Абстинент синдром
Абстинент синдром доимий равишда кўп миқдорда алкогол ичиб юриб, уни тўсатдан тўхтатганларда рўй беради ва турли даражада ифодаланган психовегетатив, неврологик ва соматик бузилишлар билан намоён бўлади. Шу боис абстинент синдромни “алкоголдан жудо бўлганлик” синдроми деб ҳам аташади. Ушбу бузилишлар зарур миқдорда алкогол истеъмол қилгандан сўнг камаяди ёки ўтиб кетади.
Абстинент синдромнинг клиник белгилари турлича намоён бўлади. Унинг баъзи турларида неврологик, баъзиларида психоэмоционал, бошқа бирларида соматик бузилишлар яққол кўзга ташланади. Бироқ уларнинг барчасида руҳий бузилишлар алоҳида ўрин тутади. Демак, ичкилик ичиб юрадиган одам уни истеъмол қилмай қўйса, абстинент синдром ривожланади. Бунда бемор жуда безовта бўлиб асабийлашаверади, бир жойда тинч ўтира олмайди, ўзини оила аъзоларига нисбатан агрессив тутади, ароқ топиб беришни талаб қилиб жанжал кўтараверади, хулқ-атвори жиннисифат бўлиб қолади.
Абстинент синдром баъзи беморларда кучли агрессив ҳолат билан намоён бўлса, бошқа бирларида апатия билан намоён бўлади, яъни йиғлайверади, атрофдагилардан, айниқса, умр йўлдошидан кечирим сўрайверади: “Бошқа ичмайман, лекин ҳозир, албатта, ароқ топиб бер, бўлмаса ўлиб қоламан”, деб ёлворади. Ҳақиқатан ҳам етарли миқдорда ароқ ичгандан сўнг тинчланиб ухлаб қолади.
Абстинент синдромда АҚБ тушиб кетиши ёки аксинча, жуда юқори кўтарилиши, юзи оқариб-кўкариб кетиши, мавжуд соматик касалликлар қўзғалиши мумкин. Масалан, бемор сигарет чекадиган бўлса, унда сурункали бронхит қўзғалиб, кетма-кет йўтал кучайиб кетади. Бундай вазиятлар баъзан ўлим билан тугайди. Шунингдек, кучли бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, терга ботиш, сийиб юбориш, тахикардия ёки брадикардия, гандираклаб йиқилиб тушиб жароҳат олиш каби ҳолатлар кузатилади. Баъзан суицидал фикрлар ҳам хаёлига келавериб, ўз жонига қасд қилиши мумкин. Маст бўлиб ухлаб қолган одамда тил-ҳалқум мускуллари гипотонияси туфайли хуррак отишлар кучайиб, тунда апное рўй бериши ва ўлим билан тугаши мумкин. Шунингдек, овқатни тўйиб еб, ухлаб қолган маст одам хуррак отаётган пайтда ошқозондаги овқат тепага қараб йўналади ва қайтиб нафас йўлларига тушиши оқибатида ҳам тўсатдан ўлим ҳолати рўй бериши мумкин.
Албатта, юқорида қайд қилинган белгилар турли беморларда турлича намоён бўлади. Баъзан бу белгилар унинг оила ва жамиятда тутган ўрнига, мизожига, соматик ва руҳий ҳолатига ҳам боғлиқ. Шундай бўлса-да, ўта яхши хулқ-атворли ва жамиятда ҳурмат-эътиборга эга бўлган, бироқ ичкиликни хуш кўрадиган шахсларда абстинент синдром ривожланса, улар ўта ноқулай аҳволга тушиб қолишади. Бундай шахслар яқин дўстларини ҳам қаттиқ ҳақорат қилиб, узоқ йиллик дўстона муносабатларни бир куннинг ўзида барбод қилишади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича