АБУЗУС БОШ ОҒРИҚЛАР


Аналгетикларни узоқ муддат (ойлар ва йиллар) мобайнида қабул қилиш сабабли ривожланган бош оғриқларга абузус бош оғриқлар деб айтилади.
 
Барча давлатларда аҳоли томонидан энг кўп сотиб олинадиган дорилар – булар аналгетиклар. Деярли ҳар бир одамнинг ишхонаси ва уйида аналгетиклар бўлади. Мутахассислар кузатуви шуни кўрсатадики, ривожланган давлатларда тез таъсир қилувчи кучли аналгетиклар ва антидепрессантлар кўп қабул қилинади. Шунинг учун ҳам, абузус бош оғриқлар Европа давлатлари, Америка ва Японияда жуда кўп учраши қайд қилинган. Абузус этиологияли бош оғриқлар кўпайишининг яна бир сабаби – кучли аналгетикларнинг рецептсиз тарқатилишидир.
      
Абузус бош оғриқлар билан касалланган беморлар сони кейинги пайтларда кўпайиб бормоқда. Информацион технологиянинг инсон ҳаётига кескин кириб келиши, жисмоний ҳаракатлар орқали бажарилаётган ишлар камайиб, гиподинамия одат тусига кираётганлиги ва вақтнинг доимо тиғизлиги психоген зўриқиш типидаги бош оғриқларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Вақт ўта тиғизлиги сабабли бош оғриқни тезроқ бартараф этиш учун биз аналгетикларни тез қабул қиламиз.   Баъзида бу дорилар кунига бир неча маротаба ичилади.
      
Этиологияси. Беморлар турли этиологияли, айниқса мигрен, ЗБО ёки бошқа этиологияли бош оғриқларда аналгетикларни кўп қабул қилишади. Бунинг натижасида улар аналгетикларга ўрганиб қолишади. Агар беморга аналгетиклар қилинмаса, бош оғриғи азоб бераверади. Антидепрессантлар, транквилизаторлар, миорелаксантлар ёки рефлектор таъсир қилиш усуллари билан ҳам бартараф этса бўладиган бош оғриқларни беморлар аналгетиклар билан йўқ қилишни маъқул топишади. Чунки аналгетиклар бош оғриқни тезроқ қолдиради. Бемор бош оғриққа чидай олмай дарров аналгетиклар қилиб қўйишни талаб қилаверади. Бунинг оқибатида абузус бош оғриғи ривожланади. Демак, абузус бош оғриқ – бу аналгетикларни узоқ муддат қабул қилиш сабабли пайдо бўлган бош оғриқ. Абузус бош оғриқни халқ тилига ўгирганда «дориларга ўрганиб қолган бош оғриқ» маъноси келиб чиқади.
      
Клиникаси. Абузус этиологияли бош оғриқларни аниқлаш учун бир қатор белгилар ва маълумотларга эътибор қаратилади.
      
Бундай беморлар сурункали бош оғриқлар сабабли авваллари аналгетиклар қабул қилиб юрган бўлишади. Уларнинг анамнези ўрганилганда турли этиологияли бош оғриқлар (мигрен, ЗБО, психалгия, невралгия, краниоцервикалгия ва ҳ.к.) билан касалланганлиги аён бўлади. Аналгетикларга психологик боғланиб қолиш – абузус бош оғриқларнинг асосий сабабчиси.
      
Аналгин ва унинг аналоглари (темпалгин, баралгин ва ҳ.к.), парацетамол, ацетилсалицил кислотаси (аспирин) ни сурункали тарзда қабул қилиш ҳам абузус бош оғриқларни келтириб чиқаради. Бу дорилар мажмуаси турли фирмалар томонидан цитрамон, седалгин, кофисил, колдрекс, солпадеин, трамадол номлари билан ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, трамадол каби кучли аналгетикларни узоқ муддат қабул қилиб юриш абузус бош оғриқлар ривожланишини жадаллаштиради.
Шунингдек, узоқ муддат гиёҳванд моддаларни қабул қилиб юрувчи наркоманлар ҳам абузус бош оғриқлардан азият чекишади. Бемор аналгетикларни қабул қилишни тўхтатса, бош оғриқлар кучайиб кетади. Аналгетикларни 3–6 ой мобайнида узлуксиз қабул қилиш ҳам абузус бош оғриқлар ривожланишига сабабчи бўлади.
Мигрен кейинчалик абузус бош оғриқларига айланиши мумкин. Бу ҳолат кўп кузатилади. Чунки мигрен билан касалланган беморлар аналгетикларни кўп қабул қилишади. Айниқса, таркибида эрготамин сақловчи дориларни узоқ муддат ва катта дозаларда қабул қилиш абузус бош оғриқлар ривожланишига туртки бўлади. Бунда мигренга хос клиник симптомлар сийқалашади. Агар бундай беморнинг анамнези тўла ўрганилса, унда аввал мигренга хос бош оғриқлар кузатилганлиги аниқланади, яъни у мигрен билан касалланган бўлади. Демак, аввал мигрен билан касалланган беморда, энди абузус бош оғриқлар ривожланган бўлади. Бу ҳолат, кўпинча, врачлар орасида «кимнинг ташхиси тўғри» типидаги баҳслашувларга сабаб бўлади.
Абузус бош оғриқлар аниқланган беморга бошқа дорилар тавсия этилса, самараси жуда паст ёки умуман натижасиз бўлади. Масалан, антидепрессантлар, транквилизаторлар, миорелаксантлар, седатив дорилар ва рефлектор терапия кўзланган натижани бермайди. Беморни бу дорилар ёки даволаш усулларига ўргатиб олиш анча қийин кечади ва узоқ вақтни талаб қилади. Бироқ кейинчалик улар яхши самара бера бошлайди. Бу ҳақда бемор огоҳлантирилиши керак.
      
Даволаш. Авваламбор, бемор аналгетикларни қабул қилишни аста-секин тўхтатиши лозим. Бунинг учун беморга касаллик сабаблари ва унинг оқибатлари тушунтирилади. Унга аналгетикларни бу тарзда қабул қилавериш вақтинча самара бериши ва уларга психологик боғланиб қолиш оқибатида кейинчалик турли асоратлар юзага келиши уқтирилади. Уларда деярли ҳар доим апатия, депрессия, фобия ва хавотир белгиларини кузатиш мумкин. Беморнинг нафақат боши оғрийди, балки тананинг турли жойларида ҳам оғриқлар ва турли психосоматик бузилишлар (уйқу бузилиши, тахикардия, терлаш, совуқ қотиш, анорексия, полиурия, қабзият) кузатилади. Бу беморларда жинсидан қатъи назар спиртли ичимликларга мойиллик ривожланади. Чунки спиртли ичимликлар баъзида бош оғриқни қолдиради. Баъзи беморлар аналгетиклар қабул қилаверишдан безор бўлиб, ичкиликка ружу қўйишади. Бу эса сурункали ичкиликбозлик ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
Абузус бош оғриқларни самарали даволашда антидепрессантлар, айниқса, амитриптилин ва шу каби бошқа дорилар кенг қўлланилади. Амитриптилин деярли 75% ҳолатларда абузус бош оғриқларни самарали даволаш имконини беради. Бу дорининг натижаси 7–10 кунларда кўзга ташланади. Бу ҳақда бемор огоҳлантирилади. Бу даврда беморга чалғитувчи даволаш муолажалари (игна билан даволаш, плацеботерапия, физиотерапия) ўтказиб турилади. Фармакотерапия, психотерапевтик ва физиотерапевтик даволаш усуллари билан биргаликда олиб борилиши жуда самаралидир.
      
Прогноз. Аналгетикларни қабул қилишни тўхтатиш – яхши прогноз гарови.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича