АФОРИЗМЛАР
Инсон ҳаётда турли воқеалар гувоҳи бўлаверса, ҳар хил вазиятларга тушаверса, унинг миясида беихтиёр афоризмлар туғилавераркан. Бу ҳолат менда ҳам бўлиб туради. Дабдурустдан хаёлимга келган бундай афоризмларни ён дафтаримга ёзиб бориш одатим бор. Шулардан айримларини сизларга ҳавола қилсам.
* * *
Соғлом одамнинг бошидан нур ёғилиб туради, бироқ бу нур фақат касал одамга кўринади.
* * *
Тиббиётда ташхис ва даволаш – гўёки эгизак. Улар бир хил диққат-эътиборни талаб қилади.
* * *
Психолог – инсон қалбининг дирижёри.
* * *
– Файласуф бўлиш учун нима қилиш керак?
– Нонни қандай топиш ҳақида кўп ўйлаш керак?
* * *
Инсон руҳиятига ҳамла қилманг, оқибати сиз учун ҳам, унинг ўзи учун ҳам ёмон бўлади.
* * *
Баъзи профессорлар илм ҳақида маслаҳат беришлари мумкин, бироқ илм ҳақида ғоя бера олмайдилар.
* * *
Маҳаллийчилик – Ватанни севишнинг тескари кўриниши.
* * *
Шогирд ўнта бўлиши мумкин, бироқ устоз битта бўлади.
* * *
Психосоматик тиббиётсиз тиббиётнинг келажаги йўқ.
* * *
Баъзи одамлар ўз бахтсизликларини билишса-да, ўзларини бахтиёр қилиб кўрсатишни хуш кўришади.
* * *
Тафаккурнинг чегараси бор, бироқ тасаввурнинг чегараси йўқ.
* * *
Меҳрибонлик излаш – бу худбинликдир.
* * *
У шуҳрат изидан шу қадар қувдики, охир-оқибат шуҳрат ҳам орқада қолиб кетди.
* * *
Совун кирни йўқотади, жаҳл – ақлни.
* * *
Иззатталаб дўстдан қоч.
* * *
Рақамда ҳиссиёт йўқ, ҳиссиётнинг барча тури сўзда мужассам.
* * *
Дўстинг хурсанд бўлишини хоҳласанг бир марта мақта, хато қилишини хоҳласанг икки марта, тўғри йўлдан уришни хоҳласанг ҳадеб мақтайвер.
* * *
Пул – қўлнинг кири дейишади. Тўғри. Бироқ шу кирни ювиш учун ҳам совун керак.
* * *
– Кўролмаслик қачон тўхтайди?
– Ерда ҳаёт тўхтаганида!
* * *
Дунёда бемордан мураккаб инсон бўлмаса керак!
* * *
– Янгилик нима учун яратилади?
– Эски муваффақиятларни сақлаб қолиш учун.
* * *
Ўнта сохта дўстдан битта таниш афзал.
* * *
Кибрни илм енгади.
* * *
Қозонга яқин юрсанг қораси юқади дейишади. Тўғри, бироқ узоқ юрсанг оч ҳам қоласан-да.
* * *
Ҳиссиёт кенгайган сайин ақл торайиб боради.
* * *
Ҳақиқий олимнинг энг яқин дўсти – бу ёлғизлик.
* * *
– Ғояни қандай қилиб топса бўлади?
– Хаёл суриб.
* * *
Илмсиз одамни алам бошқаради, илмли одамни – билим.
* * *
Инсон бошига ҳадеб мусибат тушаверса, у ё синади, ё тобланади.
* * *
Наҳорги ошни наҳорги ўқишга ўзгартиришганида, ҳатто профессорлар ҳам унга бормай қўярмиди.
* * *
Ҳеч нарса ҳаққонийликдан устун кела олмайди.
* * *
Қандай касалликка чалинишидан қатъи назар беморни даволаш психотерапия билан бошланиши ва психотерапия билан тугалланиши керак.
* * *
– Шифокор учун энг катта азоб нима?
– Ҳаммага ёрдам берса-ю, ўз яқинларига ёрдам бера олмаса. Унинг учун бундан катта азоб йўқ!
* * *
– Инсон ўз эркини қачон йўқотади?
– Пулга эрк берганида.
* * *
Бу дунёда ҳеч кимга етмайдиган нарса – бу вақт. У бойга ҳам, камбағалга ҳам етмайди.
* * *
Шогирдларинг бир кун келиб сени эсидан чиқаришлари мумкин, бироқ ёзган асарларинг сени ҳар доим барчага эслатиб туради.
* * *
Агар одам кимгадир бўлса қарам,
Уни бошқарур ғазаб ва алам.
* * *
– Сен нега ёлғизсан? Нима, сенинг дўстинг йўқми?
– Бор! Улар – менинг хаёлларим. Улар мени ҳеч қачон тарк этишмайди!
* * *
– Хато қилмаслик учун нима қилмаслик керак?
– Ҳеч нима қилмаслик.
* * *
Инсоннинг қудрати ҳар нарсага етиши мумкин, бироқ вақти ҳар нарсага етавермайди.
* * *
Ўтмишдаги ёқимсиз воқеаларни эслаб сиқилавергандан кўра, келажакка режа тузиб, орзу-умидлар билан яшаган яхши.
* * *
Ўз фарзандларидан меҳрини аяган эди, қариганида фарзандлар меҳрига зор бўлиб оламдан ўтди.
* * *
Камбағалнинг худбинлиги тутса, бойникидан ошиб тушади.
* * *
У шогирд тайёрлашда маҳаллийчиликка шу қадар берилиб кетдики, охир-оқибат шогирдлари яратган илмий ишлар мавқеи маҳалладан нарига ўтмади.
* * *
Авваллари муҳаббат сўз билан ифодаланган бўлса, ҳозирда уни тана билан ифодалашга уринишмоқда.
* * *
Ширин ёлғондан аччиқ ҳақиқат яхши, дейишади. Тўғри! Бироқ ширин ёлғон кайфиятни кўтарса, у ҳам яхши.
* * *
Ўн кун даволайман дегани, ўн кунда даволайман дегани эмас.
* * *
Устоз шогирдидан сўради:
– Нима учун илм қиламан деяпсан, олим бўлмоқчимисан?
Шогирд деди:
– Йўқ, устоз! Сизга ўхшаган профессор бўлмоқчиман.
* * *
Тиббиётда парадокс: Ҳамма даволаш билан овора, ташхис қўйиш билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
* * *
Қари билганни пари билмас дейишади. Тўғри! Ҳақиқатан ҳам париларнинг ақли кўп нарсага етмайди.
* * *
Телевизор бўлмаганида кўп машҳурларни ҳеч ким танимаган бўлур эди.
* * *
Дунёни ўзгартириш мумкин, бироқ тақдирни ўзгартириб бўлмайди.
* * *
Ўзига ишонмаган бемор докторга ҳам ишонмайди.
* * *
Илмдан ошадиган ҳеч қандай куч йўқ.
* * *
Кўп ўқиганларнинг ҳаммаси ҳам олим бўлавермайди.
* * *
Бир ялқовнинг дегани: 40 ёшгача отам боқади, 40 ёшдан сўнг болам.
* * *
“Ўнта сиз-биздан, битта жиз-биз яхши”.
Барчага хуш ёқадиган нақадар чуқур фалсафа.
* * *
“Эр-хотиннинг уриши – асабларнинг қуриши”.
* * *
Суқротга айтишди:
– Нима қиласиз бу ёмон хотинни, ундан воз кечинг.
Суқрот деди:
– Мени Суқрот қилган одамдан қандай қилиб воз кечай.
* * *
Меҳр – кўзда, дейишади. Тўғри! Бироқ оқибат масофада бўлса керак.
* * *
Эр-хотинлар орасидаги жанжаллар 40 ёшгача асаб ва руҳият бузилиши,
40 ёшдан сўнг инсулт ва инфаркт билан тугалланади.
* * *
Ҳаммага яхши кўринишга интиладиган одамдан дўст чиқмайди.
* * *
Дўстлар қанча кам учрашса, шунча оқибатли бўлишса керак.
* * *
Илм бор жойда зулмга ўрин йўқ.
* * *
“Яхши ошини ейди, ёмон бошини” дейишади. Тўғри! Бироқ кимнинг ошини-ю, кимнинг бошини?
* * *
Бутун дунё бойлиги болага тенг бўлолмас!
* * *
– Уйланган оға-инилар орасида меҳр-оқибатни йўқотиш учун нима қилиш керак?
– Улар бир ҳовлида яшашлари керак.
* * *
Одам қачон ёлғон сўзлай бошлайди. Ҳақиқатни сўзлаш жонига теккандан кейин.
* * *
Бойнинг пули кўп, камбағалнинг эса орзуси.
* * *
Кеча аён бўлган илмий янгиликни эртага яна янги иш деб эълон қилиш кеча пиширилган овқатни қозонда яна иситиб еган билан баробар.
* * *
Бутун дунёни забт этган Искандар Зулқарнайн Спитаменнинг бошини ололмади, бироқ бу ишни Спитаменнинг хотини бир кечада амалга оширди.
* * *
– Олимлар кимлар?
– Бир-бирини тан олмайдиган одамлар.
* * *
Бу дунёда ҳамма учун баробар нарса – вақт.
* * *
Руҳий жароҳатни дори билан даволаб бўлмайди.
* * *
Она меҳри ота меҳридан ўн чандон кучлироқ таъсирга эга бўлса керак...
* * *
Врач хатога йўл қўймаслигининг ягона гарови бу – маслаҳат! Маслаҳатлашиб ташхис қўйиш якка илм асосида қўйилган ҳар қандай ташхисдан ишонарлидир. Тиббиётда маслаҳат – тенги йўқ феномен.
* * *
Тиббиёт қаерда қолоқ бўлса, фармакологик бизнес ўша ерда гуркираб ривожланаверади.
* * *
Кечиккан англов: Буюкларнинг буюклигини уларнинг вафотидан сўнг англаб қоламиз.
* * *
Ортиқча бахт ҳам ташвиш келтиради.
* * *
Сон-саноқсиз сохта шогирдлар тайёрлаган олимдан битта кашфиёт яратган олим афзал!
* * *
Империяни эркаклар яратади, аёллар қулатади.
* * *
Психологик нуқсонни аёл киши ўзига ортиқча зеб бериш билан, эркак киши эса уйига оро бериш билан йўқотишга уринади. Шунинг учун бўлса керак, шаҳарда антиқа аёллар ва антиқа иморатлар кўпайиб бормоқда.
* * *
Илм қилиш, албатта, инсонга завқ бағишлайди, бироқ ҳар доим ҳам қоринни тўйғизавермайди.
* * *
Инсон руҳияти ўзи бир дунё! Унда нималар рўй бермайди дейсиз?!
* * *
Вақт даволайдими? Бир беморни шифокор узоқ вақт даволади. Ахийри у тузалиб кетди. Шифокор хурсанд. Бироқ беморни вақт даволагани унинг хаёлига ҳам келмади.
* * *
Агар инсонлар ва давлатлар ўзаро адоватда бўлишмаганида эди биз тараққиётнинг учинчи минг йиллигини бошдан кечираётган бўлар эдик.
* * *
Одамларнинг ўзаро муносабатлари худди об-ҳавога ўхшайди, тинмай ўзгариб туради.
* * *
– Нодонликка биринчи қадам қачон қўйилади?
– Ўзини доно ҳисоблаган кундан бошлаб.
* * *
– Ўзга сайёраликлар бизларни нега йўқ қилиб юборишмаяпти?
– Улар ўзимизни ўзимиз қачон йўқ қилишимизни кутишаяпти.
* * *
Ҳеч нарсаси йўқ одам ҳеч нимадан қўрқмайди.
* * *
Ўзгадан келган буйруқдан кўра юракдан чиққан истак афзал.
* * *
Ҳамманинг борар манзили бир, бироқ у ерга ҳар ким ҳар хил йўллар билан боради.
* * *
Бу дунёда энг осон ва дарров топиладиган нарса – бу баҳона.
* * *
Ота-она боласидан меҳрини аямаган эди, фарзанд улғайгач, бутун дунёни меҳрга буркаб ташлади.
* * *
Унинг сўзи буюк, ўзи эмас.
* * *
Исбот қилинмаган фактларни инкор қилаверманг, уларни ўрганинг.
* * *
Жамият қонунлари инсон манфаатларига зид келса, инсон ўз қонунлари ила яшай бошлайди.
* * *
Баъзи беморлар заррадек дарддан қўрқиб фил ясашади, баъзилари эса филдек дардига заррача ҳам эътибор қилмайди.
* * *
Оламни тушуниш осон, бироқ олимни тушуниш қийин.
* * *
Неврология менга мияни ўргатди, психология эса – ҳаётни, ҳаёт эса қандай яшамоқни.
* * *
Инсон бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам “Ҳа” ва “Йўқ”қа тавозедир.
* * *
Фикрингиз аввало ўзингизни бошқаради, агар у ёмон бўлса, эҳтиёт бўлинг.
* * *
Бир одам иккинчисига сен шохида юрсанг, мен баргида юраман деди. Шунинг учун ҳам бир жойда тек тура олмай кўп йиқиласан-да деб жавоб қайтарди у.
* * *
Қайерда зиёли хўрланса, ўша йерда жоҳилга жон киради.
* * *
Яхшиям одамлар ўзлари билмаган ҳолда бир-бирига яхшилик қилиб қўйишади, акс ҳолда яхшиликлар сони кескин камайиб кетарди.
* * *
Олимлар – жамият кўзгусидир.
* * *
Мени битта савол доим қийнайди: Мен одамларни тушунишга ҳаракат қилайми ёки одамлар мени тушунишга ҳаракат қилишсинми?
* * *
Ички дунёингни қалъаси ва дарвозаси бўлсин, уни ҳар кимга ҳам очаверма.
* * *
Қалбингни кибр эгаллаган куни ривожланишдан тўхтадим деявер.
* * *
Болалар дунёсига кириш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди, кирган тақдирда ҳам у ердан кўнгли тусаган нарсага эга бўлиб чиқавермайди.
* * *
Инсон виртуал ҳаётга қанчалик шўнғимасин барибир реал ҳаётдан қочиб қутула олмайди.
* * *
Фарзанд учун энг яхши тарбия – бу йўқчилик бўлса керак деб баъзан ўйлаб қоламан. Тўқчилик боланинг кўзига қанчалик ғубор солса, йўқчилик унинг кўзини шунчалик очадиган воситага ўхшайди.
* * *
Илмга тўсқинлик қилишни истамасанг, уни бошқаришга интилма.
* * *
Психопатга қанча кўп маслаҳат берсанг, у шунча кўп сени ёмон кўради.
* * *
Психология аллақачон тиббиётнинг ичида юрибди. Негадир уни шифокорлар пайқашмаяпти.
* * *
Инсон қалбини кашф қилишдан кўра олисдаги юлдузларни кашф қилиш осонроққа ўхшайди.
* * *
Стресс худди шамолга ўхшайди, ундан қочиб қутула олмайсан.
* * *
Барчамиз қулмиз, ҳеч бўлмаганда вазиятнинг қули.
* * *
– Доноларнинг дунёга келишига ким сабабчи?
– Нодонлар. Улар бор экан доноларга зарурат туғилаверади.
* * *
Инсоннинг тинка-мадорини секин-аста қуритувчи восита – бу ноаниқлик.
* * *
Одамнинг қанақалигини билмоқчи бўлсанг, аввало, унинг оилада ўзини қандай тутишини ўрган.
* * *
Кексайганимизда фарзандларимиз бизнинг кўзгумизга айланади. Уларда ёшликда берган тарбиямиз аксини кўрамиз.
* * *
– Унвон нима?
– Инсонни ҳам хурсанд қилувчи, ҳам йўлдан урувчи бир восита.
* * *
Юқори лавозимдан урилиб қайтган эски танишим бир куни мендан сўраб қолди: “Яхши инсон бўлиб қолиш учун нима қилиш керак?”. Мен унга “Таклиф қилинаётган барча лавозимлардан воз кечиш керак” деб жавоб қайтардим. Яна билмадим.
* * *
Ҳеч ким билан иши йўқ илмлидан илми саёз бўлса-да одамларга нафи тегадиган инсон афзал.
* * *
Бировларни хурсанд қилиш қўлингдан келмаса, ҳеч бўлмаганда ўзингни ўзинг хурсанд қилиб юр.
* * *
– Машҳур бўлиш учун нима қилиш керак?
– Ҳаёт зарбаларини кўп ейиш керак.
* * *
Агар кимдир юрак хуружидан вафот этса, аввало, унинг сабабини оиласидан изланг.
* * *
Яхши одамнинг ҳам характери ёмон бўлиши мумкин.
* * *
Меҳнатга қўлини урмай ота-она ҳисобига яшаган бола улғайган сайин худбин бўлиб бораверади ва бундай фарзанддан умидвор бўлманг.
* * *
Ҳаёт зарбалари ҳар қандай таёқдан оғриқли.
* * *
Яхши фарзанд тарбиялаш учун яхши ота-она бўлишнинг ўзи етарли эмас.
* * *
Инсон қалби қанчалик пок бўлса, унга тушган доғ шунчалик яққол кўзга ташланади.
* * *
Бўш лойни ҳар хил шаклга солиш осон бўлгани каби содда одамни ҳам ҳар кўйга солиш мумкин.
* * *
Инсонни меҳнат тарбиялайди, китоб эса уни илмли қилади.
* * *
Жамият доноларга Суқрот даврида ҳам муҳтож бўлган, ҳозир ҳам муҳтож, бундан кейин ҳам муҳтож бўлиб қолаверади.
* * *
Парадокс: Ёш педагог илм ва маҳорат етишмаганидан талабаларга маърузани тўғри ўқий олмади, профессор эса илми ошиб-тошиб кетганидан фикрини тўғри баён қила олмади. Бечора талабага қийин.
* * *
Баъзан ўйлаб қоламан: “Кўп китоб ёзган одам доно бўладими ёки кўп китоб ўқиган?”
* * *
Инсон ўз хатосини англаб етгандан кейингина ўзгаларни тушуна бошлайди.
* * *
Файласуф филм кўриб ҳузур топмайди, ҳар бир эпизодни таҳлил қилавериб, азоб топади, холос.
* * *
Ички дунёси гўзаллар қанчалик кўп бўлса, ташқи дунё ҳам шунчалик гўзал бўлади.
* * *
Бир мансабдорнинг дегани: “Мансабда узоқ қолишимнинг боиси шуки, мен ҳар доим ўзимдан устун турганларга тавозе қилиб яшадим, уларнинг айтганларини сўзсиз бажардим, қўл остимдагиларга эса қиё ҳам боқмадим”.
* * *
Инсоннинг хотираси ўзига тааллуқли нарсаларга кучли бўлади.
* * *
Одамлар бор миллионлаб инсонлар тақдирини ҳал қила олади, одамлар бор ўз тақдирини ўзи ҳал қила олмайди.
* * *
– Нега буюкларнинг фарзандлари аксарият ҳолларда нўноқ бўлишади?
– Менимча, ота-онадаги талант гени тепароқдан сакраб ўтса керак. Хафа бўлманг! Бу генлар барибир сизнинг авлоддан ҳеч қаёққа қочиб кетмайди. Буюклик генлари бориб-бориб невара, эвара ёки чеварада намоён бўлади.
* * *
Коррупсия худди ёввойи ўтга ўхшайди, уни юлиб ташлаганинг билан яна ва яна ўсиб чиқаверади. Ахир унинг илдизи узоқларга бориб тақалган.
* * *
Ҳақиқатга тик қараб тўғри сўзлаган бош ҳар доим эгри қиличга муте бўлган. Афсус...
* * *
Бир олимни ҳеч ким тушунмади, у ҳам ўзига ҳақиқий дўст тополмай дунёда ёлғиз яшаб ўтди.
* * *
Меҳнат нималигини билмайдиган одам бошқа биров меҳнатининг қадрига умуман етмайди.
* * *
– Бу дунёда ҳақиқат борми ўзи?!
– Албатта бор! Бироқ унинг қаердалигини излаб топиш керак.
* * *
– Маънили одамлар нега бемаъниликка қўл уришади?
– Маънили ҳаёт жонига текканидан бўлса керак.
* * *
Икки профессор ўз мавқеи устида баҳслашиб қолишди. Ахийри бу иккала профессорни яхши биладиган учинчи олим баҳсга аралашиб, шундай деди: “У ўзини-ўзи яратди, сизни эса таниш-билишлар яратди. Сизларнинг асосий фарқингиз ана шунда”.
* * *
Бир буюк зот нопок “инсон” туҳматларига қолиб, бу оламдан бевақт кўзини юмди. Орадан кўп ўтмай ул зотга хиёбон ташкил этилиб, ҳайкал ўрнатилди, номи улуғланди. Ўшал “инсон” ҳайкал пойига гулчамбар қўйиб, митингда узундан-узоқ маъруза қилди ва ул зотни кўкларга кўтариб, олқишлади. Орадан кўп ўтмай унинг мансаби юқорилади...
* * *
Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, барча нарсалар тинмай ўзгариб келаяпти, бироқ фақат битта нарса ўзгармай қолди. Бу ҳам бўлса – одамлар орасидаги уруш.
* * *
Одамларни ҳиссиёт эмас, ақл бошқаришини Оллоҳдан сўраб қолган бўлур эдим.
* * *
Ҳақиқий олим исёнкор бўлади!
* * *
Ёшлигингда қалам билан олмаган илм ва одобни катта бўлганингда таёқ билан олишга мажбур бўласан. Бу таёқ – ҳаёт зарбалари бўлиб, у жуда оғриқли бўлади ва ҳатто майиб қилиб қўйиши мумкин. Бу пайтда ёнингда сенинг ҳимоячиларинг ота-онанг ҳам бўлмайди.
* * *
Катта бир амалдор билан ўта муҳим муаммо устида узоқ баҳслашиб қолдим. Суҳбат орасида у мендан: “Сен нима учун яшаяпсан ўзи” деб сўраб қолди. Тўғриси, бу савол устида ўйлаб кўрмаган эканман. Кейин англасам, мен ўзимдан кейинги давр учун яшаётган эканман.
* * *
Уруш билан бошланган ердаги ҳаёт уруш билан тугайдиганга ўхшайди.
* * *
Барча тинчлик тарафдорлари урушни хуш кўришади. Нега?!
* * *
Инсоният ҳаётида 7 рақами жуда суюкли ва сирли. Масалан, 7 қаватли осмон, камалакнинг 7 жилоси, 7 кундан иборат ҳафта ва ҳ.к. Бироқ инсон миясининг руҳият учун жавоб берадиган қисми негадир 6 қаватдан иборат, ҳар бир қаватнинг номи ҳам бор, улар ҳатто дарсликларда ҳам баён қилинган. Менимча инсон мияси 7 қаватдан иборат бўлиши керак эди, бу 7-қават эса ривожланмай қолган. Агар у бўлганида ақл-фаросат қавати деган номни олган ва одамларни ўзаро урушлардан тийиб турган бўлар эди. Бу қават оддий инсонда ҳам, йирик давлатлар раҳбарларида ҳам ривожланмай қолган. Афсус...
* * *
Уйқу – ўлимнинг бу дунёдаги кичик бир кўриниши.
* * *
Коррупсиянинг “пулсиз шакли” ҳам бўлади. Катта лавозимда ўтириб олиб илмли инсонларга қулоқ солмай тараққиётга ғов бўлаётган амалдор пора олиб тезда қўлга тушувчи амалдордан кўра ўта хавфли ва даҳшатлидир. Бундайлар амал курсисида узоқ йиллар ўтириб, давлатни ва жамиятни хароб қилади ва боз устига орден-медаллар олиб нафақага чиқиб, роҳат-фароҳатда умргузаронлик қилади. Уларнинг айби фақат лавозимдан кетгандан кейин халқ орасида ривоятларга айланиб дилларда достон бўлади, холос.
* * *
Ҳақиқий илм атрофга шундай нур таратадики, унинг шулъасидан узоқ-узоқдагилар ҳам баҳраманд бўлади, сохта илм эса ўчай-ўчай деб липиллаб ёнаётган шағамга ўхшайди. Унда на тафт бор, на наф.
* * *
Ақлим менга ҳеч нарсадан тап тортмай олға боравер деса, қалбим менга ўзингни эҳтиёт қил дейди. Қай бирига қулоқ тутай?!
* * *
Баъзи одамлар ўтган хатолардан сабоқ чиқариб бугунги ва эртанги кун ҳақида фикр юргизишдан кўра оғир дамлар оғушига чўмиб тушкун кайфиятда юришади. Бундан бир наф борми?
* * *
Бир ёзувчи иккинчи ёзувчига ҳасратини тўкиб солди: “Анави куни
70 йиллик юбилейимни ўтказишга рухсат сўраб вазирликка борувдим, мени танишмади-я”. Шунда иккинчиси деди: “Қўй, асло хафа бўлма, улар Навоийни танишмайди-ю, сен фақирга йўл бўлсин”.
* * *
Одамларни ҳиссиёт эмас, ақл бошқаришини Оллоҳдан сўраб қолган бўлур эдим.
* * *
Инсонга роҳат бағишловчи энг мақбул мусиқа – бу сукунат бўлса керак.
* * *
Ҳар қандай илм Оллоҳни англаш учун яратилган.
* * *
– Қандай одам кибрли бўлади?
– Ҳаётда ютқазиб юрадиган одам.
* * *
Иқтисодни бузадиган ҳам, тузадиган ҳам – бу инсон психологияси.
* * *
Улуғларни танқид қилишдан олдин, аввало, улар қилган ишнинг бир қисмини қилишга ҳаракат қилиб кўр.
* * *
Бахт ва ташвиш ёнма-ён юради, дейишади. Тўғри. Бироқ қай бирининг қўлидан ушласак, ўша бизга кўпроқ ҳамроҳ бўлади.
* * *
Ҳақиқат тириклигида ўта хавфли, ўлгандан сўнг ҳеч кимга хавф солмайди. Шу боис ўлган ҳақиқатни кўкларга кўтаришади, тирик ҳақиқатни эса ерга кўмишади.
* * *
Кибрли шахслардан кўп азият чеккан инсофли ва диёнатли одам мендан сўраб қолди: “Мана, Сиз нейропсихологсиз, айтингчи, кибрни қандай қилиб йўқотса бўлади? Унинг давоси борми?”. Мен жавоб бердим: “Кибрни даволаб бўлмайди, қон билан кирган жон билан чиқади. Бундан хулоса шуки, кибрни дафн қилиш мумкин, холос! Бироқ ўша қабристондаги йирик дарахтлар сўлиб қолмаслигига мен кафолат бера олмайман...”.
* * *
“Давлат тилини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилоти” тузиш пайти келганга ўхшайди. Бу фикр қачон миямдан ўчиб кетар экан?
* * *
Биздаги олимлар нега ўз она тилида сўзлашни билишмайди?
Бундай олимлар кўп нарсани билишмайди, шунинг учун ҳам улар доим изланишда.
* * *
Нега одамлар тўғри ва текис йўл бўла туриб эгри йўлдан юришни хуш кўришади? Бунинг биринчи сабаби – тўғри йўлдан кўра эгри йўллар кўплиги, иккинчи сабаби – тўғри йўлда тўғри юрганларни ўғри уриши.
* * *
Инсоннинг ҳақиқий баҳосини биров бера олмайди. Бировнинг баҳоси кўпинча ёлғон бўлиб чиқади. Энг зўр баҳо – бу ўзингга-ўзинг берган баҳо ва у аъло бўлсин! Ўзингни ўзинг англа! Ана шунда сени биров англаб етади. Биров сени англаши шарт ҳам эмас, бу унинг шахсий иши. Балким улар сенинг шахсингни тўғри баҳолай олиш қобилиятидан маҳрумдир.
* * *
Ота қудратли бўлса, фарзанди ҳам қудратли бўлади дегани эмас.
* * *
Бир давлатда икки хил тил бир хил мақомга эга бўла олмайди, ё униси енгиб чиқади ёки буниси. Давлат ва миллат битта экан, унинг сўзлашадиган тили ҳам битта бўлиши керак.
* * *
Мафкура шу қадар кучли қуролки, ҳали-ханузгача ундан кучли қурол яратилган эмас ва яратилмаса ҳам керак.
* * *
Отанинг қаҳри қаттиқ бўлгани билан қалби юмшоқ бўлади.
* * *
Ҳар нарсанинг чеки бор, бироқ илмнинг чеки йўқ.
* * *
Одамлар билан муносабатда уларни оқ-қорага бўлиб ташлайверманг, ўртада бошқа ранглар ҳам бор.
* * *
Давлатни бошқаришдан кўра оилани бошқариш қийин. Чунки ота-она нафақат таълим-тарбия вазири, балки у молия вазири, ҳимоя вазири, савдо-саноат вазири, иқтисодиёт вазири, соғлиқни сақлаш вазири, мудофаа вазири ва ҳ.к. Давлатда ҳар бир вазирликни битта одам бошқарса ва уларнинг камида ўнтадан ёрдамчиси бўлса, оилада шунча вазирликни бор йўғи иккита шахс бошқаради ва ҳеч қандай ёрдамчиси йўқ. Боз устига давлат ҳар беш йилда вазирларни ўзгартириб турса, оилада бунинг имкони йўқ, яъни иккита шахс шунча “вазирликни” умрининг охиригача ўзлари бошқаришга мажбур. Чунки ота-она – ягона ва уларни ўзгартириб бўлмайди.
* * *
Доно далил ва исботлар билан, айёр эса ёлғон ваъдалар орқали одамлар ишончига кириб боради.
* * *
Фарзандларимиз икки хил бўлишади: бирлари танбеҳни насиҳатдек, бошқа бирлари насиҳатни танбеҳдек қабул қилади.
* * *
Ота фарзандини қулоғи билан, она эса қалби билан эшитади.
* * *
Дунёни ўзгартиришга уринманг, аввало ўзингиз ўзгаринг! Ана шунда дунё ўз-ўзидан ўзгаради.
* * *
Ота-она тарбиялай олмаган фарзандни вақти келиб вазиятнинг ўзи тарбиялайди. Бироқ у ҳолда кеч бўлиши мумкин.
* * *
Жамият қонунлари инсонлар ҳаётини яхшиламаса, уларнинг ҳар бири ўз қонунлари ила яшай бошлайди.
* * *
Ташқи омил инсон фикрини дарров ўзгартирса, демак унинг тафаккури суст
* * *
Кимдир ҳозирги давр учун яшаса, бошқа биров ўзидан кейинги давр учун яшайди. Бироқ буни ўзи сезмаслиги мумкин.
* * *
Отанинг тахтли бўлиши, фарзанднинг бахтли бўлиши дегани эмас.
* * *
Ҳақиқий олим давлатга эмас, билимга тобедир.
* * *
Диктатура ҳукм сураётган жамиятда оммавий қўрқув бора-бора омманинг шахсга сиғиниши билан тугалланиши мумкин.
* * *
Психология фани яратилишига инсонлар орасидаги зиддиятлар туртки бўлган.
* * *
Халқ қанча авом бўлса, шоҳ шунча доно кўринур.
* * *
Психопатия – аср вабоси ва ҳар қандай жамиятнинг ашаддий душмани. Ўз шахсини улуғлаш бундай одамнинг генига ўтириб олади. Бу тоифа албатта ҳокимиятга интилади ва унинг ушбу нияти амалга ошса, ўз ҳалқининг бошига битмас-туганмас кулфатлар ёғдиради. Чунки бутун ҳалқ унинг улуғловчи қулга айланади. Психопат тириклигида унга ҳамду-санолар ёғилади, шахси улуғланади ва шу билан бир қаторда сон-саноқсиз яраланган юраклар пайдо бўлади. Бу “улуғ инсон” вафотидан сўнг унга аталган ҳайкаллар қад кўтаради, бироқ яраланган диллар уни қарғаб ўтади.
* * *
Психология фани яратилишига инсонлар орасидаги зиддиятлар туртки бўлган.
* * *
Эй Ҳукмдор! Халқингни ўз фарзандингдек сев ва ардоқла! Адолатли бўл! Юртпарвар бўл! Халқинг сенга садоқатли ва диёнатли бўлишини ҳохласанг, сен халқингга адолатли бўл, ҳалол бўл, унинг ҳақига хиёнат қилма. Ўз фарзандингдан фарқли ўлароқ, халқинг сенинг қаҳрингга чидайди, сабр қилади, меҳнатингни қилади, бир чимдим яхшилигингга минг чандон яхшилик билан жавоб қайтаради. Узоқ ва яқин тарихдан аёнки, адолатли Ҳукмдорга ўз фарзанди хиёнат қилса-да, ҳалқи унга диёнатли бўлган. Шундай экан, ҳар қандай Ҳукмдор учун халқ ҳам энг суюкли фарзанд каби бўлмоғи керак!
* * *
Отанинг тахтли бўлиши, фарзанднинг бахтли бўлиши дегани эмас.
* * *
Ҳақиқий олим давлатга эмас, илмга тобе.
* * *
Диктатор бошқараётган давлатга қўрқув бора-бора муҳаббатга айланади ва ниҳоят шахсга сиғиниш билан тугалланади.
* * *
Китобсиз дунё – офтобсиз дунё
* * *
Назария қанчалик кучли бўлмасин, агар у амалиётга хизмат қилмаса, одамлар назаридан четда қолиб тезда унут бўлади.
* * *
Кибр бошланган кун инсон ривожланишдан тўхтайди. Юмшоқ қилиб айтганда “Кибр – менга шу эришган ютуғим етади, ундан у ёғи керак эмас” деган маънони англатади. Шу боис ҳам кибрли одам маълум даражага эришгач ривожланишдан тўхтаб қолади ва кибр сенинг учун қабрга айланади, яъниким сен халқ назаридан қоласан.
* * *
Ўзингни сев, бироқ ўзингга ортиқча баҳо бериб юборма. Халқнинг сенга берган баҳосидан юксак баҳонинг ўзи йўқ.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi. © asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича