АЛЛОМА
“Аллома” ибораси, одатда ўтиб кетган буюк мутаффаккирларга нисбатан ишлатилади. “Аллома” ибораси “Олим” сўзининг синоними эмас. Агар кимдир физика соҳасида етукликка эришиб бутун дунёга танилса ҳам уни аллома дейишмайди, балки “буюк олим” иборасини қўллашади. Ҳа, у буюк олим, чунки у ўз йўналиши соҳасида етукликка эришди, катта кашфиёт яратди. Барибир унга аллома иборасини ишлатиб бўлмайди. Чунки у илмнинг бошқа соҳаларидан бехабар.
Хўш, унда аллома ким? Аллома – илм-фаннинг бир нечта йўналишларидан хабардор бўлиб, етукликка интилаётган тафаккур соҳиби. Масалан, Ибн Сино нафақат тиббиётнинг барча йўналишлари, балки руҳият, фалакиёт, фалсафа, давлатшунослик, география, математика, мантиқ, шерият ва мусиқа соҳасида юксак илмга эга бўлган буюк мутафаккир эди. Шунинг учун ҳам уни аллома дейишади.
Мен Жуманазар Бекназаровни бугунги кун алломаси деб атаган бўлур эдим. Феноменал талант соҳиби ва Оллоҳдан юқтирилган қобилиятга эга ушбу жарроҳнинг бир нечта босқичда қилинадиган мураккаб операсияларни бир, нари борса икки босқичда қилиши ҳақида кўп бора ёзилган. Албатта, бундайлар дунё миқёсида бармоқ билан санарли. Ҳозир бу ҳақда мен ҳам такрор ёзмай қўя қолай ва бошқа нарсалар ҳақида сўз юргизмоқчиман.
Аллома! Бу сўзларимдан хайратга тушманг. Сизга оддий ўқитувчи ёки инженер сифатида гапираётганим йўқ. Мен сизларга инсоннинг олий руҳий функсиялари соҳасида 30 йилдан буён илмий тадқиқотлар олиб бораётган нейропсихолог сифатида ёзаяпман. Сиз бу инсоннинг ёнида 3 кун юринг ва суҳбат қуринг. Ана шунда менинг сўзларимга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз. Шеърият ёки адабиётнинг ҳар қандай йўналиши, психология, социология, фалсафа, тарих, мантиқ, филология... У кишининг фалсафага йўғрилган шеърлари ва қиссалари ҳар қандай инсонни чуқур ўйга солади, ундан тарихга оид қитобларда акс эттирилган воқеалар тафсилотини сўранг, далил ва исботлар билан фикрингизни ўзгартиради. У киши ҳар қандай профессионал адабиётшунос билан бемаолол баҳслаша олади. У кишининг шеърларини ўқинг ва ҳар бир мисрада чуқур фалсафа кўмилиб ётганига гувоҳ бўласиз. У кишидан ёнидаги инсоннинг сўзларини бўлмай тинглаб ўтириш қобилиятини ўрганинг, сабр-матонатни ўрганинг. У кишидан саховатпешалик
ни ўрганинг, агар у кишига озгина бўлса-да ўхшамоқчи бўлсангиз, у кишини болалик даврини ўрганинг ва ҳ.к. Ҳар бир зиёли ул зотдан олимлик ва одамийлик борасида шижоат ва матонат, сабр ва чидам, камтарлик ва ҳокисорликни ўрганишларини истаб қолган бўлур эдим. Сиз – ўзбек элининг фахрисиз Жуманазар ака!
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича