Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Булбар ва псевдобулбар синдромлар

Булбар ва псевдобулбар синдромлар


Булбар синдром ёки булбар фалажлик. Узунчоқ мияда жойлашган булбар нервлар зарарланиши сабабли юзага келадиган синдром бўлиб, унинг асосий белгилари – дисфагия (ютишнинг бузилиши), дизартрия (нутқ артикуляцияси бузилиши) ва дисфония (овоз жарангдорлиги сўниши) дир.

Топографияси. Мия устунига мия оёқчаси, Варолий кўприги ва узунчоқ мия киради. Булбар фалажлик мия устунининг пастки қисмида, яъни узунчоқ мияда жойлашган IX (тил-ҳалқум), X (сайёр) ва XII (тилости) нервларнинг ядроси ва илдизчалари зарарланганда кузатилади. Bulbus – узунчоқ миянинг эскича номланиши.

Этиологияси. Мия устуни ва булбар нервларни зарарловчи ҳар қандай касалликлар булбар фалажликни юзага келтириши мумкин. Булар – мия устуни инсулти, ўсмаси, энцефалит, сирингобулбия, ён амиотрофик склероз, дифтерия, миастения, Гийен-Барре синдроми, ботулизм ва б.қ. Нутқ артикуляцияси, ютиш жараёни ва овоз жарангдорлигини таъминлаб берувчи мускуллар, яъни тил ва тилости мускуллари, юмшоқ танглай, тилча, ҳалқум, ютқум ва овоз пайлари фалажланади. Шу боис булбар синдром булбар фалажлик деб ҳам аталади. Бу фалажлик периферик фалажлик ҳисобланади.

Клиникаси. Беморда овоз жарангдорлиги пасаяди, у манқаланиб гапиради. Бундай бемор худди кучли тумов бўлган одамни эслатади. Бемор овқатни чайнашда қийналмайди (чунки чайнов мускулларини V нерв иннервация қилади), балки уни ютишда қийналади. Айниқса, суюқ овқатни ютаётганда у бурундан қайтиб тушади. Маълумки, ҳалқум нафас йўллари ва қизилўнгачнинг юқори қисми чегарасида жойлашган анатомик тузилмадир. Ҳалқум мускуллари ва унинг атрофидаги тузилмалар овқатни қизилўнгачга итаришда асосий вазифани бажаради. Булбар фалажликда бу жараён бузилади ва натижада овқат қолдиқларининг нафас йўлларига кетиб қолиш ҳавфи туғилади. Бундай ҳолат тез-тез кузатилса, зотилжам ривожланиши мумкин.

Неврологик текширувлар ўтказишнинг диагностик аҳамияти катта. Беморда дизартрия ва дисфонияни аниқлаш учун уни сўзлатишнинг ўзи кифоя. У паст овозда гапиради, унли ва ундош товушли ибораларни талаффуз қила олмайди. Бемордан “А” товушини баландроқ овозда айтиш сўралганда, унинг овози ўта сўниқ бўлади ёки товуши чиқмайди. Бу пайтда юмшоқ танглай ҳолатига ҳам эътибор қаратилади: у фалажланган томонда осилиб қолади, соғлом томонда эса қисқариб тилчани ўз томонига оғдиради. Шпател билан текширилганда фалажланган томонда ютқум рефлекси чақирилмайди ёки пасайган бўлади.

Бемордан тилини чиқариш сўралганда, унинг ярмида атрофия ва фасцикуляр тебранишлар аниқланади, тил шу томонга оғади. Тилдаги фасцикуляциялар неврологлар орасида “қайнаётган тил” симптоми деб ҳам аталади. Дисфагияни аниқлаш учун эса чой қошиқда беморга оз миқдорда сув ичирилади. Бу пайтда бемор сувни юта олмай қалқиб кетади ва йўтала бошлайди. Сувни эхтиёт бўлиб оғизнинг олд қисмига солиш лозим. Сопор ҳолатида ётган беморда бу синама ўтказилмайди!

Касаллик этиологиясига қараб, булбар фалажлик турли даражада намоён бўлади. Баъзан у енгил кечади. Ўткир тарзда ривожланган булбар фалажлик (масалан, Гийен-Барре синдромида) бемор ҳаёти учун ўта ҳавфли бўлиб, ўлим билан тугаши мумкин. Беморда булбар фалажликни аниқлаган УАВ зудлик билан невропатолог кўригини таъминлаши зарур.

Псевдобулбар синдром ёки псевдобулбар фалажлик. Ушбу синдромнинг ҳам асосий белгилари – дизартрия, дисфагия ва дисфония.  Шу боис булбар ва псевдобулбар синдромларга оид мавзу неврология дарсликларида ёнма-ён туради.

Этиологияси ва топографияси. Булбар нервларни (IX, X ва XII нервлар) иннервация қилувчи кортикобулбар йўлларнинг иккала томонда ҳам зарарланиши сабабли ривожланади. Бунинг натижасида булбар функция, яъни тил-ҳалқум функциялари издан чиқади. Кортикобулбар (кортиконуклеар) йўллар – булар бош мия катта ярим шарларининг ҳаракат ядроларидан бошланиб булбар нервларга етиб келувчи марказий пирамидал йўллар. Шунинг учун ҳам псевдобулбар фалажлик марказий фалажликлар сирасига киради. Псевдобулбар синдром ривожланиши учун кортикобулбар йўллар иккала томонда ҳам зарарланиши керак. Бу йўллар бир томонда зарарланса, псевдобулбар синдром ривожланмайди. Демак, бош миянинг иккала ярим шарида ҳам ривожланган инсултлар, дегенератив касалликлар, мия устунини тепадан босиб келувчи ўсмалар, гематомалар, йирингли жараёнлар псевдобулбар синдром ривожланишига олиб келади.

Клиникаси. Дизартрия, дисфагия ва дисфониядан иборат, яъни беморда ютиш ва нутқ бузилади, овози кескин пасаяди, манқаланиб гапиради. Булбар синдромдан фарқли ўлароқ, ютқум рефлекси сақланиб қолади ёки ошади, тилда атрофия ва фасцикуляциялар кузатилмайди. Зўраки йиғлаш ва кулиш ҳамда орал автоматизми рефлекслари пайдо бўлади. Бу рефлексни текшириш учун беморнинг устки ва пастки лабларига неврологик болғача ёки бармоқ билан уриб кўрилади. Бунда бемор лабларини олдинга чўччайтиради, худди ўпич ҳаракатига ўхшаш ҳолат юзага келади. Шунингдек, пастки жағ рефлекси ҳам кучаяди.

Даволаш. Бу синдромлар турли касалликлар сабабли ривожланганлиги боис, даволаш муолажалари касаллик этиологиясига боғлиқ ҳолда олиб борилади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича