АЛКОГОЛИЗМДА ПОЛИНЕВРОПАТИЯ
Этиологияси. Алкоголизмда неврологик бузилишлар кўп кузатилади. Буларнинг ичида полиневропатиялар алоҳида ўрин тутади. Полиневропатия ривожланишида спиртли ичимликнинг периферик нервларга бевосита токсик таъсири, жигар ва буйрак фаолиятининг бузилиши сабабли организмда кузатиладиган сурункали метаболик бузилишлар ўрни катта. Сурункали алкоголизмда В1 витамини етишмовчилиги кўп кузатилади. Унинг етишмовчилиги – энцефалопатия ва полиневропатиянинг асосий сабабларидан биридир. Алкоголизмда ҳам полиневропатия ривожланиши аксонопатия ва сегментар демиелинизация билан боғлиқ.
Клиникаси. Бошқа токсик ва метаболик полиневропатиялар клиникасига ўхшаб кетади. Оёқ-қўлларнинг дистал қисмларида (айниқса, оёқларда) дизестезия, парестезия ва невропатик оғриқлар пайдо бўлади. Полиневритик типда сезги бузилишлари ва кучли вегетатив бузилишлар кузатилади. Оёқларда доимо фурункуллар пайдо бўлиб туради, кичик трофик яралар ривожланади. Оёқ терисининг қуруқлашуви, унда ярачалар пайдо бўлиши, депигментацияси, тери ёғости қатламининг кичрайиши ва дистал мускуллар гипотрофияси алкоголизмда кузатиладиган дистал полиневропатия учун жуда хос белгилар. Крампи типидаги оғриқлар, парестезиялар, қичималар юрганда ва кечаси кучаяди. Касаллик жуда оғир тус олиб, симметрик тарзда дистал фалажликлар ривожланиши ҳам мумкин.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича