АЖОЙИБ ОПЕРАЦИЯ
Тиббиётда жарроҳлик амалиёти алоҳида ўрин тутади. Халқ орасида: “Бемор дори-дармонлар билан тузалмаса, уни операция қилиб тузатиш керак” деган гап юради. Терапевтик амалиётларга қараганда, жарроҳлик амалиёти аксарият беморлар ва уларнинг яқинлари учун катта бир психологик синов ҳамдир. Демак, тиббиётнинг бошқа йўналишларидаги каби жарроҳлик амалиётида ҳам психологик ёрдамнинг аҳамияти жуда юқори. Буни жарроҳлик касбини танлаётган ҳар бир талаба англаб етиши зарур.
Тиббий психологиядан ўқиётган маърузам тугашига бироз вақт қолганда “Саволлар борми?” дея талабаларга мурожаат қилдим. Улардан бири қўл кўтариб: “Устоз, жарроҳ бўлмоқчиман, отам ҳам жарроҳ. Операциядан олдин бемор билан суҳбатлашиш лозим дейишади. Тўғри, яхши психологик суҳбат ўтказиш фойдадан холи эмас, бироқ жарроҳлик амалиёти салбий натижа билан якунланса, суҳбатнинг нима кераги бор? Шундай бўлгач, муваффақиятли операциянинг ўзи ҳар қандай психологик суҳбатдан устун эмасми?” деб сўради.
Бу савол қайсидир жиҳатдан ўринли эди. Ҳақиқатан, муваффақиятли операция жарроҳ ва бемор учун ҳар қандай психологик суҳбатдан юқори. Лекин афсуски, кўпчилик шифокорлар психологнинг асосий вазифаси бемор билан суҳбатлашиб, уни тинчлантириш, деб билишади. Суҳбат – бу психодиагностика ва психотерапиянинг бир услуби, албатта, психологияда унинг аҳамияти беқиёс. Бироқ психология инсон тасаввури даражасига сиғмайдиган беқиёс имкониятларга эга фандир.
Талабанинг саволидан сўнг жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ қизиқ бир воқеа эсимга тушди. “Невропатолог маслаҳати керак” дея мени жарроҳлик бўлимига чақириб қолишди. Бемор ётган палатага кирсам, жарроҳлик бўлими профессори бир қанча врачлар, талаба ва ўқитувчилар билан мен кўришим керак бўлган беморни текшираётган экан. Мен профессор кўриги тугашини кутиб турдим. Беморни операция қилган ёш врач касаллик тарихини ўқиб беряпти. Врач тунги навбатчилиги пайтида беморни “ўткир аппендецит” ташхиси билан операция қилган. Операция муваффақиятли ўтган. Операциядан сўнг бемор эрталабгача қотиб ухлаган. Эрталаб соат ўнларда бемор “Операция бўлган жойим кучли оғрияпти” деб палата шифокорини чақирган. Врач кириб қараса, бемор оёқларини букиб, ёнбошлаб ётиб олган. Врач операция қилинган жойни текшириб, у ерда ҳеч қандай асоратларни кўрмаган ва ҳамширани чақириб, беморга тинчлантирувчи укол қилишни буюрган. Бемор уколдан сўнг ухлаб қолган, бироқ уйғонгандан сўнг
“Операция қилинган жой яна оғрияпти, у ерда тампон ёки бошқа нарса қолган бўлса керак” деб йиғлайверган. Кечга яқин оғриқ кучайган, бемор ғужанак бўлиб ётиб олган. Бемор тинчлантирувчи уколдан воз кечган. “Операция қилинган жойда врач бирор нарсани унутиб қолдирган, уни олиб ташланглар” деб жарроҳларни қайта операция қилишга ундаган. Ўша куни кечаси янада тажрибали жарроҳ беморни иккинчи бор операция қилади. Иккинчи операцияни қилган ушбу жарроҳ ҳам беморни кўришда иштирок қилаётган эди. У операция ҳақида маълумот берди. Операция жойи иккинчи бор очилганда, у ерда ҳеч нарса унутиб қолдирилмагани ва биринчи операция ҳақиқатан ҳам муваффақиятли ўтганини айтади. Бироқ шундай бўлса-да, операциянинг тўртинчи куни ҳам оғриқ тўхтамаётгани, аксинча, кучайганини ва шунинг учун невропатолог чақиришганини профессорга айтишди. Профессор иккала жарроҳни ҳам тинглаб, беморга юзланди. Бемор ғужанак бўлиб ётиб олган ва кўзларида қўрқув ҳам бор эди. Беморнинг йонида ўтирган қизи ҳам суҳбатга қўшилди ва операция жойидаги оғриқ кучли эканлиги ва шу боис онаси ухламай қийналиб чиқаётганини айтди.
Профессор беморга “Нима учун оғриқ қолдирувчи дорилардан воз кечяпсиз, ахир оғриқ қолса, ўзингизга яхши-ку” деди кулиб. Шунда у “Ахир аппендицитда оғриқ қолдирувчи дори қилиб бўлмайди, у ёрилиб, йиринг қоринга ўтиб кетади, дейишади-ку” деди.
Профессор бемор билан баҳслашиб ўтирмасдан, уни текшира бошлади. Ғужанак бўлиб ётиб олган бемор қорнини очиб текширишга ва ҳаттоки танасига қўл тегизишга қўймасди. Бемор гап билан чалғиганда оғриққа эътибор қилмас, операция ҳақида сўз кетганда эса азобдан инграрди. Профессор беморга оёқларини секин-аста ёзишни ва шундай қилса оғриқ камайиши ҳақида кўрсатма берди. Бемор қўрқиб, секин оёқларини узатди. “Энди кўйлакни кўтаринг” деган буйруқ бўлди. Бемор “Лекин қорнимга тегмайсиз” деб кўйлагини секин кўтарди ва қўрқув билан профессорга қаради. Операция қилинган жой бинт билан ёпиб қўйилган ва лейкопластир билан ёпиштирилган эди. Профессор: “Энди бу бинтни оламиз, мен операциялар қандай ўтказилганини кўришим керак”, деди. Бир оз уринишлардан сўнг бемор рози бўлди. Профессор операция бўлган жойни кўриб, иккала операция ҳам муваффақиятли ўтганига яна бир бор амин бўлди. Бироқ у ҳамон оғриқдан шикоят қилар ва операция бўлган жойда худди бир нарса тиқилиб тургандек деб йиғларди. Вазиятдан қандай чиқиш керак. Профессор беморни кўндириб, операция бўлган жойни текшира бошлади ва кесилган жойнинг атрофини атайлаб бирдан босиб юборди. Бемор дод-вой солиб бақира бошлади ва яна оёқларини ғужанак қилиб олди. Профессор: “Ана, холос!” деб операция қилган жарроҳларга юзланди. У “Операциялар яхши ўтган, бироқ бемор ғужанак бўлиб ётаверганидан операция қилинган жойдаги нервлар тугилиб қолган, операциядан сўнг оёқларни чўзиб ётиш керак эди. Нега шуни беморга айтмадинглар, кесилган нервлар битиш ўрнига тугилиб қолибди” деб докторларни койигандек бўлди.
Баъзи докторлар профессор нима демоқчи эканлигини англаб етишган бўлса, бошқа бирлари нима учун “нервлар тугилиб қолган”лигидан ҳайрон бўлиб қараб туришарди. Бемор эса бирдан зийрак тортиб: “Нега нервлар тугилади? Энди нима бўлади?” деб хавотир билан профессорга юзланди. Профессор биринчи операция қилган докторга қараб: “Беш граммли шприцга новокаин тортиб келинг, энди ўша “нервлар тугилиб” қолган жойга новокаин юборамиз ва тугунни ёзиб юборамиз” деди. Профессор беморга қараб: “Энди чидайсиз, новокаин юбораётганимда оғриқ яна кучаяди, сўнг сиз оёқларингизни оғрисаям, букиб-оча бошлайсиз ва ана шундан сўнг тугилган нерв очилиб кетади ва оғриқ ўн дақиқага етмасдан тўхтайди” деди.
Бемор қўрқа-писа юзида хавотир билан оёқларини ёзди ва ўзи қорнини очди. Профессор операция қилинган жойни спирт билан тозалаб, чандиқнинг икки четига шприцни тиқиб, зудлик билан новокаин юборди. Бемор додлаб юборди. Профессор: “Айтдим-ку, сизга оғрийди деб, қани энди айтганимни қилинг, тез-тез оёқларингизни букиб-ёзинг” деди кескин ва баланд овозда. Бемор шоша-пиша кескин тарзда берилган буйруқларни бажара бошлади. “Энди ўтириб олинг, қани тез-тез бўлинг!” деб беморни шоширди у. Бемор бир оз қийналиб бўлса-да, ўтириб олди. “Энди ўрнингиздан туриб юринг!” деб топшириқ берилди. Деярли беш кундан буён туриб юрмаётган ва фақат оғриққа шикоят қилиб ётган бемор бир оз ишончсизлик билан бўлса-да, ўрнидан туриб юра бошлади. Энди у оғриқ сезмаётган ва ўзида йўқ хурсанд эди. Бемор палатада юра бошлади, врачлар унга йўл беришди. Профессорнинг кўзи менга тушди. “Ия, невропатологимиз ҳам шу ерда эканлар-ку, бу беморга энди невропатологнинг кераги йўқ. Мана, ўзимиз
даволаб қўйдик” деди ҳазиллашиб. Профессор операция қилган врачга боқиб, “Бу беморни бугуноқ уйига юборсанглар бўлади, энди у соғ!” деди.
Деярли ярим соат олдин оғриқдан букилган оёғини ҳатто узата олмаётган бемор профессор томонидан жуда устамонлик билан ўтказилган психотерапия ва плацеботерапиядан сўнг дарддан халос бўлди. У уйга кетиш мумкинлиги ҳақидаги янгиликдан хурсанд бўлиб, ўзи ётган ўрнини тахлаб, кетиш тараддудига тушиб қолди.
Профессор ёнидаги шогирдлари ва талабалар билан бошқа палаталардаги беморларни кўргани чиқиб кетди. Мен бемор билан суҳбатлаша бошладим. Чунки унинг операция қилган жойда тампон қолиб кетган деб қайта-қайта безовталаниб айтган сўзлари эътиборимни тортган эди. Суҳбат орасида маълум бўлдики, беморнинг ёнида парвариш қилиб ўтирган йигирма тўрт яшар қизи “ўткир аппендецит” ташхиси билан уч марта операция бўлган ва иккала ҳолатда ҳам операция муваффақиятсиз чиққан: биринчи гал врач тампонни унутиб қолдирган ва у иккинчи операцияда олиб ташланган. Кейин операция қилинган жой йиринглаб кетиб, учинчи бор операция қилинган. Барча воқеалар онасининг кўз олдида бўлиб ўтган. Бемор 20 кундан ортиқроқ жарроҳлик бўлимида қолиб кетган ва шу вақт мобайнида унинг ёнида доимо онаси бўлган. Учта операция учта врач томонидан амалга оширилган. Дастлабки операцияни қилган врач беморни уч кунда оёққа қўйиб юборишни ваъда қилган. Бироқ вазият оғир тус олган. Ушбу вазият бутун
бир оилада катта руҳий жароҳат қолдирган. Онаси: “Қизим энди тузалмайди, ногирон бўлиб қолади” деб қўрқиб юрган. Чунки йигирма кун ичида қизи жуда ҳам озиб кетган. Лекин бемор қийналиб бўлса-да, тузалган. Орадан икки йил ўтмай, Тошкентда ўқиб юрган талаба ўғлини қизи билан бирга кўргани келган онанинг ўзи аппендецит бўлиб қолади ва вазият юқорида ҳикоя қилганимиздек кескин тус олади.
Профессор ишлатган психологик усулни беморни операция қилган иккала жарроҳ ҳам ишлатиши мумкин эди. Лекин улар бу усулни қўллашмади ёки билишмайди. Бу оддий бир аппендецит билан боғлиқ воқеа. Бироқ жарроҳлик амалиётида бир қанча мураккаб ҳолатлар бўладики, уларнинг аксарияти психологик ёндашувни талаб қилади. Демак, жарроҳлик операциялари муваффақиятли ўтиши учун ҳар бир жарроҳ нафақат ўз касбининг етук мутахассиси, балки етук психолог ҳам бўлиши керак.
Бутун зал тўла талабалар бу воқеани жуда қизиқиб эшитишди ва мен амин бўлдимки, бўлажак хирурглар психологияни ҳам мукаммал ўрганишади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича