкин.

            Коксит  – чаноқ-сон бўғими яллиғланиши. Болалик ва ўсмирлик даврида кўп кузатилади. Коксит, кўпинча, сил касаллигида учрайди. Коксит чаноқ-сон бўғимида ҳаракатнинг кескин чегараланиши ва ушбу соҳада оғриқлар билан намоён бўлади. “Коксит” ташхисини беморнинг юришига қараб ҳам қўйиш мумкин. Бемор юрганда гавдаси олдинга бироз энгашган бўлади, орқа томони бироз чиқиб туради. Ҳаракатларнинг чаноқ-сон бўғимида чегараланганлиги беморнинг қадам ташлашидан шундоқ билиниб туради, у енгил қадам ташлаб юра олмайди. Чўккалаб ўтирган беморнинг тизза ва чаноқ-сон бўғимларида букилган оёқлари иккала ён томонга тўла ёзилмайди. Чаноқ-сон бўғимидаги оғриқ сонни ичкарига ва ташқарига бурганда кучаяди. Оёқларини ёзиб қўйиб товоннинг тагидан мушт билан урганда чаноқ-сон бўғимида оғриқ пайдо бўлади ёки кучаяди. Чов бурмаси соҳаси босиб текширилганда ҳам оғриқ юзага келади ёки кучаяди. Чаноқ-сон бўғимида тери бурмаси йўғонлашиб қолади. Пай рефлекслари ўзгармайди.

Бел-думғаза плексопатияси радикуляр оғриқлар билан, одатда, ўткир бошланади. Касалликнинг ўткир даври қандай кечиши ва қанча вақт давом этиши касаллик этиологияси, ёндош касалликлар, беморнинг умумий аҳволи ва даволаш муолажалари қанча эрта бошланишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Оғриқларни бир ҳафта ичида тўхтатиш мумкин. Баъзида  кучли совқотишдан, яъни “шамоллашдан” пайдо бўлган люмбагони 1-2 кунда бартараф этса бўлади. Ўткир вирусли ёки бактериал инфекциялар сабабли пайдо бўлган плексопатиянинг ўткир даври, одатда, 1-2 ҳафтадан 1-2 ойгача чўзилади ва биратўла сурункали даврга ўтади.

            Орадан бир-икки ҳафта ўтгач оғриқлар тўхтагандан сўнг гипестезиялар, пай рефлекслари арефлексияси ва мускуллар атрофияси бошланса, касаллик сурункали даврга ўтаётган бўлади. Агар бу жараён тўхтатилмаса оёқларда периферик фалажликлар ривожланиши мумкин. Бундай ҳолатлар умуртқа поғонасининг кучли дегенератив ўзгаришлари, диск чурралари, оғир яллиғланиш касалликлари ва кучли интоксикацияларда кузатилади. Шунинг учун касалликнинг биринчи куниёқ унинг этиологияси аниқланиши керак. Агарда умуртқа поғонаси ва қўл-оёқларда турли оғриқларга шикоят қилаётган беморда неврологик бузилишлар (гипестезия, арефлексия, гиперрефлексия, фалажликлар) аниқланмаса, демак, нерв тузилмалари сақланиб қолган. Бундай ҳолат спондилёз, спондилоатроз, коксоартроз, псоит, миозит, облитерацияловчи эндаартериит каби касалликларда кузатилади.

Ташхис. Авваломбор оғриқларнинг вертеброген ёки новертеброген хусусиятга эга эканлиги аниқланади. Беморни текшираётган ҳар бир врач қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор қаратиши лозим:

  • радикуляр оғриқлар 15 ёшгача бўлган даврда бошланса;
  • ўсма касалликлари бор беморда радикуляр оғриқлар бошланса;
  • тинч ҳолатга ўтганда ҳам оғриқлар камаймаса;
  • специфик инфекциялар (ОИТС, бруцеллёз, сил) аниқланса ёки шу касалликлар билан касалланганларда оғриқлар вужудга келса;
  • радикуляр оғриқлар билан шикоят қилган беморда умуртқа поғонаси ва орқа мия касалликлари аниқланмаса (оғриқлар ички аъзолар касалликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин);
  • аналгетиклар қилинишига қарамасдан оғриқлар кучая борса.

Таъкидлаб ўтганимиздек, юқорида кўрсатиб ўтилган турли оғриқлар ички аъзолар касалликлари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Шу боис оғриқ бериши мумкин бўлган ички аъзолар (юрак, аорта, йирик артериялар, ўпка, ошқозон, талоқ, жигар, ошқозоности бези, ичаклар, буйраклар, қовуқ, простата) текширилиши керак. Кўкрак бези ҳам пальпация қилиниши зарур. Демак, ҳар бир врач ташхис қўйиш стандартларида кўрсатилган қоидаларга амал қилиб беморни текширувдан ўтказади.

А) Клиник текширувлар

Ласег симптоми – қуймич нерви тортилиши сабабли юзага келадиган симптом бўлиб, n. Ischiadicus таъсирланишида доимо аниқланади. Бу симптомни текшираётганда бемор оёқларини узатиб чалқанчасига ётади. Ласег симптоми 3 босқичда текширилади. Биринчи босқич: врач беморнинг оғриётган оёғини бир вақтнинг ўзида чаноқ-сон ва тизза бўғимларида букади. Бу босқичда оғриқ кузатилмайди, чунки қуймич нерви тортилмайди. Иккинчи босқич: врач беморнинг оёғини тизза бўғимида ёза бошлайди, чаноқ-сон бўғими эса букилганича қолади. Қуймич нервининг тортилиши сабабли оёқнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб кучли оғриқ пайдо бўлади. Учинчи босқич: врач беморнинг тизза бўғимида ёзилган оёғини секин-аста тушира бошлайди ва дастлабки ҳолатига қайтаради. Бунда нерв тортилиши тўхтаганлиги сабабли оғриқ яна камаяди ёки тўхтайди.

  1. Ласегнинг кесишган симптоми – беморнинг соғлом оёғи тизза бўғимида эмас, балки тос-сон бўғимида букиб тепага кўтарилади. Бунинг натижасида белда ва касал оёқнинг орқа томони бўйлаб оғриқ пайдо бўлади.
  • Нери симптоми – беморнинг бошини олдинга энгаштирганда белда ва оёқнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб оғриқ пайдо бўлади.
  • Сикар симптоми – беморнинг оёқ панжасини кескин пастга букканда тизза остидаги чуқурчада оғриқ пайдо бўлади.
  • Бехтерев симптоми – оёқларини узатиб чалқанча ётган беморнинг тиззаси пастга босилса, оғриқ пайдо бўлади.
  • Дежерин симптоми – йўталганда ёки акса урганда қуймич нерви бўйлаб оғриқ кузатилади.
  • Бонне симптоми – тизза бўғимида букилган оёқни ён томонларга оғдирганда оғриқ пайдо бўлади.
  • Мацкевич симптоми – қорни билан ерга қараб ётган беморнинг оёғи тизза бўғимида букилса, оёқнинг олд юзаси бўйлаб ва чов соҳасида оғриқ пайдо бўлади. Бу симптом сон нерви ва уни ҳосил қилувчи спинал илдизчалар зарарланса кузатилади.
  • Вассерман симптоми – қорни билан ерга қараб ётган беморнинг оёғи орқага кўтарилса, оёқнинг олд юзаси бўйлаб ва чов соҳасида оғриқ пайдо бўлади. Бу симптом сон нерви ва уни ҳосил қилувчи спинал илдизчалар зарарланса кузатилади.
  • Эрбен симптоми – оғриқ кузатилаётган оёқда тери ҳарорати пасаяди. Бу симптом қуймич нервининг вегетатив толалари зарарланганлиги сабабли пайдо бўлади.
  • Минор симптоми – бемор тик турганда оғриётган оёғи тизза бўғимида бироз букилган ҳолатда бўлади ва бунинг натижасида оғриётган оёқ товони ердан бироз кўтарилиб, соғлом оёқ товони эса ерга тегиб туради.

Оғриқ нуқталари. Беморни текширганда бир қатор оғриқ нуқталари аниқланади. Бел-думғаза умуртқалари ўсиқларини перкуссия қилса, паравертебрал нуқталарни босиб текширса ўткир оғриқ пайдо бўлади ва бу оғриқ оёққа нерв тармоқлари бўйлаб иррадиация қилади. Думғаза суяги перкуссия қилинганда ҳам иррадиация қилувчи оғриқлар кузатилади. Оғриқ нуқталари қуймич нервининг думба соҳасидаги чиқиш жойида, яъни қуймич дўнглиги (tuber ischiadicum) ва сон суягининг катта кўсти (tpochanter major) орасидаги нуқтада, думба бурмасининг ўрта қисми, соннинг орқа юзасининг ўрта қисми, тиззаости чуқурчаси, болдирнинг кичик суягининг боши (caput fibulae), болдирнинг орқа юзасининг ўрта қисми, латерал тўпиқнинг орқа қисми ва оёқ панжаси тагининг ўртасида жойлашган. Бу нуқталарда қуймич нерви ва унинг тармоқлари терига яқинроқ жойлашиб ўтади.

Бошқа симптомлар. Бемор иккала оёғини узатиб ўтирса, оғриқ кузатилаётган оёғи бироз букилган ҳолатда бўлади. Агар букилган оёғини ёзиш сўралса, уни ёзади-ю, соғлом оёғини эса букиб олади. Агар бемор оғриқ кузатилаётган оёғини ташқарига ёзса, соннинг медиал юзаси бўйлаб оғриқ пайдо бўлади. Бу оғриқ ёпқич нерв (n. obturatorius) тортилиши оқибатида юзага келади. Соғлом оёғининг устига ёнбош ётган беморнинг касал оёғини юқорига кўтарса, чов соҳасида ва белда оғриқ пайдо бўлади.

Б) Рентгенодиагностика. Бу усул вертеброген оғриқлар сабабини аниқлашда катта диагностик аҳамиятга эга. Рентген ёрдамида умуртқа поғонаси деформацияси, умуртқа суяклари баландлиги қисқариши, умуртқалараро ёриқнинг торайиши, умуртқа канали стенози, умуртқа суяги остеофитлари, спинал илдизчалар ўтадиган ён тешиклар торайишини аниқлаш мумкин.

В) КТ ва МРТ. Ушбу нейровизуализация усуллари нафақат умуртқа поғонаси ва умуртқалараро дискда, балки юмшоқ тўқималарда рўй бераётган барча патологик ўзгаришларни аниқлаш имконини беради. КТ/МРТ текширувлари орқали умуртқалараро дисклар ҳолати, уларнинг қай томонга ва неча мм га силжигани, орқа мия ва унинг илдизчалари ҳамда орқа мия пардалари ҳолати ҳақида тўла маълумотлар олинади. Ушбу тўқималарнинг деярли барча касалликлари, яъни аномалия, ўсма, киста, абсцесс, специфик ва носпецифик яллиғланиш касалликлари, демиелинизация билан кечувчи касалликлар КТ/МРТ текширувлари ёрдамида осон аниқланади. Бу текширувлар контраст юбориб ўтказилиши ҳам мумкин. Қон томирлар ҳолатини ўрганиш учун эса КТА ёки МРА қўлланилади. Улар ёрдамида қон томирлар аномалиялари, аневризмалар ва улардан ўсувчи ўсмалар аниқланади.

Даволаш усуллари. Авваломбор оғриқлар бартараф этилади. Бунинг турли аналгетиклардан фойдаланилади.

  1. Аналгин 50 % ли 2 мл аналгин ва 1% ли 1 мл димедрол аралашмаси м/и га юборилади(енгил ҳолатларда).
  2. Вольтарен 3 мл (75 мг) кунига 1-2 маҳал, кетопрофен 2 мл (100 мг), ксефокам 8-16 мг.
  3. Мидокалм 100-300 мг, сирдалуд 2-4 мг, амелотекс (мелоксикам) 7,5-15 мг, баклофен 30-75 мг, клоназепам 1-2 мг. Бу дорилар оғриқлар даражасига қараб 7-14 кун мобайнида қабул қилинади.
  4. Карбамазепин 200-600 мг, габапентин 300–900 мг.
  5. Диазепам 10-20 мг, амитриптилин 75-100 мг ёки шундай таъсирга эга бошқа дорилар.
  6. Кортикостероидлар оғир ҳолатларда тавсия этилади. Бунинг учун преднизолон 60-90 мг/кун ёки дексаметазон 12-24 мг дозада 5 кун мобайнида қилинади. Кортикостероидларни узоқ вақт қабул қилиш шарт эмас.

Баъзида люмбалгия типидаги ўткир оғриқларни бартараф этиш учун соллюкснинг ўзи етарлидир. Масалан, ҳозир пайдо бўлган оғриқни соллюкс ёки бошқа иссиқлик таратувчи восита билан бартараф этса бўлади. Бунинг учун врач оғриқнинг ҳақиқий сабабини билиши лозим. Бундай беморларга 1-2 кун ичида тинч ҳолатда уйда бўлиб туриш тавсия этилади. Акс ҳолда мускуллар спазми оқибатида белда сколиоз шаклланиши мумкин. Сколиозни бартараф этиш бирмунча қийин. Баъзи беморлар белдаги оғриқдан эмас, балки оғриқ сабабли юзага келган сколиоздан азият чекиб юришади. Шунинг учун ўткир оғриқли синдромларда беморни шифохонага чақирмасдан, уйига бориб кўриш лозим.

Оғриқни қолдирувчи дориларни маҳаллий типда ҳам қўллаш мумкин. Бунинг учун оғриётган жойга оғриқ қолдирувчи пластирлар ёпиштирилади, дорилар электрофорез қилиб юборилади, ултратовуш усули билан гидрокортизон юборилади ва ҳ.к. Димексид билан новокаин аралашмаси ҳам (30 % ёки 50 % ли) аппликация усулида оғриган жойга қўйилади. Мануал терапия эхтиёткорлик билан қўлланилади.

Остеопорозларда эстерогенлар, калций препаратлари, D витамини тавсия этилади. Умуртқа канали стенози ва диск чурраси аксарият ҳолларда нейрохирургик муолажалар ўтказишни тақозо этади. Бундай пайтларда қайси даволаш муолажасини қўллашга индивидуал ёндошилади. Сурункали кечувчи вертеброневрологик касалликларда бемор физиотерапевтик муолажаларни дам олиш сиҳатгоҳларида давом эттиради. УАВ беморни ҚВП ва оилавий поликлиникаларда назоратга олади, даволаш-профилактика ва реабилитация жараёнларида бевосита иштирок этади. УАВ ўткир радикуляр синдромларда беморга мустақил равишда тиббий ёрдам кўрсата олиши керак.

Ушбу қоидани эсда тутинг: ҳар қандай оғриқли синдромда аввал оғриқ бартараф этилади, сўнгра ташхис қўйиш босқичи бошланади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича