АМЁБАЛАР ЧАҚИРГАН МЕНИНГИТ ВА МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТ
Этиологияси. Амёба бир ҳужайрали оддий организм бўлиб, асосан, ифлос сув ҳавзаларида ҳаёт кечиради. Бу инфекция билан кўпинча болалар ва ўсмирлар касалланишади. Зарарланиш, асосан, ёз ойларида рўй беради. Чунки бу даврда одамлар очиқ сув ҳавзаларида кўп чўмилишади. Амёбалар ифлос сувни ютиб юборганда, бурун шиллиқ қаватига ўрнашиб олганда, зарарланган озиқ-овқатларни истеъмол қилганда организмга тушади. Демак, касаллик фекал-орал йўл орқали юқади. Инфекция интракраниал бўшлиққа гематоген йўл билан етиб боради. Бурун шиллиқ қавати қон томирлари орқали ошқозон-ичак системасига тушган инфекция ичак қон томирлари орқали МНС га ўтади. Аммо инфекция нерв системасига жуда кам ҳолларда етиб келади. Амёбалар, асосан, ошқозон-ичак системасини зарарлайди, айниқса, йўғон ичакда оғир яралар, жигарда эса абсцесслар пайдо қилади. Улар организмда кучли интоксикацияни ҳам юзага келтиради.
Клиникаси. Касаллик ўткир бошланади. Тана ҳарорати 39°С га кўтарилади, кучли бош оғриғи ва кетма-кет қусишлар пайдо бўлади. Менингеал симптомлар ҳам тез вужудга келади. Жексон типидаги тутқаноқ хуружлари ва психомотор қўзғалишлар ҳам кузатилиши мумкин. Краниал нервлардан ҳидлов нерви, кўрув нерви ва кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар кўп зарарланади.
Яллиғланиш жараёни мия тўқималарига ўтса, менингоэнцефалит ривожланади. Бу инфекцияда менингоэнцефалитлар кам кузатилсада, улар оғир кечади ва чуқур неврологик симптомлар билан намоён бўлади. Баъзида мия абсцесси ривожланади ва беморнинг аҳволи оғирлашади.
Ликвор босими ошади, унда кучли нейтрофил плеоцитоз аниқланади. Оқсил миқдори 0,6–0,9 г/л га етади. Қанд миқдори камаяди. Ликворда эритроцитлар ҳам аниқланиши мумкин.
Кечиши. Касаллик ўткир ривожланади ва худди бошқа йирингли менингитларга ўхшаб оғир кечади. Кўпинча менингит этиологиясини дарров аниқлаш ва этиотроп даволаш муолажаларини эрта бошлаш имкони бўлмай қолади. Бунинг натижасида амёбалар чақирган менингит ва менинггоэнцефалитлар аксар ҳолларда ўлим билан тугайди.
Ташхис. Ташхис анамнестик маълумотлар (сув ҳавзаларида чўмилиш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилмай овқатланиш), касалликнинг ёз ойларида кўп учраши, клиник симптомлар ва лаборатор кўрсаткичларга қараб қўйилади. Бемор нажаси микроскоп остида текширилганда, трофозоитлар ва систалар борлиги маълум бўлади. Трофозоитлар диарея пайтида, цисталар эса шаклланган нажасда яхши аниқланади. Беморнинг нажаси ПЗР усулини қўллаб текширилганда амёба инфекцияларини тезда ва тўғри аниқлаб олиш мумкин. Этиологик ташхисни қўйишда ИФА усули ҳам қўлланилади.
Даволаш. Метронидазол кунига 30 мг/кг дан венадан томчилатиб юборилади. Дорининг бир кунлик дозаси учга бўлинган ҳолда 10 кун мобайнида қилинади. Масалан, беморнинг тана вазни 50 кг бўлса, унга бир кунда 1500 мг метронидазол берилади. Худди шу дозада тинидазол ва орнидазол ҳам 10 кун давомида тавсия этилади. Шунингдек, доксициллинни 100 мг дан кунига 2 маҳал 14 кун мобайнида венадан томчилатиб юбориш мумкин. Рифампицин ҳам кунига 15 мг/кг дан венадан томчилатиб қилинади. Касаллик клиникасига қараб дегидратация, дезинтоксикация, десенсибилазация муолажалари ўтказилади ва кортикостероидлар қилинади.
Прогноз. Амёбаларга таъсир қилувчи дорилар ўз вақтида қилинган тақдирда прогноз яхши бўлади. Барча антибиотиклар ҳам амёбаларга таъсир қилавермайди. Ушбу касалликда прогнознинг ёмон бўлиши амёбиазнинг ўз вақтида аниқланмаганлиги билан боғлиқ.
Профилактикаси. Текшириб кўрилмаган сув ҳавзаларида чўмилмаслик, шахсий гигиенага амал қилиш амёбалар билан зарарланишнинг олдини олади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича