Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси А. cerebri media ҳавзаси ва инсульти

А. cerebri media ҳавзаси ва инсульти


А. cerebri medianing асосий тармоқлари:
      
чуқур тармоқлара. putameno-capsula-caudata, а. lenticulo-striata. Бу тармоқлар артериянинг бошланғич қисмидан ажралиб чиқишади ва пўстлоғости тузилмалари ҳамда ички капсуланинг катта қисмини қон билан таъминлашади.
      
пўстлоқ тармоқлари – булар олдинги чакка, кўз-пешона, прецентрал, марказий, олдинги париетал, орқа париетал, орқа чакка ва бурчак артериялари.
      
Миянинг ўрта артериясида инсульт жуда кўп учрайди. Чунки у ички уйқу артериясининг бевосита давомчисидир. Кўп ҳолларда миянинг ўрта артериясида қон айланишининг ўткир бузилиши ички уйқу артерияси тромбози билан боғлиқ, яъни артериянинг ўзи зарарланмай қолади.
      
А. cerebri media нинг бошланғич қисми зарарланиши. Ушбу артериянинг юзаки ва чуқур тармоқларга ажралишидан олдинги қисми зарарланса, бош мия паренхимасининг катта қисмида ишемик инсульт рўй беради. Қарама-қарши томонда гемиплегия (гемипарез), гемигипестезия ва гемианопсия ривожланади. А.cerebri media зарарланганда энг кўп учрайдиган бу синдром «уч геми» синдроми номини олган. Агар a. cerebri media sinistra зарарланса, ушбу синдром афазиялар билан, а.cerebri media dextra зарарланса, анозогнозия ва аутотопогнозиялар билан намоён бўлади. Бироқ чапақайларда бунинг тескариси рўй беради. Амбидекстрларда эса афазия, анозогнозия ва аутотопогнозиялар ҳам чап, ҳам ўнг ярим шар инсультларида кузатилади (Ибодуллаeв З. Р., 2005).
      
Касалликнинг дастлабки кунлари фалажланган оёқ-қўлларда мушаклар атонияси ривожланади (церебрал диашиз), кейинчалик эса тонус оша боради. Мушаклар тонуси, одатда, спастик тарзда ошган бўлади. Фалажланган қўлнинг букилувчи мушакларида тонус ошиб, қўлни тирсак бўғимида букиб қўйса, фалажланган оёқнинг ёзилувчи мушакларида тонус ошиши сабабли оёқ ёзилган ҳолатда қотиб қолади. Гемисиндром кузатилган томонда VII ва ХII нервларнинг марказий фалажлиги кузатилади. Аксарият ҳолларда, контралатерал нигоҳ фалажи ҳам вужудга келади: беморнинг боши ва кўзи ўчоқ томонга бурилади. Бу феноменни «бемор ўчоқ томонга қараб ётибди» деб ҳам аташади. Бу феноменнинг пайдо бўлиши иккинчи пешона пуштасининг орқа томонида жойлашган «нигоҳ маркази» зарарланиши билан боғлиқ. У комада ётган беморда инсульт қайси ярим шарда кузатилганини аниқлаш учун ёрдам беради.
      
А.cerebri mediaнинг тотал зарарланишида касаллик оғир кечади, мия шиши ва интракраниал гипертензия тез ривожланади, бемор ҳушини йўқотиб, комага туша бошлайди. Аксарият ҳолларда кома тўсатдан ривожланади. Ўлим ҳолатлари кўп учрайди. Ҳаёти сақланиб қолган беморларда чуқур фалажликлар, сезги ва нутқ бузилишлари узоқ вақт сақланиб қолади.
      
А. cerebri mediaнинг пўстлоқ артериялари зарарланса, ўрта ва пастки пешона пушталарининг орқа соҳаси, олдинги ва орқа марказий пушталарнинг пастки 3/2 қисми, оперкуляр соҳа, иккинчи ва учинчи париетал пушталар, биринчи ва иккинчи чакка пушталарида ишемия ривожланади. Қарама-қарши томонда нотекис ривожланган гемипарез ва гемианестезия кузатилади: ҳаракат ва сезги бузилишлари қўлда кучлироқ, оёқда эса йенгилроқ ифодаланган бўлади. Чунки пўстлоқдаги оёқ марказини а. cerebri anterior қон билан таъминлайди. Гемианопсия кузатилмайди. Шунингдек, контралатерал томонда юз ва тилости нервининг марказий фалажлиги белгилари пайдо бўлади, яъни лаб бурчаги осилиб қолади, тил эса фалажланган томонга оғади. Бунинг сабаби – олдинги ва орқа марказий пушталарнинг пастки қисмида қон айланишнинг бузилишидир. Чунки бу йердан кортиконуклеар йўллар бошланади.
      
Чап ярим шар инсультида мотор ва сенсор афазиялар, апраксия, аграфия, ўнг ярим шар инсультида эса анозогнозия ва аутотопогнозиялар пайдо бўлади. Париетал соҳанинг ишемияси ҳисобига астереогнозия ҳам ривожланади, бироқ бу симптом афазия каби яққол ифодаланмайди. Чунки париетал соҳани қон билан таъминлашда а.cerebri posterior ҳам иштирок этади.
      
А. cerebri media нинг орқа тармоқлари соҳаси инфарктида пастки париетал пушта (39-майдон), юқори ва ўрта чакка пушталарининг орқа соҳасида (22-ва 21-майдонлар) инфаркт ривожланади. Бу йерда инфаркт нафақат пўстлоқ, балки пўстлоғости соҳаларида (Грациоле тутами) ҳам кузатилади. Шу сабабли пастки квадрант гемианопсия, гемигипестезия (айниқса, чуқур сезги бузилиши), астереогнозия, акалкулия, апраксия, аграфия, амнестик афазия ва оптик-фазовий агнозия ривожланади.
      
А. cerebri medianing прецентрал шохчаси инфарктида контралатерал томонда пастки мимик мушаклар ва тилнинг марказий фалажлиги кузатилади. Ушбу артерия чап ярим шарда зарарланса Брок афазияси, яъни эфферент мотор афазия ривожланади.
А. cerebri medianing марказий артерияси соҳаси инфарктида контралатерал томонда нотекис ривожланган гемипарез, яъни қўлда моноплегия, оёқда монопарез вужудга келади. Нутқ бузилмайди.
      
А. cerebri medianing орқа париетал артерияси соҳаси инфарктида барча сезгилар гемигипестезияси ёки гемианестезияси, баъзан эса афферент гемипарез ривожланади. Бу синдром псевдоталамик синдром номини олган. Бироқ унда таламус зарарланиши учун хос бўлган гемиалгия ва гемигиперпатия кузатилмайди.
      
А. cerebri medianing чуқур артериялари ишемиясида қарама-қарши томонда бир хил ривожланган спастик гемиплегия, гемианестезия, гемианопсия, яъни уч гемисиндром ривожланади.
      
Миянинг чуқур тузилмалари соҳасидаги инфарктлар, одатда, катта бўлмайди, яъни бу йерда, кўпинча лакунар инфаркт ривожланади. Лакунар инфаркт, кўпинча, а. cerebri mediaнинг стриар тармоқлари зарарланганда кузатилади. Стриапаллидар ядролар соҳасидаги лакунар инфарктлар паркинсонизм ривожланишига ҳам сабабчи бўлади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi    © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича