Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси АКУШЕРЛИКДА ВА ГИНЕКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ

АКУШЕРЛИКДА ВА ГИНЕКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ


Туғруқдан сўнг кузатиладиган руҳий ўзгаришлар

Баъзи аёлларда туққанидан сўнг турли хил руҳий-ҳиссий бузилишлар кузатилади. Атрофдагиларнинг яхши муносабатидан қатъи назар, туққан аёлнинг кайфияти кескин ўзгариши мумкин. Айниқса, сабабсиз жиззакилик, тез хафа бўлиш, йиғлоқилик, ваҳима, хавотир, уйқу бузилиши каби белгилар кўп кузатилади ва улар ҳеч қандай тиббий-психологик ёрдамсиз ўтиб кетиши мумкин. Бу ҳолатлар, айниқса, биринчи бор туққан аёлларда кўп кузатилади ва чарчоқ билан намоён бўлади. Бундай вазиятларда умр йўлдоши, ота-онаси ва бошқа яқинларининг катта эътибори, меҳр-оқибати ушбу руҳий ўзгаришларни тезроқ бартараф этишга ёрдам беради. 
      
Мутахассислар фикрича, туғруқдан кейинги бундай психоэмоционал бузилишлар деярли 20 % ни ташкил қилади ва бир ойгача чўзилиши мумкин. Айниқса, бола чала туғилса, унда нуқсонлар аниқланса, руҳий бузилишлар кучаяди. Аксарият аёлларда туғруқдан олдинги хавотир туғруқдан кейин ҳам сақланиб қолади. Шу боис ҳам ривожланган хориж давлатларида туғруқдан олдин аёлларни клиник психолог кўригидан ўтказиш диагностика стандартига киритилган.  Туққан аёлнинг атрофида салбий муҳит яратилса, руҳий-ҳиссий бузилишлар зўрайиб, оғир депрессияга ўтиш ҳавфи бор. Туғруқдан кейин ўз фарзандидан воз кечиш ёки ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари шу сабабли рўй бериши мумкин.
      
Руҳий-ҳиссий бузилишлар ичида туғриқдан сўнг кузатиладиган депрессиялар алоҳида ўрин тутади ва бунда албатта, психолог ёрдами керак бўлади. Аёлнинг ўзи бу ҳолатдан чиқиб кета олмаслиги мумкин. Туғруқ билан боғлиқ бўлган депрессиялар, айниқса, бола ўлик ёки бирор бир камчилик билан туғилган вазиятларда кўп кузатилади. Бола тирик туғилган ҳолатларда кузатиладиган депрессиянинг асосий белгиларидан бири – бу ўз боласи ва эрига қизиқишнинг йўқолиши. Бундай ҳолатларда болани эмизиш зарурлигини яқинлари аёлдан ёлвориб сўрашади. Она эса йиғлаётган болага эътиборсиз бўлади, чақалоқни унинг кўксига олиб боришса, уни қўлига олмайди, қўлига беришса ҳам қайтариб беради, ўзи ҳам йиғлайверади. Баъзан эса кўзига йиғи келмайди, боласига ёки атрофдагиларга тескари ўгирилиб ётиб олади. 
      
Кўп ҳолатларда депрессия қўрқув, хавотир ва турли даражада ифодаланган вегетатив ва соматик бузилишлар билан намоён бўлади. Айниқса, ниқобланган депрессиянинг туғруқдан сўнг юзага келиши врач учун ҳам катта диагностик қийинчилик туғдиради. Аввалги бобларда айтиб ўтилганидек, ниқобланган депрессия турли соматик касалликлар ёки синдромлар кўринишида намоён бўлади. Шунинг учун ниқобланган депрессияни тўғри аниқлаш ҳам тиббий, психологик текширувлар ўтказишни талаб қилади. Одатда, ниқобланган депрессияда соматик бузилишлар субьектив бўлиб, обьектив текширувларда тасдиқланмайди.
      
Туғруқдан сўнг кузатиладиган хавотирли-депрессив бузилишларни даволашда замонавий антидепрессантлардан кенг фойдаланилади. Бироқ руҳий бузилишларни ушбу дорилар билан даволашда уларни эмизувчи аёлга монелик қилувчи томонлари, гўдакка ножўя таъсирлари ва руҳий бузилишнинг оғирлик даражасини эътиборга олиш лозим. 
      
Туғруқдан сўнг ривожланиши мумкин бўлган хавотирли-депрессив бузилишларнинг олдини олиш ўта муҳим. Бунинг учун ҳар бир ҳомиладор аёлга “Тиббий-психологик анкета” тўлдирилиши ва тиббий психолог уларни назоратга олиши зарур. Чунки энди ривожланиб келаётган депрессиянинг яширин белгиларини фақат тиббий психолог аниқлай олади ва уларни ўз вақтида психотерапевтик йўллар билан бартараф этади, заруратга қараб антидепрессантларни тавсия этади.
   

Гинекологик операциялардан сўнг кузатиладиган
психоэмоционал бузилишлар

Турли хил гинекологик касалликларда даволаш операция йўли орқали амалга оширилади. Бачадонни олиб ташлаш, гистеректомия, кучли қон кетишларни тўхтатиш, туғиш пайтида кузатиладиган хавфли вазиятларда ўтказиладиган операциялар турли хил руҳий зарбалар сабабчисидир. Масалан, бачадон олиб ташланиши ёш аёллар учун стресс манбаи ҳисобланади. Айниқса, фарзандсиз аёл ёки яна фарзанд кўришни хоҳлаган аёлда бачадоннинг олиб ташланиши оғир руҳий асоратлар қолдиради. 
      
Бачадонга эга бўлиш ва регуляр тарзда ҳайз кўриш аксарият аёллар учун аёллик рамзидир. Бачадон олиб ташланиши деярли барча аёллар учун энди  ёшликнинг орқада қолгани, ҳаёт маъносиз бўлиб қолганини англатади. Бундай операциядан кейин аёл бир неча ойлаб одатий ҳаёт тарзига қайта олмайди, депрессия ва апатияга тушади, ўзини худди яқин бир кишисидан жудо бўлгандек ҳис қилади. Бундай аёлларнинг соматик шикоятлари ҳам кўпаяди, қорнида ҳар хил оғриқлар, оёқ-қўлларида увишишлар пайдо бўлади, бел оғриқлари, тез-тез сийиш, умумий ҳолсизлик, чарчаб қолиш, ўз-ўзидан йиғи келиш каби белгилар кузатилади. 
Тиббий психолог психотерапевтик муолажаларни эрта бошласа, аёлдаги мавжуд психоэмоционал бузилишлар вақтли орқага чекинади ва у нормал ҳаётга қайтади. Мутахассислар фикрича, бачадони олиб ташланган аёлларнинг одатий ҳаётга қайтиши 2 йилга қадар чўзилиши мумкин. Бу ҳолат, айниқса, депрессиядан азият чекиб юрган ёки меланхолик аёлларда кузатилади. Албатта, тиббий психологнинг аралашуви бу даврни бир неча ойга қисқартиради. Баъзан гинекологик операциядан сўнг турли даражада ифодаланган вегетатив-эндокрин бузилишлар кузатилади ва улар дори воситалари билан фаол даволашни талаб қилади.  

Абортдан сўнг кузатиладиган психоэмоционал бузилишлар
      
Статистик маълумотларга кўра, деярли ҳар бешинчи ҳомиладорлик бола тушиши билан якунланади ва улар ҳомиладорликнинг дастлабки даврида рўй беради. Бола тушиши у ёки бу кўринишда руҳият бузилиши билан кечади. Айниқса, биринчи ҳомиладорликда бўлажак фарзанддан жудо бўлиш оғир депрессив ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Аёл мотамсаро вазиятга тушиб қолади, кўп йиғлайди, жиззаки бўлади, иштаҳаси пасаяди, ишга қўли бормайди, уйқуси бузилади, боласини тушларида кўради. Бола нобуд бўлганига ўзини айбдордек сезади. 
      
Бир марта боласи тушган аёлларнинг баъзиларида турли касалликлар сабабли яна ва яна бола тушиб қолиши кузатилади. Шу сабаб оила барбод бўлиши мумкин. Эр-хотин врачларга қатнаб, бола тушиши сабабларини излашади. Бу табиий ҳол, албатта. Гинекологлар маълумотларига кўра, бола тушиши деярли 50 % ҳолатларда жинсий аъзолар инфекцияси билан боғлиқ. Бу ерда венерик касалликлар алоҳида ўрин тутади. Биринчи бола тушганидан кейинги ҳомиладан ҳам ажралиб қолмаслик учун аёл доимо хавотирда яшайди, ҳадеб гинекологга қатнайверади, унинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга интилади, бунинг натижасида реактив невроз юзага келади ва ипохондрик характер шаклланади. Бундай пайтларда, албатта, аёл билан режали тарзда олиб бориладиган психологик суҳбатлар жуда ўринлидир. Чунки доимий хавотир ва қўрқув ҳам ҳомила ривожланишига таъсир қилади ва яна бола тушиши рўй бериши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳомиладор аёл учун руҳий тинчлик яратиш, унинг оиласида соғлом психологик муҳит ҳукм суриши муҳимдир. Баъзи ҳолларда эса антидепрессантлар тавсия қилишга тўғри келади.   

Ҳайз бузилишида аёллар психологияси

Аёлларда ўткир ва сурункали стресслар аксарият ҳолларда ҳайз бузилишига олиб келади. Қизларда ҳайз кўришнинг барвақт келиши ҳаёт тарзининг кескин ўзгараётгани, руҳий ва жисмоний ривожланиш орасида номутаносиблик билан боғлиқ деб ҳисоблашади. Қизларда эрта сексуал ривожланиш сабабларидан бири очиқ матбуот ва интернетда интим ҳаётга боғлиқ маълумотларнинг кўпайиб бораётганига ҳам катта таъсир кўрсатади. 
      
Ҳайз кўришнинг бузилиши билан кечувчи касалликлар ичида аменорея алоҳида ўрин тутади. Аменореяга оид дастлабки маълумотлар ва унинг руҳиятга боғлиқлиги Иккинчи жаҳон уруши даврида аниқланган. Иккинчи жаҳон урушида ҳаёти хавф остида қолган аёлларда ҳайз келишнинг узоқ вақтга йўқолиши кузатилган. Аменорея ва дисменорея ҳолатини кузатган ҳар бир гинеколог беморни тиббий психологга юбориши зарур. Чунки аменорея ривожланишида психоэмоционал стресс асосий омил ҳисобланган. 
      
Стресс асри деб аталмиш ХХI асрда эса аменорея энг кўп учрайдиган патологик ҳолатлардан биридир. Айниқса, оиладаги доимий жанжаллар, фарзанд бўлмаслиги, ишдаги келишмовчиликлар ҳайз келишининг бузилишига сабаб бўлади. Хавотир билан кечувчи доимий руҳий-ҳиссий бузилишлар дисменорея ва аменореяни келтириб чиқаради.
      
Ҳайз олди синдроми. Ҳайз келишидан олдин руҳий-ҳиссий, вегетатив, эндокрин ва соматик бузилишлар кузатилиши мумкин. Ушбу бузилишлар умумий вегетоневроз кўринишида намоён бўлиб, баъзи мутахассислар бу ҳолатни ҳайз келиши билан боғлашмайди. Демак, ҳайз олди синдроми деб аталмиш аффектив бузилишлар мавжудлигини врачлар доимо ёдда тутиши лозим. Ушбу белгилар ҳайз келгач ёки тугагандан сўнг ўтиб кетади. Психоневрологик белгиларга бой ҳайз олди синдроми аёл кишининг иш фаолияти, ўқиши ва шу каби фаол ҳаёт тарзини талаб қилувчи вазиятларга салбий таъсир кўрсатади. Бундай пайтларда у ўқиш ёки ишга боргиси келмайди, уй юмушларини ташлаб қўяди, ҳолсиз бўлиб ётади, апатияга тушади, ҳеч ким билан гаплашмай қўяди.  Баъзан врачлар эътиборидан ҳам четда қоладиган бу ҳолат оила аъзолари томонидан нотўғри қабул қилиниши ва турли хил оилавий можароларга сабаб бўлиши мумкин, яъни “ялқов келин синдроми”.
Ҳайз олди синдромида яширин ётган руҳий-ҳиссий бузилишлар қўзғаши мумкин. Масалан, депрессияга мойил аёлларда депрессия, бош оғриғи безовта қилиб турадиган аёлларда бош оғриғи, юрак қон-томир касалликларига мойилларда кардиалгиялар, ошқозон-ичак системаси касалликларига мойил аёлларда гастроинтестинал бузилишлар кузатилади. Бош оғриқ билан келадиган синдромларда ҳайз мигрени алоҳида ўрин тутади. Бунда ҳайз яқинлашган сайин мигрен хуружлари кучаяди, ҳайз тугагандан сўнг ўтиб кетади. Шунингдек, ўз-ўзидан йиғлаш, фикрлар чалғиб кетиши, паришонхотирлик, хавотир, уйқучанлик, кардиофобия, кўкрак учида оғриқлар, электролитлар алмашинуви бузилиши ҳисобига қўл ва оёқнинг шишиши, қабзият, бўғимларда оғриқлар ва бошқа психосоматик бузилишлар кузатилади. Ҳайз олди синдроми фақат моносимптомлар масалан, бош айланиши билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Бунинг асл сабаби нейрорегулятор бузилишдир, буни баъзан шифокорлар камқонлик билан ҳам боғлашади.
      
Тўғри йиғилган тиббий-психологик анамнез ва беморнинг шикоятлари хронологияси ҳайз олди синдромини аниқлашни осонлаштиради. Юқорида кўрсатиб ўтилган синдромлар ҳайз келишидан 5-6 кун олдин кучайиб, ҳайз бошланиши билан кескин камайиб боради ёки бутунлай ўтиб кетади. Айнан мана шу ҳолат ҳайз олди синдромини тўғри аниқлашга ёрдам беради.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича