АЛКОГОЛИЗМДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ
Алкоголизм нафақат тиббий-психологик, балки катта ижтимоий муаммо ҳамдир. Чунки алкоголизм нафақат спиртли ичимликларни истеъмол қилувчининг саломатлигига зиён келтиради, балки оиладаги психологик муҳитга ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Оила барбод бўлиши ҳамда фарзандлар тарбиясининг издан чиқиб кетиши ҳам кўпинча алкоголизм оқибатида рўй беради.
Сурункали алкоголизмда кузатиладиган руҳий бузилишлар турли-туман бўлиб, уларнинг қай даражада ривожланганлиги беморнинг неча йилдан бери спиртли ичимликларни истеъмол қилиши, унинг миқдори, жисмоний саломатлиги каби бир қанча омилларга боғлиқ.
Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш барча халқлар ва элатлар орасида турли даражада тарқалган. Бу ёмон иллатга қарши курашиш ҳар доим ҳам кўзланган натижани беравермайди. Кам дозада қабул қилинган спиртли ичимлик руҳий тарангликни пасайтиради, кайфиятни кўтаради. Одам гўёки турли ғам-ғуссалардан озод бўлади. Спиртли ичимликлар қабул қилганда юзага келадиган эйфория ҳолати – алкоголизм томон қўйилган дастлабки қалтис қадамлардан биридир.
Ичкиликни эрта бошлаган (масалан, 20 ёшгача) одамда алкоголизмнинг сурункали тус олиши вақтли ривожланади. Бир неча муддат ўтмасдан унда ўзини назорат қилиш ва ўзига нисбатан танқидий муносабат сустлашиб боради. Бир сўз билан айтганда, унинг хулқ-атвори ўзгариб, шахсияти парчалана бошлайди ва у бошқа одамга айланиб қолади. Арзимаган нарса ёки воқеага жаҳл қилиш, кайфиятнинг тушиб кетиши, атрофдагиларга агрессив муносабатда бўлиш алкоголизмга ружу қўйган беморлар учун жуда хос. Баъзи беморлар депрессияга ҳам тушиб қолади. Бу эса уларнинг ичкиликка янада ружу қўйишига сабаб бўлади. Дисфория бундай беморларнинг доимий ҳамроҳи бўлиб, уларда аффектив ҳолатлар тез-тез рўй беради. Улар турли қалтис ишларга қўл уришади, ўз яқинлари ёки бегоналарга тан жароҳати етказишади ва ҳатто уларнинг жонига қасд қилишгача боришади. Ичкиликни муттасил равишда қабул қилиш унга ҳам психологик, ҳам жисмонан боғланиб қолишни юзага келтиради. Ичилган ичимликнинг деярли 10 % и организмдан ўпка, буйрак ва тери орқали чиқарилади. Қолган қисми жигарда метаболизмга учрайди. Соғлом одам организмида бир марта ичилган спиртли ичимлик таъсири 2 ҳафта мобайнида сақланиб қолади.
Ошқозон-ичак системасига тушган спиртли ичимлик қон томирларга сўрилади ва қон орқали барча аъзоларга, шу жумладан, МНС га етиб боради. Ичимлик бош мия катта ярим шарлари ва мияча тузилмаларида кўпроқ тўпланади. Пўстлоқ спиртли ичимликка жуда сезгир. Катта дозада қабул қилинган ичимлик бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи ва мия устунида жойлашган ҳаётий муҳим марказларни тормозлайди. Кўп миқдорда спиртли ичимлик ичгандан ўлиб қолиш ҳолатлари – бу юрак-қон томир ва нафас олиш марказлари фаолиятининг бирдан тўхташи билан боғлиқ.
Маст бўлиш турли одамларда турлича кечади: баъзи одамлар 100 грамм ароқдан сархуш бўлса, бошқа бировлар 0,5-1 литр ароқ ичгандагина маст бўлишади. Бу эса нерв системаси типи ва организмнинг умумий ҳолатига боғлиқ. Руҳан ва жисмонан нимжон одамлар тез маст бўлиб қолишади. Шунингдек, оч қоринга ёки ҳаво иссиқ кунлари ичкилик ичиш ҳам тез маст бўлишга сабаб бўлади. Болалар, қариялар, юрак, жигар ва буйрак касалликлари билан оғриганлар организми ҳам спиртли ичимликларга жуда сезгир.
Мастликнинг шартли равишда 3 хил даражаси фарқ қилинади: енгил, ўртача ва оғир. Бундан ҳам оғир ҳолатларда алкоголдан заҳарланиш рўй беради ва бемор комага тушади.
Енгил даражадаги мастлик. Бу ҳолат кам миқдорда ичкилик ичганда кузатилади. Одамнинг кайфияти кўтарилади, атрофдагилар билан тез мулоқотга киришиб кетади. Диққат озгина сустлашади, ўз имкониятларини юқори баҳолай бошлайди, қилаётган ишлари билан фахрланиб сўзлайди. Гап-сўзларида кетма-кетлик бироз издан чиқади. Объектив текширувларда юз-кўзлар, бўйин териси, кафтлари бир оз қизарган бўлади, енгил тер босади. Унинг кўзлари ёниб туради (бахтиёр одамнинг кўзларини эслатувчи ҳолат). Бу ҳолат тери ва тери ости капиллярларининг кенгайиши, вегетатив марказларнинг фаоллашуви билан боғлиқ. Енгил брадикардия ёки тахикардия, АҚБ тушиши, мускуллар тонусининг диффуз тарзда пасайиши, сезилар-сезилмас координатор бузилишлар пайдо бўлади.
Ўрта даражадаги мастликда кайфият сезиларли даражада ўзгаради: шахс ўз хатти-ҳаракати ва сўзларини назорат қила олмай қолади, арзимаган нарсадан жаҳли чиқиб хафа бўлади ёки уришиб кетади, норозилик аломатлари яққол намоён бўлади. Ўзига ёқмайдиган одам билан бир дастурхон атрофида ўтирган бўлса, у билан тортишаверади, баъзида ёқалашиб кетади. Жисмоний бақувват бўлса, кучини кўрсатишга ҳаракат қилади. Жисмонан ва руҳан нимжон бўлса, ўзини айблаб йиғлайверади ёки кулаверади. Бундай одамлар бировлар билиши шарт бўлмаган оилавий сирларини айтиб қўйишади ва эртаси куни уятга қолиб юришади. Мастлик пайтида хотира ва фикрлаш издан чиқади. Натижада ўша куни айтилган сўзлар ва кимлар билан ёқалашганини эртаси куни эслай олмайди. Ҳатто атрофида кимлар билан ўтирганини ҳам унутиб юборади. Ўтирган жойда ухлаб қолиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилади. Уйғонганидан кейин мастлик белгилари бироз пасаяди, бироқ кучли бош оғриғи бошланади. Агар бемор кўп овқат еган бўлса, мийа устунидаги вегетатив марказлар қўзғалиши туфайли кўнгил айниши ва қусиш рўй беради.
Объектив текширувларда координатор функциялар бузилганлиги, мускулларнинг диффуз гипотонияси, тахикардия ва АҚБ ошганлиги аниқланади. Беморнинг юз-кўзлари ва бутун танаси қизарган бўлади, кўп терлайди. Беморда гипертония касаллиги ёки атеросклероз бўлса, унда гипертоник криз, стенокардия ёки транзитор ишемик атака рўй бериши мумкин. Баъзида инфаркт ёки инсулт ривожланади. Мия томирлари аневризмаси бор одамларда АҚБ ошиши натижасида аневризма ёрилиб, геморрагик инсулт ривожланиши эҳтимоли жуда юқори. Мастликнинг турли босқичларида алкоголли психозлар рўй беришини ҳам эсда тутиш лозим.
Мастликнинг оғир даражасида беморнинг ҳуши ва олий руҳий функциялар кескин бузила бошлайди. Ташқи муҳитни ва ўзини назорат қилиш бутунлай издан чиқади, нутқи узуқ-юлуқ бўлади, тўхтаб-тўхтаб сўзлайди, тез-тез ҳиқичоқ тутади, ғалати мимик ҳаракатлар қилади, кўзлари юмилиб кетаверади. Вестибуляр бузилишлар яққол намоён бўлади, атаксия билан биргаликда кучли бош айланиши, кўнгил айниш ва кетма-кет қусишлар рўй беради. Бу босқичда бемор ҳушини йўқота бошлайди ва чуқур сопор ривожланади. Юрак-қон томир фаолияти кескин бузилади, нафас олиш қийинлашади (брадипное ёки тахипное). Нафас олиш ва юрак-қон томир ишини бошқарувчи марказлар фаолияти тўхташи сабабли бемор ўлиб қолиши мумкин. Спиртли ичимликларни кўп миқдорда истеъмол қилганларда ўлим шу тарзда рўй беради.
Тиббий ёрдам кўрсатиш. Тиббий ёрдам кўпинча мастликнинг ўрта ва оғир даражаларида кўрсатилади. Спиртли ичимликнинг ошқозон-ичак системасидан сўрилишини камайтириш учун беморга 2-3 ош қошиқ фаоллаштирилган кўмир кукуни ичирилади. Орадан 10-15 дақиқа ўтгач, ошқозон сода солинган илиқ сув билан ювилади, яъни кўп миқдорда (0,5-1 литр) бу суюқлик ичишга берилади. Кейин қусиш рефлекси чақирилади. Баъзи беморлар бир коса илиқ сув ичган заҳоти қуса бошлайди. Кейин беморга новшадил спирти ҳидлатилади ёки бир стакан илиқ сувга 10 томчи новшадил спирти томизиб ичирилади. Ич келишини жадаллаштириш учун 25 г магний сулфат кукуни берилади. Тери остига 10 % ли 2 мл кофеин ёки 2 мл кордиамин қилинади. Шунингдек, 2 мл кордиаминни 40 % ли 10 мл глюкоза эритмасига қўшиб венадан секин юбориш ҳам мумкин.
Оғир даражадаги мастликда беморни яқинроқ жойлашган шифохонага дарҳол етказиш ва тиббий ёрдамни зудлик билан бошлаш керак. Бундай бемор сопор ёки кома ҳолатида бўлади, унинг оғзидан спирт бурқсиб туради. Унда жароҳатлар бор-йўқлиги текширилади, геморрагик инсулт, диабетик ёки уремик кома ривожланмаганми, деган саволларга дарҳол жавоб топиш керак бўлади. Дастлаб беморнинг бўйин умуртқалари ва калла суягини обдон текшириб, кейин фаол даволаш чоралари кўрилади. Диагностик амаллардан кейин беморнинг ошқозонини зонд орқали ювишга киришилади. Бунинг учун 300-500 мл илиқ сувга натрий карбонат ёки калий перманганат қўшилади ва тайёр бўлган эритма зонд орқали ошқозонга юборилади. Ошқозон шу йўл билан кетма-кет ювилади. Беморга новшадил спирти ҳидлатилади. Қовуққа катетер қўйилади.
Шунингдек, 0,5 % ли 10 мл бемегрид + 1 мл кордиамин 0,9 % ли 10 мл натрий хлор ёки 40 % ли 10 мл глюкоза эритмасига қўшиб венадан секин-аста юборилади. Бемегрид барбитуратнинг антагонисти ҳисобланиб, уларнинг токсик таъсирини камайтиради, нафас олиш ва қон айланиш марказларини тетиклаштиради. Кордиамин мия устунида жойлашган ҳаётий муҳим марказларни стимуляция қилади. Шу боис, бу дорилар битта шприцда биргаликда қилинади. Оғиз бўшлиғига тўпланган овқат қолдиқлари ва сўлаклар аспирация қилиниши, вазият тақозо этса, трахея интубация қилинади.
Оғир ҳолда ётган маст одамга тез тиббий ёрдам етиб келгунга қадар қуйидаги тарзда ёрдам кўрсатиш мумкин: унинг иккала қулоғини кафтингиз билан қизариб кетгунча қаттиқ ишқаланг. Қулоқларга қоннинг оқиб келиши ва аурикуляр нуқталарнинг қўзғалиши маст одамни дарров хушига келтиради. Шундан кейин у врач билан сўзлашиб бошлаши ҳам мумкин. Бунинг учун бемор горизонтал ҳолатда ётиши, калла суяги ва бўйин жароҳатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бемор ҳушига келгач, шифохонага олиб борилади.
Ичкилик билан боғлиқ психозларда тез ёрдам. Спиртли ичимликларни қабул қилганларда турли хил психозлар (делирия, галлюцинация, онейроид ва ҳ.к.) рўй беради. Бундай пайтларда дастлаб органик этиологияли психозларни (айниқса, травматик психоз) инкор қилиш керак. Ўткир алкоголли психозларни (делирия) вақтинча бартараф этиш учун 100 мл ароқ ичказилади. Интенсив инфузион терапия билан биргаликда қуйидаги дорилардан бири зудлик билан қилинади. Седуксен 0,5 % ли 2-4 мл в/и га кунига 2-3 маҳал, 0,5 % ли 1-2 мл галоперидол м/и га, 2,5 % ли 2 мл тизертсин ёки аминазин в/и га ёки м/и га юборилади. Тиаприд (тиопросан) 100 мг кунига 2 маҳал ичишга буюрилади. Б1 витамини 5 мл дан кунига 3-4 маҳал тавсия этилади.
Энцефалопатиялар
Спиртли ичимликларни катта миқдорда ва узоқ вақт истеъмол қилиш ўткир ва сурункали энцефалопатия ривожланишига сабаб бўлади. Ўткир энцефалопатиялар ичида Гае-Вернике энцефалопатияси алоҳида ўрин тутади. Ушбу энцефалопатия ўткир бошланади ва кучли ифодаланган делириоз психоз, неврологик ва соматик белгилар билан биргаликда намоён бўлади. Мутахассислар мазкур энцефалопатия патогенезида В1 витамини етишмовчилигига катта урғу беришади. Касаллик клиникаси нейропсихологик, психоэмоционал ва вегетатив-висцерал бузилишларга бой бўлади. Уларда турли хил гиперкинезлар, тутқаноқ хуружлари, булбар ва псевдобулбар фалажликлар, полиневропатия белгилари кўп кузатилади. Спиртли ичимликни кўп истеъмол қилган куни уларда ўткир аффектив бузилишлар ривожланади. Булар – психомотор қўзғалишлар, делирия, галлюцинация, иллюзия, Корсаков амнезияси, конфабуляция, ступор, депрессия, онейроид синдром ва бошқа турли хил руҳий автоматизмлардир.
Абстинент синдром
Абстинент синдром доимий равишда кўп миқдорда алкогол ичиб юриб, уни тўсатдан тўхтатганларда рўй беради ва турли даражада ифодаланган психовегетатив, неврологик ва соматик бузилишлар билан намоён бўлади. Шу боис абстинент синдромни “алкоголдан жудо бўлганлик” синдроми деб ҳам аташади. Ушбу бузилишлар зарур миқдорда алкогол истеъмол қилгандан сўнг камаяди ёки ўтиб кетади.
Абстинент синдромнинг клиник белгилари турлича намоён бўлади. Унинг баъзи турларида неврологик, баъзиларида психоемоционал, бошқа бирларида соматик бузилишлар яққол кўзга ташланади. Бироқ уларнинг барчасида руҳий бузилишлар алоҳида ўрин тутади. Демак, ичкилик ичиб юрадиган одам уни истеъмол қилмай қўйса, абстинент синдром ривожланади. Бунда бемор жуда безовта бўлиб асабийлашаверади, бир жойда тинч ўтира олмайди, ўзини оила аъзоларига нисбатан агрессив тутади, ароқ топиб беришни талаб қилиб жанжал кўтараверади, хулқ-атвори жиннисифат бўлиб қолади.
Абстинент синдром баъзи беморларда кучли агрессив ҳолат билан намоён бўлса, бошқа бирларида апатия билан намоён бўлади, яъни йиғлайверади, атрофдагилардан, айниқса, умр йўлдошидан кечирим сўрайверади: “Бошқа ичмайман, лекин ҳозир, албатта, ароқ топиб бер, бўлмаса ўлиб қоламан”, деб ёлворади. Ҳақиқатан ҳам етарли миқдорда ароқ ичгандан сўнг тинчланиб ухлаб қолади.
Абстинент синдромда АҚБ тушиб кетиши ёки аксинча, жуда юқори кўтарилиши, юзи оқариб-кўкариб кетиши, мавжуд соматик касалликлар қўзғалиши мумкин. Масалан, бемор сигарет чекадиган бўлса, унда сурункали бронхит қўзғалиб, кетма-кет йўтал кучайиб кетади. Бундай вазиятлар баъзан ўлим билан тугайди. Шунингдек, кучли бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, терга ботиш, сийиб юбориш, тахикардия ёки брадикардия, гандираклаб йиқилиб тушиб жароҳат олиш каби ҳолатлар кузатилади. Баъзан суитсидал фикрлар ҳам хаёлига келавериб, ўз жонига қасд қилиши мумкин. Маст бўлиб ухлаб қолган одамда тил-ҳалқум мускуллари гипотонияси туфайли хуррак отишлар кучайиб, тунда апное рўй бериши ва ўлим билан тугаши мумкин. Шунингдек, овқатни тўйиб еб, ухлаб қолган маст одам хуррак отаётган пайтда ошқозондаги овқат тепага қараб йўналади ва қайтиб нафас йўлларига тушиши оқибатида ҳам тўсатдан ўлим ҳолати рўй бериши мумкин.
Албатта, юқорида қайд қилинган белгилар турли беморларда турлича намоён бўлади. Баъзан бу белгилар унинг оила ва жамиятда тутган ўрнига, мизожига, соматик ва руҳий ҳолатига ҳам боғлиқ. Шундай бўлса-да, ўта яхши хулқ-атворли ва жамиятда ҳурмат-эътиборга эга бўлган, бироқ ичкиликни хуш кўрадиган шахсларда абстинент синдром ривожланса, улар ўта ноқулай аҳволга тушиб қолишади. Бундай шахслар яқин дўстларини ҳам қаттиқ ҳақорат қилиб, узоқ йиллик дўстона муносабатларни бир куннинг ўзида барбод қилишади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича