АГРАФИЯ


Аграфия – ёзишнинг бузилиши. Экснер 1881 йили биринчилардан бўлиб бош мияда алоҳида ёзиш маркази борлигини айтиб ўтган. Аммо Вернике ва Дежерин алоҳида ёзиш маркази борлигини инкор қилишган. Аграфия атамаси 1885 йили Бенедикт томонидан таклиф қилинган. Хеншен 1922 йили иккинчи пешона пуштасининг орқа қисми зарарланганда аграфия кузатилишини айтган. Нельсон (1946) ёзиш жараёни (қобилияти) иккинчи ва учинчи пешона пушталарининг орқа қисми, бурчак пуштаси ва уларни бир-бири билан боғловчи йўллар зарарланиши ҳисобига ҳам бузилишини таъкидлаб ўтган. А.Р. Лурия (1973) бош миянинг энса соҳаси, пастки париетал ва юқори чакка пуштасининг орқа қисмлари зарарланганда аграфия кузатилишини аниқлаган. Шунингдек, у афазияларда аграфиянинг ўзига хос хусусиятларини ўрганган. А.Р. Лурия афазияларда аграфия кузатилишининг сабаби қилиб, сўзларнинг товуш таркибини таҳлил қилиш, кинетик ва кинестетик асосларининг бузилишини кўрсатиб ўтган.
      
Ёзиш жараёни дастлаб оғзаки нутқдан алоҳида ривожланади ва кейинчалик нутқ такомиллашиши билан чамбарчас боғланиб кетади. Ёзиш жараёни ва оғзаки нутқнинг келиб чиқиши, шаклланиши, кечиши, мазмуни ва функцияси бўйича бир-биридан фарқ қиладиган томонлари жуда кўп. Масалан, бола 2 ёшга етганда оғзаки нутққа эга бўла бошласа, ёзишни, одатда, 5-7 ёшдан бошлайди. Оғзаки нутқ катталар билан мулоқот негизида ривожланса, ёзма нутқ онгли равишда ўтказиладиган машқлар асосида шаклланади. Аввалига бола бирор сўзни ёзиш учун ҳар бир ҳарфнинг товушини ажратади, ўша ҳарфнинг тузилишини кўз олдига келтиради, ёзади ва эслаб қолади. Ёзиш жараёни боланинг миясига сингган сайин уни онгли тарзда бошқариш шарт бўлмай қолади, ёзиш борган сайин автоматлашиб боради ва гўёки «беихтиёрий» жараёнга айланади. Бунинг натижасида хатнинг тузилиши ҳам, ҳуснихат ҳам ўзгариб боради.
      
Ёзма нутқнинг талаффуз этилмаслиги эмас, балки фикрланиши уни оғзаки нутқдан ажратиб турадиган асосий жараёндир. Ёзма нутқнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ёзма нутқ оғзаки нутққа қараганда бироз ихтиёрий. Агар товуш оғзаки нутқда автоматлашган бўлса, одам ёзишни ўрганаётганда ўша товушни майдалаб, анализ ва синтез қилиб ёзади. Ёзма нутқ аниқ мақсадга йўналтирилган онгли жараён. Ёзма нутқни ўзлаштириш учун асосий аҳамиятга эга бўлган жараёнлар – мустақил нутқни эгаллаш ва уни англашдир.
      
Оғзаки нутқ, одатда, сўзлаш функциясини бажаради, масалан, суҳбат пайтида. Ёзма нутқ – ёзиш орқали фикрни баён қилиш, ёзиш орқали бошқалар билан мулоқотда бўлиш вазифасини ўтайди. Агар ёзма нутқ механизмларини таҳлил қиладиган бўлсак, ёзиш жараёнининг биринчи ва асосий таркиби  – бу сўзнинг товушини таҳлил қилиш, яъни сўз товушларидан алоҳида фонемаларни ажрата олиш демакдир; иккинчидан, сўздан ажратиб олинган ҳар бир товушнинг ҳарфини таниш операциясини амалга ошириш; учинчидан эса ҳар бир ҳарфнинг оптик тасаввури графикасини яратиш демакдир.
      
Сўзларни таҳлил қилиш, акустик ва кинестетик афферентацияларга асосланиб товушларни ажратиб олиш ва аниқлаштиришдан ташқари, ҳар бир сўзда қайси товушни қандай тартибда жойлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ўз вақтида товушларни қисқа вақтли хотирада сақлашни талаб қилади. Фақат мана шу жараёнлар амалга ошгандан сўнггина сўздан ажратиб олинган ва аниқланган товуш ёзилаётган ҳарфга айлантирилиши мумкин. Бу мураккаб жараёнда кўрув анализаторлари ҳамда фазовий муносабатларни идрок қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
      
Ёзма нутқ қуйидаги босқичлардан ўтади: 1) ёзиш учун ниятнинг пайдо бўлиши; 2) нима ҳақида ёзиш; 3) қандай ёзиш; 4) товушни ҳарфга айлантириш; 5) ёзиш жараёнини бошқариш. Ёзаётган пайтда товушни ҳарфга айлантириш, ўқиётган пайтда ҳарфни товушга айлантириш мураккаб психофизиологик жараёнлар ҳосиласидир.
      
Ёзиш жараёни акустик, оптик, кинестетик, кинетик анализаторларнинг биргаликда ишлаши ҳисобига кечадиган жараёндир. Товушларни таҳлил қилиш эса акустик ва кинестетик анализаторларнинг биргаликдаги ишлаши ҳисобига амалга оширилади. Товушларни ҳарфларга айлантириш акустик, кинестетик, оптик анализаторлар ҳисобига, ҳарфларни ёзиш эса оптик, фазовий ва ҳаракат анализаторлари орқали амалга оширилади. Демак, ёзиш бузилиши миянинг пешона бўлаги, унинг медиобазал соҳалари, чакка, пастки париетал ва энса соҳасининг олдинги қисмлари зарарланганда кузатилади.

Аграфияни текшириш
      
Дастлаб беморнинг ҳарфларни унутиш, ўтказиб юбориш, бошқа жойга ёзиш, бошқа ҳарф билан алмаштириш, конфигурациясини ўзгартириб юбориш каби шикоятлари сўралади.
  1. Автоматлашган ёзув.
Фамилияси, исми, отасининг исми: Қобулов Даврон Олимович.
  1. Ҳарфларни ёзиш.
Босма ҳарфларни кўчириб ёзиш (биттали, жуфтли).
Ҳарфларни вербал топшириқ орқали ёзиш (биттали, жуфтли).
н, т, о, л, с, а, са, лн, тр, оч, до, бе, дс
  1. Сўзларни ёзиш.
  2. Сўзларни кўчириш: лола, боғ, пиёла, лаган, балиқ.
  3. Вербал топшириқ орқали оддий сўзларни ёзиш: от, ойна, одам. Вербал топшириқ орқали мухолиф фонемаларни ёзиш.
Олам-одам, санам-салом, тирноқ-турмоқ. 
  1. Вербал топшириқ орқали мураккаб сўзларни ёзиш.
Урбанизация, сигнализация, тсивилизация.
  1. Жумлани ёзиш. 
  2. Жумлани кўчириш: қуёш чиқди.
  3. Жумлани вербал топшириқ орқали ёзиш: ёмғир ёғмоқда.
Ёзиш бузилишининг турларига қараб топик ташхис аниқланади ва хулоса ёзилади.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik., T.; 2021., 312b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc)

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича