АФАЗИЯ
Афазия – пўстлоқда жойлашган нутқ марказлари зарарланиши оқибатида ривожланадиган нутқнинг систем бузилиши. Афазия бош миянинг турли соҳалари, яъни пастки пешона пуштаси, юқори чакка пуштасининг орқа қисми, пастки париетал соҳа ва чакка-тепа-энса соҳалари туташган жойлар зарарланганда кузатилади.
Демак, нутқ марказлари бош мия катта ярим шарларининг кўп қисмини эгаллаган. Кучли ифодаланган нутқ бузилишлари, айниқса, Брок ва Вернике соҳалари зарарланганда яққол билинади. Бу марказларга чегарадош соҳалар зарарланганда, ўтиб кетувчи афазиялар кузатилади, холос.
Афазиянинг бир нечта таснифлари мавжуд. Уларни системалаштириб, А.Р. Лурия афазиянинг 7 та турини ажратди (1973):
- Афферент мотор афазия – ўнақайларда чап ярим шарнинг пастки париетал пуштаси айнан 22- ва 42-майдонлар билан чегарадош ва Оперкулум Роланди га туташ бўлган 40-майдон зарарланганда кузатилади.
- Эфферент мотор афазия – пастки пешона пуштасининг орқа қисми (44- ва 45- майдонлар), яъни Брок маркази зарарланганда кузатилади.
- Динамик афазия – Брок марказидан олдинда жойлашган премотор соҳа, яъни 9-, 10- ва 46-майдонлар зарарланганда кузатилади.
- Сенсор афазия – юқори чакка пуштасининг орқа қисми, яъни 22-майдон (Вернике маркази) зарарланганда кузатилади.
- Акустик-мнестик афазия – ўрта чакка пуштаси (21- ва 37-майдонлар) зарарланганда кузатилади.
- Семантик афазия чакка-тепа ва энса соҳалари туташган жойлар, яъни 37- ва қисман 39-майдонлар зарарланганда кузатилади. Бу жой ТПО (темпоро-парието-оксипиталис) соҳаси деб ҳам юритилади. ТПО пўстлоқнинг учламчи соҳаси ҳисобланиб, орқа ассоциатив комплексни ташкил қилади.
- Амнестик афазия – 37- ва 40-майдонлар зарарланганда кузатилади.
Нейропсихологлар нутқнинг икки хил турини фарқ қилишади. Бу экспрессив нутқ (сўзлаш) ва импрессив нутқ (сўзларни, гапларни тушуниш). Афазиянинг барча турларида у ёки бу даражада экспрессив ва импрессив нутқ бузилади. Масалан, мотор нутқ марказлари зарарланганда, асосан, экспрессив нутқ, сенсор нутқ марказлари зарарланганда, кўпроқ импрессив нутқ бузилиши кузатилади.
Экспрессив нутқ оғзаки ва ёзма нутқларга ажратилса, импрессив нутқ оғзаки ва ёзма нутқни тушуниш демакдир. Оғзаки нутққа монологик, диалогик ва такрорий нутқлар мисол бўла олади. Нарсаларнинг номини айтиш, уларнинг ҳаракатини сўз билан ифодалаш ҳам оғзаки нутқнинг бир тури. Ёзма нутқ мустақил ёки диктант кўринишида бўлади.
Нутқ фаолияти ва унинг бузилишлари фақат локал принципларга асосланиб ўрганилмайди. Чунки нутқ функционал системасининг шаклланишида жуда кўп анализаторлар, яъни ҳаракат, проприорецептив, тактил, эшитув ва кўрув анализаторлари иштирок этади. Агар мана шу анализаторлар ўзаро мувофиқлашиб ишламаса, нутқ бузилади. Анализаторларнинг қайси соҳаси кўпроқ зарарланганлигига қараб, турли даража ва кўринишдаги афазиялар ривожланади.
Афазияларни аниқлашда жуда кўп омилларга эътибор берилади. Бемор болалик даврида нормал нутққа эга бўлганми, ушбу нутқ бузилиши қачон пайдо бўлган, мактабда ўқиганми, олий маълумотга эгами, рус ёки ўзбек тилларини яхши биладими ва ҳоказо. Қўшимча текширувлар, яъни ЭЭГ, КТ/МРТ, МРА, фМРТ усуллари ҳам афазия сабабини аниқлашга ёрдам беради. Ҳар қандай афазиянинг турини аниқлаш топографик ташхис учун ўта муҳим.
Нутқ бузилишлари клиникасини ўрганишда қуйидаги шартларга амал қилинади:
- Нутқнинг қандай тури, шакли ва функцияси бузилган, қайсилари сақланиб қолган?
- Нутқ бузилиши олий нерв фаолиятининг яна қайси функцияларига таъсир кўрсатган?
- Нутқ бузилишининг физиологик механизмлари нималардан иборат?
Энди афазиянинг барча турлари билан танишиб чиқамиз.
Афферент мотор афазия (АМА). Ҳар қандай сўз талаффуз қилинаётганда ҳар хил куч, йўналиш ва қамровга эга бўлган артикулятор ҳаракатлар қилинади. Ҳар қандай нутқ товушини чиқариш учун ҳам аниқ бир артикулятор ҳаракатлар йиғиндиси иштироки зарур. Ушбу ҳаракатларни бошқариб туриш учун сўзлаш аъзоларидан (лаб, тил, танглай ва ҳ.к.) мияга доимо тўхтовсиз импулслар келиб туриши керак. Бу жараённи сигналлар афферентацияси деб ҳам аташади. Бу сигналлар оғиз мускуллари ҳолати, тил ҳаракати, борингки, нутқни ташкиллаштирувчи оғиз бўшлиғидаги барча тузилмалардан келиб туради.
Организмнинг онтогенетик ривожланиши даврида артикулятор ҳаракатлар маълум бир стереотипга эга бўлган ҳаракатларга айланади. Бу ҳаракатларнинг дастлабки элементлари «ишга тушиб» кетса, одам бемалол гапириб кетади. Ушбу ҳаракатларни бошқариб туришда бош мия катта ярим шарларининг орқа гностик марказлари фаол иштирок этади. Пастки париетал соҳанинг (40-майдон) зарарланиши артикулятор ҳаракатлар бузилишига ва ўз навбатида нутққа алоқадор функционал системанинг издан чиқишига сабаб бўлади.
Орқа гностик марказнинг зарарланиши кинестетик сезги, яъни афферент мотор афазияда нутқ бузилишининг марказий механизмларидан бири бўлмиш – кинестетик омилнинг издан чиқишига олиб келади. Бу марказий нуқсоннинг клиник кўриниши нималардан иборат? Товушлар ва сўзларни талаффуз қилишда тил ва лабларга махсус ҳолатни бера олмаслик, яъни нозик артикулятор ҳаракатларни ташкиллаштира олмаслик, афферент мотор афазия ривожланишининг негизини ташкил қилади.
Одатда, артикулятор аппаратлардан мияга тушиб турувчи сигналлар идрок қилинмайди, яъни одам бу импулсларни англамайди, сезмайди. Аммо нутқнинг кинестетик афферентацияси болада нутқ ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Артикуляция билан товушларни эшитиш орасида узвий боғлиқлик борлиги болалар диктанти таҳлил қилинганда маълум бўлган. Мабодо, диктант ёзаётган болаларга оғзини очиб ўтириш ёки тилни тишлар орасида босиб туриш сўралса, бу артикуляцияни қийинлаштиради ва диктантда хатолар кўпайиб кетади. Демак, артикуляция – сўзнинг товуш таркибини таҳлил қилиш учун ўта муҳим. Нутқ шаклланишининг дастлабки босқичларида товуш ва артикуляция бир маромда ривожланишни талаб қилади. Демак, болада кинестетик нуқсон пайдо бўлиши унинг равон, қийналмасдан, сўз ва товушларни бузмасдан сўзлаши имконсиздир.
АМА да литерал парафазиялар кўп кузатилади, яъни бемор мустақил равишда товушлар ва сўзларни талаффуз қила олмайди, бир товушни бошқа товуш билан алмаштириб юборади (литерал парафазиялар). Масалан, «санам» ўрнига «салам» ёки «келин» ўрнига «кенил» ва ҳоказо. Ўзбек ва рус тилларидаги «д», «л», «н» ҳарфлари, «г», «ҳ», «к» ҳарфлари артикулемалари бир-бирига ўхшашдир. Ушбу ҳарфлар битта сўз таркибида келса, бемор ушбу сўзни талаффуз қилишда қийналади. Шунинг учун ҳам сўзларни талаффуз қилишнинг бузилиши асосий симптом ҳисобланган афазиянинг бу турига мотор афазия деб айтилади.
ЭМА дан фарқли ўлароқ, АМА да сўзларни беихтиёр талаффуз қилиш (санаш, ойларни айтиб чиқиш), одатда, сақланган бўлади. Агар онгли равишда бемор бирор сўз ёки жумлани такрорламоқчи бўлса, қийинчиликларга учрайди. Сўзлаётган пайтда бемор беихтиёр «э, жин урсин», «тўғри-тўғри», «ҳа-ҳа» каби жумлаларни айтиб юборади.
Бемор нафақат бир-бирига ўхшаш артикулемаларни нотўғри талаффуз қилади, балки унда ўхшаш артикулемаларни қабул қилиш ҳам бузилади. Бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Мия пўстлоғининг артикуляцияга жавоб берувчи париетал соҳалари артикуляцияларни тушунувчи чакка соҳалари билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам пастки париетал соҳа зарарланганда, эшитиш системаси функциясининг иккиламчи бузилиши рўй беради.
Нейропсихология ривожланишининг дастлабки даврида мотор афазиянинг фақат битта тури ажратилган. Афферент (кинестетик) мотор афазия биринчи бўлиб А.Р. Лурия томонидан мотор афазиянинг алоҳида бир тури сифатида ажратилган. АМА ни нутқ артикулятор аппаратининг апраксияси билан таққослаш мумкин. АМА да кўпинча орал праксис ҳам бузилади. Бунда ихтиёрий равишда ёки кўрсатма бўйича турли оғиз ҳаракатларини бажариб бўлмайди. Масалан, бемор тилини чиқара олмайди, тилини устки ёки пастки лабига қўя олмайди, лунжини ҳавога тўлдира олмайди ва ҳоказо. Бу оғиз ҳаракатлари нутқ жараёнига кирмайди, лекин шунга қарамасдан, оғиз аппаратининг ихтиёрий бошқарилиши мураккаблиги нутқни қийинлаштиради.
Баъзи муаллифлар мотор афазияда нутқни тушуниш сақланиб қолади дейишса, бошқалари бузилади, деган фикрда. Мотор афазияда фақат экспрессив нутқ бузилади, импрессив нутқ эса сақланиб қолади, деган фикрлар ҳақиқатга зид (А.Р. Лурия, 1973). Маълумки, нутқни тушунишнинг асосий мезонларидан бири – бу товушларни ажрата олишдир.
Нутқнинг мотор компоненти сўз ва гапларни идрок қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун АМА да нутқ товушларини қабул қилаётганда, нутқ жараёнининг кинестетик таҳлили етишмовчилиги сабабли товушларни ажратиш, идрок қилиш ва тушуниш бузилади. АМА ни аниқлаш учун аввалига турли хил унли товушларни такрорлаш илтимос қилинади. Унли товушларни тез-тез такрорлаш сўралса, бемор чалкашиб кетади. Айниқса, талаффуз қилиш қийин бўлган ундош товушлардан иборат сўзларни («тротуар», «трактор», «перрон») такрорлашда бемор қийналади. АМА орал апраксия билан бирга келганлиги боис, бемор сўзларни нотўғри талаффуз қилади. Чунки оғзи ва лаблари унга бўйсунмайди. Бемор нотўғри сўзлаётганини ўзи билиб туради.
АМА да кинестетик нуқсон сабабли нутқнинг бошқа элементлари ҳам иккиламчи тарзда бузилади. Уларда мустақил ёзиш ҳам, диктант ёзиш ҳам бузилади. Айниқса, ёзаётган пайтда «оғзингизни очиб ёзинг» ёки «тилингизни тишларингиз билан босиб ёзинг» деган кўрсатма берилса, хато ёзувлар кўпайиб кетади. Бемор мияга сингиб кетган ва автоматик тарзда доимо ишлатиладиган сўзларни бемалол такрорлаши мумкин, аммо мураккаб сўзларни фаол нутқда нотўғри талаффуз қилади.
Эфферент мотор афазия (ЭМА). Бунда нутқнинг кинетик таркиби (яъни ҳаракат қисми) бузилади. Бемор бир сўздан иккинчи сўзга ўта олмай, дастлабки сўзда тўхтаб қолади. Соғлом одам гапираётганда, дастлабки сўзлар нутқ учун жавоб берувчи мия структуралари томонидан тормозланиб, сўнгги сўзларга йўл очиб беради ва равон сўзлашга имкон яратилади. Демак, ЭМА да биринчи артикулятор ҳаракатдан иккинчисига ўтиш бузилади ва натижада нутқ персеверациялари пайдо бўлади.
Ушбу афазияда экспрессив нутқнинг барча тури ва шакли бузилади: монолог, диалог, автоматлашган ва ҳоказо. Кўпроқ онгли равишда сўзлаш, яъни бошқа бировнинг кўрсатмаси бўйича сўзлаш ўзгарса, беихтиёрий сўзлаш эса кам бузилади. Бемор 1 дан 10 гача бемалол санаши мумкин, лекин 10 дан 1 гача санай олмайди. Фаол нутқда ҳам, такрорий нутқда ҳам бир бўғиндан иккинчи бўғинга ёки сўздан сўзга бемалол ўтиш қийинлиги, яъни нутқ персеверациялари ЭМА нинг асосий клиник белгиларидан биридир.
Афазиянинг бу турида бемор баъзи товуш ва бўғинли сўзларни тўғри талаффуз қилади, лекин уларни қўшиб сўз ясай олмайди. Енгил ҳолатларда эса бир нечта сўзлардан жумлалар тузиш қийинлашади. Ҳаттоки, ўта енгил кечувчи ЭМА да ҳам бемор қийин артикулятор тузилишга эга бўлган сўз ва жумлаларни талаффуз қила олмайди (масалан, тез айтишларни). Шунинг учун ҳам ЭМА да аграмматизм кўп кузатилади.
Маълумки, Брок маркази миянинг чакка соҳаси тузилмалари билан ассоциатив йўллар орқали боғланган. Шу боис ЭМА да нутқ жараёни карахтлиги сабабли нутқ фаолиятининг бошқа турлари, яъни, ёзиш ва ўқиш ҳам бузилади.
Шундай қилиб, ЭМА бошқа афазиялар каби, нутқ фаолиятининг систем бузилиши билан кечади ва бунда кузатиладиган асосий камчилик нутқ кинетикаси етишмовчилигидир.
Динамик афазия (ДА). Нутқ бузилишининг бу тури 1934 йили К. Клейст томонидан ўрганилган. Олим уни «нутқ ташаббусининг етишмовчилиги» деб атаган. Баъзи тадқиқотчилар (И.М. Тонконогий, 1973, 2007) динамик афазияни «нутқ акинезияси» деб атаган. ДА хусусияти шундан иборатки, унда нутқ хотираси, артикуляция ва фонематик эшитув сақланиб қолади. Бемор товуш, сўз, жумла ва нарсаларнинг номини жуда яхши такрорлайди. Бемор на тўсатдан, на мустақил равишда гапира олади, бирон-бир тушунарли сўз ёки гапни равон айта олмайди. ДА да ўқиш ва ёзиш бузилмайди.
Маълумки, нутқ фақат сўздан эмас, балки гаплардан ҳам тузилган. Одамлар бир-бири билан сўзлардан тузилган гаплар орқали мулоқотда бўлишади, фикрларини баён қилишади. Ҳар қандай фикрни баён қилиш ички (импрессив) нутқ ёрдамида яратилган динамик жараён бўлиб, ўзининг предикативлиги билан таърифланади. Предикативлик деганда, ҳаракатни ифодаловчи гаплар тушунилади. Масалан, «мен кинога бормоқчиман», «мен китоб ўқимоқчиман» ва ҳоказо. Бу ерда «бормоқчиман» ва «ўқимоқчиман» сўзлари предикат ҳисобланади.
Демак, ДА нинг марказий механизмлари – бу ички нутқ етишмовчилиги, предикативлиги ва нутқ фаоллигининг бузилишидир. Бу беморларда нафақат нутқ фаоллиги пасайиши, балки динамик апраксия, умумий ҳаракат фаолияти сустлиги, гипомимия ва ҳиссий карахтлик ҳам кузатилади. Бироқ ўз аҳволига танқидий муносабат сақланиб қолади.
Шундай қилиб, ДА – афазиянинг алоҳида бир тури бўлиб, унда нутқнинг сенсор ва мотор механизмлари сақланиб қолади, лекин сўзлашга қобилият йўқолади ёки кескин пасаяди.
Сенсор афазия (СА). СА да фонематик эшитув бузилади, яъни сўзларнинг товуш таркибини фарқлаш қобилияти издан чиқади. Бошқача қилиб айтганда, товушларнинг акустик анализи ва синтези бузилади. СА нинг асосий нуқсони – бу нутқни тушунмаслик. Бемор бировнинг нутқига ҳам, ўзининг нутқига ҳам тушунмайди. Оғзаки нутқда литерал парафазиялар кўпайиб кетади, яъни бемор сўзлаётганда, битта товуш ўрнига бошқасини айтиб юборади. Масалан, «салом» ўрнига «салон» ёки «дори» ўрнига «тори» ва ҳоказо. СА да бемор ўз фикрини турли мимик ҳаракатлар билан ифодалашга интилади.
СА да грамматик жиҳатидан бузилган нутқ бир-бирига боғланмаган литерал ва вербал парафазияларга тўла бўлади. Такрорий нутқ ҳам кескин бузилади. Кучли ривожланган СА да бемор ҳатто битта ҳарфни ҳам, сўзни ҳам такрор айта олмайди. Фонематик таҳлил бузилганлиги боис, сўзларнинг сифати ҳам бузилади, мухолиф товушлар ўрни алмашиб кетади. Бунинг оқибатида нарсалар номи ва исм-шарифлар бузиб айтилади. Бемор нарсаларнинг номини билса-да, сўзнинг керакли фонетик тузилишини топа олмайди, яъни сўзнинг товуш таркиби парчаланади. Бундай беморлар сўзларни такрорлаш учун, нарсаларнинг номини айтиш учун кўп уринишади. Бемор «гапдонлиги» (логоррея) билан ажралиб туради, унинг гапига тушуниб бўлмаса-да, кўп гапираверади. Уларнинг нутқи ҳиссий тусга, интонацияга бой бўлади. СА да ўқиш ва ёзиш ҳам бузилади, лекин праксис ва оптик гнозис сақланиб қолади.
Акустик-мнестик афазия. Афазиянинг бу тури биринчи бор А.Р. Лурия томонидан тадқиқ этилган (1969). Европа адабиётларида бу афазияни «ўтказувчи афазия», «транскортикал мотор афазия» деб ҳам аташади.
Акустик-мнестик афазия учун қуйидаги симптомлар хос: 1) нутқни тушунишнинг бузилиши, бунда бемор оғзаки нутқни ҳам, матнларни ҳам тушунмайди; 2) оғзаки экспрессив нутқ бузилиши; 3) нутқнинг номинатив функцияси бузилиши; 4) сўзлар маъносини бузиб айтиш; 5) вербал парафазиялар, сўзлаётганда сўзларни тушириб қолдириш.
Оғзаки нутқ ва импрессив нутқ бузилса-да, ёзиш ва ўқиш сақланиб қолади. Бу афазиянинг сенсор афазиядан фарқи шундаки, уларнинг нутқи суҳбатдошига тушунарли бўлиши мумкин, бемор сўзлаётганда, ўз хатосини англайди, гапдонлик ва эйфория кузатилмайди.
Акустик-мнестик афазияда бемор нарсанинг қандай номланишини унутиб қўяди. Натижада бемор ўша нарсага таъриф бера бошлайди. Масалан, «помидор» деб айтиш учун у «ҳалиги қизил, юмалоқ бор-у, нимайди?» ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам афазиянинг бу турини оптик агнозия билан фарқлаш анча мушкул. Демак, акустик-мнестик афазияда фонематик эшитув ва товушларни фарқлаш сақланиб қолади.
Сенсор ва акустик-мнестик афазиянинг ўхшаш томонлари: 1) иккала афазияда ҳам сўзлар маъноси бегоналашади; 2) сўзларни излаётганда, айтиб юбориш ёрдам бермайди. Агар сўзлар маъносининг бегоналашувига сабаб сенсор афазияда фонематик эшитув бузилиши бўлса, акустик-мнестик афазияда зарур сўзларни (номларни) эсга тушириш бузилади.
Семантик афазия (СемА). Семантик афазиянинг асосий белгиси сўзларни бир-бирига боғланиши, яъни конструкциясининг бузилишидир. Бунда артикулятор ва акустик бузилишлар кузатилмайди. К. Голдштейн (1948) афазиянинг бу турини тафаккур етишмовчилиги деб атаган. Одатда, экспрессив нутқ сақланиб қолади, бемор сўзлаши ва оддий гапларни тушуниши мумкин. Семантик афазияда бемор таркибида «устида», «тагида», «юқорида», «пастда», «олдида», «ёнида», «дан» каби сўз ва қўшимчалари бўлган жумлаларни ўқиб тушунмайди. Масалан, бемор «айлана устида хоч», «хоч айлана тагида», «тундан сўнг кун келади», «пашша филдан кичик» каби гапларда фарқ сезмайди. Шунингдек, «ручка қаламдан узунроқ», «Лола Эргашдан оқроқ» каби гаплар орасидаги ўзаро боғлиқликни таҳлил қила олмайди.
Бемор қалам ва ручкани кўрсатинг, деган кўрсатмани тўғри бажаради, лекин «қалам билан ручкани» ёки «ручка билан китобни» кўрсатинг, деган жумлаларни тушунмайди ва бажара олмайди.
Амнестик афазия. Ушбу афазияда нутқнинг номинатив функцияси бузилади. Бирор нарсанинг номини айтиш учун бемор бир нечта сўзларни кетма-кет айтиб ташлайди. Масалан, беморга олмани кўрсатиб: «Бу нима?», деб сўралса: У «Ҳалиги, бу беҳи, эй, нок эмас, бу, биласизми, еганда жуда мазали, нимайди, ҳамма жойда ўсадиган, ҳалиги, ҳозир топаман, эй, жин урсин, айта олмаяпман», деган ноаниқ жумлаларни сўзлайверади.
Сенсор ва акустик-мнестик афазиядан фарқли ўлароқ, амнестик афазияда сўзнинг бошини айтиб юбориш ёрдам беради. Нутқнинг номинатив функцияси бузилса-да, бошқа функциялари – ёзиш ва ўқиш сақланиб қолади. Амнестик афазия алоҳида ҳолда жуда кам учрайди ва у асосан, акустик-мнестик ёки семантик афазия билан биргаликда кузатилади.
Афазияни текшириш
Ҳар қандай нутқни текшириш оддий усуллар билан, яъни ҳарфлар, сонлар ва фонемаларни текширишдан бошланади. Текшириш пайтида, албатта, нутқнинг мотор ва сенсор томонларига эътибор қаратилади.
1. Спонтан ва диалогик нутқ.
Беморга оддий саволлар берилади:
- исмингиз нима?
- аҳволингиз қандай?
- ёшингиз нечада?
2. Автоматлашган нутқ.
1-топшириқ. 1 дан 10 гача сананг: 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10.
2-топшириқ. Ҳафта кунларини айтиб чиқинг: душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума, шанба, якшанба.
3-топшириқ. Ойларни айтиб чиқинг: январ, феврал, март, апрел, май, июн, июл, август, центябр, октябр, ноябр, декабр.
3. Такрорий нутқ.
1-топшириқ. Унли товушларни такрорлаш: А, О, И, Э, У, Ю.
2-топшириқ. Ундош товушларни такрорлаш: М, Н, П, Л, Т, К.
3-топшириқ. Мухолиф фонемаларни такрорлаш: Б-П, П-Б, Д-Т, Т-Д, З-С, С-З.
4-топшириқ. Товушли бирикмаларни такрорлаш: БИ-БА-БО; БА-БО-БИ.
4. Сўзларни такрорлаш.
- уй, тол, чол, ойна, бола, чойнак;
- троллейбус, тралливали, тараллабедод.
- қулоқ-бурун-кўз;
- кўз-қулоқ-бурун.
- қирқ кокилли қизалоқ.
- сепкилли сайёра сойга сакради;
- қарғалар қарағайга қўна олмай қайтиб кетишди.
- кўзингизни юминг;
- оғзингизни очинг;
- тилингизни чиқаринг.
- ўнг қўлингизни кўтаринг;
- қошиқни чойнак ёнига қўйинг;
- чап қўлингиз билан ўнг кўзингизни кўрсатинг.
- қаламни ўнг қўлингизга олиб китобнинг ичига қўйинг;
- сочиқни ёстиқнинг тагига қўйинг;
- пиёлани чап қўлингиз билан олиб ўнг томонга қўйинг;
- Лола Каримдан оқроқ, демак, ким қора?
- онасининг синглиси унга ким бўлади?
- акасининг отаси укасига ким бўлади?
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича